Мақолалар

Ҳайит намозини Имом Бухорий масжидида ўқимоқчи эдим

Яратганга шукр, ниятимга етдим, дейди ургутлик 70 ёшли Абдулла Дўстёров

Муборак Қурбон ҳайити Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда. 21 август куни эрта тонгда туман ва шаҳарлардаги 274 жоме масжидида ҳайит намози ўқилди.

Айниқса, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳар қачонгидан ҳам гавжум бўлиб, бу ерда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган минглаб юртдошларимиз Қурбон ҳайити намозини бирга ўқидилар.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов йиғилганларни байрам билан табриклади. Президентимизнинг шу йил 15 августдаги фармонига кўра, бу йил муборак Қурбон ҳайити мамлакатимизда кенг нишонланаётгани, эзгу амаллар бажарилаётгани таъкидланди.

– Аввалги тузум вақтида қишлоқларимизда ҳайит намози яширинча ўқилганига гувоҳ бўлганмиз, – дейди Абдулла бобо. – Аллоҳга шукр, бугун маҳаллалардаги масжидларда диний ибодатлар эмин-эркин адо этилмоқда. Ҳар гал ҳайит намозларини қишлоғимиздаги масжидда ўқирдим. Бу йил эса Имом Бухорий масжидида ўқишни ният қилгандим. Шукр, ниятимга етдим. Маскан ва унинг атрофи янада обод бўлаётганини кўриб, беҳад қувондим. Илоҳим, юртимизга, тинчлик-осойишталигимизга кўз тегмасин.

– Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригини халқимиз ўзгача хурсандлик билан қарши олди, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Адашбой Ўрозбоев. – Бу мазкур байрамнинг меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдек эзгу қадриятларни ўзида мужассам этгани билан халқимиз ҳаётида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир. Байрам арафасида эҳтиёжманд, бемор кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатилиши, ҳудудларда ободонлаштириш ишларининг олиб борилиши ҳам Қурбон ҳайитининг шукуҳини янада оширди. Юртимизнинг ана шундай байрамлари, файзу барокатли кунлари кўпаяверсин.

Ҳайит муносабати билан жойларда ўтказилган қурбонлик маросимларида ҳам аввало маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар, кексалар, беморлардан ҳол сўралди. Вилоятдаги Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларида истиқомат қилаётган кишилар учун байрам дастурхонлари ёзилиб, уларга совға-саломлар топширилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

Read 3203 times

Мақолалар

Top