muslim.uz
Ноанъанавий услубдаги масжид қад ростлади
Динлараро бағрикенгликни ривожлантириш мақсадида Сиднейда 99 қуббадан иборат масжид қурилди. Австралия пойтахтида қад ростлаган ажойиб меъморий ечимли иншоотнинг архитектори Анжело Кандалепас мақтовга сазовор бўлишдан кўра, масжид динлараро бағрикенгликни тарғиб этишига умид боғлаган.
Си-эн-эн ахборот порталининг хабарига кўра, 2018 йилнинг Рамазон ойида очилиши кўзда тутилган масжид лойиҳасида бу ерга ташриф буюрадиган ҳар бир меҳмонга қулай шароит бўлиши ҳисобга олинган.
2017 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган Сидней архитектура фестивалида масжид қурилиши тугалланмаган бўлса-да, архитекторлар иншоотни кўздан кечириб, ўз фикрларини билдиришди. Бу антиқа масжиднинг қурилишига 9 млн. АҚШ доллари маблағ ажратилган бўлиб, ташқи қиёфаси замонавий-ноанъанавий услубда барпо этилмоқда.
“Замонавий-ноанъанавий услубдаги масжиднинг қурилиши бу – янги масжидлар қурилиши учун лицензия олиш муаммоларининг ҳал этилишидир. Сўнги йилларда масжид қурилиши учун лицензия олиш жуда қийин эди, аммо бахтимизга ушбу масжид қурилиши шаҳар кенгаши томонидан тез фурсатда ҳал этилди”, деди Закария Мэтьюз.
Алишер САТТОРОВ
тайёрлади
Республика қорилар мусобақаси ҳақида
Саҳобалар номи билан аталган жойлар
ҲАСАН ИБН АЛИ
Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Деҳибаланд қишлоғининг шимоли-шарқий қисмида ҳазрат Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуга нисбат берилган мақбара бор. Таъмирлаш вақтида топилган тош лавҳда унинг XIX асрда қурилгани ёзилган. Аслида, Имом Ҳасаннинг қабри Мадинада, Бақиъ қабристонида, оналари Фотимаи Заҳро ёнида.
Бу зот ҳалимлиги, сахийлиги, тинчликпарварлиги ва кенгфеъллиги билан машҳур бўлган.
Отаси ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳудан кейин давлатни олти ойча бошқарган.
ҲУСАЙН ИБН АЛИ
Ҳусайн ибн Али бизнинг диёрларда “ҳазрат Ҳусан” номи билан машҳур. Ҳазрат Ҳасан ва ҳазрат Ҳусан шарафига эгиз чақалоқларга шундай исм қўйилади.
Навоий вилоятининг Нурота тумани Деҳибаланд қишлоғидаги бир зиёратгоҳ ҳам “Ҳасан-Ҳусан” деб номланган.
Мақбара ва ён-атрофдаги иморатлар вақт ўтиши билан ўзгариб турган. XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида қурилиш-тиклаш ишлари олиб борилган.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳазрат Ҳасандан бир йилу бир ой кейин туғилган. У кишига Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари исм қўйиб, гўдаклигидан тарбиялари билан шуғулланганлар. Бу хусусда кўплаб ҳадислар бор.
МУҲАММАД ИБН ҲАНАФИЯ
Навоий – Нурота катта йўли ўтадиган Деҳибаланд қишлоғининг кунботар томонида Муҳаммад ибн Ҳанафияга нисбат берилган қадамжо бор. Бу зиёратгоҳ Туркманистон ва Кавказбўйи халқлари орасида ҳам машҳур.
Қабрлар устига мақбара тикланган. Бинолар турли даврларда таъмирланган.
Манбаларда қайд этилишича, Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Шом сафарига тайёргарлик кўриш ҳақида волийларга буйруқ юборади. Сафар байроғини ўғли Муҳаммад ибн Ҳанафияга беради.
«Қандия»да ҳазрат Аҳмад Яссавий Муҳаммад ибн Ҳанафия раҳматуллоҳи алайҳ наслидан деган маълумот бор. “Ислом” энциклопедиясида Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг “Бани Ҳанифа” қабиласига мансуб аёлдан туғилгани қайд этилган.
Суюндик МУСТАФОЕВ тайёрлади
Ривоят асосида ёзилган тафсир (2-мақола)
Қуръон ва Тавротда ёки Қуръон ва Инжилда келган бир хил мавзуни олиб, уларни муқояса қилиб кўрсак, маслакда (баён қилиш усулида) жиддий ихтилофлар борлигини кўрамиз. Масалан, Одам алайҳиссалом қиссасини олайлик. Бу қисса Тавротда ҳам келган. Қуръонда эса жуда кўп жойда келган бўлиб, энг узун ва кенг баён этилгани “Бақара” ва “Аъроф” сураларидадир. Лекин бу сураларда ҳам жаннатни қаердалиги, Одам ва Ҳаввога ейиш манъ этилган дарахтнинг номи, қайси ҳайвоннинг сабаби билан Шайтон жаннатга кириб олиб, Одам ва Ҳаввони хато қилдиришга имкон топгани, Одам ва Ҳавво жаннатдан чиқарилгандан сўнг қайси ерга тушганлари тўғрисида батафсил маълумот йўқ. Тавротга назар солган киши эса Одам ва Ҳавво яратилган жаннат Аданнинг (Адан – Сомали давлати, Қизил денгиз ва Аммон денгизи оралиғидаги ер) шарқида жойлашгани, Аллоҳ уларга ейишни манъ этган дарахт жаннатнинг ўртасида бўлиб, унинг “ҳаёт дарахти ёки яхшиликни ва ёмонликни билдирувчги дарахт” деб номланиши, Шайтоннинг жаннатга киришига илон ёрдам бергани, шунинг учун Аллоҳ уни қорни билан юрадиган ва тупроқ ялайдиган қилиб жазолагани, Ҳаввони ва унинг зурриётини эса қорнида бола кўтариб, машаққат билан туғиш жазосига маҳкум эканини ва бошқа шунга ўхшаш ҳодисаларни батафсил билиб олади.
Шунингдек, Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг қиссаси, унинг мўъжизалари ҳақида “Марям”, “Оли Имрон” ва “Моида” сураларида мўъжазгина хабарлар мавжуд бўлса ҳам, бу сураларда Исо алайҳиссаломнинг насаби, қандай туғилгани, қаерда туғилгани, Марямга туҳмат қилган одамнинг номи, Осмондан тушган дастурхондаги таомнинг нави, Исо алайҳиссалом касални даволаган ва ўликни тирилтирган вақтдаги ҳодисалар ҳақида батафсил айтилмаган. Аммо бу маълумотлар Матто, Марк ва Лука Инжилларида муфассал баён этилган.
Мусулмонлар ўз китобларида берилган маълумотларнинг мўъжаз эканини, бошқа дин аҳлларининг китобларида эса бу маълумотлар муфассал берилганини кўриб, ўзларининг билимларини ва мукаммаллаштириш мақсадида улардан баъзи ривоятларни иқтибос қилиб олишлари мумкинми ёки йўқми? Қуръон тафсирларига исроилиётлар қачондан бошлаб кириб келган? Исроилиётлардан тафсирда фойдаланишнинг чегараси нима билан белгиланади? Ана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Маълумки, Қуръони карим тафсирига исроилиётларнинг кириб келиши саҳобалар давридан бошланган эди. Бунинг биринчи сабаби юқорида айтиб ўтилганидек, Қуръоннинг жуда кўп оятларидаги қиссаларнинг Таврот вқа Инжилда келтирилган қиссаларига мувофақати бўлса, иккинчи сабаби Қуръоннинг мўъжазлиги, Таврот ва Инжилнинг айни хабарга муфассаллиги эди. Учунчи сабаби эса саҳобалар замонида тафсир учун асосий масдарлардан бири аҳли китоблар эди. Муфассир саҳоба Қуръони каримдаги бирор қиссага келганда, бу қиссани батафсилроқ тушунтиришга майл қиларди ва исломни янги қабул қилиб, мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудий ёки насронийдан эшитишга мажбур бўларди. Чунки саҳобанинг Қуръон оятидаги қиссалар ҳақидаги саволига яҳудий ёки насронийдан бошқа одам жавоб бера олмас эди.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухоро туманидаги “Чор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби
Замон билан ҳамнафас афғон қизлари
Афғонистонлик қизлар гуруҳи роботтехника бўйича Европадаги энг йирик “Robotex” фестивалида биринчиликни қўлга киритишди. Ушбу фестивал ноябр ойи охирида Эстония пойтахти Таллин шаҳрида ўтказилган эди.
Аввалроқ, ушбу афғонистонлик қизлар Вашингтонда ўтказилган конкурсда кумуш соврин соҳиби бўлишганди.
Таллинда бўлиб ўтган мусобақада гуруҳнинг 12 аъзосидан 3 нафари иштирок этди. Уларнинг вазифаси реал топшириқларни бажара оладиган робот прототипни намойиш этишдан иборат бўлди. Қуёш батареясида ишлайдиган фермерларга кўмак берувчи робот уларга ғалаба келтирди ва бу кўплаб харидорларнинг эътиборини тортди.
Афғонистондаги аёлларнинг имкониятларини янада кенгайтириш бўйича ташкилот етакчиси Рўя Маҳбуб қизларнинг Эстониядаги мазкур ғалабасидан қувонган ҳолда, бу гуруҳ билан фахрланишини, улар инновацион билимларни эгаллаб, ўз ватанларини дунёга танитувчи афғон аёлларининг янги авлоди эканлигини таъкидлаб ўтди.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА
тайёрлади