muslim.uz
Истанбулдаги “ғалати” тош масжид билан танишинг
Туркиянинг Истанбул шаҳри яқинида жойлашган Санжаклар масжиди ўзининг ноодатий архитектура ечимлари билан ажралиб туради. Шу сабабли ҳам 2012 йилда қурилган ушбу иншоат 2013 йилда Жаҳон архитектура фестивалида “Йилнинг энг яхши дизайни” номинацияси соҳиби бўлган эди.
Ушбу масжид Туркиянинг Emre Arolat Architects компанияси томонидан қурилган бўлиб, унинг асосий қисми ер остида жойлашган.
700 квадрат метр майдонли масжид тош деворлар билан барпо этилган. Унда бир вақтнинг ўзида 650 нафар одам ибодат қилиши мумкин. Таҳоратхоналар ҳам ер ости қисмда жойлшатирилган.
Масжиднинг азон айтишга мўлжалланган минораси ҳам ноодатий услубда ишланган.
Масжид ичида қолдирилган туйнук ички томонга қуёш нурининг яхши тушишини таъминлайди. Ғорга ўхшаш масжид ибодат қилиш ва кўнгли хотиржамлик истаганлар учун қулай қилиб барпо этилган.
Илм-ҳунар эгаллаш – фарз
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмонга илм-ҳунар эгаллаш фарздир”, деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис ҳикматини теран англаган ота-боболаримиз ҳунармандчилик, дехқончилик, савдо-сотиқ каби ҳалол касблар билан шуғулланиб, рўзғор тебратган. Фарзандлари ҳам илму ҳунар ўрганиб, тадбирли бўлишларига алоҳида эътибор беришган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган сўзлари ҳам юртимизда тадбиркорнинг мавқеи азалдан юқори бўлганини билдиради.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” (Набаъ сураси, 10-11).
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким тиланчилик қилишдан сақланиб, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўлда ризқ топишга интилса, қиёмат куни Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлиб йўлиқади”.
Демак, кишининг ҳалол ризқ учун ҳаракат қилиши ҳам ибодат ҳисобланар экан.
Ҳар қандай касбни пухта билиш, моҳир уста бўлиш учун ўша касбга меҳр бериш, сирларини мукаммал эгаллаш керак. Ҳунарига муҳаббати бор инсон чарчамайди, меҳнати натижасидан қувонади. Касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса, дили қувонади.
Инсон ўзига берилган ақл-фаросат, зеҳн-идрокни ишга солиб, яхши ниятлар билан касб-ҳунар, тадбиркорлик, деҳқончилик қилиб, оиласини боқиши, эл-юртга фойда келтириши зарур. Зеро, ҳалол меҳнат билан киши улуғ даражаларга етади.
Рустамжон МАҲМУДОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ислом ўрта-махсус билим юрти мударриси
Қувайтда Ўзбекистон маданияти кунлари бошланди
Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини жаҳонга ёйиш, сайёҳларнинг кенг қатламини Ўзбекистонга жалб этиш мақсадида турли учрашувлар, музокаралар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Қувайт давлатида ташкил этилди.
17 декабрь куни Ал-Қувайт шаҳрида Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Расмий очилиш маросими соат 10.00да давлат мадҳиялари ва Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков очди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистонни мадҳ этувчи фотокўргазмалар намойиши Қувайт давлати марказидаги “Ал-Адвания” галереясида ташкил этилди.
Кўргазмада асосан:
- Ўзбекистон – Ислом маърифати ва алломалар юрти;
- Халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмлари намойиши (хаттотлик, ёғоч ўймакорлиги, миниатюра, кандакорлик, каштачилик, атлас ва адрас);
- Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти (15 турдаги махсус буклет, видеороликлар намойиши);
- Ўзбекистон тарихи ва бугунги жадал тараққиётини ёрқин акс эттирувчи фотокўргазмалар намойиши ўтказилди.
Тадбирда Қувайт маданият, санъат ва адабиёт миллий кенгаши бош котиби Али Ҳусайн ал-Юҳа (вазир мақомида) ва кенгаш вакиллари, шунингдек, Қувайтдаги Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Аълоев ҳамда элчихона ходимлари қатнашдилар.
Кўргазманинг ҳар бир бўлими, айниқса, хаттотлик ҳамда халқ ҳунармандчилик буюмлари, Ўзбекистон маданий мероси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Масалан, хаттот Ҳабибулло Солиҳ меҳмонлар иштирокида Ўзбекистонда сақланаётган муборак Усмон Мусҳафининг биринчи саҳифасини (Фотиҳа сураси) хаттотлик санъати асосида ёзиб берди, ушбу ёзилган санъат асарини эсдалик совға сифатида Али Ҳусайн ал-Юҳага тақдим этди.
Шунингдек, ёғоч ўймакорлик маҳсулотлари намойишида Лавҳ, унинг мақсади ва ундан фойдаланиш ишлари тадбирнинг ҳар бир иштирокчисини қизиқтирди. Али Ҳусайн ал-Юҳа ва кўп давлатларнинг элчилари ундан ўзлари учун тадбирдан эсдалик сифатида олдилар.
Фотокўргазмадан жой олган ҳар бир фотосурат меҳмонларнинг диққатини ўзига жалб этди, айниқса, Регистон мажмуаси ва Ичан қалъа иштирокчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини кескин оширди.
Тадбир давомида ўзбек санъат усталарининг машҳур миллий куйлари жонли ижро этилди. Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ғижжакдаги юксак маҳорат билан ижро этган мусиқага барча шайдо бўлди.
Ўзбекистонга чегарадош Балхда 400 йиллик карвонсаройлар топилди
Олимлар Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Балх водийсида кўплаб аҳоли манзилгоҳларини ҳам топган. Қўналғаларнинг энг қадимийси қарийб минг йил аввал пайдо бўлган. Шу пайтга қадар бу ерда атиги 77 та ана шундай манзилгоҳ топилган бўлиб, сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар уларнинг сони мингдан зиёд эканини кўрсатди.
Бу ҳақда Science журналида чоп этилган мақолада маълум қилинди. Археологлар ҳудудни ўрганишда айғоқчи сунъий йўлдош ҳамда ҳарбий дронлардан фойдаланган.
Тадқиқотчилар Афғонистон ҳудудидан фанга аввал маълум бўлмаган, лекин инсоният тамаддунида катта аҳамиятга эга бўлган кўплаб жойларни аниқлашган. Хусусан, XVI-XVII асрларда бунёд этилган 119 та карвонсарой Буюк Ипак йўли бўйлаб сафар қилган савдогарларга бошпана вазифасини ўтаган. Карвонсаройлар бир-биридан қарийб 20 километр олисликда жойлашган бўлиб, бу ўша пайтларда карвонларнинг бир кунлик босиб ўтган масофаси билан тенг.
Тадқиқотлар, шунингдек, Систан ва Ғилмон вилоятлари ҳудудидаги қадимий аҳоли манзилларида ирригация тармоқларига катта эътибор қаратилганини кўрсатди. Бу ерда барпо этилган каналлар тармоғидан олимларнинг фикрича, ерларни суғоришда кенг фойдаланилган.
Ҳар биримиз масъулмиз
Урф-одатларимизга зид ҳолатларни оқлашга уринадиганларни кўриб, одамнинг дили оғрийди.
Бир танишим яқинда ўғил уйлантирди. Тўрт нафар боласи бор. Тўйни ихчам ўтказиш ҳақида маслаҳатлар бердик. У бўлса: «Элдан қолмайман, менинг ҳам орзу-ҳавасларим бор», деб жавоб қилди. Хуллас, югуриб-елиб шаҳардаги қиммат тўйхоналардан бирини гаплашди. Келин бўлмишнинг ижарага олинган оқ либоси учун хийла пул тўлашди. Яна у тўйхонага, албатта, "лимузинда" бориши керак экан. Базмда даврани олиб бораётган хонандадан ташқари, яна “бирровчи"га қўшиқчилар ҳам анча бўлди. Санъаткорларнинг кўплиги тўй эгасининг обрўйи баландлигини билдирармиш. Тўй эгаси йиллаб меҳнат қилиб топган пулларини, олтиндан қимматли вақтларини елга совурди.
Эртасига тонгда келинчакни саломга олиб чиқишди. Ҳамма расм-русум, олди-берди адо этилгач, "Хайрият, бугунгиси чиройли ўтди", деб турсак, ўртачи аёл келинни курсига ўтқизиб, алла айта бошлади. Кейин у:
– Келинчак ўғил кўрди, қани, амакиси, тоғаси, аммасию холаси... суюнчини чўзинг! – деса бўладими?
Яхши ният яхши, албатта. Майли, фарзанд сўралсин. Лекин яхши тилак тама қилиш манбаига айланса, жуда хунук бўларкан.
Бир ўйлаб кўрайлик, бу ишларимиз билан савоб топяпмизми, гуноҳми? Тўйларимизни ўтказишда динимизга ҳам, миллийлигимизга ҳам ярашмайдиган одатлар қаердан келди?
Ота-оналар фарзандларининг уйларини чет эл жиҳозлари билан безашдан олдин уларнинг қалбини маънавий бойликлар билан тўлдиришсин. Қизларимиз бир марта кийиш учун фалон сўм тўланадиган оқ кўйлакни эмас, ҳаё либоси ҳақида кўпроқ ўйласин. Йигитларимиз топган пулларини илм-ҳунар ўрганишга бағишласин. Ҳақиқий ўзбекчилик ана шулар бўлади!
Тўй, маърака ва маросимларни тартибга солиш бўйича Президентимиз фармонлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатволари, махсус тавсиялар бор. Бу борада амалга оширилаётган ишлар фақат мутасадди ташкилотларга тегишли эмас. Ушбу масалада ҳар биримиз масъул эканимизни унутмайлик.
Гули АБДУРАҲИМОВА
“Ҳидоят” журналидан олинди