Рамазон

Ўн бир ойдир кутилган меҳмон – Рамазон

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил Рамазон рўзасини тутганлар. 

Муборак Рамазон ойига ҳам бармоқ билан санаса бўладиган кунлар қолди. Покланиш ва маънавий юксалиш ойини баъзиларимиз севинчимиз ичимизга сиғмасдан, баъзиларимиз бир оз хавотир билан, баъзиларимиз эса ётсирабгина кутиб олаётирмиз.

Бу ойга бизнинг тайёргарлигимиз қандай? Айрим кишилар анча илгаритдан ифторлик учун озиқ-овқат ғамлаб бошлайди. Яна бир тоифа халқумни тозалаш учун балиқ ейди. Уларнинг тушунчаси бўйича рўзадан бир кун олдин балиқ еса Рамазонга халқуми покланиб кирар эмиш. Яна бирлари уни, бошқалари буни қилиб ўз билганича Рамазонга тайёргарлик кўради.

Ҳақиқий тақво соҳибларининг эса Рамазонда ейиш-ичишида ўзгариш бўлмайди: ҳар куни ейдиган таоми билан саҳарлик қилади, ҳар кунги егулиги билан ифторлик қилади. Ўзгариш уларнинг дастурхонида эмас, руҳиятида кечади, ибодати кўпаяди, тиловати ортади, уйқуси камаяди...

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун умрини Рамазон ойидаги каби кечирган эдилар. Неки, имконияти бўлса, ундан Аллоҳ йўлида умматларига манфаат етказиш учун фойдаланар эдилар. Динимиз равнақи учун ҳар қандай таҳликага қарши борар, ҳеч қандай заҳматдан тап-тортмас эдилар...

Саҳобаи киромлар ҳам исломга буюк хизматлар қилган. Улардан баъзиларига ҳаётлик вақтидаёқ жаннатнинг хабари берилган бўлса-да, ибодатга жуда маҳкам эдилар, Таровеҳдаги хатмларни ҳассага суяниб қолгунича давом эттирар эдилар.

Бизнинг эса умримиз роҳат-фароғатда. Яшаш, ишлаш, ўқиш учун ҳамма шароит муҳайё: масжидларда Қуръон тиловатлари; очил дастурхондек тузалган ифторлар... биз фақат рўзамизни қиёмига етказиб тута олсак, хатмларда сомеъ турсак – Рамазон ойида чекажак меҳнат-машаққатимизнинг ҳаммаси шу бўлади.  Аслида булар ҳам роҳатбахш ишлардир. 

Мамлакатимизнинг тинч ва осойишталиги, халқимизнинг тўқ ва фаровонлиги зиёда бўлаётган фараҳли кезларда Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг раҳмати ва марҳаматидан фойдаланмоқ учун ғайрат қилайлик.

Рамазони шарифни завқу шавқ, муштоқлик билан кутиб олайлик. У  кутилмаган меҳмон каби дафъатан эшигимиз олдида пайдо бўлиб қолмасин.

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган  таълимотга кўра, Рамазон ойида қилинган нафл ибодатларнинг савоби фарз ибодатларники каби бўлар, фарз ибодатларнинг савоби эса етмиш баробар ортар экан. Шундай барокатли ой яқинлашмоқда!

Шуни ёдда тутайликки, биз Рамазонга қанчалик тайёргарлик кўрсак, унинг барокатидан шу қадар улуш оламиз...

Демак, секин-асталик билан ўзимизни рамазон тартибига мослаб бормоғимиз зарур. Тилимизни фойдасиз гапларни айтишдан сақлаб зикрга ва ибодатга ғайрат қилайлик. Етарлича қадрига ета олмаганимиз ўн бир ойда йўл қўйган хато-нуқсонларимиз учун ҳам шу муборак ойда тавбалар қилайлик.

 Аллоҳ таоло бизларни савобларига рағбатли ва ғайратли бандалари қаторига қўйсин.

ОЯТИ КАРИМАЛАР

Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз.

 Бақара сурасининг 183-ояти

 ***

Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин.

Бақара сурасининг 185-ояти

 ***

Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинган. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз.

Бақара сурасининг 187-ояти

***

Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қовушмангиз!

Бақара сурасининг 187-ояти

 ***

Бас, кимки (қул) топа олмаса, қўшилишларидан илгари (зиммасида) пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир.

Мужодала сурасининг 4-ояти 

***

Ҳа. Мим. Очиқ-ойдин Китобга қасам! Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик.

Духон сурасининг 1-2-оятлари

 ***

Албатта, Биз уни Қадр кечаси нозил қилдик. Қадр кечаси нима эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. 

Қадр сурасининг 1-3-оятлари

                       

ҲАДИСИ ШАРИФЛАР

Ҳазрати Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ислом бешта устун тепасига бино бўлгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни бериш; Байтуллоҳни тавоф қилиш; Рамазон рўзасини тутишдир”.

 Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти

 ***

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган:

“Одам боласининг ҳар бир амали унинг учундир. Фақат рўза мен учундир. Унга ўзим мукофот бераман!”

Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти

***

Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдим-да: “Мени жаннатга киритадиган амални менга буюринг?”, деб сўрадим дедилар.  Ул зоти шариф: “Ўзингга рўзани лозим тут. Чунки унга тенг келадиган бирорта амал йўқ”, дедилар. Сўнг иккинчи марта ул зотнинг олдиларга келиб шундай деганимда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Ўзингга рўзани лозим тут!” дедилар.

Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти

***

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта жаннатда бир эшик бор. Унга ар-Райён дейилади. Қиёмат кунида одамларга қарата: “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Бас, уларнинг (рўздорларнинг) охиргиси ўша эшикдан кириб бўлганида, ушбу эшик ёпилади”, деб марҳамат қилганлар.

 Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти

***

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кириши арафасида мана бундай марҳамат қилган эканлар: “Муборак ой сизларга кириб келмоқда. Сизларга унинг рўзасини тутиш фарз қилинди. У ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ бир кеча ҳам бор. Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!”

Имом Аҳмад, Имом Насоий ва Имом Байҳақий ривояти

 ***

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”

Имом Аҳмад, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Насоий ва Имом ибн Имом Можа ривояти

***

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар: “Кимки узрсиз ва касал бўлмасдан Рамазондан бир куни очиқ юрса, (рўза тутмай ўтказса), унинг қазосини умр бўйи тутган рўзаси тўлдира олмайди”.

***

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Уч нафар одамдан қалам (шариат ҳукми) кўтарилган: Ухлаб ётган одамдан то уйғонгунча, ёш боладан то катта бўлгунча, жиннидан то соғайгунча”. 

 ***

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Биров биров номидан намоз ўқий олмайди. Биров биров номидан рўза тута олмайди”, деганлар.

Имом Насоий ривояти

 ***

Саҳиҳ иснод билан Имом Бухорий ва Имом Муслим иттифоқ билан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилдилар: “Қачон Рамазон кирса, осмон (жаннат ёки раҳмат) эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирланади”.

 ***

Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Сизларга муборак ой келиб турибди. Сизларга унинг рўзаси фарз қилинди. У ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, у ойда шайтонлар занжирланади...”

 ***

Имом Аҳмад ва Насоийлар ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Дўзах эшиклари қулфланади, жаннат эшиклари очилади ва у ойда шайтонлар кишанланади”.

  ***

Имом Термизий ва Ибн Можалар ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса бундоқ дейилган: “Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади”.

 ***

Имом Аҳмад ва Насоийлар ривоят қилган яна бир ҳадис матни қуйидагича: “У ойда само эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва у ойда исёнкор шайтонлар боғлаб ташланади”.

 ***

Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Иброҳим саҳифалари Рамазон ойининг биринчи кечаси нозил қилинган, Таврот Рамазоннинг олтинчи куни нозил қилинган, Инжил Рамазон ойининг ўн учинчи куни нозил қилинган, Забур Рамазон ойидан ўн саккиз кун ўтганда нозил қилинган, Қуръон Рамазон ойидан йигирма тўрт кун ўтканда нозил қилинган».

Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий ва бошқалар ривояти

***

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Қуръон зикрдан ажратилиб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушиб, тартил қилиб берадиган бўлди».

Имом Ҳоким ривояти

 ***

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди».

Имом Байҳақий ривояти

 ***

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб: «Албатта, Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг қиёмини (тунги ибодати) суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, қиёмини адо қилса, ундан онаси туққан кундек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар».

Ибн Хузайма ривояти

***

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Рамазонда бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот намоз ўқишга турдилар. Такбир айтганда: «Аллоҳу акбару Зул-малакути вал-жабарути вал-кибрияи вал-ъазома» дедилар. Кейин Бақарани, кейин Нисони, кейин Оли Имронни ўқидилар. Бирор қўрқитув оятидан ўтсалар, унда тўхталар эдилар. Кейин рукуъ қилиб, тик турганлари миқдорича «Субҳана роббиял-ъазим» дедилар. Кейин бошларини кўтариб, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Робана лакал-ҳамд» дедилар. Кейин сажда қилиб, тик турганлари миқдорича «Субҳана роббиял-аъла» дедилар. Кейин бошларини кўтариб, тик турганлари миқдорича «Роббиғфир ли» дедилар. Кейин сажда қилиб, тик турганлари миқдорича сажда қилиб, «Субҳана роббиял-аъла» дедилар.  Кейин бошларини кўтариб, тик турдилар. Икки ракъат ўқиб бўлиб ҳам эдилар, Билол келиб, у зотга намозни билдирди».

Имом Аҳмад ривояти

 ***

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Имом Бухорий ривояти

 ***

 

Фотима алайҳассаломдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга махфий равишда: «Ҳар йили Жаброил мен билан Қуръонни бир-биримизга ўқиб эшиттирар эдик. Бу йил мен билан икки марта ўқиди. Мен буни ажалим келиб қолганидан бошқа эмас деб биламан», деб айтдилар».

Имом Бухорий ривояти

***

 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: «Ё Раббим! Мен буни кундузлари емоқ ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил», дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади».

 ***

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: “Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади” 

Имом Муслим ривояти

***

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: “Кимки, рамазон тунларини иймони туфайли ва савоб умидида (ибодат билан) қоим қилса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади”.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти

***

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қачонки, Рамазоннинг илк кечаси кирса, шайтонлар ва жинларнинг ашаддийлари занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпиб ташланади. Улардан битта эшик ҳам очилмайди. Жаннат эшиклари очиб юборилади ва улардан битта ҳам эшик ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”.

Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Ибн Хузайма, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Ҳокимлар ривояти

 ***

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "...Рўзадорнинг оғзидан келувчи нохуш ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра хушбўйроқдир..."

Имом Бухорий ривояти

 ***

Ҳадиси Қудсийда айтилишича, Аллоҳ таоло рўзадорлар жаннатини зийнатлар билан тўлдиради ва унга қараб: "Бандаларим машаққат ва озорлардан қутулиб, сенинг ҳузурингга келишларига озгина қолди",  дейди.

 ***

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди”. 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Насоий, Имом Байҳақий, Имом ибн Абу Шайба ва Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ривояти

 ***

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”.

 Имом Аҳмад, Имом Баззор ва бошқалар ривояти

 

***


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”.

Имом Ибн Можа, Имом Термизий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Байҳақий, Имом Ибн Ҳиббон, Имом Таёлисий, Имом Ибн Хузайма ва Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ривояти

 
 ***    

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда, айниқса, чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар".

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти

 ***

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”.

Имом Муслим ривояти

***

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондаги умра ҳажга тенг”, дея марҳамат қилганлар.

 Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар ривояти

 ***

Бошқа бир ривоятда эса “Рамазондаги умра Мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир”, деганлар.

Имом Абу Довуд, Имом Байҳақий, Имом Табароний, Имом Ибн Хузайма ва Имом Ҳоким ривояти

***

Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаннатнинг бир эшиги бор: у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. "Рўзадорлар қаерда?" дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди", дедилар.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти

 ***

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўзадор икки бор хурсанд бўлади: биринчиси – оғиз очганида (ифтор қилганида) ва иккинчиси – рўза тутиб Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида", деганлар".

Имом Бухорий ривояти

  ***

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар", деганлар.

Имом Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти

 ***

Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бунда рўзадорнинг рўзаси савобидан бирор нарса камайтирилмайди", деганлар.

Имом Термизий ривояти

 УЛУҒЛАРНИНГ АМАЛЛАРИ

Абдурраҳмон ибн Абд Қорийдан ривоят қилинади: «Бир кеча Рамазонда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар тарқоқ, гуруҳ-гуруҳ: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқияпти, кимдир намоз ўқимоқда‑ю, бир гуруҳ одам унинг намозига эргашиб намоз ўқияпти. Шунда Умар: «Менимча, агар буларни битта қорининг ортидан жамласам, ниҳоятда гўзал бўлар эди», деди. Сўнгра азм қилиб, уларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада яна у билан чиқдим. Одамлар ўз қориларининг намозига эргашиб намоз ўқишар эди. Умар: «Бу қандай яхши бидъат! Улар ухлайдиган пайт тунги ибодат қиладиган пайтларидан (ибодат учун) афзалдир», деди. У кечанинг охирини назарда тутаётган эди. Одамлар эса унинг аввалида тунги ибодат қилишар эди». Имом Бухорий ривояти

***

Соибдан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замонида Рамазонда йигирма ракъат қиём қилишар ва Қуръондан икки юз оят ўқишар эди. Ҳассага суяниб қолишар эди».

*** 

Имом Зуҳрий Рамазон ойи кирса: «Бу ой Қуръон қироатидир, таом улашишдир», дер эди.

*** 

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи ичида ўттизта, бир ривоятда олтмишта хатм қилар эди.

*** 

Ибн Ҳакам айтади: «Имом Молик Рамазон кирса, ҳадис ўқиш ва илм аҳли билан мажлис қуришдан қочар эди»,. яъни Қуръонга берилиб кетар эди.

*** 

Абдурраззоқ айтади: «Суфён Саврий Рамазон кирса, барча ибодатларни тўхтатиб, Қуръон қироатига киришар эди».

*** 

Суфён айтади: «Зубайд Ёмий Рамазон келса, мусҳафларни келтириб, асҳобларини тўплар эди».

*** 

Асвад раҳимаҳуллоҳ Рамазондан бошқа пайт Қуръонни олти кечада бир хатм қилар, Рамазонда эса ҳар икки кечада хатм қилар эди.

*** 

Қатода раҳимаҳуллоҳ одатда етти кунда бир хатм қилар, Рамазон ойида уч кунда бир, охирги ўн кунлик бўлганда эса, ҳар кеча хатм қилар эди.

*** 

Имом Нахаъий ҳам Рамазон ойида ҳар уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар кеча Қуръонни хатм қилар эди.

*** 

Рабиъ ибн Сулаймон айтади: «Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий Рамазон ойида олтмишта хатм қилар, уларнинг бирортаси намоздан ташқарида бўлмас эди», дейди.

*** 

Имом Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ Рамазонда ҳар куни шом билан хуфтон орасида Қуръони Каримни хатм қилар эди. Улар хуфтонни кечанинг тўртдан бири ўтгунча кечга суришар эди.

*** 

Алий Аздий ҳам Рамазонда ҳар куни шом билан хуфтон орасида Қуръони Каримни хатм қилар эди.

*** 

Имом Молик айтади: «Рамазонда Умар ибн Ҳусайннинг ёнида намоз ўқийдиган одам менга хабар қилдики, у киши ҳар кеча Қуръонни янгидан бошлар экан».

*** 

Ҳофиз ибн Асокирнинг ўғли отаси ҳақида:  «Ҳар жума хатм қилар эди, Рамазонда эса ҳар куни хатм қилар эди», деган.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 63588 times
Tagged under
Top