muslim.uz

muslim.uz

 “Шамсул аимма” унвони билан шуҳрат топган Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳалвоий етук фақиҳларимиздан биридир. Абу Саъд Самъоний қаламига мансуб “Насабнома” китобининг бухоролик олимлар қисмида ёзилишича, Ҳалвоийнинг отаси ҳалво пишириб, сотиб тирикчилик қилиб юргани учун у кишига ота касби билан нисбат берилган.

Ҳалвоийнинг  туғилиши  билан  боғлиқ маълумот бирор-бир манбада келмагани боис туғилиш санаси ҳозирча маълум эмас. Ота томонидан  аждодлар силсиласи Пайғамбаримизнинг  жиянлари ва куёвлари Али ибн Абу Толибга  боғланади. Абдулҳай Лакнавийнинг “Фавоид ал-баҳийя фит-тарожима ал-ҳанафийя” китобида қайд этилишича, ироқлик кўпгина фақиҳлар унвон танлашда касб-ҳунар, қабила ёки бирор жой номига нисбат бериш билан “Жассос” (сувоқчи), “Қудурий” (қозончи) каби соддагина тахаллуслар олишган.

Қорахонийлар пойтахтини Ўзгандан Самарқандга кўчиргач, Ҳалвоий Кешга сургун қилинади. У киши қолган умрини шу ерда ўтказади. Абдулазиз Ҳалвоий тахминан 1058 йили Кешда вафот этади. У кишининг жасади Бухорога олиб келиниб дафн қилинади. “Мен у зотнинг қабрларини ­зиёрат қилдим”, дейди “Насабнома” асари муаллифи Абу Саъд Самъоний.

Чор Русияси даврида Калобод мозори бузилиб, ўрни уй-жой учун ер майдони сифатида ажратиб берилган. Ҳалвоийнинг қабри ҳам янги бунёд этилган уйлар ичида қолгани сабабли 2004 йили турбати Бухоро шаҳрининг Самарқанд кўчасидаги “Шоҳ Ахси” ёдгорлигига кўчирилди. Шу жойда у зотнинг шогирдларидан бири Бакр Заранжарийнинг қабри ҳам бор.

Ҳалвоийнинг “шамсул аимма” деб улуғланадиган уламо даражасига етишида устозларининг хизматлари катта бўлган. Абдулҳай Лакнавий Абдулазиз Ҳалвоийнинг фиқҳ илмидан устозлари силсиласи Абу Ҳанифага бориб етиши ҳақида маълумот беради. Ҳалвоийдан Сарахсий (1010–1093), Абул Уср Паздавий (1010–1089), Абул Юср Паздавий (1030–1099), Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий (1035–1118) кабилар сабоқ олиб, замонасининг етук фақиҳ олимлари бўлиб етишишган.

Ҳозиргача олимнинг бирор бир китоби қўлёзма ёки тошбосма шаклида топил­маган бўлса-да, у киши қаламига мансуб асарларнинг номи­ биз­га маълум. Абу Саъд Самъонийнинг “Насабнома”, Ҳожи Халифа Чалабининг “Кашфуз Зунун”, Ҳофиз Абдул Қодир Қурайшийнинг “ал-Жавоҳир ал-Музийя фит-табақот ал-ҳанафийя”, Шамсуддин Заҳабийнинг “Сияру аълом ан-нубало” китобларида Ҳалвоийнинг асарлари ҳақида маълумотлар берилган. У киши “ал-Мабсут”, “ан-Наводир”, “Фавоид”, “Шарҳ ал-адаб ал-Қодили Аби Юсуф”, “Шарҳ ал-адаб ал-Қоди лил-Хассоф” каби китоблар ёзган.

Ҳанафий мазҳаби уламолари мазҳаб фақиҳларини салоҳияти, илмий лаёқатига қараб етти табақага ажратадилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Мухтасар ал-виқоя”га шарҳ сифатида ёзган “Кифоя” номли китобида Хассоф, Таҳовийлар билан бир қаторда Ҳалвоий, Сарахсий, Паздавий ва Қозихонларни учинчи табақа вакиллари сирасида зикр қилади. Ушбу табақа вакиллари мазҳаб соҳибидан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид фақиҳлар бўлишган.

Алломанинг фатволари кўплаб мўътабар китобларда, хусусан, “Фатавои Оламгирия”, “Фатавои Қозихон”, “Муҳити Сарахсий”, “Кофий”, “Захира” ва “Жомиъ ал-мабоний лил-масаили шарҳи фиқҳи Кайдоний” каби асарларда келтирилган. Биргина “Оламгирия” китобидан Ҳалвоийга тегишли 125 та фатвони тўпладик.

Олимнинг фатволари бошқа китобларда ҳам учрайди, жуда кўп муаллифлар у киши асарларига ишончли манба сифатида таянишади. Янги тадқиқотлар Абдулазиз Ҳалвоий ва у зотнинг асарлари ҳақида кенгроқ маълумот олишга замин яратади деб умид қиламиз.

 

Аҳтам АҲМЕДОВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон мусулмонлари идораси 2018 йилда Рамазон ойида бериладиган фитр садақа миқдорини белгилади. Бу ҳақда "tengrinews.kz" нашри хабар берди.

Бунда фитр садақа миқдори 300 тенгени ташкил этгани қайд қилинди. Ушбу миқдор 2017 йилда ҳам шунча миқдорда белгиланган эди.

Ислом дини аҳкомларига кўра, ҳар бир мусулмон киши ўзи, фарзандлари учун фитр садақасини бериши зарур.

Фитр садақасини Рамазон ойи давомида тўлаши мумкинлиги айтиб ўтилган.  
Маълумот учун, Қозоғистон мусулмонлари идораси Рамазон ойи 16 майда бошланиши ҳақида эълон қилган эди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Oила муқаддас ватан, дея таърифланади. Чунки у тарбия маскани, одамийлик фазилати, ахлоқий қадриятлар шаклланадиган даргоҳ. Ана шу масканда аёлнинг ўрни беқиёс.

Рўзғор тутуми, хонадоннинг иқлими, табиати уй бекасининг хусусиятларига ҳамоҳанг бўлади. Аёл яхши бека бўлса, ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди, оила аъзолари ўртасидаги меҳр-муҳаббат ришталарини боғлаб туради. Аксинча бўлса, ўша уй зиндонга айланади. Шундай экан, қиз фарзанд ўстириш, тарбиялаш энг нозик масала. Кексаларимиз уйланмоқчи бўлган йигитга насиҳат қилиб: “Солиҳ фарзанд дунёга келишини истасанг, яхши она танлаш керак”, дейди. Албатта, қиз бола она бўлганида ўғилми-қизми фарзандига андоза бўлади. Гўдак ҳомила пайтидаёқ онасининг хусусиятларини ўзлаштиради. Ёруғ дунёга келиб, биринчи кўргани ҳам онаси бўлади. Уни эмади, ундан гап-сўз ўрганади, ҳаракатларига тақлид қилади. То мустақил бўлгунича онасининг измида юради. Қиз бола учун энг яқин кишиси она эканини ҳамма билади. Онанинг ҳам сирдоши, дардкаши қизидир. Шунинг учун “Онасини кўриб, қизини ол”, дейишади.

Кўп оталар қизига “Онам” деб мурожаат қилишади. Чунки қиз фарзанд ота-онасига меҳрибон бўлади. Қиз кўрганида хафа бўлган айрим оталар кейин қизлари борлигидан жуда қувонишади. Чунки қиз бола ширин ва меҳрли сўзлари билан отасининг ғам-тафтини олади, ғамхўрлиги билан жонига ора киради.

Қизи бор уйнинг файзу таровати бошқача. Нафосат иси келади у хонадондан. Аёлнинг яратилишида гўзалликка, покликка интилиш, зийнатга ўчлик бор. Зеро, вазифалари ҳам уй-жой юмушларига боғлиқ.

Ўзбек хонадонларида қиз бола тарбияси оғир, деб бу масалага алоҳида ёндашилади. Ёшлигидан ёмон кўздан, қабиҳ сўздан асраб-авайланади. Вояга етгунича шаънига гард тушмасин деб ота-она парвона бўлади.

Қиз бола бировнинг хасми. Эртага ота-онасининг юзу кўзи бўлиб бошқа хонадонга боради. Бахтини топсин, тахтига етсин, деб эртаю кеч дуода бўлишади. Балоғатга етган қизларига меҳмондай муомала қилишади. Ҳар бир хатти-ҳаракатини тўғрилаб, келин бўлиб тушадиган хонадон учун тайёрлашади.  Аслида, бу одоб-ахлоқ йўриғи қиз болани бекаликка тайёрлаш, оналикка кўниктиришдир. Демак, аёлнинг энг биринчи вазифаси ҳам айнан мана шуларда акс этади.

Хулоса қилиб айтганда, Она гулдек жигарпорасини шафқатига ўраб, қалб қўрида асрайди. Унинг меҳрини ифодалаш учун сўзнинг кучи етмаса керак.

 

Гулнора МАЪРУПОВА,

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 29 апрель – 1 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. 
Ташрифнинг учинчи куни олий мартабали меҳмон Бухоро вилоятига келди. 
Бухоро халқаро аэропортида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. 
Бухоро вилоятида ушбу ташрифга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Кўчалар икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган, ранг-баранг панноларга халқларимиз дўстлиги ва қардошлигини тараннум этувчи сўзлар ёзилган. 
Ўзбек ва турк халқлари тарихи асрлар давомида шундай мустаҳкам илдизлар билан боғланганки, уларни бир-биридан айро тасаввур қилиш мушкул. Турк халқи Ўзбекистон заминини муқаддас деб билади ва уни “ота юрт”, деб эъзозлайди. Қардош турк халқининг диёримиз ва халқимизга бўлган чексиз меҳри ва ҳурматини англаш, ҳис қилиш учун шунинг ўзи етарли. 
Ўзбекистон заминида туғилиб ўсган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирларни Туркияда яхши билишади ва қадрлашади. Бутун мусулмон оламида машҳур аллома, нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан биридир. 
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. 
Улуғ аллома руҳи покига Қуръон тиловат қилинди. 
Олий мартабали меҳмонга тариқат асосчисининг ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси, мустақиллик йилларида мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. 
Ўтган йили мажмуа ҳудудида Президент ташаббуси билан Мир Араб олий мадрасаси фаолият бошлади. Туркия Президентига Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли ушбу мадраса тарихи ва фаолияти ҳақида сўзлаб берилди. 
Бугунги кунда мамлакатимизда ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш, илм-фан ва динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда. 
Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон буюк алломаларга бешик бўлган муқаддас замин экани, халқимиз тарихи, бой маънавий меросига ғоят ҳурмат билан қарашини таъкидлади. 
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Бухоро шаҳридаги Арк қўрғонини томоша қилди. 
Азалдан Ғарб билан Шарқни боғлаган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган Бухоро бой ва шонли тарихга эга. Ушбу тарих халқимизнинг ўтмишдаги турмуш тарзи, бунёдкорлиги, хорижий давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларидан гувоҳлик беради. Арк қўрғонида жойлашган вилоят ўлкашунослик музейида намойиш этилаётган минглаб экспонатлар, археологик буюмлар ҳам шу ҳақда ҳикоя қилади. 
Икки давлат раҳбарлари мазкур музей фаолияти билан танишди, бу ердаги ноёб осори-атиқаларни кўздан кечирди, музей қўриқхона ҳудудидаги жомеъ масжидида бўлди. 
Қўрғон марказида сақланиб қолган қабулхона – маросимхонада вилоят санъаткорлари томонидан халқлар дўстлигини тараннум этувчи миллий куй-қўшиқлар янгради. 
Президентлар Арк қўрғони яқинидаги Пойи Калон мажмуасида ҳам бўлдилар. 
Бухоро заминининг ҳар қаричи тарих. Қадимий обидалар аждодларимизнинг буюк яратувчилик даҳоси ва маънавий қудратидан сўзлайди. XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси ўзининг бетакрор меъморий ечими, маҳобати ва жозибаси билан ҳар қандай кишини мафтун этади. 
Минораи Калон архитектуравий ечими бўйича дунёдаги кам сонли тарихий обидалардан биридир. У қарийб 900 йил давомида не-не талотўпларга гувоҳ бўлган. Халқимиз қудратининг ўлмас рамзи сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солаётир. 
Мир Араб мадрасасида ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди. 
XVI асрда ташкил этилган Мир Араб мадрасасида фаолият юритаётган ўрта махсус ислом билим юрти ўз вақтида собиқ шўро давлати ҳудудидаги ягона ислом таълим муассасаси бўлган. Ҳозирги пайтда бу ерда ёшларимиз диний ва дунёвий билимларни, хорижий тилларни пухта ўзлаштирмоқда.
Олий мартабали меҳмон Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида зардўзлик, заргарлик, гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. 
Бухоронинг тарихий ва меъморий обидалари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 
Шу билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи якунига етди. 
Бухоро халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президентимиз Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. 

 

Матназар Элмуродов, Эркин Ёдгоров, ЎзА

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий алайҳиссалом: «Менинг зоту насабимга жоҳилият бузуқликлари аралашмаган. Ота-боболаримнинг ҳаммалари айнан Исломдаги никоҳ қоидаларига мувофиқ ҳолда дунёга келишимга сабабчи бўлишган», деганлар».

Ҳишом ибн Муҳаммад Калбий отасидан шундай ривоят қилади: «Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг оналарига қадар яна жуда кўп момоларининг ҳаётини ўрганиб чиқишга муваффақ бўлдим. Уларнинг орасида бирор зинокорни ҳам, жоҳилиятнинг ёмон одатлари билан машғул бўлган бирор кимсани ҳам учратмадим».

Али каррамаллоҳу важҳаҳудан келтирилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен никоҳдан дунёга келганман, зинодан эмас. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, то ота-онамдан туғилгунимга қадар жоҳилият бузуқликлари менга етмаган», деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Ота-онам ҳеч қачон зинога яқинлашмаганлар. Аллоҳ таоло мени пок сулбдан (яъни ота-боболаримнинг пушти камаридан) покиза раҳмларига (яъни она-момоларимнинг вужудига) кўчирган. Улар икки шохобчага бўлинган, мен уларнинг энг яхшисидаман».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Лақод жаа-акум расулуммин анфусикум», яъни «Дарҳақиқат, сизларга ўзларингиздан (чиққан) Расул келган»  оятини қироат қилиб, «анфусикум»нинг «фо»сини фатҳали أَنْفَسِكُمْ (яъни «анфасикум») қилиб ўқидилар-да,  «Мен ичингизда насабда, қариндош-уруғчиликда ҳамда аслзодаликда намуна ва ибрат олишга энг лойиқроғингизман. Одам алайҳиссаломдан буён келаётган ота-боболарим ичида бирорта хулқи бузуқ бўлмаган», деб марҳамат қилдилар».

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломдан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Ер юзининг машриқу мағрибини кўриб чиқдим. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан афзалроқ кишини ҳамда Ҳошим авлодидан афзалроқ ота авлодини кўрмадим».

«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл этилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен Одам алайҳиссалом зурриётларининг энг яхши наслидан пайғамбар қилиб юборилдим. Бу ҳолат то энг яқин ота-боболаримга қадар наслма-насл давом этиб келган», деганлар.

«Саҳиҳи Муслим»да Восила ибн Асқоъ розияллоҳу анҳу нақл қилган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло Исмоил зурриётидан Кинонани танлади. Кинонадан Қурайшни, Қурайшдан Бану Ҳошимни, Бану Ҳошимдан эса мени танлаб олди», дедилар.

Аббос розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Аллоҳ таоло махлуқотларни яратиб, мени барча фирқа(гуруҳ)лар ичида ҳам энг яхшиси, икки фирқа(гуруҳ)нинг ҳам энг яхшиси қилди. Сўнгра қабилаларни ихтиёр этиб, мени энг яхши қабилага мансуб этди. Сўнгра оилани ихтиёр этиб, менинг ана шу оилаларнинг энг яхшисида дунёга келишимни тақдир этди. Мен уларнинг нафси (яъни жони, зоти) жиҳатидан ҳам, оила жиҳатидан ҳам энг яхшисиман» .

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо нақл қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло махлуқот яратишни ирода қилиб, улар орасидан Одам наслини танлади. Сўнгра Одам авлодлари орасидан арабларни танлади. Сўнгра ана шу араблардан мени танлади. Мен шу арабларнинг яхшиларидан сараланиб келганман. Ким арабларни яхши кўрса, мен яхши кўрганим учун яхши кўради. Ким уларни ёмон кўрса, мен ёмон кўрганим учун ёмон кўради».

Шуни яхши билишимиз лозимки, Пайғамбар алай­ҳис­саломнинг на ака-ука, на опа-сингиллари бўлган. У зот ёлғиз фарзанд бўлганлар. Бу билан ота-оналари наслининг софлиги ва яхшилик хислатлари фақат у зотгагина ўтиши ҳамда насаблари ҳам ёлғиз ўзлари билан чекланиши кўзланган. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликка муносиб бўлишлари ва энг юқори шарафга мувофиқ танланган насаб билан хосланишлари ирода қилинган. Агар сиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг насабларини синчиклаб ўрганиб, у зотнинг нақадар пок наслдан дунёга келганларини билишга киришсангиз, охир-оқибат улуғ ва олижаноб сулолага мансуб эканларига ишонч ҳосил қиласиз. Пайғамбар алайҳиссалом араб миллатига мансуб бўлиб, абтоҳий,  ҳарамий,  ҳошимий  ва қурайшийдирлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қисқача таъриф берадиган бўлсак, у зот арабларнинг энг яхшиларидан танланган бўлиб, уларнинг ичида энг тоза наслу насаб эгаси, аслзодаликда энг шарафлиси, агар арабларни дарахтга ўхшатсак, у зот уларнинг энг гуллагани, ўзаги ва илдизи энг бақуввати, агар устунларга ўхшатилса, энг баланди, арабларнинг зоти жиҳатидан энг покизаси, тили энг фасоҳатлиси, баёни энг равшанроғи, агар шараф тарозисида ўлчаниши мумкин бўлса, шарафи энг оғир келадигани, энг тўғри йўл тутадигани, ота-она тарафидан энг азизи ва энг мукаррами бўлганлар.

Шунингдек, у зотнинг Аллоҳ таоло учун энг азиз ўлка бўлмиш Маккаи Мукаррамада дунёга келишлари ҳам бежиз эмас. Зеро, араб саҳросида (ўша вақтда) Макка шаҳрининг нуфузига тенг келадиган бошқа ўлка йўқ.

Бу хусусда буюк муҳаддис Шамсиддин ибн Носириддин Димашқий нақадар гўзал сўзлар айтганлар:

Асрамиш Аллоҳ таоло Муҳаммад ҳурматидан,

Барча боболарини жоҳилият иллатидан.

Одам Атодан тортиб ота-онасигача

Зинога юрмадилар Аллоҳнинг раҳматидан.

Ғиёсиддин Баратов

«Кўкалдош» ўрта махсус

Ислом билим юрти ўқитувчиси

Мақолалар

Top