muslim.uz

muslim.uz

Ҳаётий воқеа

Доктор Ишон Ҳусайний сафарга отланди. Тиббиёт соҳасида кўрсатган хизматлари учун халқаро анжуманга таклиф этилган.

Самолёт осмонга кўтарилди-ю, об-ҳаво айнигани боис йўналишини ўзгартириб, бошқа шаҳарга қўнди. Кейинги рейс ўн олти соатдан сўнг экан. Бундан хабар топган доктор қаттиқ асабийлашди: “Шунча вақт кута олмайман, кечга қоламан ахир!” Аэропорт ходимлари ижарага автомашина олиб, манзилга тезроқ етиб бориш мумкинлигини айтишди.

Жаноб Ҳусайний шоша-пиша йўлга чиқди, аммо аксига олиб, тез орада жала қуя бошлади. Атрофда на бир зот, на бошқа улов кўринади. Бундай ҳавода машина бошқаришнинг ўзи бўлмайди.  Доктор йўл юзидаги чоғроқ бир уй ёнида тўхтаб, эшикни тақиллатган эди, қулфланмаган экан. Ёмғирда ивиб кетган мусофир мезбондан ижозат ҳам сўрамай, ўзини ичкарига урди. Унга кекса аёл пешвоз чиқди. Доктор онахонга узрини айтиб, ҳовлиққан кўйи вазиятни тушунтирди:

– Зудлик билан қўнғироқ қилишим лозим, телефонингизни бериб турсангиз.

Аёл кутилмаган меҳмоннинг аҳволини кўриб, унга ачинди:

– Болам, ичкарига киринг, бир пиёла чой ичиб, уст-бошингизни қуритиб олинг. Иш қочмас...

Доктор бу гапларга аҳамият бермай, илтимосини такрорлади:

– Телефонингиз борми, қўнғироқ қилиб олсам бўладими?

– Телефонимиз йўқ-да, болам, – хижолатомуз жавоб берди аёл.

Чорасиз қолган меҳмон онахоннинг таклифини қабул қилди, ичкарига кириб исинди, эгнини қуритди, бир оз тамадди қилди. Шунда қўшни хонада унсизгина ётган гўдакка кўзи тушди. Тепасига бориб, унинг хаста эканини англади.

– Холажон, бу болага нима бўлган?

– Бу неварам... ҳам отаси, ҳам онасидан айрилган. Шаҳарчамиз шифокорлари касалига чора топа олишмади. Уларнинг айтишича, пойтахт томонларда Ишон Ҳусайний дегани бор экан, неварамни фақат шу одам даволай олармиш. Уни қанақа қилиб топаман? Ўзим у ёқларга боролмасам, бировни жўнатиб, чақиртирай десам, қўлим калталик қилади... – Онахоннинг овози титраб кетди. – Кечаю кундуз Парвардигорга илтижо қилиб, жигарбандимнинг дардига даво топадиган ўша бандангга рўпара қил, дейман.

Хокисор бу аёлнинг гапларини тингларкан, жаноб Ҳусайнийнинг бўғзига бир нима тиқилди, кўзлари ёшланди.

Холажон, Аллоҳ дуоларингизни қабул қилибди. Сизнинг илтижоларингиз осмонда чақмоқ чақтириб, самолётни ерга қўндирди, жалалар қуйдирди ва ниҳоят, мени эшигингизга келтирди. Сиз излаётган доктор Ҳусайний мен бўламан. Яратган бандаларининг чин ихлос билан қилган дуоларини ижобат этишига, истакларини рўёбга чиқаришига яна бир бор имон келтирдим. Гўдакка шифони Аллоҳ беради, мен бир сабабчиман, холос.

Абдулла ЙЎЛДОШЕВ,

Тошкент шаҳар “Исломобод” 
жоме масжиди имом-хатиби 

 

 

П'ятниця, 05 Январь 2018 00:00

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

Зангиота туманидаги “Highway Logistics” марказида ташкил қилинган божхона бўлими, мавжуд техникалар, транспорт қатнови ва маҳсулотларни ортиш ҳамда етказиш тизими билан танишиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлашда замонавий технологияларни қўллаш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Бу каби логистика марказларини ҳар бир вилоятда ташкил қилиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Тошкент вилоятининг экспорт салоҳиятини ошириш, 2018-2019 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш, чорвачилик, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш дастурлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Президент лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича мутассаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давом этмоқда.

П'ятниця, 05 Январь 2018 00:00

Оналарнинг шарафли бурчи

Ҳар бир ота-она фарзанд кўрганда хурсанд бўлaди, ўзларини дунёдаги энг бахтиёр инсонлар деб ҳис қилади. Ана шу хурсандчилик кунидан бошлаб улар зиммасига фарзанд тарбиялашдек масъулиятли вазифа тушади. Буни эса сидқидилдан бажаришлари шарт бўлади. Зеро, фарзанд тарбияси, унинг диёнатли бўлиши ва соғлигини сақлаш ота-онанинг зиммасидаги бурч ҳисобланади.

Фарзандни тарбиялашда унинг ўсиш ва ривожланиш даври эътиборли эканини англаб етиш зарур. Жумладан, боланинг эмизикли даври келажаги учун жуда аҳамиятли.   Зеро, Аллоҳ таоло гўдак болаларнинг ризқини ўзига хос озуқа қилиб яратди. Боланинг соғлом ўсишида она сутининг аҳамияти ва фойдалари беқиёс. Она сути гўдак  учун ризқ қилиб берилган тайёр озуқа ва соғлом бўлишининг гаровидир.

Динимизда гўдакнинг она сути билан озуқаланишига катта эътибор қаратилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда фарзандларни она сути билан озуқалантиришга буюриб, шундай марҳамат қилади:

“...Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар.(Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир...”(Бақара сураси, 233-оят).

Оят дарак гап маъносида бўлса-да, аслида, буйруқни ифода этади.  Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ишларнинг ҳар бирида кўплаб ҳикматлар ва бандаларининг дунё ва охиратлари учун манфаатлар бор.

Фақиҳларимиз фиқҳ китобларида алоҳида “разоат” (эмизиш) бобини келтириб, унга тааллуқли масалаларни батафсил баён қилиб ўтганлар.

Тиббиёт мутахассислари ҳам она сути боланинг соғ-саломат улғайишида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкиллайдилар.

Тиб илми билимдони Абу Али ибн Сино она сутини қуёш нурига қиёс қилади. Ер юзидаги барча тирик мавжудотлар учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, ўсаётган бола учун ҳам она сути шундай зарур экан.

Она чақалоғини озиқлантиришида нафақат фарзандининг, балки ўзининг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига кўплаб манфаатлар бор. Илм-фан тараққий этаётган ҳозирги даврда олимлар томонидан турли тадқиқотлар, илмий изланишлар олиб борилиб, бу улкан ҳақиқатнинг янгидан-янги фойдали жиҳатлари аниқланмоқда.

Оналарнинг гўдакларини эмизишидаги ўз саломатликлари ва фарзандлари соғлиги учун фойдалари, ҳикматлари борасида яна мутахассислар томонидан кўплаб илмий изланишлар олиб борилиб, янги кашфиётлар қилинади, албатта.

Лекин фарзандини она сути билан озиқлантиришнинг фойдасини билмаган баъзи “замонавий” оналар вақти йўқлиги ёки бошқа арзимас баҳоналар билан бу муқаддас ва масъулиятли амалдан бўйин товлайди.

Оналик бахтига муяссар бўлган диёнатли, ўзлигини йўқотмаган ҳеч бир аёл узрсиз ўз боласини озиқлантиришдан бош тортмайди. Туғилган фарзандини она сути билан боқиш онанинг шарафли ва масъулиятли бурчи эканини унутмайди.

 Дадамирзаев Муҳаммад Зариф

тайёрлади

Масканнинг очилишига бағишланган маросимда Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони кекса авлодга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш шароитларини янада яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди, деб хабар беради ЎзА.

Замонавий ва миллий меъморчилик услублари асосида қурилган масканда дам олиш, шахмат-шашка, спорт-соғломлаштириш, тиббиёт хоналари, чойхона ташкил этилган. Бой китоб фондига эга кутубхона ҳам фаолият кўрсатмоқда.

– Вилоятимизда 153 мингдан зиёд меҳнат фахрийси истиқомат қилади, – дейди «Нуроний» жамғармаси Бухоро вилояти бўлими раиси С.Ҳусенов. – Улар давлатимиз эътиборини кундалик ҳаётида ҳис қилиб турибди ва бундан миннатдор. Айни пайтда катта ҳаётий тажрибага эга фахрийларимиз ижтимоий ҳаётда, айниқса, ёшлар тарбиясида фаол иштирок этмоқда. Барча туман ва шаҳарларда ташкил этилган “Нуронийлар маскани” эса бу борада улар имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

“Нуроний” жамғармаси Бухоро вилояти ва шаҳар бўлимлари вилоят марказий маданият ва истироҳат боғида барпо этилган “Нуронийлар маскани”да фаолият кўрсатади.

2018 йилнинг биринчи чорагида Саудия Арабистонига 65 давлат фуқаролари сайёҳлик визасини олишлари мумкин. Виза бериладиган давлатлар рўйхати кенгайтирилиб, 65 тага етгани тўғрисида “Ал Иқтисодия” нашри расмий мутасаддиларга таяниб хабар берди.

 

“РИА Новости”нинг хабар беришича, ҳозирги вақтда қироллик фақат чекланган миқдордаги давлатлар фуқароларига туристик виза бермоқда, бироқ виза олиш бирмунча мураккаб. Ҳозирда Ар Риёд фақат меҳнат, оилавий ва зиёрат (ҳаж ва умра учун) визаларини бермоқда.

 

Бироқ мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган иқтисодий ривожланиш дастури доирасида қироллик ҳукумати мамлакатга ташриф буюриш имкониятларини кенгайтириш ва йилига 30 миллион туристни қабул қилиш кўзда тутилган.

 

“Саудия Арабистони – мусулмонлар таянч нуқтаси” давлат лойиҳаси раҳбари Холид Тоҳирнинг сўзларига кўра, визалар зиёратчилар, мусулмон сайёҳлар, мусулмон тадбиркорлар, давлат таклифи билан мамлакатга ташриф буюрувчи мусулмонлар, ҳамда транзит йўловчиларга берилади.

 

Виза берилувчи мамлакатлар рўйхати ва виза нархлари ҳозирча эълон қилинмаган.

 

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат сайёҳлар оқимини еттита асосий йўналиш – кўргазма ва конференцияларда иштирок этиш, сайёҳлик йўналишларида саёҳат қилиш, зиёратдан кейин саёҳат қилиш, соғлиқни сақлашни яхшилаш, даволаш, мамлакатнинг маданий меросини ва инвестициялар билан таништириш орқали жадаллаштиришни режалаштирмоқда.

Мақолалар

Top