Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳга бўлган ҳурматнинг 3 кўриниши

Қалбда иҳтиром қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни халойиқнинг барчасидан камолот ва фазлда устун деб билиш, Ислом динининг мукаммал эканлиги  ва у зотнинг турли маъсият ишлардан маъсумликларини эътиқод қилиш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари, сўзлари, ахлоқ ва сийратларидаги комиллик тўла-тўкис комиллик ҳисобланиб, бу сифатларга зид бўлган нарсаларнинг ботиллигини эътиқод қилиш лозим. У зотга бўлган муҳаббат шавқи қалбни шундай тўлдирсинки, бу муҳаббат ер юзидаги барча инсонга, ҳатто ўзимизга бўлган муҳаббатдан ҳам устун бўлсин. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, дедилар.

 

Тилда эҳтиром қилиш. Бу улуғлаш ва эҳтиром қилишни ифодалайдиган лафзлар билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилиш ҳамда доимо у зотга салавот ва саломлар айтиб юриш билан бўлади. Бундан ташқари, инсонларга у зотнинг фазилатлари, хусусиятлари, шамоиллари ва қилган ишларининг барчаси мукаммал экани ҳақида қайта-қайта сўзлаб берилсинки, токи Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан кишиларнинг қалбида муҳаббат ҳамда эҳтиром тушунчаси янада зиёда бўлсин. 

 

Амалда эҳтиром қилиш. Бу иш у зотнинг сийратларини ҳаёт йўли қилиб олиш ва суннатларини мукаммал ўрганиш билан бўлади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан кўрсатилган энг буюк ҳурмат у зотнинг суннатларига эргашиш ва тутган йулларини мустаҳкам ушлаш, ҳатто одатий ишларини ҳам қолдирмасдан бажаришдир. Чунки камолот соҳибларининг одатларини бажариш ҳам бир фазилатдир.

Абдушукур МУРОДОВ

тайёрлади

5255 марта ўқилди
Top