muslim.uz

muslim.uz

Буюк муҳаддис уламолар юртида

мавлиди шариф шукуҳи кезмоқда.

 

Мавлиди шариф – Пайғамбар алайҳиссаломни эслаш, у Зотга бўлган муҳаббат рамзидир. Зеро, Расулуллоҳга муҳаббат иймондандир.

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларнинг бирингиз учун то ота-онаси, болалари ва барча инсонларданда севимлироқ бўлмагунимга қадар (ҳақиқий) мўмин бўлмайсизлар”, дедилар. Уламоларимиз бу ҳадисни мўминларнинг иймони комил бўлмайди, деб тушуниш лозимлигини айтганлар. Ибн Ҳиббон ушбу ривоят ҳақида «Банда иймон ҳақиқатига етмайди...» деганлар.

Замонамизнинг улуғ олимларидан Муҳаммад Мутавалли Шаъровий: “Мавлиди шарифнинг эҳтироми учун, ҳар йили қалбимиздаги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севикли хотира ила шоду хуррамлик ва хурсандчиликни изҳор қилишимиз ҳақли бўлади. Зеро, ушбу хурсандчилик мавлиди шарифни нишонлаш билан бўлади, деганлар.

Алҳамдулиллаҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли халқимиз ҳар йили анъанавий тарзда У Зот туғилган Рабиул аввал ойини Мавлид ойи сифатида хурсандчилик билан нишонлаб келадилар. Албатта, бу қувончли маросимларда аҳли илмларимиз, имом-домлаларимиз пешво бўладилар, халқимизга Набий алайҳиссаломнинг сийратларини, наътларини эслатадилар, ўқиб берадилар. Хусусан, бу тадбирларнинг масжидларда уюшқоқлик билан ўтказилиши ушбу ойнинг шукуҳини зиёда қилади.

Жорий 1444 ҳижрий йилнинг Рабиул аввал ойида юртимиздаги 1840 та масжидларда мавлиди шариф ўқилиши жуда қувонарли ҳол, иншааллоҳ бу тадбирлар халқимизнинг Пайғамбар алайҳиссаломни яқиндан таниши, У Зотга бўлган муҳаббатнинг зиёда бўлишига улкан ҳисса қўшажакдир.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифида Яссавия тариқати давомчиси бўлган Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишлаб конференция ўтказишни тавсия қилган эди.

29-сентябрь куни Мўйноқ туманида ушбу конференциянинг очилиш маросими бўлди. Унда «Орол ва Мўйноқнинг тикланиши» халқаро экофестивали, «Орол балиқларидан 99 хил таом» гастрономик фестивали бошланди.

Фестивалга турли соҳа вакиллари таклиф қилинди. Ташкилотчилар таклифига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Инамов ҳам ушбу анжуманда иштирок этди. Фестивал иштирокчилари Мўйноқ аэропортида нон ва туз билан кутиб олинди.

Меҳмонларга тумандаги «Орол денгизи тарихи музейи»даги экспонатлар ва Орол балиқларидан тайёрланган 99 хил таомлар ҳақида маълумот берилди. Сулаймон Боқирғоний қабрини зиёрат этиб, Қуръон тиловат қилинди ва бу ердаги эски масжид, мадрасанинг археологик қазиш ишлари билан яқиндан таништирилди.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес қўмита раиси Даўытбай Қурбаниязов бошчилигида «Ҳаким ота комплекси»даги кутубхонада учрашув бўлиб, унда Сулаймон Боқирғоний (Ҳаким ота) китоби тақдимоти бўлди. Тарихчилар, археологлар Сулаймон Боқирғоний ҳақида маълумотлар берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов иштирокчиларга Сулаймон Боқирғонийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилиб берди.

Учрашувдан сўнг ЎМИ раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов бошчилигидаги меҳмонлар Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин домла Баҳауддиновнинг ҳамроҳлигида Мўйноқ туманидаги диққатга сазовор жойларга саёҳат этдилар.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими,

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Пятница, 30 Сентябрь 2022 00:00

Эзгулик ва маърифат чароғбони

Ҳар йили 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами ва дам олиш куни сифатида нишонлаб келинади. Бу эса устоз ва мураббийларга чуқур эҳтиром ҳамда эътибордан дарак беради. зеро, инсон умри давомида қандай ютуқ ва натижаларга эришмасин, қаерда ва қандай лавозимда ишламасин, мактабда, ўқув юртида шу каби жонкуяр устозларидан олган таълим-тарбияси унинг етук шахс ва малакали мутахассис бўлиб етишишида улкан аҳамиятга эга экани шубҳасиз. уларга нисбатан ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшаш, уларни мудом ардоқлаш бизнинг бурчимиз.

Дунёда муаллим бўлмаса агар,
Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар,

Инсон олим бўлиб дунёга келмайди. Само сирларини очган олимнинг улуғ кашфиётлар сари илк қадами ҳам мурғаклигида дафтарнинг биринчи саҳифасига қалтироқ қўл билан ёзилган “1” рақамидан, дунёга шоҳ асарларини тақдим этган шоиру шуаронинг камолоти эса оддийгина “А” ҳарфининг ўзига унча ўхшамаган суратидан бошланади.

Ҳа, айнан шундай. Зеро, устозлар ҳеч қачон иккиланмай ўқувчиларининг жажжигина қўлларидан тутиб, ҳар бир ҳарфни, ҳар бир рақамни ёзишга ўргатади. Қилолмаган ишларимиздан биз бир бор ғам чексак, устозларимиз ўн карра кўпроқ алам ютади. Муаллимлар асли шундай, улар башариятни доимо эзгуликка, ҳақиқатга, маърифату маънавиятга чорловчи сарбонлар, билимлар оламининг ҳақли эгаларидир. Устоз ўз илм зиёси билан гўё оламларни нурга тўлдирган қуёш мисолидир. Ҳамма замонларда ҳам маърифатли инсонлар, муаллиму мураббийлар қадрланган. Хусусан, муқаддас динимиз таълимотида ҳам олиму фозиллар, маърифат фидойилари, илм эгалари эъзозланган. Ҳа, ислом илм ва ирфон динидир. У ўрганишга, ўргатишга ва тадқиқ этишга ундайди. Динимизда муаллимлар энг юксак мақомдаги кишилардандир. Ҳазрат Навоий: “Муаллим зоти эзгулик ва маърифат йўлининг беминнат чароғбонидир”, — деган. Устозлик асли халқимизнинг қонида бор. Илмий ва адабий мерослари асрлар оша етиб келган Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек сингари улуғ сиймолар фан ва маданиятнинг ёрқин юлдузларига айланиши ҳам ўша замонлардаги устозларнинг мевасидир. Бурҳониддин Зарнужийнинг “Таълимул мутааллим фи ториқил тааллум” асари мусулмон дунёсида катта шуҳрат қозонган. Олимларнинг таъкидлашича, ислом тарихида ёзилган таълим¬тарбияга оид энг машҳур икки китобнинг бири айнан мана шу асар бўлган. Асарда устоздан илм олиш жараёнида ниятни тўғри қилиш, илм аҳлларини улуғлаш, таҳсил олишнинг қулай вақтлари, устозлардан илм олиш жараёнида талаба ўзини қандай тутиши лозимлиги, олимнинг ахлоқий фазилатлари қандай бўлишига оид боблар мавжуд. Умуман олганда, мовароуннаҳрлик машҳур фақиҳ Бурҳониддин Зарнужийнинг ушбу асари ва ундаги масалалар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. XII аср ўрталарида Бухорода бўлиб ўтган бир эҳтиром намунаси бизгача ибратли ривоят тарзида етиб келган. Ушбу шаҳар қадимдан олиму фозилларга бешик бўлган. Илмий мунозаралар, маърифий мажлислар ушбу даврда ҳам Бухоро ижтимоий ҳаётида одатий ҳол эди. Ривоятларга қараганда, ана шундай мажлисларнинг бирида маъруза ўқиётган аллома дераза томонга кўз ташлар экан¬у, аҳён¬аҳён ўрнидан турар, сўнг яна ўтириб, дарсни давом эттираркан. Шунда толиби илмлар устозининг ҳаракатидан таажжубга тушиб, бунинг сабабини сўраганларида, олим: “Биласизми, сизларга дарс ўтаётиб, мадрасанинг деразасидан қарасам, ҳовлида бир гуруҳ болалар ўйнаб юрган экан. Уларнинг ичида менга ёшлигимдан илм сирларини ўргатган, тўғри йўлни анг лашимда меҳнати сингган устозимнинг набираси ҳам борлигини кўриб қолдим. Илмни улуғлашнинг талабларидан бири уни сенга ўргатган кишини — устозингни ардоқлаш, ҳатто унинг авлодларига ҳам ҳурмат кўрсатишдан иборат. Шу сабабли устозимнинг набираси дераза олдига яқинлашганида устозимнинг ҳурмати юзасидан ўрнимдан турдим”, — дея бўлган ҳолатнинг сабабини тушунтириб берибди. Ҳа, бу халқимизнинг қон¬қонига сингган устоз-шогирдлик муносабатининг кичик бир кўриниши, ота¬боболаримиз ўз муаллимларига чексиз эҳтиромда бўлганининг ёрқин исботи. Бугунги кунда бу ибрат ҳар бир фарзанд ва ота¬она, ҳар бир устоз учун қанчалик зарур эканини яхши англаймиз. Илм¬фан, таълим ва тарбия — тараққиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор¬ўқитувчилари ва илмий¬ижодий зиёлилар бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этилади. Инсон қалбига йўл, аввало, таълим¬тарбиядан бошланади, дейди буюклар. Шу сабабли ҳам қачонки бу ҳақда гап кетса, мўътабар ота¬оналаримиз ҳамда ўқитувчи ва мураббийларимизнинг олижаноб меҳнатларини ҳурмат билан тилга оламиз. Айниқса, бугуннинг ислоҳотлари ўлароқ, айни пайтда азиз устозларимиз янада қадрланиб, ҳурмату эъзоз топмоқдалар. Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм¬фан ва таълим¬тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб¬қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз таълим тизими яратилмоқда. Ўқитувчи¬ мураббийларнинг доим изланиб, янгиликка интилиб яшаётгани, илғор таълим технологиялари ва методикаларини пухта ўзлаштириб бораётгани соҳадаги ислоҳотлар жараёнида устоз -мураббийларимизнинг ишга, ҳаётга муносабати ва масъулияти ўзгарганидан дарак. деб ёзган эди Абдураҳмон Жомий. Дарҳақиқат, умрининг энг тотли дамларини илмга ташна ўқувчилари учун бахшида қилган, ҳар қалбга маърифат уруғини сочган инсондан¬да буюкроқ зот бўлиши мумкинми?! Бугунги шиддатли замон олдимизга мураккаб вазифаларни қўймоқда. Уларни ҳал этиш ва эзгу мақсадларимизга эришиш, дунё миқёсида рақобатбардош бўлиш учун халқимизни, авваламбор, ёшларимизни илм¬фан, маънавият, маърифат ютуқлари билан қуроллантиришимиз керак. Оламни илм билан безаган, маърифат билан англаган, қалб кўзлари ила кўрган азиз муаллимлар ўз шогирдларини ҳам ана шу йўлдан етаклайдилар, мана шу гўзалликлардан баҳраманд этадилар. Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраймизки, қадри буюк, номи улуғ устозларимиз доимо соғ-омон бўлишсин. Уларнинг машаққатли ва масъулиятли касблари, залварли меҳнатларидан уфуриб турган эзгулик зиёси биз ёшларга ҳам ҳамиша ҳамроҳ бўлсин.

Муҳаммадамин Насриев, Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН газетаси № 201 (723), 2022 йил 30 сентябрь, жума

 

Пятница, 30 Сентябрь 2022 00:00

Устоз отангдан улуғ!

Аллоҳ  Таоло оламларни  бунёд этгандан cўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни яратди. Одам Ато қовурғасидан Момо Ҳавони яратиб, улардан фарзандларини кўпайтирди.

Ривоят этилишича, одамзотнинг кўнглига 3 нарса урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан.

Биринчиси эр учун аёл, аёл учун эр. Чунки, аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан.

Инсон кўнглига урмайдиган иккинчи нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан.  Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво  илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён.

Башарият фарзанди учун учинчи улуғ  нарса бу китоб экан. Зеро, Қуръондаги дастлабки оят «Икра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказгани, мусулмонлар дилига сингдиргани маълумдир. Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи  – Инсон, унинг ризқ-рўзи Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний кадриятларимиз эса буларнинг   ҳаммаси – ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан киммат, бебахо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!

Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан,  демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»; «маориф» деган маъноларни англатади.

Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.

Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикмати ила ихтиёр этди.

Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.   

Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси  бешикларидан бири бўлганини халқаро  жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига  айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг ҳизматлари  беқиёс экани бизга улкан  ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2 ) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган, ҳатто мақоллари ҳам  инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни хурматлашга тарғиб этади.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.

         Бизнинг доно халқимиз

      «Устоз – отангдек  улуғ»,

«Уста борида қўлингни тий,

Устод борида – тилингни»,

 

          «Уста бўлсанг, устозингни унутма»,

       «Устозингга тик  қарасанг, тўзасан,

                                              Ҳурмат қилсанг, аста-аста ўзасан»,

деб бежиз айтмаган.

Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса

“Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!”  (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устозиПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!

Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устозиунинг  ОТА-ОНАСИДИР! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.  

Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар... Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига серқиррали эътиборимизни беришимизда қуйидаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимизни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.

Шунчалик улуғ (!) даражага устознинг мавқеъи кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз УСТОЗ деб тушунишимиз лозим! Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «УСТОЗ» дейди.

 

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий

Сайр айламакни қилди ихтиёр.

Мулозимлар ила чиқдилар йўлга

Ва кичик болага келдилар дучор.

Ўшанда Навоий  отидан тушиб,

Ўша ёш болага қилибди таъзим.

Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол –

Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

 

 

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,

Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?

Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,

Салом бериши душвор!»

Навоий дебдики, мен кўрган бола

Устозим – боланинг бобоси эди.

Олисларда қолиб кетган дамларнинг

Узоқлардан келган садоси эди…

Устозим мен учун отадан улуғ,

Шунингчун болага қилдим мен таъзим.

Устозимдан қолган неварасига

Салом бермаслигим – гуноҳу азим!

 

Қуръони карим ояти карималари ва муборак ҳадиси шарифларга асосланган ҳолда ўқувчи, илм ўрганувчини, касб-ҳунар ўрганувчини устозига нисбатан муомалаю маданиятни шариатимиз белгилаб берган:

 

1) Устозга биринчи бўлиб салом беринг!

 

2) Устоз олдида мавзуга оид бўлмаган ортиқча гап-сўзлар гапирманг!

 

3) Устоз сўрамаган нарсалардан тилингизни тийинг!

 

4) Савол беришдан олдин рухсат сўранг!

 

5) Устознинг гапига ёки жавобига эътироз билдирманг!

 

6) Устоз хатосини айтиб, билимдон эканлигингизни кўрсатманг!

 

7) Устоз олдида ён шеригингиз билан суҳбатлашиш жуда хунук ишдир.

 

8) Устозни ҳурмат қилган ўқувчи ҳар тарафга қараб ўтиришдан ўзини тияди ва диққатини ўқитувчисига қаратади.

 

9) Юраётган ҳолатда савол бериш ҳурматсизлик ҳисобланади.

 

10) Устоз ўрнидан турдими, сиз ҳам туринг!

 

11) Устоз олдингизда экан, ҳеч ҳам баланд оҳангда гапирманг!

 

12) Иложи бўлса таълим берувчига исм-шарифи билан эмас, балки "Муаллим" ёки "Устоз" деб мурожаат қилинг!

 

Агар инсон билим йўлида кетаётган экан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нурлари томон бораётган экан, бу асосий қоидаларга риоя қилиши лозим.

Баъзида одоб, ҳурмат қоидаларига бўйсинмай, ўқитувчи, устозидан билим олаётганлар ҳам бор.

Тўғри, инсон устозини олдида китоб ўқиши, бирор-бир ҳунар ўрганиши ёки фан билимларини олиши мумкин. Лекин устозига ҳурмат бўлмаса, бу каби билимлар оддий маълумотга айланади. Бундай билимда барака бўлмайди!

Азозилни эслайлик… Ҳозир унинг исми Шайтон. Билимга эга, ҳаттоки бошқа фаришталарга ҳам сабоқ берган. Ҳўш, шундай билимлар тўғри йўлдан адашишидан Азозилни қутқариб қола олдими? Йўқ, чунки Аллоҳни ҳурмат қилмади, эътироз билдирди. Беодоблик қилди. Яратганнинг буйруғига бўйсинмади. Бетгачопарлик қилиб, мағрурлигини намоён этгани учун лаънатланган ва хайдалган.

Ҳозирги кунда одамларни ножўя йўлларга етаклаётган, жамоатда қарама-қарши қарашлар пайдо қилаётган, ўзлари ҳам адашган "ақлли"лар қандай пайдо бўлганини англаб олишимиз мумкин. Булар устозига ва бошқа олимларга нисбатан одобни қўлламаган, ҳурматни билмаган, ўз билимларини тўғри йўлга сола олмаганлардир.

 

Уламоларимизнинг айтишларича, 7 хил инсонлар ўртасида ҳеч қачон тенглик бўлмас экан.

Бу тенгсизликни АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (❗️) ўрнатган! Ақлсиз одамгина буларни тенглаштиради:

 

1) эркак – аёл;

2) эр – хотин;

3) устоз – шогирд;

4) катта – кичик;

5) ота-она – фарзанд;

6) илмли – илмсиз;

7) раҳбар – ходим.

 

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (❗️) ўрнатган тенгсизликни бузишга ҳаракат қилганни охир-оқибат АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ ҳолини вой қилади.

 

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади:

    

     “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман.

 

     Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди.

 

     Устоз Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўрайман.

 

     Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Доно халқимизни ўз мақолларида ҳам “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган. Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўхлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни барчамизга насиб этсин!

              Иброҳимжон домла Иномов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

Четверг, 29 Сентябрь 2022 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идорада ҳамшираси Наргиза Тўйчиеванинг падари бузруквори вафот этгани муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, қабрларини жаннат боғчаларидан қилсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

"Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Top