muslim.uz

muslim.uz

Ватан ҳимояси муқаддас бурч

 

Яқинда Андижон шаҳридаги харбий қисм аскар ва зобитлари иштирокида “Ватан химояси мукаддас бурч” шиори остида тадбир ўтказилди. Унда Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид имом-хатиби  Б. Фахриддинов иштироок этиб, аскар ва зобитларни ватанимиз сарҳадларини туну кун қўриқлашдек улуғ хизматларнинг ажру савоби бениҳоя ўлкан эканлигини ҳадислардан мисоллар келтириб мавъизалар қилди. Тадбир давомида  аскар ва зобитларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

 

Самарқандда диний-маърифий суҳбатлар ташкил этилди

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Самарқанд вилоятида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш доирасида жойлардаги 23 та масжидда имом-хатиблар томонидан ҳам илмий-маърифий суҳбатлар ташкил этилди.

Унда “Неъматларга шукроналик”, “Тинчликни қадрига етиш”, “Сохта салафийлик ва мазҳабсизликнинг салбий оқибатлари”, “Фарзанд тарбиясига эътиборли бўлиш”, “Оила-муқаддас даргоҳ” ва бошқа ижтимоий мавзуларида мавъизалар қилинди.

 

Имомнинг бир куни

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Андижон шаҳар "Уйғур" жоме масжиди имом-хатиби Абдурахмон домла Артиқов ҳудуддаги "Гулистон" МФЙ да фаоллар билан "Оила тинч -жамият фаровон" мавзусида тадбирда қатнашиб, фарзанд тарбияси, уларни турмушга тайёрлаш борасида суҳбат қилиб бердилар. Суҳбатда оилавий ажралишларни олдини олиш, ёшлар таълим-тарбиясида ота-онанинг ўрни муҳим эканлиги борасида ҳаётий ва шаръий кўрсатма ва насиҳатлар қилиб, бу ишда оила бошиларининг ўрни муҳимлигига урғу қаратди.

Тадбир давомида оталарга тарбия борасида аҳамият бериши зарур бўлган масалаларда кенг маълумотлар бериб ўтдилар

 

"Оила дорилфунуни" ўқув-машғулотларида имом-хатиблар иштироки самарали бўлмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги ҳамда Фарғона вилоятида ФҲДЁ идоралари билан ҳамкорликда "Оила дорилфунуни" ўқув-машғулотлари йўлга қўйилган. Унда никоҳланиш остонасида турган ёш келин-куёвлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишади.  Мазкур машғулотларда вилоятидаги имом-хатиблар, имом-ноиблари ҳамда отинойилар ҳам қатнашиб, оила ва никоҳ борасидаги динимиз таълимотлари ҳақида чиқишлар қилмоқдалар.

Машғулотлар давомида масъуллар томонидан келин-куёвлар ва ота-оналарни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб бериб борилмоқда.

Бухоролик имом-хатиблар ҳам турли тадбирларда фаол

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Когон тумани “Геофизика” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига жойлашган “Хожи Салим” жоме масжидида  Когон туман бош имом-хатиби Х.Асадов,  Дин ишлари бўйича Когон туман Ш.Хамдамов билан  ҳамкорликда туманда фаолият юритиб келаётган маҳалла имом-хатиблари иштирокида навбатдаги йиғилиш ўтказилди.

        Йиғилишда  давомида Республикада диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти, ёшларнинг турли ёт ғоялар таьсирига тушиб қолишининг олдини олиш, жойларда ноқонуний никох ўқитиш ҳолатларини олдини олиш  каби муҳим масалалар муҳокама этилди.

****

Шу кунларда Шофиркон туман "Хожа Шарофиддин" жомеъ масжидида туман имом-хатиблари ва ноиблари иштирокида хуфтон намози адо этилиб, жамоат билан маъруза ва суҳбатлар ташкиллаштирилди. Шунингдек,  имомларга керакли тавсиялар берилди ҳамда юртимиз ва халқимиз тинчлигини ва осойишталигини сўраб дуои хайрлар қилинди.

****

“Дилкушо" жомеъ масжидида "Умра" сафарига кетаётган 141 нафар зиёратчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда зиёратчиларга сафар давомида керак бўладиган керакли кўрсатмалар берилди.

 

Хоразмда тарғибот ишлари авжида

 

Шу кунларда Қўшкўпир тумани “Аз Замахшарий” масжиди имом ноиби Бектемир домла Хождаев тумандаги 35 нафар отинойиларга “Маърака маросим ва тўй ҳашамларда исрофгарчиликка йўл қўймаслик ва жамиятда юриш туриш одоблари” мавзусида мавъиза қилиб, бу борада отинойилар барчага ўрнак бўлиши ва жойларда исрофгарчиликнинг олдини олиш ишларида фаол бўлишга ундади.

Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби Ғуломжон домла Бобожонов тумандаги “Артел” заводидаги ишчи ходимлар билан “Тинчлик ва саломатлик улуғ неъмат” мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби Ҳошимжон домла Отажонов Хоразм вилоят қўриқлаш бош бошқармасида миллий гвардия ходимлар билан “Огоҳлик давр талаби” мавзусида таъсирли мавъиза қилиб бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 29 Сентябрь 2022 00:00

Билим юрти фаолиятидан (видео)

"Саййид Муҳйиддин махдум " ўрта махсус ислом билим юрти.

Четверг, 29 Сентябрь 2022 00:00

Мотурудия ақидаси асослари

Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланадилар. У кишининг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир.
Мотуридий фиқҳ ва калом масалаларига қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиш давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлганлар. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл каби уламолардан илм олганлар ва қуйидаги асарларни ёзиб қолдирганлар: “Китоб ат-Тавҳид” “Китоб ал-Мақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Қуръон таъвили китоби”, “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб”. Булардан ташқари Мотуридийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид “Усул китоби” асарлари ҳам мавжуд.


Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у каби улуғ уламолар чиқиб, ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф Исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч қувватларини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Улар фиқҳий мазҳабда аҳли сунна вал жамоа сифатида ислом олами тан олган ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар, эътиқодий мазҳабда эса мотуридия ва ашъария калом мактабларига асос солдилар. Хусусан, мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлдилар.


Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида сунний ақидага (таъвилда) зид бўлган оқимларга раддия билдиришда имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўрадилар.
Мотуридий таълимот муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий бу ҳолга чек қўядилар ва бу ўлкада ягона ақида тизимини (яъни ҳанафий мазҳаб асосида) ўрнатадилар. У киши барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади. Имом Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшдилар. Шунингдек, ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.


Жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун”мавзусидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур халқаро анжуманга 15 та мамлакатдан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари билан бир қаторда юртимиз уламолари ҳам иштирок этдилар. Икки кун давомида асосий ва иккита шўъба мажлисларида қирқдан ортиқ маъруза тингланди.
Маърузаларда Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.

Жумладан, Покистон бош муфтийси, Карачи ислом университети президенти Муҳаммад Рафиъ Усмоний ўз маърузасида ҳозирги кунда интернет тармоғи орқали мотуридийлик таълимотига аёвсиз ҳужумлар уюштирилаётгани билимсизлик натижаси эканини қайд этди.
Малайзия ислом илмлари университети профессори Камолиддин Нуриддин Маржуний мотуридия таълимоти аҳ ли сунна ақидасини ҳимоя қилиш, унинг рақибларига раддия беришда улкан фазилатларни намоён этиб бораётгани, унинг таассубдан йироқлиги, мўътадиллиги, ислом ғояларини бағрикенглик тамойилига мос тушунтириши билан барчага ўрнак бўлиб келаётгани таъкидлади.
Туркия ислом илмлари академияси мудири Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурийнинг айрим ёшлар ўзини шариат билимдони қилиб кўрсатган кишиларнинг ҳақиқатни ёлғон билан қориштириб тарғиб этиши натижасида аҳли сунна вал жамоадан бўлган ашъарийлик ва мотуридийлик таълимотларидан йироқлашиб бораётгани, оқибатда ибратли маънавий меросдан узилиб қолаётгани ҳақида гапирди.


Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, аллома асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ул зот асос солган диний таълимот – мотуридия мактаби Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат топишига сабаб шуки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳангдир.

Шокиржон Тўхтабаев,
Янгиқўрғон тумани "Кўкёр" жоме масжиди имом-хатиби

Среда, 28 Сентябрь 2022 00:00

Сулаймон Боқирғоний

Сулаймон Боқирғоний (Хоразм вилояти Хазорасп тумани Боқирғон қишлоғи) тасаввуфнинг йирик намояндаси, шоир. Аҳмад Яссавий тариқатининг давомчиси. Халқ орасида “Ҳаким ота” номи билан ҳам машҳур. Яссавийга мурид (шогирд) бўлган, ўз иқтидори ва шеърий истеъдоди билан пирининг эътиборини қозонган.

Сулаймон Боқирғоний устозининг тариқати қоидаларини янада чуқурлаштириб кенг халқ оммасига етказган. Содда, равон услубда ижод қилган. Ўз асарларида шариат ва тариқат қоидаларини тарғиб қилган, кишиларни охиратни ўйлаб яшашга, Аллоҳнинг карамидан баҳраманд бўлишга даъват этган.

Сулаймон Боқирғоний маърифатни Аллоҳни таниш, Унинг назарига тушиш, дейди. Олий муҳаббатни Аллоҳга бўлган муҳаббат, деб тушунтиради. У тариқат йўлини комил инсонни тарбиялаш йўли, жаннатга элтувчи йўл, деб билади. Унинг шеърлари “Боқирғон китоби” номи билан машҳур.

Сулаймон Боқирғоний туркий шеъриятнинг бошловчиларидандир. Шеърлари татар, бошқирд ва бошқа туркий халклар орасида кенг тарқалган, “Боқирғоний китоби” 19-20-аср бошларида Қозонда 3 марта нашр этилган.

1911 йилда ёзилган Жўйборзода қаламига мансуб “Маноқиб”да айтилишича, Ҳаким ота (Ҳазрат Сулаймон) Қуръони каримга ўзгача ҳурмат кўрсатиб, дарсга бораётиб Мусҳафни боши узра кўтариб олар экан. Буни кўрган Аҳмад Яссавий ҳазратлари уни шогирдликка таклиф этади. Ҳаким ота у зотнинг қўлида таълим олиб, ўн беш ёшида муридликни қабул қилади.

“Ламаҳот мин нафаҳотил қудс” тазкирасида Ҳаким отанинг шариатга оид ўттиз минг, тариқатга оид ўттиз минг ва ҳақиқат борасида ҳам ўттиз минг ҳикмат айтганлари баён қилинган.

Маърифат дарёсинда ғаввос бўлуб,

Муҳаббат гавҳарларин олғим келур.

Тариқат майдонинда парвоз қилиб,

Ул тубо дарахтиға қўнғим келур.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасида билим юртининг 1-босқич талабалари ҳамда гуруҳ раҳбарлари иштирокида “Аждодлар меросини ўрганиш бурчимиздир” шиори остида саёҳат тадбири бўлиб ўтди.
Саёҳатнинг биринчи манзили – Наманган вилояти Чортоқ туманида жойлашган “Балиқли-кўл” ҳамда “Султон Увайс Қароний” мажмуаси билан танишишдан бошланди. Мажмуада талабаларга “Султон Увайс Қароний” масжиди имом-хатиби Мавлонов Баҳодир томонидан тобеъинлардан бўлган улуғ ва фазилатли аллома Увайс Қароний ҳаёти ва фаолияти, унинг эзгу иш ва амаллари ҳақида тарихий манбалар асосида батафсил тушунча берилди.
Бундан ташқари талабалар мажмуа таркибидаги музей ва ундаги “Қуръон карим” китоби ҳамда эски қўлёзмалар билан яқиндан таништирилди.
Шунингдек, талабалар Президентимз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан қайта таъмирлаб фойдаланишга топширилган “Султон Увайс Қароний”нинг мақбараларини зиёрат қилди. Зиёрат давомида Қуръони карим тиловат қилиниб, ушбу даргоҳдан ўтган барча инсонлар ва мажмуани обод бўлишига хизмат қилган мутасаддиларни ҳақиларига дуо хайр қилинди.
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасида маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб турилиши талабаларнинг ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганиши, ҳозирги ойдин ҳаётимизга шукроналик ҳамда буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати

Top