Табобат

Сабзининг  шифобахш  хусусиятлари

  САБЗИ (Daucus) — соябонгулдошлар оиласига мансуб икки, қисман бир йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми, сабзавот экини. Сабзининг 60 дан ортиқ тури бор. Бир тури (Daucus carota) — маданий сабзи. экилади. Бу тур Ғарб (Ўрта Ер денгизи ҳавзасидан келиб чиққан 4 тур-хил — каротинли, сариқ, оқ, бинафшаранг сабзилар) ва Осиё (Афғонистон ва унга яқин ҳудудлардан келиб чиққан 6 тур-хил — сариқ, бинафшаранг, қизил, тўқ бинафшаранг, пушти, оқ сабзилар)   кенжа турига бўлинади.

  Уруғи майда, 1000 донаси 1—1,5 г. Илдизмеваси серсув, навига қараб думалоқроқ, цилиндрсимон, ранги сариқ, оқ ва баъзан қизғиш, оч кизил, узунлиги 8—17 см, вазни 30—200 г ва ундан ортиқ. Сабзиси (илдизмеваси)да 10—12 % қанд, 9,2% углеводлар, 1,1% азотли моддалар ва С, В,, В2, РР витаминлари, 9,0 (20—25 гача) мг% каротин бор. Сабзи инсон озиқ-овқат рационида муҳим ўринда туради. Янгилигида истеъмол қилинади, консервалар  тайёрланади, тиббиётда эса сабзидан турли дори-дармонлар тайёрланади. Шимолий районларда ва Европа мамлакатларида, асосан, қизил, Марказий Осиё мамлакатларида сариқ сабзи экилади. Ўзбекистонда халқ селекциясида сабзининг жуда кўп навлари яратилган. Ҳозирги даврда сабзининг Мушак 195 (эртапишар) ва Нурли (ўртапишар), Мирзой қизил 228, Мирзой сариқ 304 (ўрта эртаги), Нант 4, Шантанэ 2461 (ўртаги) ва Зийнатли, Каскаде Ғ, Пума Ғ, ва бошқа навлари ва дурагайлари экилади.

    (“ЎзМЭ”дан)

   Унинг шифобахш хусусиятлари қадимдан маълум. Ўрта асрларда ундан юрак, қон-томир, жигар  касалликларини, шунингдек сариқ ва йўтални даволашда кенг фойдаланилган.

   Бугунги кунда сабзи камқонлик, меъда-ичак йўллари, ёғ босган организм, буйрак касалликлари ва бошқа қатор иллатларни даволашда муолажавий овқатланиш таркибида  асосий ўринлардан бирини эгаллайди.

   Сабзи каротин моддасига жуда бой бўлган сабзавотдир.Организмни бу модда  запаси билан 2 кунга етарли таъминлаш учун ўртача катталикдаги битта сабзини истеъмол қилиш етарли бўлади. Бундан ташқари бу сабзавот тури В, РР, К, Е витаминлари, кальций тузи, калий, фосфор, натрий, темир, йод, магний ва бошқа фойдали моддаларга бой. Сабзида оқсил моддаси кам, лекин унинг таркибида тахминан 7% углевод (унинг асосий қисмини организмда яхши ҳазм бўлувчи глюкоза ташкил этади) бор.

    Хом сабзини истеъмол қилиш соч ва тирноқларнинг синувчанлигида, кўриш қобилияти пасайганда жуда фойдали. У организмнинг касалликлардан ҳимояланиш кучини кўпайтиради, юқумли касалликлардан муҳофаза қилади. Худди шунинг учун ҳам  ундан организм витамин етишмаслигидан толиқадиган қиш кунлари,  халқимиз “илик узилди” деб атайдиган эрта баҳор кунлари истеъмол қилиб туриш  тавсия этилади.  

   Бу сабзавот оғиз бўшлиғи учун фаол антибактериал воситадир. Стоматит (милк яллиғланиб, чақа бўлиши)ни даволашда халқ табобати сабзи шарбатига бир оз асал қўшиб чайишни тавсия қилади.

     Сабзи қабзиятда мислсиз шифобахш сабзавот бўлиб, ошқозон-ичак йўлларидаги иллатларда ҳам фойдалидир. Сурги сифатида қирғичда қирилган сабзини ва шунингдек, унинг шарбатини (150-200 мл кечқурун уйқуга ётиш олдидан) истеъмол қилиш ниҳоятда фойдали. Бавосирда сабзи баргини дамлаб чой сифатида ичиш ёрдам беради. Узоқ вақт  битиши  қийин бўлган ярага сабзи бўтқаси боғланади. Сабзи минерал модда алмашинувини меъёрга келтиришда фойда беради, унинг шарбати  катаракта ва конъюктивит касалликларида  кўз ҳолатини яхшилайди.

    Шуни таъкидлаш лозимки, қалқонсимон без касалликларида сабзи таркибидаги каротин   организмда ўзлаштирилмайди. Шунингдек  ингичка ичакнинг ўткир шамоллаши  жараёнида сабзи истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

           Қон босимида сабзи шарбати

     Қон босими ошишида 1 дона сабзини майда тишли қирғичдан  чиқариб, 1 дона хрен илдизини қўшиш ва уларнинг шарбатини чиқариш, 40 мл лимон соки ва 30 г асал қўшиб, аралаштириш лозим. Кунига 3 маҳал, 15 мл дан овқатланишдан 30 минут олдин 6-8 ҳафта давомида истеъмол  қилинади.

           Йўталда сабзи шарбати

  1. 200 мл сабзи шарбатини 200 мл сутга қўшилади. Аралашмани илиқ

    ҳолатда кунига 20 мл дан 5-6 марта ичилади.

  1. Майда тишли қирғичдан 400 г сабзини ўтказиб, шарбати олинади, уни 500 мл қайнатилган сут, 200 г тоза табиий асал билан аралаштирилади.

Аралашмани кунига овқатланишдан олдин  6-7 маҳал 70 мл дан   ичилади.

Жигар касалликларида сабзи шарбати

150 г сабзини  ва 100 г хрен илдизини қирғичдан  ўтказиб, 20 мл спирт, 20 г асал қўшиб аралаштирилади. Аралашма 1-2 ой давомида кунига 3 маҳал 20 мл дан ичилади. 

Сабзи шарбати  герпес (терининг муайян қисми шамоллаши) касаллигида

Майда тишли қирғичда 100 г сабзи ва 150 г олма чиқариб, турупини сиқиб, шарбати олинади. Кунига 4-6 маҳал 50 мл дан ичилади.

Сабзи шарбати ва уруғи сийдик қопида тош пайдо бўлганда

  1. Икки ой давомида янги олинган сабзи шарбатидан 20 мл дан кунига 4 маҳал ичилади.
  2. Йигирма беш г сабзи уруғига 600 мл қайнаган сув қуйилади. Аралашма қиздириб, ўчирилган духовкага бир неча соат ёпиб қўйилади. Тайёр бўлган аралашма докадан ўтказилиб, кунига уч маҳал 150 мл дан ичилади.

Грипда сабзи шарбати ва чеснок

Майда тишли қипғичдан  1 та сабзи ва чеснокдан 4 та тишчаси ўтказилади ва уларни сиқиб, шарбати олинади. Буруннинг ҳар бир катагига кунига 3 маҳал 2-3 томчидан томизилади.

Сабзи шарбати  дерматитда

100 г сабзи қирғичдан ўтказилиб, унинг турупи салфеткага бир текис қалинликда солинади, терининг касалланган қисмига 20-30 дақиқа қўйилади.

Сабзи дамламаси организмни тозалашда

Сабзини қуритилганидан  20 г ига 250 мл қайнаган сув қуйилади ва  10 дақиқага идиш қопқоғи ёпиб қўйилади. Дамлама бир неча қисмга бўлиб, кун давомида ичилади.

 

                                            

                                         Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади.

                                                            17 ноябрь 2016 йил

40958 марта ўқилди
Мавзулар
Top