muslim.uz

muslim.uz

Агар ҳеч кимга ҳасад қилмасанг, сенга саодатнинг ярми мерос бўлади. Агар ўзингдан бошқага яхшиликни истайдиган бўлсанг, бахт-саодатнинг барчаси сенга мерос бўлади.

Донишмандлар ҳасад қилувчини огоҳлантириб қуйидагиларни айтганлар:
- Ҳасад савоб ишларни йўққа чиқаради.
- Ҳасад гуноҳ ишларга бошлайди.
- Ҳасад бировга зулм қилишга бошлайди.
- Ҳасад юзи қароликни келтириб чиқаради.
- Ҳасади бор кишининг дуо-ибодати қабул бўлмайди.
- Ҳасад эгасини фойдасиз ва оқибати йўқ ғам-ташвиш, қийинчиликларга солади.
- Ҳасад инсон қалбидан раҳмни чиқариб ташлайди.
Дунёнинг аввалида шайтон инсонга ҳасад қилди. Иблис ҳасад туфайли Аллоҳ таолога гуноҳкор, осий бўлди ва Аллоҳ таолонинг даргоҳидан лаънатланган ҳолда қувилди.

Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг ўғилари Қобил билан Ҳобилга қурбонлик қилишликни буюрди. Ҳобил ўз қўйларидан энг чиройлисини қурбонликка танлаб, қурбонлик қилди. Қобил деҳқончилигидаги энг ёмон маҳсулотни қурбонликка атади. Одам алайҳиссалом дуо қилдилар, осмондан олов тушиб, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлди. Ва Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлиши билан Қобулнинг Ҳобулга нисбатан ҳасадини юзага келтирди. Қобул ҳасаддан тийилмади, у охир-оқибатда жиноятга қўл урди. Ер юзида энг аввал инсон қони ҳасад туфайли тўкилди.

Юсуф алайҳиссаломнинг кўрган тушлари сабаб акалари ҳасад қилдилар. Ва Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаб, уни бўри еди, деб зулм қилишди. Юсуф алайҳиссалом акаларининг ҳасади сабабли қилган зулмларига сабр қилдилар. Ва охир-оқибат сабр туфайли Юсуф алайҳиссаломнинг юзлари ёруғ бўлди, ҳасад қилган акалари эса ҳасадлари туфайли юзлари қаро бўлди.

Абу Лайс Самарқандий айтадилар:
«Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Улар луқмаси нопок, ғийбатчи ва ҳасадчи кишилардир».
Донишмандлардан бири айтади: «Ҳасад қилувчи одамдан бахтсиз киши йўқ, чунки унга ҳар доим ғам-қайғу ҳамроҳ бўлади».
Донишмандлардан бири: «Ҳасад қилишдан сақлан, шунда қалбинг пок юради», дедилар.
Ҳасад инсонга хорлик келтиради. Ҳасад қилувчи кишининг соғлигига зарар беради.
Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига насиҳат қилиб шундай дейди:
«Ўғлим, ҳеч қачон бировга ҳасад қилма, ҳасад ҳасадчининг соғлигига келган офатдир».

Ҳасадни амал билан даволаш қуйидагича:
Бунда ҳасад дардига мубтало бўлган шахс ҳасади унга қайси амални буюрадиган бўлса, ўшанинг аксини қилиши лозим бўлади. Мисол учун унга душманини ёмонлашни амр қилмоқда, у уни мақташга ўтсин. Ҳасади унга мутакаббирлик қилишни тавсия қилмоқда, у унга тавозуъ кўрсатсин.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Инсонларга яхшилик ва меҳр улашадиган шахслардан бўлишимизга муваффақ қилсин.

Хуршид Маъруф тайёрлади

Марокаш терма жамоаси ҳимоячиси Aшраф Ҳакими томонидан намуна олишга арзийдиган ҳаракат амалга оширилди. Aр-Риёдда бўлиб ўтган “Joy Awards” мукофотларини топшириш маросимида унга 2022 йилнинг энг яхши араб спортчиси сифатида мукофот топширилди. Бу соврин Яқин Шарқдан келган спортчиларга берилади.

Мукофотни олиш учун Ҳакими онаси ҳамроҳлигида ўрнидан турди ва дарҳол олган мукофотини унга топширди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳакими Марокаш терма жамоаси сафида 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган эди. Ўтган йили Ҳакими "ПСЖ" билан биргаликда Франция чемпиони бўлди ва мамлакат Суперкубогини қўлга киритди.

Халқаро алоқалар бўлими ходими И.Аҳмедов
тайёрлади.

 

Сўнгги йилларда ҳалол маҳсулотлар ва хизматлар бозори жадал ривожланиб бормоқда.
Бу жараёнда ўсиш суръати йилига 5 фоиздан 15 фоизгача кўтарилиб, глобал ҳалол саноатининг йиллик айланмаси 2 триллион долларни ташкил этди. 2024 йилга келиб бозор ҳажми 3,5 триллион долларга етиши кутилмоқда. Бу ҳақда Татаристон Республикаси Мусулмон диний идорасининг ҳалол қўмитаси хабар берди.
Ҳалол маҳсулотларнинг асосий бозорлари Саудия Арабистони ва БАА ҳисобланиб, Саудия Арабистони йилига 1,2 миллиард долларлик гўшт импорт қилади. Гўшт маҳсулоти эса жаҳон экспортида ҳалол маҳсулотлар улушининг тахминан 35 фоизини ташкил этади.
Россия Федерациясининг Россельхознадзор ташкилоти 2022 йилда Россиядан ҳалол маҳсулотлар экспорти деярли 50 фоизга ошганини хабар қилди. 2030 йилга келиб, 2020 йилга нисбатан Россия Форс кўрфази мамлакатлари ва Мисрга ҳалол маҳсулотлар экспортини 6 баравар ошириши мумкин.

Манба: iqna.ir 

 

 

Бугун, 28 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раиси Афзал Ирматов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида хорижга ишга кетаётган юртдошларимизга борадиган мамлакат қонунчилиги, анъаналари ва одоб-ахлоқ нормалари, турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимояланиш, экстремизм ва терроризмга қарши хабардорликни оширишга қаратилган учрашув ҳамда давра суҳбатлари ташкил этаётгани фуқароларимиз учун манфаатли бўлаётгани таъкидланди.
Учрашув чоғида Муфтий ҳазратлари хорижда ишлаётган юртдошларимиз доимий Диний идора эътиборида эканини таъкидлаб, жорий йил давомида ҳам таниқли уламоларимиз бир неча чет давлатлар, хусусан, АҚШ, Россия. Жанубий Кореяда бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан диний-маърифий суҳбатлар қилиб, кўплаб эътирофларга сазовор бўлганлигини алоҳида қайд этдилар. Шу билан бирга бундай ташкилий ишларга эҳтиёж катта экани ва бунинг учун агентлик билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва фуқароларимиз манфаати учун кўплаб ишлар қилиш лозимлигини билдирди.
Мулоқот давомида кейинги йилларда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан меҳнат мигрантларимизга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга зарур ёрдамлар кўрсатилаётгани, ҳар доим улар ўз ҳукумати ёрдамини ҳис қилиши учун барча чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раиси Афзал Ирматов ҳам ўз сўзида Диний идора билан ҳамкорликда ташкил этилаётган амалий чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб, бу ҳамкорликнинг ривожи меҳнат мигрантлари фаровонлигига хизмат қилишини қўшимча қилди.
Учрашув сўнггида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Страница 1 из 1830
Top