muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 30 Декабрь 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар мобайнида диний-маърифий соҳада хизмат қилган Жалолиддин домла Нуриддиновнинг укаси Орифхон Нуриддиновнинг вафоти муносабати билан барча оила аъзоларига, яқинларига, чуқур ва самимий таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечирсин, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ушбу оғир дамларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, хусусан, устоз Жалолиддин Нуриддиновга ҳамдардлик билдирамиз, Аллоҳ таолодан сабру жамил тилаймиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!

«Мусибат етганда "Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз", деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Жаноза намози бугун пешин намозидан сўнг "Дўстжонбой" масжидида ўқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Воскресенье, 10 Декабрь 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Сурхондарё вилояти Денов тумани "Илонсой" жоме масжиди имом ноиби Умаржон қори Қурбоновнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Умаржон қори Қурбонов кўп йиллар давомида дину диёнатга хизмат қилиб, Рамазон ойларида хатми Қуръонларга ўтдилар ва мўмин-мусулмонлар меҳру муҳаббатини қозонган эдилар.

Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Жаноза намози бугун, 10 декабрь куни соат 13:00 да Сурхондарё вилояти Денов тумани "Имом Бухорий" жоме масжидида ўқилади.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари, билим юрти ўқитувчилари, ходимлари, талабалари иштирок этди.

Учрашувда Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мудири Жалалатдин Абдуразаков, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Адилбай Ережепов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими бошлиғи Азат Бекжанов ва бошқалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли мамлакатимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли ҳужжат эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 ноябрдаги фармойишига биноан, бу йилги Конституция байрами “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган ҳаётий шиор остида республикамиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Дарҳақиқат, бош қомусимиз мазмун-моҳиятида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади, конституциямиз инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш ғоялари билан суғорилган.

Жумладан, Конституциямизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган бўлса, 33-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, 35-моддасида эса ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши алоҳида белгилаб қўйилган.

Учрашувда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, киритилган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 «Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин». 

Шавкат Мирзиёев

 

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни олдидан турли тадбирлар, мавзу доирасида суҳбатлар ташкил этилмоқда. Бу каби тадбирлар Бош қомусимизнинг ғоя ва асосий тамойиллари мазмунини тарғибот-ташвиқот қилишда муҳим саналади.

Маълумки Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларнинг қайта тикланишига ҳам шоҳид бўлмоқдадир.

Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлигида, ўйлаймизки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг хеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

           Бош Қомусимизда динимизнинг     равнақи учун кенг имтиёзлар белгилаб берилди. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди.  Айни пайти турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.

   Конституциямизда “Ўзбекистон республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар. (18-модда) – деган қоида мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратади.

    Қуйидаги ояти карима инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…”(Бақара сураси, 256 оят).

     Биз кўп миллатли халқмиз. Мамлакатимиз аҳолиси ҳозирги кунда 36 миллионга яқиндир. Кўп миллатли жамият кўп конфессиялиликка асос бўлади. Юртимизда 130 га яқин миллат ва элат – бир неча дин, ўн олтита конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.

Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан иқрор қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. ... Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл кўйилмайди ", деб алоҳида таъкидланган. Муқаддас Ислом дини қадриятлари бой ва буюк маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Ватанимизнинг биринчи Президенти бундай деганлар: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз".

Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларига, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.

Минг афсуслар бўлсинки, асосий Қонунимизнинг мазкур 31-моддасини айрим ғаразли кимсалар, ўзларини миссионер деб билувчилар томонидан қўпол равишда бузиш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Улар ғаразли ҳаракатларини турли фаолиятлар орқали амалга оширишмокда. Ўзларининг бундай нопок максадларини ёшлар ўртасида, айниқса, хеч бир диний маълумоти бўлмаган ёки турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмокда. Натижада, баъзи юртдошларимиз алданиб моддий-маънавий қийинчиликлар бахонасида хорижий миссионерлар тузоғига илиниб қолишмоқда. Имон-эътиқодларидан маҳрум бўлиб, икки дунё саодатини қўлдан бой бериб қўйишмоқда. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ бўлган тарихий бой меъросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўқис равишда етказишга чорлаймиз.

Биз учун ёд бўдган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдид  хавфлардан огох бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хисса ва хизматларимизни кўшишимиз лозим.

Бугун, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётгани, шу чоққача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганини яқкол кўрсатади. Бундай имкониятлар учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.  

Конституциямиз мамлакатимизнинг нафақат ижтимоий — иқтисодий тараққиётининг ҳуқуқий асослари, балки маънавиятимиз, инсоний қадриятлар ва оилавий муносабатларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.

 

Одилжон  Нарзуллаев

Янгийул  туман

«Имом  Султон» жоме

масжиди  Имом хатиби.

Кеча Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш – давр талаби”, “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” ва “Имом Бухорий мероси – ёт ғояларга қарши” мавзуларида илмий суҳбат ташкил қилинди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасининг бош мутахассиси Х.Незаматов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Ж.Жумаев, Б.Махмудов, С.Абдувоитов Билим юрти ўқитувчилари ҳамда талабалари қатнашди.
Тадбирни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов очиб берди ва бошқариб борди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугун юртимизда муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган адолатли сиёсат натижасида барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар, ислоҳотлар ва ривожланишлар юз бераётгани, хусусан, муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Халқаро ислом академияси ва бошқа бир қатор илмий тадқиқот марказлари ташкил қилингани эътироф этилди.
Шунигдек, аждодларимиз қолдирган қўл ёзма асарлар, илмий адабиётлар ва бошқа кўплаб бебаҳо меросларимиз ўрганилиб, таржима қилиниб қайта нашр қилинаётгани таъкидланди.
Бу хусусда Президентимиз Ш. Мирзиёев ҳам «...тарихимиз, маданиятимиз, динимизга алоқадор бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, уларни тўплаб, халқимизни, ёшларимизни таништириш, бизнинг қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, фарзандларимизни шу улуғ меросга муносиб этиб тарбиялашдан иборат» дея таъкидлаган эди.
Ўз навбатида, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари билим юрти талабаларини китоблар ва қўл ёзма асарлар билан танишишга марказга таклиф қилди.

 

Билим юрти маънавий ва
Маърифий ишлар бўлим бошлиғи А.Ережепов

Страница 2 из 1848
Top