muslim.uz
“Конституция ва ҳуқуқий маданият”
Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юртлари ўқитувчи ва талабалари иштирокида “Конституция ва ҳуқуқий маданият” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов билан ҳуқуқий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Унда Конституциямизнинг яратилиш тарихи ва бугунги истиқболи ҳамда айни чоғда, мамлакатимизда нафақат Конституцияни ўрганиш, балки, умуман, ҳуқуқий билимлар сари сафарбарлик, яъни фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга катта эътибор қаратилаётгани билдирилди.
Шунингдек, Конституция ҳар бир инсон, фуқаронинг ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Шу маънода, Конституция ҳуқуқий маданият асоси, миллий қонунчилик негизи эканини, Конституцияга садоқат Ватанга ва ўз халқига садоқатни келтириб чиқаришини инобатга олиб, Асосий Қонунни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани айниқса диққатга сазовор.
Шунингдек, ҳуқуқий маданият – бу ҳуқуқий саводхонликдир. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси ҳисобланади. Бошқача айтганда, ҳуқуқий маданиятсиз ҳуқуқий давлат бўлмайди. Биринчи Президентимиз айтганларидек, “Ҳуқуқий маданиятнинг юқори даражада бўлиши ҳуқуқий давлатнинг ўзига хос хусусиятидир. Бозор иқтисодиётини шакллантириш шароитида ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим иш ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг барча даражаларда ижро этилиши билан белгиланади. Ушбу муҳим ишда одамларда қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади”.
Тадбир сўнгида талаба-ёшлар, бугунги кунда қабул қилинаётган янги қонунларнинг асосий мақсади, мазмун-моҳияти, унинг негизи ҳисобланмиш Конституцияга қанчалик мос ва ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилаётгани, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ўсишига нечоғлик боғлиқ эканлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Акбаршоҳ Расулов,
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси
Қуръони карим мусобақаси
2017 йилнинг 10-12 март кунлари Германиянинг Гамбург шаҳридаги Ислом марказида Қуръони карим тиловати бўйича V Европа мусобақаси ўтказилади.
Унда иштирокчилар Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш, тажвид қоидаси билан тиловат қилиш, азон айтиш ва Қуръони карим маъноларининг таржимасини ўзлаштириш кўникмаси бўйича ўзаро беллашадилар.
Мазкур мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад – ёшларда Қурони каримни ёдлаш ва маъноларини англашга бўлган қизиқишни орттириш ҳамда Европа ўлкасида етук Қуръони карим мутахассисларини етиштириб чиқаришдир.
Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Тошкент шаҳридаги “Катта Қозиробод” жоме масжиди...
Мазкур масжид Тошкент шаҳри Чилонзор тумани “Катта Қозиробод” маҳалласида жойлашган бўлиб, 1990-1993 йиллар давомида Қозиробод, Дўмбиробод ва Маданият аҳолиси томонидан ҳашар йули билан қурилган.
Кексаларнинг айтишича, маҳалланинг “Катта Қозиробод” деб номланишига сабаб ўтган асрларда шаҳар қозисининг дала ҳовлиси шу ерда бўлиб, атрофларини обод қилган. Кейинчалик бошқа одамлар ҳам келиб дала ҳовли атрофига ҳовли-жой бино қилишган. Сўнгра дала ҳовлида қишлаб қолганлар орасидаги вафот этганлар шу жойларга дафн килинган. Секин-аста қабрлар кўпайиб борган. Масжиднинг қибла томонида юз йилдан буён фаолият юритиб келаётган катта қабристон ҳам бор.
Масжидга ўзи жойлашган маҳалла номидан келиб чиқиб, “Катта Қозиробод” номи берилган. У 1998 йилда қайта рўйхатдан ўтиб, ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
2012 йилда масжид қайта таъмирдан чиқарилиб пойтахтдаги кўркам маърифат масканларидан бирига айланди. Намозхонларга етарли шароитлар муҳайё қилиш учун замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамма қулайликларга эга таҳоратхона барпо қилинди. Ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Ундан ташқари намозхонларга қулайлик туғдириш мақсадида автоулов тўхташ майдони кенгайтирилди, майдон ўз ичига бир вақтнинг ўзида 600 дан зиёд автоуловни сиғдиради.
Мана бир неча йилдирки, Тошкент шаҳри аҳолисининг диний эҳтиёжларини қондириш, соф ислом ақидаларини кенг оммага етказиш ва илму маърифат зиёсини улашишда “Катта Қозиробод” жоме масжиди ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келади.
Масжидда Тошкент ислом институтини тамомлаган Муҳаммадназар домла Қаюмов имом-хатиб вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда.
ЎМИ Масжидлар бўлими
Сайлов натижалари маълум бўлди
2016 йилнинг 4 декабрь куни юртимизда муҳим сиёсий жараён яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сиёсий жараёнда юртдошларимиз ўзларининг ҳуқуқий бурчларидан фойдаланган ҳолда, ўзлари муносиб топган номзодга овоз беришди. Бироз олдин Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Ўзбекистон президенти сайловининг дастлабки натижаларини маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев номзодини 15 миллион 906 минг 724 нафар киши қўллаб-қувватлаган. Эндиликда, ушбу номзод 5 йил муддатда Ўзбекистон президенти ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республикаси президенти сайловида 20,4 миллион сайловчидан 17 миллион 951 минг 667 нафар фуқаро иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 88,73 фоизини ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати
“Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф
Жорий йилнинг 4 декабрь куни Қозоғистон Республикасидан келган бир гуруҳ меҳмонлар пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюришди. Уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шокиров ҳамроҳлик қилди. Дастлаб, меҳмонларга Биринчи Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган “Ҳазрати Имом” жомеъ масжидининг қурилиш тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мажмуа таркибидаги “Мўйи Муборак” ва “Бароқхон” мадрасаларининг тарихи ҳамда мустақиллик йилларида ушбу масканда амалга оширилган беқиёс бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди.
Шарқ меъморчилигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган “Ҳазрати Имом” мажмуаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар ушбу мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди.
Ўзбекистон мусулонлари идораси ахборот хизмати