muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти ва Ахборот-таҳлил бўлими ташаббуси билан “Ёғду” нашриётида инконияти чекланган ватандошларимиз учун навбатдаги махсус «40 фарз баёни» номли брайл ёзувидаги китоб нашр этилди. Кўзи ожиз, лекин қалб кўзи очиқ мўмин-мусулмонларимиз учун ушбу китоб катта туҳфа бўлди.
Ушбу китобда динимизнинг устуни бўлган 40 та фарзнинг содда ва тушунарли баёни тақдим қилинган.
“40 фарз баёни” китоби нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда кўзи ожизлар учун ягона нашр бўлди. Ўтган вақт мобайнида “Сиз бизга кераксиз” хайрия тадбирларининг таҳлили шуни кўрсатдики, кўзи ожиз ўқувчиларнинг ушбу китобга эҳтиёжи жуда ҳам катта. Ўлкамизда 60 минг нафарга яқин кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилишини инобатга олсак, ушбу китобнинг аҳамияти нақадар катта эканини англаб етамиз.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бири, кўзлари аъмо бўлган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга ўзларини издош дея таъриф берган бундай инсонларимизнинг хурсандчиликларини кўриб, биз ҳам чексиз қувондик. Мана шундай кишиларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, эътибор бераётган барча инсонларга ташаккур айтамиз.
Аллоҳ таоло мазкур китобни муборак айлаб, хайрли ишларда бардавом қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Долзарб мавзу

 

Бу дунёда бахтиёр, саодатманд яшаш – ҳар бир инсон орзуси. Бу йўлда ҳар ким кунни тунга, тунни тонгга улаб меҳнат қилади, изланади, талпинади. Лекин ҳаммага ҳам тақдирида битилганидан ортиғи бўлмайди.

Аммо пешонасига ёзилганига рози бўлмасдан, юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар, шароитларга қаноат қилмасдан мўмай даромад илинжида чет элларга иш излаб кетаётган юртдошларимиз, афсуски, теерорчи тўдаларнинг ғаламислари тузоғига тушиб қолганини кеч англаб етишмоқда.

Эсингизда бўлса, шу йил Рамазон ҳайити арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан “Меҳр” номли тадбир доирасида 156 нафар юртдошимиз Яқин Шарқ мамлакатларидаги оловли жанггоҳлардан мамлакатимизга қайтарилган эди.

Яқинда “Меҳр-2” номли инсонпарварлик тадбири натижасида 64 нафар бола Ватанимизга олиб келинди. Маълумотларга кўра, уларнинг ота-оналари Ироқ давлатига террорчилик гуруҳлари ва тақиқланган ташкилотлар таркибида бўлганликлари сабабли 10-20 йилга, айримлари эса умрбод озодликдан маҳрум этилибди.

Бу норасидаларда нима айб?! Улар шу пайтгача ўзбекистонлик бошқа тенгдошлари қатори шу азиз юртдаги мактабгача таълим муассасаларида, умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олишлари мумкин эди-ку! Наҳотки, катталар, яъни ота-оналар шуни англаб етмаган бўлсалар!

Яқинда Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Бўстон” санаторийсига жойлаштирилган ана шу болалардан бир гуруҳи билан мулоқот қилдик. Қақраб-қуриб бораётган гулга, чечакка сув қуйсангиз, яна секин-аста кўкара бошлагани каби бу болажонлар ҳам тинч диёрга қайтганидан мамнун эканлигини уларнинг кўзларидан англаш мумкин. Энди улар жажжигина юракларини ларзага солувчи мудҳиш ўқ товушларини эшитмасдан, сокин хотиржам диёрда униб-улғаядилар.

Муқаддас Ислом динида жамиятнинг ҳар бир аъзосига, ким бўлишидан қатъи назар, алоҳида эътибор билан қаралади. Махлуқни, яъни инсонни Холиқ туфайли яхши кўрамиз. Чунки барчамизнинг яратувчимиз яккаю ягона Аллоҳ таоло.

Ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмакка муҳтож, ота-онасидан айрилган етимларга икки карра кўпроқ меҳр улашиш динимизнинг асосий кўрсатмаларидан. Бежиз Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عَنْ سَهْلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ:

 « أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فِي الْجَنَّةِ هَكَذَا »  وَأَشَارَ بِالسَّبَابَةِ وَالْوُسْطَى وَفَرَجَ بَيْنَهُمَا شَيْئًا

Яъни: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар” (Имом Бухорий ривояти), демаганлар.

Бугун жуда хунук эшитиладиган ибора – “тирик етимлар” сўзи қулоққа бот-бот чалиняпти. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир, ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими!?

Ваҳоланки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:

« خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتُ فِيهِ يَتِيمٌ يَحْسَنُ إِلَيْهِ . وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتُ فِيهِ يَتِيمٌ يَسَاءُ إِلَيْهِ »

 “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Шу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бир эмас, ўн эмас, 64 нафар маъсум болага бошпана бўлган жаннатмонанд Ўзбекистон, ҳеч шубҳасиз, Ер юзидаги энг яхши маъводир.

Яқин Шарқ мамлакатларидаги қонли тўқнашувлардан, жанггоҳлардан 64 нафар болани тинч-осуда юртга қайтаришнинг савоби жуда улуғ, ота-онасидан, яқинларидан айрилган болаларни оталиққа олишнинг ажри жуда юксак. Албатта, бундай юртга Аллоҳ таолонинг раҳмати, файзу баракаси ёғилиши шубҳасиз. 

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби.

Пятница, 18 Октябрь 2019 00:00

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Бухоро вилояти Ғиждувон Қалъасида 1103 йилда  туғилган, буюк мутасаввуф олим, нақшбандия тариқатининг ривожига муҳим ҳисса қўшган аллома, соҳиб каромат авлиё бўлиб,  Хўжаи Жаҳон(Жаҳон ҳожаси) номи билан бутун дунёга машҳур ва маълум. Унинг отаси Имом Абдулжамилдир. Имом Абдулжамил Имом Молик (713—795) авлодларидан ҳисобланади.

Имом Абдулжамил асли Румлик. Хожа Абдулхолиқнинг онаси  Малатия мамлакати подшоҳининг қизи бўлганлар. Хўжанинг қабри Ғиждувон шаҳрининг марказида. Онасининг оёғи томонида кўмилган. Шунингдек, Хожа Абдулхолиқ қабри ёнида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса
ҳозирги кунгача сақланган. Мақадларининг шимолида жомеъ масжиди ҳам қурилган.
Хожа  Абдухолиқ  илк таълимни отасидан олган, кейин эса Имом Садриддин қўлида тафсир илмини ўрганган. Хўжа Юсуф Ҳамадоний қўлида зикри қалб талқинини ўрганган.  Хўжа Аҳмад Яссавийдан  кейин  иршод  тахтига ўтирган. Хўжа ўзидан катта ижодий мерос қолдирган. Унинг “Васоя”, “Тариқат одоби”, “Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний”, “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” ёки “Рисолаи Соҳибия” каби  асарлари машҳур. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йилда Ғиждувонда вафот этган.  Хожа  Абдухолиқ  Ғиждувонийнинг  оталари  Шайх  Абдулжамил  бўлиб,  у  киши  Румдаги  буюк  намоёнда  олимлардан  бўлганлар.  Имом  Молик  ра  нинг  жияни,  Шайх  Ҳусайннинг  ўғлидирлар.  Фиқҳ  илмининг  соҳиби  бўлиб,  фиқҳ  мактаблари  очганлар. Хожа Абулхолиқ Ғиждувоний «Силсилаи шариф» даги  ҳалқанинг  ўнинчи  пиридир. 
 
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ ЗИЁРАТГОҲИ
Буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафларига атаб мадраса ва мақбара қуришликни ният қилади, аммо ниятини амалга ошира олмайди. Ёш бўлишига қарамасдан бобосининг ёнида юрадиган Мирзо Улуғбек бу эзгу ниятни амалга оширади. 1433 йилда ёш болаларнинг Қуръон ва ҳадис, фиқх ва тафсир илмларини ўзлаштиришлари учун “Улуғбек” номли мадраса, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом қурдириб беради. Бухоро амири Абдуллахон Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафларига атаб масжид, минора ва ҳовуз барпо этади. 
Собиқ шўро сиёсати бой маданий ва маънавий меросларимизни, муқаддас динимизни оёқ ости қилиб 1957 йилда ҳовуз кўмиб ташланади, масжид ва мадраса кимёвий модда ҳисобланган селетра, амафос сақланадиган омборхонага айлантирилади. Ҳазрат қабрларининг атрофи эса сомонбозор, ғаллабозор, эшаксаройга айлантирилади. Абдулхолиқ Ғиждувоний қабрлари атрофида қабристонлар пайдо қилиниб, инсонни ваҳима, қўрқувларга соладиган ҳолатларга келтирилади. Оллоҳга ташаккурлар бўлсинки, истиқлол шарофатидан юртимиздаги масжид ва мадрасалар қайтадан халқимиз ихтиёрига топширилди. Шунингдек, Абдулхолиқ Ғиждувоний жомеъ масжиди ва зиёратгоҳи ҳам ободонлаштирилди. 2003 йил Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг 900 йиллик таваллудлари муносабати билан 2002 йилда муҳтарам юртбошимиз Ғиждувон шаҳрига ташриф буюрди. Натижада кенг кўламли ободончилик ишлари амалга оширилди. Жумладан, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари қабрлари теппасида ўн устунли айвон янгидан барпо қилинди. Бу ҳазратнинг силсилаи шарифда ўнинчи ўринда турганликлари рамзий белгиси эди. Мақбара ёнида бир минг беш юз кишилик жамоани ўз ичига оладиган янги жомеъ масжид қуриб берилди. Шўролар даврида кўмиб ташланган ҳовуз ва қудуқ қайта очилди. Масжид ва мажмуа атрофида 4 гектарли кўркам хиёбон барпо қилинди. Бугунги кунда мўмин-мусулмон юртдошларимизга ва чет элдан келадиган сайёҳлар учун барча қулайлика ва шрт-шароитлар мавжуд. 
 
Мансуржон Нуруллаев
 
Пятница, 18 Октябрь 2019 00:00

Минор масжиди

 “Минор” масжиди ўзининг бетакрор меъморий услуби, маҳобати билан алоҳида ажралиб туради. Ўзига ҳос кўриниши ва кўкка бўй чўзган миноралари билан аллақачон одамлар тилига тушган ушбу масжиднинг қурилиш ишлари 2013-йил ёз ойларида бошланган эди. 2014-йилнинг 1-октябрида Қурбон ҳайити байрамида очилган. Анхор бўйида бунёд этилган иншоот нафақат юртимизда балки дунёда ҳам кенг эътироф этилган. Масалан Франсиянинг Париж шаҳрида дунёдаги масжидлар архитектураси бо`йича йирик лойиҳа – Абдуллатиф ал-Фавзан мукофоти ҳакамлари томонидан ҳам масжиднинг ўзига ҳос услуби, бетакрор безаклари алохида эътироф этилган. Масжид биноси анʼанавий шарқ ва оʻзбек услубида қурилган боʻлиб, икки минораси ва кенг гумбазга эга. Масжиднинг ичи эса нақшлар билан безатилган. Кенг ва улкан ойналар бино ичини янада ёрқин бўлишини таъминлайди. Унинг пойгумбазида ҳам ойналар мавжуд. Гумбаз ичидаги улкан нақшинкор безаклар хар қандай ташриф буюрувчининг эътиборини тортмай қўймайди. Масжид 2400 дан ортиқ намозхонлар учун моʻлжалланган. “Минор” масжиди Тошкентда ва бутун Оʻзбекистон боʻйлаб энг йирик мусулмон диний марказларидан бирига айланди. Масжидга кўплаб  сайёҳлар ташриф буюради. Бугунги кунда Минор масжиди азим пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб турибди. 

 

 

Шаҳзод Шомансуров тайёрлади

Четверг, 17 Октябрь 2019 00:00

Ноодатий зарба

У танасига орқа томондан ёки ён тарафдан ўқ зарбаси келишига одатланиб қолганди.

Лекин уни хафа қилган, унга даҳшатли фожиа бўлиб таъсир қилган, жойида донг қотиб қолишига сабаб бўлган нарса — унинг юзига отишгани эди.

Гўё у овчига «Эй сайёд, бунчалар тошбағир ва аҳмоқ бўлмасанг! Юзимга отдинг-а! Юзимга ҳам отасанми?! Ахир бу юз шоирлар мақтаб ғазаллар битган юз эди-ку! Ахир бу кўз адиблар зарбулмасал қилган кўз эди-ку!» деб айтаётгандек.

Чунки, у юзига отишларига ҳеч ўрганмаган, бунга одатланмаган эди.

Айрим кимсалар ҳам бошқаларнинг қалбларига шунга ўхшаган ноодатий зарбаларни берадилар.

Аллоҳ таоло мўмин-мўминаларга озор берувчиларни ёмонлаб, шундай марҳамат қилган:

وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَاناً وَإِثْماً مُّبِيناً

“Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар” (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Азизлар, бир-биримизга, қалбларимизга озор беришдан, уни синдиришдан сақланайлик! Унинг ўрнига бир-биримизни хурсанд қилишга уринайлик! Зеро, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фарз амаллардан кейин Аллоҳга энг маҳбаб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишдир” деганлар. Имом Табароний ривояти.

Қаранг, бир диндош биродаримизнинг қалбига шодлик киришига сабаб бўлишимиз Роббимиз наздидаги маҳбуб амаллардан экан.

Аллоҳ таоло барчамизни дилозорликдан сақлаб, қалбларга хурсандчилик киришига сабаб бўлувчилардан қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Top