muslim.uz

muslim.uz

Среда, 16 Октябрь 2019 00:00

Мустаҳкам оила масъулияти

Аллоҳ таоло инсонларни оила қуришга чақиради. Оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида эътибор беради.   

Каттақўрғон тумани  ФҲДЁ бўлимида ташкил қилинган “Ёш оила қурувчилар” мактаби тингловчилари билан бўлиб ўтган учрашувда Каттақўрғон туман бош имом хатиби Хайруллоҳ Шомуродов Исломда балоғатга етган ва ҳар тарафлама қодир бўлган эркак ва аёл никоҳланишга, шу йўл билан фарзанд кўпайтириш, жамиятга манфаат келтиришга буюрилгани, бундай ҳукмлар Қуръон карим ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида қайд этилгани ҳамда бахтли ва саодатли келажак гарови бўлган мустаҳкам оила, соғлом она ва бола масъулияти, оилада эр ва хотиннинг мажбуриятлари ҳақида гапириб ўтди.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

 

Среда, 16 Октябрь 2019 00:00

Ер сайёраси қандай шаклда?

Ер сайёраси туяқуш тухуми шаклида. Буни Қуръони Каримда аниқ баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

وَالْأَرْضَ بَعْدَ ذَلِكَ دَحَاهَا

 Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди (Назиат сураси, 30-оят).

 Оятдаги “даҳа” феъли “ёйиб қўйди”, “чўзиб қўйди”, “кенг қилди” маъносини ифода қилади.

Шунингдек, “даҳа” феълининг ўзаги бўлмиш “даҳв”дан олинган “ал-мадҳа” сўзи “туяқуш тухуми турган жой” маъносини ифода қилади. Ҳозирги кундаги кўплаб олимлар “даҳв” калимасини тухумсимон нарса, туяқуш тухумига ўхшаган нарса маъноларини билдирувчи сўз эканини айтмоқдалар. Шундай олимлардан бири Зағлул Нажжордир.

Бугунги кунда космонавтлар орбитадан туриб олган Ер сайёрасининг расмлари бутун дунёга тарқалиб кетган. Унда Ернинг товуқ тухумидек ўта чўзинчоқ (эллипссимон) ёки дум-думалоқ (доирасимон) эмас, балки айнан туяқуш тухуми каби бироз чўзинчоқ ҳолатда экани ҳаммага кўрган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биргина сўз билан Ер сайёрасининг қандай шаклда экани, унинг сирти текис, ёйиқ, яшаш учун қулай тарзда яратганини баён қилиб қўйган.

Қуръони Карим нозил бўлган пайтда Арабистон ярим оролида бирорта обсерватория, астрономик кузатиш станцияси мавжуд бўлмаган, космонавтикага оид ҳеч қандай тасаввур йўқ эди.

Шундай шароитда Қуръони Каримда Ернинг шакли, ҳолати ҳақида аниқ илмий маълумотларнинг берилиши Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳақ Каломи эканига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У Зотнинг ҳақ пайғамбари эканликларига яққол далилдир! 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Тошкент шаҳридаги “Қаффол Шоший мақбараси” ни ҳаммамиз яхши биламиз. Бу кўҳна иншоот ўзининг маҳобати ва безаклари билан алоҳида аҳамиятга эга.

 

 

Зиётчилар бинонинг пештоқларига, маҳобатли гумбазига ҳамда безакларига катта қизиқиш билан боқадилар. Мақбара ташқарисига хаттотлар томонидан битилган ёзувларни маъносини билишга ҳамма қизиқади.

Бинонинг энг юқориси яъни пештоқ қисмида сулс хатида Юнус сурасининг 62-64 оятлари  битилган

 

 

أَلَا إِنَّ أَوْلِيَاءَ اللَّهِ لَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ (62) الَّذِينَ آمَنُوا وَكَانُوا يَتَّقُونَ (63) لَهُمُ الْبُشْرَى فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ لَا تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللَّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ (64)

Маъноси:

Огоҳ бўлингизки, албатта , Аллоҳнинг валийлари(дўстлари)га  хавф  йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир. Аллоҳнинг сўзларида ўзгартириш йўқдир. Ана шу ютуқдир.

Кириш эшиги тепасига эса тасма шаклида сулс хатида  Оли Имрон сураси 69-97 оятлари ёзилган.

 

   

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ (96) فِيهِ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آمِنًا وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ (97)

Маъноси:

“Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй-Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир. Унда аниқ аломатлар-“Мақоми Иброҳим” бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни хаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса , бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир.

 Шаҳзод Шомансуров тайёрлади

Кейинги вақтларда интернет, хусусан, ижтимоий тармоқларда Ҳизбут-таҳрир оқимининг троллари ва ташқаридаги ўзбек тилини биладиган “нотиқ”лари томонидан диёримиз мусулмонларини фитналантириш, сўзамолларнинг ўзлари хорижда туриб олиб, ўзини гўё исломнинг ҳимоячилари қилиб кўрсатишга уринаётган, аслида эса уларнинг муқаддас динимиз таълимотларига зид бўлган айрим жиҳатларини очиб беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳизбут-таҳрир оқими охирги асрда Ислом душманлари томондан мусулмон жамиятларини парчалаб ташлаш учун қурилган диний-сиёсий оқимдир. Раҳнамолари асосан ғарб мамлакатларидан паноҳ топувчи бу тоифанинг муассиси Тақиюддин Набҳоний (1909-1977) бўлиб, ушбу оқим аъзоларининг эътиқодлари бир-биридан ажабтовур даражада фарқ қилади. Мазҳабсизликка қаттиқ берилишган.

Асосий мақсадлари – Ислом халифалигини қайта тиклашга уриниш ва шу ҳаракатда бирлашишга тарғиб қилишдир. Бу уларнинг энг зарур ақидавий ва амалий машғулотлари бўлиб, гўё улар учун халифалик тузиш намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ислом арконларидан ҳам муҳимроқдек тус олган.

Халифаликни зое қилган сабабларни ўрганиб, унинг муолажаси ва ўз нафсларининг ислоҳоти билан шуғулланиш ўрнига, давлат тўнтариши, султонга қарши чиқиш, мавжуд тузум раҳбариятига бўйсунмаслик, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш каби ишларга зўр беришади.

Ҳизб учун сиёсатдан бошқа соҳалар ҳатто диний бўлса ҳам, доим иккинчи даражали бўлиб келган. Хатиб ва даъватчилари ҳам халққа аксар ҳолда сиёсатдан нутқ қилишади. Халқда норозилик кайфиятини пайдо қилиш, исёнкорлик руҳиятини сингдириш каби фитнали мавзуларга кўпроқ урғу беришади. Улар шу йўл билан ўзларининг фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис каби Исломда асосий ўрин тутган фанларда нўноқ эканликларини яшириб келишади.

Ҳизбчиларнинг ўзаро ақидавий бирлик ва чуқур диний илмдан мосуволиклари уларни дунё ҳукмронлигини кўзлаган ташқи кучлар қўлида ўйинчоқ бўлишларига сабаб бўлиб келади. Фаолият кўрсатган минтақаларида асосан, кучлар мувозанати ва дунё сиёсатидан бехабар қизиққон ёшларни сафларига жалб қилишга муваффақ бўлишган. Уларнинг сиёсат илмида ҳам нўноқ бўлишлари кўпдан кўп фитналарни уйғотишларига сабаб бўлди. Шундоқ ҳам қўл остидаги мусулмонларни йўқотиш ҳақида бош қотириб, қулай фурсат кутиб турган ғараз ниятли кучларга ҳизбут-таҳрирчилар ўша фурсатни икки қўллаб тақдим қилишди. Натижада Ислом дини ва мусулмон жамиятларига фақат зиён ва надомат келтирдилар холос.

Тоифани чуқурроқ ўрганган киши уларнинг ақида ва амалиётларидаги айрим мантиқсизликларни кўриб ҳайратга тушиши табиий. Масалан, Ҳизб раҳнамоси Набаҳонийнинг савол-жавоблар жамланмасида “Ислом давлатида кофир шахснинг ҳарбий қўмондон бўлиши мумкин, шунингдек, исломий парламентга кофир шахснинг аъзо бўлиши ҳам мумкин” дейилган. (Робиъус-соний 1390 ҳж). Албатта, гуруҳларини тан олмаган ва фаолиятларини чеклаб қўйган ҳар қандай мусулмон раҳбариятни ҳеч иккиланмасдан кофирга ҳукм қилувчи ҳизбийларнинг бу қарори ақлларни лол қолдирувчи мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,
Марғилон шаҳар «Саиджалолхон тўра» масжиди имом-хатиби

Вторник, 15 Октябрь 2019 00:00

Ғийбат ва чақимчилик

Чақимчилик араб тилида "намийма" дейилиб, луғатда бир нарсани зоҳир қилишни билдиради. Уламолар чақимчиликни қуйидагича таърифлаганлар:

Имом Нававий:

"Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир", деган.Чақимчилик Қурьони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қораланган ёмон хислатлардан биридир.

Нафсларига мужоҳада қилувчиларнинг сукутни афзал кўришларига сабаб улар тилофатларни ванафс у офатлардан насибадор бўлишини билганликлари учундир.

Мана шу сукут қилиш риёзат арбобларининг сифатларидан бўлиб, халқни тарбия етишдаги муҳим нарсалардан биридир.

Мана шундай тил офатларидан бири, шубҳасиз, ғийбат ва чақимчиликдир.

Ғийбат ва чақимчилик кишиларда тарқалган энг хунук хислатлардандир. Буларнинг иккаласидан кишиларнинг озгинасигина омонда қолишади, холос.

Тилингни сақлагин, эй инсон,

Бошингга ғам-кулфат олмасин.

Тил – гўёки заҳарли илон,

Еҳтиёт бўл, чақиб олмасин.

 

Қабрда ётур минг-минглаб одам,

Вафот етган тил сабабидан.

Қўрқар экан ҳатто ботир ҳам,

Тил заҳри-юз ғазабидан.

Ғийбат ёмон кўрадиган нарсаси билан кишини зикр қилмоқликдир. Хоҳ у сўзунинг халқи-ю хулқида ёки дини-ю дунёсида бўлсин, ғийбат саналаверади.Уни лафз билан, ёзиш билан ёки ишора билан ифодаласа ҳам ғийбат бўлади.

Аллоҳ таоло Хумаза сурасининг 1-оятида:

«Барча кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай» ҳамда Қалам сурасининг 11-оятида: «Сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи кимсага итоат этманг», деб айтган.

Ғийбатнинг зарарлари:

1. Ғийбатчи дўзахда сассиқ ва ифлос нарсаларни еб азобланади.

2. Ғийбатчи қабрида Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлади.

3. Ғийбатчидан иймон нури ва ислом асари кетади.

4. Ғийбат қилинган шахс кечирмагунча ғийбатчининг гуноҳи кечирилмайди.

5. Ғийбат бар давом ёмонликдир.

6. Ғийбат озор, зарар, хусумат ва нафрат сабабчисидир.

7. Ғийбатчи пасткаш шахсдир.

8. Ғийбат одамлар орасидаги муҳаббат ришталарини узувчи омилдир.

 

Чақимчилик сўйилган ҳайвоннинг аъзоларини парчалаб бўлингани каби жамият аъзоларини парчалаб бир-биридан ажратиб ташлайди. Чақимчилик тарқалган жамиятда бирлик хамкорлик қолмайди.Бу эса, ҳар қандай жамият учун ўта хатарлидир. Саҳобалардан Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Чақимчи жаннатга кирмайди", деганларини эшитганман", - деди".

Бу ҳадиси шарифда чақимчилик нақадар оғир гуноҳ экани баён қилинмоқда.

Уламоларимиз: чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди, деганлар. Ҳасан Басрий: "Ким сенга чақимчилик қилса, сенинг ҳақингда ҳам чақимчилик қилади", деган.

Имом Заҳабий: "Чақимчилик гуноҳи кабийрадир", деган.

Демак биз жамиятимизни бу тур зарарли иллатлардан ҳимоя килмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барча нуқсон ва иллатлардан ўз паноҳида асрасин.

 

Сайлиев Т

Top