muslim.uz
Туркияда ўтган халқаро Қуръон мусобақасида ҳамюртларимиз ҳам иштирок этди
Аввал хабар қилинганидек, Туркия Республикасида бошланган VII халқаро Қуръон мусобақаси ҳам ўз якунига етиб ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлгани ҳақида маълумот берган эдик.
Жорий йилнинг 21 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Лазуни” меҳмонхонасида ўтказилган саралаш баҳсларида мусобақанинг ҳар икки йўналиши бўйича дунёнинг 68 та мамлакатидан келган 128 нафар Аллоҳ каломининг ҳофизлари ва моҳир тиловат соҳиблари қатнашган эди.
Саралашдан муваффақиятли ўтган қорилар 24 май куни Истанбулдаги “Чомлижа” масжидида бўлиб ўтган ҳал қилувчи баҳсларда иштирок этишга муваффақ бўлди. Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, саралашдан муваффақиятли ўтганлар орасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган тиловат йўналиши бўйича “Кўкалдош” мадрасаси ўқитувчиси Қулбоев Жасур қори ҳамда ҳифз йўналишида Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси Ҳайитбоев Муҳаммадали қори ҳам бор эди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра тиловат йўналиши бўйича қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўрин. Сиямсури Фирдавс (Индонезия)
2-ўрин. Абдураҳмон Бузан (Туркия)
3-ўрин. Аҳмад Башир Абдуллоҳ (Ливия).
Ҳифз йўналиши бўйича эса
1-ўрин. Туркия
2-ўрин. Кувайт
3-ўрин. Нигериялик қориларга насиб этди.
Мусобақанинг тантанали ёпилишида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ва Туркия Дин ишлари раиси Али Эрбошлар иштирок этиб, маърузалар қилишди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Нишонга урилган гаплар: “Одамларга сўзинг билан эмас, феълинг билан насиҳат қил!”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Танглик – “Албатта, дуо қилиш вақти келди”, деб хабар бериш учун Аллоҳ тарафидан бандага келган Раббоний ишорадир.
*****
Одамларга сўзинг билан эмас, феълинг (юриш-туришинг, амалинг, муомаланг) билан насиҳат қил!
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ
*****
Роналду, Мессини қайси бренднинг пайпоғини кийишигача билсак-да, аммо Мусъаб ибн Умайр, Саъд ибн Муоз каби зотларни танимай юраверсак, биздан Бухорийлар, Берунийлар чиқиши жудаям қийин бўлишини унутмайлик!
*****
Дунё шўр сувга ўхшайди. Ундан ичганинг сари ташналигинг зиёда бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар безовталикни енгиб, ҳаётни бошламоқчи бўлсанг, машаққатларинг ўрнига Аллоҳнинг сенга ато этган неъматларини санаб кўр!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Модомики нафас оляпсанми, нафс истакларига қарши курашишни давом эттир!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамларга ўзинг ҳақингда кўп нарса билишларига имкон берма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Адолатли бўлганинг учун ҳамма сен билан одилона муомала қилишини кутишинг худди арслонга ем бўлишни ўйлаб кўрмаганинг учун ундан сени емаслигини кутишингдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Пасткаш бой бўлгандан кўра шарафли фақир бўлиш минг марта яхшидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бир донишманддан сўрадилар:
— Дунёдаги энг хунук товуш қайси?
Донишманд жавоб берди:
— Бахил бойларнинг товоқларига урилиб, фақирларнинг қулоғига эшитилган қошиқлар жарангидир.
— Туҳмат билан қамалган маҳбусларнинг оёқ-қўлларига солинган занжирлардан таралиб, туҳматчи, бузғунчи раҳбарлар қулоғига эшитиладиган товушлардир.
— Жоҳил, қонхўр террорчи томонидан қўйилиб, тинч аҳоли танасини парчалаган динамитнинг портлаган товушидир.
— Бировнинг ҳақидан қўрқмаганлар халқнинг пулларни ўғирлаб, ўзлаштириб, уйига олиб келиб санаётганда, ўша пуллардан чиққан товушдир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Рамазон — Қуръон ойи!
Қуръонни ўқиб, маъноларини тушуниш учун Тафсири Ҳилол, Тафсири Ирфонни ўқиб, ўша маънолар ҳақида тафаккур қилган инсоннинг қалби яхши томонга тез ўзгаради.
Тафаккур қилиб, қалбида ўша маъно жо бўлгандан кейин ўша оятларнинг тиловатини кўзни юмиб эшитилса, катта ўзгариш бўлади.
Салафи солиҳларимиз Рамазон ойи келса, барча ишларини тўхтатиб, Қуръонни ўқишга, ўқитишга, оятлари устида тафаккур, тадаббур қилишга киришар эканлар.
Юнус ибн Язид айтади: “Ибн Шиҳоб Зуҳрий Рамазон ойи кирса, “Бу ой Қуръон тиловати ва таом улашиш ойидир” дердилар”.
Зубайд Ёмий Рамазон ойи келса, Мусҳафни олиб келар (яъни Қуръонни тиловат қилишга астойдил киришар) ва дўстларини ҳам шу ишга жамлардилар.
Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ ҳар икки кечада Қуръонни хатм қилардилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида кундузи бир хатм, ҳар уч кунда таровеҳ намозидан кейин яна бир хатм қилар эдилар.
Ҳа, улуғларимиз Рамазон ойида Қуръони Каримга ана шундай муомалада бўлардилар. Биз ҳам Қуръон ойида Қуръонни кўпроқ ўқийлик, оятларининг маъноси борасида тафаккур қилиб, қалбимизни поклашга уринайлик!
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу борада барчамизга мадад берсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Қадр кечаси дуоси
Барчамиз яхши биламизки, Қадр кечаси йилнинг энг улуғ кечасидир. Бу кеча энг улуғ ой ичига яширилган. У кечада қилинган ибодатлар, дуолар, зикрлар Қадр кечаси мавжуд бўлмаган бошқа минг ойдан яхшироқдир. Бу ҳақида Қуръонда очиқ айтиб қўйилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ
“Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Қуръон нозил бўлган бу кечада дуолар ижобат бўлади, амалларнинг савоби жуда улуғ бўлади. Бу кечада қилинадиган дуо ҳақида ҳадиси шарифларда келган.
عن عائِشةَ رَضِيَ اللهُ عنها قالت: قلتُ: يا رسولَ اللهِ، أرأيتَ إنْ عَلِمْتُ أيُّ ليلةٍ ليلةُ القَدرِ، ما أقولُ فيها؟ قال: قُولي: اللَّهُمَّ، إنِكَّ عَفُوٌّ تُحِبُّ العَفوَ فاعْفُ عَنِّي
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтдилар: «Эй Расулуллоҳ, агар Қадр кечаси қайси кеча эканини билсам (яъни, қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам), унда нима деб дуо қилай?» дедим. У зот: «Аллоҳумма иннака Афуввун туҳиббул афва фаъфу ъанний» деб айт!» дедилар». Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Насоий, Ҳоким, Байҳақий ривоят қилишган.
Дуонинг маъноси: «Ё Аллоҳ, албатта, Сен Афуввсан (гуноҳларни кечирувчи, афв қилувчисан), кечиришни яхши кўрасан, мени афв қилгин, кечиргин».
Улуғ кечада Оиша онамизга тавсия қилинаётган дуони кўряпсизми?
Оиша онамиз барча оналаримиз ичида энг ёши бўлганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ичидан фақат у кишига бокира ҳолларида уйланганлар.
Онамизга бўҳтон қилишганда Аллоҳ таолонинг Ўзи оятлар нозил қилиб, онамизнинг покликларини эълон қилган. Бу оятлар қиёматга қадар тиловат қилинади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари охирида бетоб бўлганларида Оиша онамизнинг уйларида қолишга бошқа оналаримиздан рухсат олганлар.
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ҳам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида бўлди.
Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимни кўпроқ яхши кўришлари ҳақида сўрашганида у зот алайҳиссалом “Оишани” деганлар. “Эркакларданчи?” дейишганда, “Унинг отасини” деб жавоб берганлар.
Мана шу айтилганлар онамизнинг фазилатлари нақадар улуғлигини кўрсатади. Мана шундай мақомдаги кишига Қадр кечасида Аллоҳ таолодан афв, кечирим сўраш буюрилмоқда.
Энди биз кўзимизни каттароқ очайлик! Қадр кечасини ғанимат билиб, бу кечада кўпроқ ибодат қилишга, Роббимиздан кўпроқ мағфират сўрашга ҳаракат қилайлик! Зеро, ҳар бир инсон хатокордир. Хато қилувчиларнинг яхшиси эса тавба қилувчилардир.
Аллоҳ таоло бизга раҳм қилсин! Гуноҳларимизни кечирсин! Қадр кечасида ихлос билан ибодат қилиб, гуноҳларимиз кечирилишини насиб этсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
ИҲТ ва ISESCO ислом ташкилотлари бош котиблари учрашув ўтказди
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби доктор Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин ҳозирда Макка шаҳрида Ислом олами уюшмаси ташкилотчилигида ўтказилаётган “Қуръон ва суннатда ўртаҳоллик ҳамда васатийлик қадриятлари” мавзусидаги халқаро анжуман доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таркибий тузилмаси ҳисобланадиган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ISESCO (АйСЕСКО) ислом ташкилоти бош котиби доктор Салим ал-Малик билан мулоқотда бўлди.
Мулоқот чоғида доктор Юсуф ал-Усаймин доктор ал-Маликга ISESCO ташкилотининг бош котиби этиб сайлангани муносабати билан шахсан ўз номидан ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти номидан яна бир бор табригини изҳор этиб, келгусида халқаро ISESCO ташкилотида олиб борадиган фаолиятида Аллоҳдан муваффақиятлар тилади.
Учрашув чоғида томонлар икки ташкилот учун ҳам аҳамиятли бўлган мавзулар, жумладан ташкилотларга аъзо бўлган давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган мавзулар тўғрисида ўзаро фикр алмашдилар.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими