muslim.uz

muslim.uz

Каъбатуллоҳ саҳнидан "Ўзбекистон" телеканали учун репортаж тайёрланди (видео)

Саудия Арабистонидан Ўзбекистон телевидениясининг «Кун хабарлари» дастури учун махсус репортаж тайёрланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов зиёрат сафари мобайнида мана бир неча кунлардан бери кунлик махсус видеолавҳалар тайёрлаб келмоқда.

«Ҳарами Шарифда кейинги қайта қурилишлар туфайли 2 млн зиёратчига ибодат жойлари яратилган. Аммо маҳаллий матбуотда таъкидланишича, бу йилги қадр кечасида 3 млнга яқин дунё мамлакатидан келган зиёратчилар ва яна бир миллион саудияликлар жамул-жамликда яратганга илтижо қилиб, ибодатда бўлдилар. Каъба саҳни, тўрт қаватли сон-саноқсиз бинолар, Ҳарам атрофидаги кўча ва майдонлар ҳатто йирик супермаркетларнинг ички саҳинларида ҳам жой қолмади. Ҳа, Қуръони Каримнинг биринчи нозил қилган оятлари қадр кечаси туширилган ва шу кечада қилинган ибодат бошқа минг ойлардаги ибодатдан афзалдир дейилади. Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг асосий қисми ташкилий ишлар туфайли Каъба саҳни майдонидан жой олдилар. Улар шу улуғ кеча шарофатидан оллоҳдан жаннатмакон юртимизга тинчлик, фаровонлик ва қут барака тиладилар».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Асли келиб чиқиши сомалилик бўлган Роқия Исмоил Ислингтон шаҳар Кенгашининг депутатлари томонидан шу шаҳарнинг мэри этиб тайинланди. Бу ҳақда Islington Media нашри маълум қилди.

Роқия Исмоилнинг оиласи ўтган асрнинг 80 йилларида Сомалидан Буюк Британияга муҳожир бўлиб кўчиб келган. У бир неча йиллардан сўнг шу юрт фуқароси бўлишга муваффақ бўлган.

2012 йил Роқия хоним шаҳар Кенгаши аъзоси бўлган. 2018 йилда эса вице-мэр этиб тайинланган. Роқия Исмоил ўзининг сиёсий фаолияти билан машҳур ҳисобланади. У ақлий салоҳиятга эга бўлган болалар ва катталарга ёрдам берувчи фондни бошқаради ва диний жиҳатларини инобатга олган ҳолда муҳтожларга руҳий кўмак бериш билан ҳам шуғулланади.

ЎзА нашрининг маълум қилишича, биринчи марта ҳижобли муслима Буюк Британиядаги шаҳарлардан бирига мэр этиб тайинланмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Агар умматларим Рамазондаги фазилатларни билганларида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилардилар”, деганларини эшитдим”. Чунки Рамазондаги тоатлар мақбул, дуолар мустажоб, гуноҳлар эса мағфират қилинади. Жаннат эса рўзадорларга муштоқ бўлади. 

 

 

Ҳа, бугун биз энди ҳис этяпмиз Расулуллоҳнинг сўзларини. Кундузлари рўзадор бўлиб тақвога яқинлик, иймон ҳаловати, кечалари таровиҳларда Қуръони карим мўжизаси, тасбиҳлар, тафсир, ҳадис, шонли тарих ҳақидаги мўтабар суҳбатлар… Наҳот буларнинг ҳаммаси тугаб боряпти. Бунча тез ўтмаса Рамазон…. Яна бир йил умид билан, дуо билан соғинамиз энди бу муборак ойни…

 

 

Куни кеча Рамазонга катта туҳфалардан бири бўлиб очилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидида ҳам хатми Қуръон якунланди.

 

 

Айтиш лозимки ушбу муаззам мажмуа муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан ислом оламидаги улуғ аллома, фвзилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳнинг ислом равнақи, халқлар дўстлиги, умматнинг бирлиги йўлида қилган шарафли меҳнатлари муносиб эътирофи сифатида шайх ҳазратлари ўзлари ҳаётлик чоғларида ҳиссалари қўшилган кейинчалик тугалланмай қолган масжид майдони ўрнида бунёд этилган. Ҳазратнинг салобатлари, улуғворликларига ҳамоҳанг бу мўътабар маскандан зиёратчилар, намозхонлар аримайди. Аллоҳ таоло ўзининг солиҳ бандасига буюк фазл кўрсатиб, масжидда қилинаётган ибодатлар, хатми Қуръонларнинг савоби билан неъматлантириб турибди.

 

 

Хатмона кечаси масжид ва унинг атроф кўчалари ихлос эгалари бўлган намозхонлар билан тўлиб тошди. Уламолар, устоз имом домлаларнинг мунаввар суҳбатлари, қалбдан чиққан дуолари ибодат уйини жаннат издиҳомига айлантирди.

 

 

Хатми Қуръонни шайх ҳазратларининг шогирдлари ҳозирда кўплаб қориларга устоз саналган Баҳодир қори Раҳматуллаев, Ҳамидуллоҳ қори Ариповлар 23 кун давомида ҳусни тажвид, гўзал савт билан адо этиб беришди.

 

 

Қори Қуръоннинг сўнгги сураларини ўқир экан, ҳар томондан йиғи овозлари эшитилар, муқтадийлар ўзларини йиғидан тўхтата олмас эдилар. Ахир улар йигирма бир кун мобайнида завқланиб тинглаган, ўрганиб қолган Қуръонлари тугаб бормоқда… Роббилари билан дийдор яна узоқлашмоқда…. Албатта, бу дийдор ҳар куни беш вақтда келади, бироқ Ўзи улуғлаб қўйган Рамазондаги ибодатнинг қалбга олиб келувчи фароғати ўзгача. Шу боис хатми Қуръон кейин дуолар, муножотлар узоқ давом этди. Қорининг лафзидан гўзал дуолар терилиб келар, кўзларда шашқатор ёшлар истиғфордан тўкилар эди….

 

 

Хатми Қуръон савоби Шайх ҳазратларига бағишланди. Шунингдек, юртимизда дин йўлида хизмат қилиб ўтган кўплаб уламолар, марҳум устозлар эсланди. Бу мажмуани бунёд этиб берган муҳтарам юртбошимиз ҳақларига дуолар қилинди,  у кишининг ота-оналари руҳониятларига савоблар бағишланди. Қориларни шундай мартабага етказган ота-оналари, устозлари ҳаққларига дуолар қилинди. Уларнинг бу меҳнатлари эвазига жаннатда иззат тожини кийдиришлик насиб бўлишини сўраб дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

 

Понедельник, 03 Июнь 2019 00:00

Ҳайит байрамлари одоблари

Мана кун сайин улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён бу байрамни орзиқиб, алоҳида аҳамият билан кутиб оладилар. Бизларни доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳамда унинг ниҳоясидаги ҳайит байрами шодликларига муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Ҳайит байрамларида  ёшу-қари, бойу-камбағал жамият вакилларининг барчалари шоду-хуррам бўлишиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қиладилар. Бу улуғ байрамларидан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси эса ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб уларга амал қилиш бу байрамлардаги хурсандчиликлар тўлиқ бўлишига ва энг муҳими кўплаб ажру савобларга ҳам эга бўлишга сабаб бўлади. Ҳайит байрамларининг одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:  

Биринчи одоб: яхши ният қилиш

Мусулмон киши барча ишларида бўлгани сингари ҳайит байрамларида бажарадиган барча ишларини ҳам яхши ниятлар билан адо этиши лозим. Масалан ҳайит намозига отланар экан зиммасидаги вожиб амални адо этишни ният қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини бажариш нияти билан яхши кийимларини кийиб чиқади, силаи раҳм нияти билан қавму-қариндошларини зиёрат қилишга ҳаракат қилади ва ҳакозо барча амалларида эзгу ният қилинадиган бўлса, хурсандчиликлардан ташқари кўплаб ажру мукофотларга ҳам эга бўлади.  

Иккинчи одоб:  Ғусл қилиш

Ҳайит байрамига таёргарликлардан бири намозгоҳга ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқиш ҳисобланади. Ушбу одобга риоя қилиш туфайли бошқаларнинг ундан азият чекишларининг олди олинган бўлади.

Учинчи одоб: Хушбўйланиш

Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади.

Тўртинчи одоб: Яхши кийимлар кийиш

Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш  бўлади. Улуғ зотларнинг ҳайит байрамларида энг яхши кийимларини кийганлари маълум ва машҳурдир.

Бешинчи одоб: Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш

“Садақаи фитр” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига халал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган.

Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “Садақаи фитр”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.

  عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِزَكَاةِ الْفِطْرِ أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلاَةِ

  رَوَاهُ مُسْلِمُ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар”. Муслим ривоят қилган.

Олтинчи одоб: Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин бир нечта хурмо еб олиш

Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор шаринлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ وَلاَ يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّىَ

. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар”. Термизий ривоят қилган.

Бошқа бир ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиб чиқишлари қандай бўлгани баён қилинган:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ

رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар”. Бухорий ривоят қилган.

Шунга кўра Рамазон ҳайти куни эрталаб намозгоҳга чиқиш олдидан бир нечта хурмо еб олиш суннат ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурмодан тоқ еб чиқишлари ҳам ривоят қилинган.   

Еттинчи одоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емаслик

Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намозини адо этилгунича таомланмаслик, балки сўйган қурбонлигининг гўштидан ейиши суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:

وَلاَ يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّىَ

. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар. Термизий ривоят қилган.

Саккизинчи одоб: Ҳайит намозига эрта бориш

عَنِ الْبَرَّاءِ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْطِبُ فَقَالَ إِنَّ أَوَّلَ مَا نَبْدَأُ مِنْ يَوْمِنَا هَذَا أَنْ نُصَلِّيَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ أَصَابَ سُنَّتَنَا

 رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба қилаётиб шундай деганларини эшитганман: албатта ушбу кунимизда аввал бошлайдиган нарсамиз намоз ўқишимиздир, сўнгра қайтиб қурбонлик қилишимиздир, кимки шундай қилган бўлса, албатта бизнинг суннатимизни топибди”. Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадис ҳайит кунида дастлаб намозга чиқиш учун таёргарлик кўриш ва унга эрта бориш лозимлигига далолат қилади. 

Тўққизинчи одоб: Масжидга пиёда юриб бориш

Ҳайит куни агар касаллик, узоқлик ва қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади. Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда аёлларнинг ҳайит намозларига чиқишлари макруҳ саналади.  

Ўнинчи одоб: Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш

Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Ушбу суннатни адо этиш Ислом шиорини изҳор қилиш ва ҳайит байрами келганидан шодланиш ифодаси, ҳамда ушбу куннинг олдинги ва кейинги кунлардан фарқли кун эканини барча инсонларга билдириш ҳисобланади.

Ўн биринчи одоб: Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик

Ҳайит намозгоҳига етиб боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан таҳлил ва такбирлар айтиб зикр қилиб ўтириш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَا يُصَلِّي قَبْلَ الْعِيدِ شَيْئًا فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ

 رَوَاهُ ابنُ مَاجة

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийддан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, қачон манзилларига қайтсалар икки ракаат намоз ўқирдилар”.  Ибн Можа ривоят қилган.

Ўн иккинчи одоб: Бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан муборакбод этиш

Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади. 

Ўн учинчи одоб: Масжиддан уйига қайтишда бошқа йўлдан қайтиш

Ҳайит кунида намозгоҳдан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган:

عَنْ جَابِرٍ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ يَوْمُ عِيدٍ خَالَفَ الطَّرِيقَ 

   رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни бўлса йўлни фарқли қилардилар. Бухорий ривояти.

Ушбу суннатга амал қилишнинг кўплаб фойдалари бордир. Аввало намозга бориб келишдаги босган қадамлари кўпаяди. Натижада савоблари ҳам ўшанча кўпаяди. Қолаверса бошқа йўлдан қайтишда янада кўпроқ инсонларга хурсандчилик изҳор қилиш ва уларни ҳайит билан қутлаш имконияти ҳам ошади. Энг муҳими Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган бўлади.

Ўн тўртинчи одоб: Қавму қариндошларни зиёрат қилиш

Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик кунларида эса бу вазифа яна таъкидлаб эслатиб қўйилган. Бу ҳам динимизнинг гўзаллигидан ҳисобланади. Қавму-қариндошлар зиёрат қилинганда ҳайитдаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади.     

Ўн бешинчи одоб: Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш

Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиш ва уларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит хурсандчиликларини янада зиёда бўлишига сабаб бўладиган амаллардан ҳисобланади. 

Ўн олтинчи одоб: Ёш болаларни хурсанд қилиш

Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.    

Ўн еттинчи одоб: Турли исрофгарчиликлардан тийилиш

Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлар билан хурсандчилик қилинмаслигини асло унутмаслиги лозим. Шунга кўра гўё “ҳайитда рухсат” дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлаётганлар ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириб олаётганлар ушбу улуғ кунда шариатга зид ишларни содир этаётган бўладилар. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.   

Барча ҳолатларимизда динимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечиришга Аллоҳ таоло ҳаммамизни муваффақ қилсин. Ҳайит байрами барчамизга муборак бўлсин!

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин! 

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

Понедельник, 03 Июнь 2019 00:00

Саҳобалар ҳаётини ўрганайлик!

Маъҳад (Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти)да ўқиётганимизда, устозлар бизга саҳобалар ҳаётига оид китобларни кўп ўқишни тавсия қилишар ва бу нарса Аллоҳга бўлган ихлоснинг зиёда бўлишига сабаб бўлишини айтишарди. Чиндан ҳам саҳобалар, салафи солиҳлар ҳаёти ёзилган китобларни ўқиш қалбдаги ихлоснинг ошишига, солиҳ амалларга, илм ўрганишга, Динимизга хизмат қилишга, яхшиликларга рағбат, ҳиммат кучайишига сабаб бўлиб, бу ишларни муҳаббат билан бажарадиган бўлинади.

*****

Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш борасида қиёматгача келадиган барча инсонларга ўрнакдирлар. Уларни яхши кўриш мўминлик, ёмон кўриш мунофиқлик аломатидир.

*****

Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ “Бегона аёлга қараш ёдланган нарсаларнинг унутилишига олиб келади” деганлар.

  • Садоқат зиёда бўлгани сайин ризқ ҳам зиёда бўлади.
  • Намозда хушуъ кўпайгани сайин бахт-саодат ҳам кўпаяди.
  • Ота-онага яхшилик қилиш ошгани сайин ҳаётингда тавфиқ (хотиржамлик, тинчлик, изга тушганлик, бировга муҳтож бўлмаслик) ҳам ошади.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Аллоҳ таоло рўзаларимизни қабул айлаб, гуноҳларимизни кечирсин!

Юртимиздаги масжидларда қилинаётган барча хатми Қуръонларни даргоҳида қабул қилсин!

Ҳар бир диндошимизнинг масжидда, хатми Қуръондан кейин, уйида, ифтор арафасида, тундаги ибодатдан кейин, Қуръон тиловатидан кейин, ҳар бир солиҳ амалдан сўнг қилаётган дуоларини ижобат этсин!

Ҳайит кунига гуноҳлардан холи бўлиб етишимизни насиб этсин! Омин!

 

Мақолани Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Top