muslim.uz
Нозимжон Иминжонов: Қўшнига яхшилик қилиш 3-қисм
Нишонга урилган гаплар: “Дўстлар кўп экани билан эмас, чин экани билан эътиборлидир.”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
*****
Мен битта душмандан қўрқаман. Бу – умидсизлик.
Нажиб Маҳфуз
*****
Инсон “ҳис қилиш”дан бошқа ҳамма нарсани ўргана олади.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Ҳар бир йўқотган нарсанг бой бериш, қўлдан чиқариш, зиёнга учраш ҳисобланавермайди. Қадрингни билмайдиган кимсадан узоқлашишинг янги ҳаёт бошлаш демакдир.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Табассум билан нон сотиб олиб бўлмайди, лекин руҳларни сотиб олса бўлади. Динимизда табассумни ибодат қилиб қўйган Зот Покдир.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Хато қилсанг, ўша хатойинг беркилишини истайсан. Бошқалар ҳам хато қилсалар, хатолари беркилишини хоҳлайдилар. Сен уларнинг айбларини фош этиб, шарманда қилма.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Сохта дўст об-ҳаво ёмонлашганда кўчиб кетадиган қушга ўхшайди.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Дўстлар кўп экани билан эмас, чин экани билан эътиборлидир.
Жуброн Халил Жуброн
*****
Заифликнинг чўққиси – одамларни қойил қолдиргани учун оёғингни қисадиган туфлини кийишингдир.
“Кун ҳикмати”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Хуфтон намозидан аввалги уйқу жоиз(ми?)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одатда одам куни бўйи ишхонада бўлиб, фақат кечки пайтдагина уйга қайтади. Табиийки, одам бир оз бўлса-да ўзида толиқиш сезади. Кечки овқат тановулидан кейин беихтиёр кўзга ширин уйқу келади. Қиш кунлари, ҳамманинг уйида ҳам етарли шароит йўқ. Совуқда таҳоратни янгилашга эриниб, ўз-ўзига: “Тун узун бўлса, бир ухлаб туриб кейин хуфтонни ўқирман” – дейди-да, таппа ўрнига ётади. Бу кўпчиликда учрайдиган ҳолат. Бир оз мизғиб, кейин хуфтонни ўқирман деб тўшакка ётасиз-у, кўзингизни очганда эса аллақачон бомдод намозининг вақти кирган бўлади. Хуфтонни бой берган бўласиз…
Фуқаҳоларимиз мана шу ҳолат юзасидан ҳам ўз фиқҳий қарашларини баён қилиб ўтганлар. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Мухтасару ихтилаф ил-улама” асарида шундай ёзади:
«Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Исмоил ибн Абдулмаликдан, у Мужоҳиддан ривоят қилади:
«Хуфтондан олдин ухлаб, кейин уйғониб жамоат билан хуфтон ўқигандан кўра, уйқудан олдин ўзим якка ўқиб сўнг ухлаганим афзалдир!»
Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ: «Биз шу қавлни оламиз. Хуфтондан олдинги уйқу макруҳдир. Бу масалада хилоф борлигини билмайман, деган» («Китоб ул-асор»).
Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳам хуфтондан аввал ухлашни, ундан кейин гаплашишни макруҳ деб биламан, деганлар.
Имом Суфён Саврий ҳам хуфтондан олдинги уйқу менга ёқмайди, деган.
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хуфтон ўқимасдан ухлаганлар ҳақида:
«Аллоҳ кўзига уйқу бермасин», деб дуо қилган эканлар.
Имом Лайс ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ ҳазрати Умарнинг шу сўзига изоҳ бериб: «Бу туннинг учдан биридан кейин ҳам хуфтон ўқимасдан ғафлат босиб ухлаганларга тегишли», деганлар.
Саййёр ибн Саламанинг Абу Барзадан ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин ва хуфтондан кейин гаплашишни хушламас эканлар. Ва яна, хуфтон намозини туннинг биринчи учдан бирига суриб ўқир эканлар.
Баъзи ривоятларда Али розияллоҳу анҳу хуфтондан олдин бир оз ухлаб олишни яхши кўрардилар, деган гап бор.
Абдуллоҳ ибн Умар ҳам хуфтондан олдин ухлашга ётар, аммо бир одамни хуфтон вақти чиқишидан олдин уйғотиб қўйишга тайинлаб қўйиб кейин ухлар эканлар.
Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, хуфтон вақти киришидан олдин ухлаш макруҳ, вақти киргач эса мубоҳ. (Имом Таҳовий. Мухтасару ихтилаф ил-улама).
Хулоса шуки, тунда уйғониб хуфтонни ўқий олишига кўзи етган одам хуфтондан олдин ухлаши жоиз. Аммо бир ётишда тонг оттирадиган уйқучиларга эса хуфтонни ўқимасдан ухлаши мутлақо жоиз эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида ўз вақтида ўқилган намозни энг яхши амаллар сирасида санаб ўтганлар. Шунга кўра, намозни вақтидан ўтказиб ўқиш оғир гуноҳлар қаторидан жой олади. Қуръони каримда эса намозига бепарво бўлганларга вайл бўлсин, деган оят бор. Аллоҳ таоло ҳар намозимизни ўз вақтида тўла-тўкис адо этишни насиб этсин!
Ботиржон қори,
Элмурод Қўзиев,
Андижон тумани,
«Холдорбой Ҳожи» жоме масжид имом-хатиби
Манба: http://islom.uz
Ҳамма нарсангизни селфи қилиб бўлдингизми?
Ҳозирги кунда интернетдаги турли ижтимоий тармоқларда кўплаб кишилар шахсий ҳаётларига оид расмларни мунтазам қўйиб борадилар. Ана шундай инсонларга мурожаат қилиб айтмоқчимиз:
- Кўрдик, анвойи таомлар ебсиз. Уларнинг суратини саҳифангизга жойлабсиз. Қанча инсонлар бир бурда нонга зор.
- Уйингиз ҳашаматли экан. Қанча инсонларнинг ўз уйи йўқ, қанчаси эса ижара ҳақини тўлолмаяпти.
- Фарзандларингиз бор ва бир-биридан ширин экан. Қанча инсонлар тирноққа зор.
- Оилангиз тинч-тотув экан. Қанчалаб оилаларда хотиржамлик йўқ.
- Оилангиз ва дўстларингиз билан дам олгани Дубайга, Туркияга, Чимёнга борибсиз. Қанча инсонлар етишмовчилик, муаммо ва қарзлари кўплигидан ўз уйида кўзига уйқу келмайди.
- Яхши даромадли ишингиз бор экан. Қанча одамлар меҳнатга, ишга зор.
- Сўнгги русумда машинангиз бор экан. Шундай инсонлар борки, автобус, таксига кетадиган пулни тежаш учун совуқ кунларда ҳам велосипедда юради.
Дўстим ва синглим! Кўз тегишидан қўрқинг! Зеро, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кўз тегиши ҳақдир” деганлар. Агар кўз тегишидан қўрқмасангиз, ҳеч бўлмаса, уй, фарзанд ва моддий имконият жиҳатидан сиздан ночорроқ бўлган инсонларнинг қалбларини, туйғуларини ҳисобга олинг! Сизнинг расмларингизни кўрганда қандай аҳволга тушишларини кўз олдингизга келтиринг!
Ҳамма нарсангизни селфи қилиб, тармоққа жойлайверманг!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади