muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган вилоятида меҳнат қилаётган имом-хатиблар билан мулоқот ўтказиш, аҳоли билан яқиндан суҳбат қилиш ва намозхонлар билан самимий учрашувлар ўтказиш мақсадидаги хизмат сафарлари давом этмоқда.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоят жоме масжидларида намозхонлар билан бўлиб ўтган учрашувларда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига урғу бериб, мана шундай улуғвор ишлардан кўзланган асосий мақсад халқимизни рози қилиш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлаш эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари имом-домлалар билан мулоқотда, ҳар бир имом-хатиб ўз устида мунтазам ишлаши, замон билан ҳамнафас яшаши, ижобий ўзгаришлар ва дин соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, имом-хатиблар халқ билан ишлашда нималарга эътибор қаратишлари лозимлиги, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда имом-хатибларнинг вазифалари нималардан иборатлигини сўзлаб бердилар.
Учрашувларда муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, кишиларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом дини таълимотларини кенг тарқатиш асосий мақсад эканини изоҳладилар. Бундан ташқари ҳудудлардаги муаммо ва камчиликларга катта эътибор қаратиш, ечими бўйича изланишлар олиб бориш, иш фаолиятларни янада ривожлантириш юзасидан таклифлар бердилар.
Наманган вилояти сафари давомида Чуст, Косонсой ва Уйчи туманларидаги табаррук қадамжолар зиёрат қилинди. Ушбу масканларда Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, савоби ўтганлар руҳига бахшида этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 01 Март 2019 00:00

Солиҳларга муҳаббат самараси

Агар солиҳларни яхши кўрсанг ва қалбинг уларга боғланса, вафотингдан кейиноқ уларнинг ёнида бўласан. Биродарларимдан бири ушбу воқеани айтиб берган эди:

“Отам Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳони жуда яхши кўрар эди. Ҳаётларини ўқир, фазилатларини ўрганар, ҳақларига дуо қилар эди. Отам ҳам, онам ҳам Шомда яшашар эди. Бир куни у бизга: “Эй фарзандларим, вафот этсам, Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳонинг ёнларига дафн эта олсангиз, шундай қилинглар!” деди. Отам бу гапни айтдилар-у, аммо биз Шомда яшаймиз. Ҳадича онамиз эса Маккада дафн этилганлар. Ўйланиб қолдик. Қолаверса, Саудия ҳукумати бошқа юртдан борганларни у ерга дафн этишга рухсат бермайди. Ҳадича онамиз дафн этилган Ҳожун қабристонига фақат махсус кишиларгина дафн этилади. Лекин отам бизга шу васиятни қилаётганда, “Агар қўлингиздан келса” деганди.

Бир куни отам “Мен Умрага бормоқчиман” деди. Биз ўша пайтда жуда банд бўлганимиз учун отамиз билан бирга Умрага бора олмасдик. Шомнинг шайхларидан бири ҳам ўша йили Умрага борадиган бўлди. Отам у кишини танир, у ҳам бизни танирди. Унинг олдига бориб, “Устоз, отам Умрага бормоқчи. Биз вазифаларимиздан бўшаб бирга боролмаймиз. Мумкин бўлса, сизга ҳамроҳ бўлсалар, доим ёнингизда юрсалар. Иложи бўлса, гуруҳингиздаги йигитлардан бирортаси отамга қараб, ёрдамлашиб турса” дедим. Шайх рози бўлди ва Умрага жўнаб кетишди. Отам у ерга боргач, Масжидул Ҳаромда қолиб ибодат, зикр, Қуръон тиловатига қаттиқ берилибдилар. Йигитлар келиб, “Меҳмонхонага олиб кетайликми?” дейишса, “Сизлар бораверинглар, мен шу ерда қоламан” дер эканлар. Мана шу тарзда Умра ибодатини адо этиб юрган кунларининг бирида вафот этдилар. Шайх дарҳол бизга қўнғироқ қилиб, “Отангиз вафот этди. Аллоҳ таоло унинг ажрини кўпайтириб берган бўлсин!” деди. Биз: “Ҳа, шайх, отамиз ўша диёрда вафот этишни орзу қилардилар. Бир илтимос бор эди, устоз. Отам Ҳадича онамизнинг ёнларида дафн этилишни қаттиқ хоҳлардилар. Агар иложи бўлса, отамизни Ҳадича онамизнинг ёнларига дафн этсангиз” дедик. Бу гапни эшитган шайх: “Сизлар нима деяпсизлар? Мен бир гуруҳнинг раҳбариман. У қабристонга дафн эттириш менинг қўлимдан келмайди. Бу иш ҳукуматнинг қарори билан бўлади” деб жавоб берди. Шунда биз унга: “Сизни қийнаб қўйиш ниятимиз йўқ. Агар иложи бўлса деяпмиз-да” дедик. Шайх “Аллоҳ насиб этса. Аллоҳ таоло отангизни раҳматига олсин! Бу иш Унга осон. Вассалому алайкум” деди.

Кейин маййит ювилиб, кафанланиб, жаноза ўқиш учун олиб келинибди. Масжидул Ҳаромда отам билан бирга яна олти кишига жаноза ўқилибди. Жанозадан сўнг ҳамма тобутлар кўтарилиб, бирин-кетин ташқарига олиб чиқа бошланибди. Охирги тобут отамники экан”.

Ҳикояни Шайх шундай давом эттиради: “Тобутни кўтариб, Масжидул Ҳаромдан чиқаётганимизда, нотаниш бир киши олдимга келиб, “Маййитингизни Ҳадича розияллоҳу анҳонинг ёнларига дафн этишни истайсизларми?” деб сўради. Бу гапни эшитиб бутун танам музлаб қолди. Унга қараб “Ҳа, албатта” дедим. Бояги одам: “Тобутлар ташқарига чиққач, сизлар тобут билан ортимдан юринглар” деди. Йигитларга қараб: “Мен қаёққа юрсам, сизлар ҳам ортимдан юринглар” дея буюрдим. Бояги одам бошқа тарафга юриб кетди, биз ҳам ортидан эргашдик. Ҳожун қабристонига бордик. Аллоҳга қасамки, Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳога энг яқин жойда қабр кавлаб қўйилган экан. Шомлик кишини ўша қабрга дафн этдик”.

Ҳа, азизлар, агар қалбларимиз севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, мўминларнинг оналари ва бошқа авлиёларни яхши кўрса, уларга боғланса, улар билан бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бирга бўламиз. Шунинг учун уларни севишга, ҳаётларидан ибрат олишга, уларга эргашишга ҳаракат қилиб, ёмонлардан узоқ бўлайлик! Ҳеч ким ёмон кимсалар билан бирга ўтирмасин, бирга юрмасин, акс ҳолда, қалб уларга боғланиб қолиш хавфи бор. Аллоҳ асрасин!  

 

Ҳикоя қилувчи: Шайх Муҳаммад Хайр Шаъол

Таржимон: Нозимжон Иминжонов

Пятница, 01 Март 2019 00:00

Синовларга сабр қил

Эй менинг ўғлим, намозни мукаммал адо этсанг, то сўнгги нафасинггача камол топгайсан. Ўзинг амал қилган ҳолатда бошқаларни ҳам яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтаргин. Сенга етувчи синовларга сабр қилгин. Ҳеч қачон такаббурлик билан киши юзига қарамагин. Балки мулойимлик, очиқчеҳралик, ва тавозеъ билан киши юзига боқ. Йўлда юрсанг, одоб билан қадам ташлагинки, ҳаракатинг жоҳиллар ва дунёпарастларники каби бўлмасин. Тез ҳам юрма, қадам ташлашинг суст ҳам бўлмасин. Афзали шуки, илдамлик билан оғир юришнинг ўртаси бўлсин. Чунки илдам юрмоқ енгиллик аломатидир. Кичик тебранмоқ хайр ва улуғлик нишонасидир. Ўрта юрувчи бўлгин ва тавозеъ билан қадам қўйгин. Сўзлаганда овозингни юқори кўтармагин, яъни фарёд қилгувчи наъра тортгувчи, узун тилли ва қаттиқ гапиргувчи бўлмагин. Агар овозингни юқори кўтариб, кишига ёқмайдиган қилиб сўзласанг, ёмон овозлилардан бўласан. Чунки овозларнинг ёмонроғи эшакникидир.

Луқмони Ҳаким ўгитларидан

Саидаброр Умаров тайёрлади

Арманистон Республикаси ҳукумати томонидан ЮНЕСКО ташкилотига Еревандаги Кўк масжидни бутунжаҳон моддий-маданий мерослари рўйхатига киритиш бўйича мурожаат тайёрланди. Бу ҳақда İRNA нашри хабар берди.

Эронга бўлган ташрифида Арманистон бош вазири Никол Пашинян бу ҳақда ўз интервюсида айтиб ўтган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

*****

Аллоҳ таоло Ўзи яхши кўрган амал билан машғул бўлишинг учун гоҳида яхши кўрган нарсангни сендан узоқлаштиради. Аллоҳ таолонинг қадарида ҳикмат, раҳмат, лутф бор бўлиб, улар сенинг ҳаётингни нурафшон этади. “Аллоҳ билади, сиз билмайсиз” (Бақара сураси, 216-оят). 

*****

Ёлғиз ўтириш атрофингда мунофиқлар шовқин солишидан афзалдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тарих аскарларни эсламайди, тарих фақат подшоҳларни эслайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Солиқ турлари ва миқдори кўпайса, давлат инқироз ёқасига келади.

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ

*****

Ким йўлга (тариқатга) устозсиз кирса, икки кундан ортиқ вақт кетмайдиган сафарга юз йил вақт сарфлайди.

Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ҳеч бир иш қилмай туриб орзуни кўпайтирма. Курашмай, машаққат чекмай туриб муваффақиятга эришолмайсан.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Учишдан аввал тўғри юришни ўрган.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Инсоннинг қалбига бахт уруғини эксанг, бир кун сенинг ҳам қалбингга бахт уруғини экадиган одам келади. Бу қайтар дунё. Зеро, бугун эксанг, эртага ўрасан.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Сени чаққан чаёндан эҳтиёт бўл. Ҳеч қачон у беозор кабутарга айланиб қолмайди.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Бу замонда оз гапириб, ўзингни кўп билмаганга ол.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Сен учун азиз бўлган инсонга ҳам сирларингни айтма. Чунки унинг ҳам ўз азизи бор.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Top