muslim.uz
Қариндошлик ришталарини узманг
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм (оқибат) қиламан, улар эса мендан алоқаларини кесадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қилишади. Мен уларни кечириб юбораман, улар эса мени ҳақорат қилишади», деди.
«Агар ҳолат сен айтгандек бўлса, уларга қизиган кулни едиргандек бўласан. Ўз ҳолингда бардавом бўлсанг, уларнинг зиддига сен билан Аллоҳдан бир ёрдамчи доим бирга бўлади», дедилар».
Бу ҳадисда қариндошлар ёмонлик қилса ҳам, уларга яхшилик қилишни давом эттиравериш кераклигига урғу берилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига – қариндошларининг ёмонликларидан шикоят қилиб келган кишига тасалли бериб, уларга яхшилик қилишда бардавом бўлишга чорламоқдалар. Агар у мазкур хайрли ишида бардавом бўлса, унга осонлик яратилишини ваъда қилмоқдалар.
«Аллоҳ таоло сенга доимий бир ёрдамчи туширади, яъни фаришталарни сенга суянчиқ қилиб қўяди. Агар сен шу ишингда давом этсанг, яъни қариндошларинг яхшилик қилмаса ҳам, сен уларга яхшилик қилиб турсанг, улар ҳақорат қилса ҳам, сен уларни кечириб турсанг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сенга бир ёрдамчини бериб қўяди. Қилаётган яхшиликларинг туфайли у доим сенинг ёнингда бўлади», демоқдалар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Аллоҳнинг исмидан олинган. Ким уни боғласа, Аллоҳ ҳам уни боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ ҳам уни узади», дедилар».
Ушбу ривоятлар қариндошлик алоқалари мўмин-мусулмон одам учун қанчалар аҳамиятли эканини равшан кўрсатиб турибди. Қариндошлик алоқалари Аллоҳ таолонинг Роҳман сифати ила чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқлаб турибди. Шундай экан, сиз билан биз қариндошлик алоқаларига алоҳида эътибор ила қарайлик, уларни доимо аъло ва гўзал даражада тутайлик.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати.
Покистонлик зиёратчилар Наманганга ташриф буюришади
Покистонлик зиёратчилар шу йилнинг март ойида «Travel Advisers» сайёҳлик компанияси ташкилотчилигида Наманганга ташриф буюришади.
Бундай қарор Ўзбекистоннинг Покистондаги сайёҳлик бренди элчиси Қосим Алишоҳ бошчилигидаги етакчи покистонлик журналистлар ва туроператорларнинг Наманган вилоятига шу йилнинг 17-18 февралидаги ташрифи чоғида қабул қилинди.
Ташриф чоғида покистонлик делегация вакиллари Чортоқ, Тўрақўрғон, Поп, Наманган туманлари ҳокимлиги вакиллари билан музокаралар ўтказишди. Диққатга сазовор жойлар, шу жумладан «Ахсикент» археологик мажмуаси, «Султон Увайс Қораний», «Маҳдуми Аъзам» мақбаралари ва бошқа зиёрат туризми объектлари билан танишишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
“Эшиги йўқлар нима қилади?”
Бир қишлоқда камбағал аёл ўзининг янги туғилган фарзанди билан томи ёпилмаган, атрофи очиқ, деразалари ойнасиз уйда яшар эди. Уларнинг уйида деворга илиниб турган биттагина эшиги бор эди. Гўдак тўрт ёшга етгунича деярли қаттиқ ёмғир ёғмади. Бола тўрт ёшга етганида бир куни қаттиқ ёмғир ёғди. Бола онасининг бағрига ўзини урди, унинг ҳам либослари ҳўл эди. Шунда онаси уйдаги ягона эшикни жойидан кўчириб олдида, ўзи ва боласини устига соябон қилиб кўтариб турди. Шунда боланинг кўзи хурсандчиликдан ёниб, онасига: “Ойижон! Ёмғирли кунларда уйида эшиги йўқлар нима қиларкин?” деди.
Азизлар, ўзингиздаги бор бўлган неъматларнинг қадрини билайлик, унинг шукрини адо этишга ҳаракат қилайлик! Зеро, моддий жиҳатдан ўзимиздан қуйироқдаги кишиларга қарасак, ўзимиздаги неъматларнинг нақадар буюклигини ҳис қиламиз!
Фейсбук маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Малайзия масжидларида муҳтожларга гуруч тарқатувчи машина ўрнатилади
Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳридаги масжидлардан бирида муҳтож бўлган инсонларга озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этувчи электрон автомат машина ўрнатилди. Бу ҳақда Free Malaysia Today нашри хабар берди.
Ал-Акрам масжидида худди шундай машина ўрнатилиши кўзда тутилган бўлиб, февраль ойининг охирига қадар Малайзия Ислом дини бошқармаси томонидан ўрнатилиши кўзда тутилган.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, гуруч тарқатувчи мослама фақатгина маҳсулот тарқатмайди, унинг закот ва эҳсон маблағларини қабул қилиш имконияти ҳам мавжуд.
Бундай маҳсулотлар тарқатувчи аппаратлар Индонезияда оммалашган, бироқ Малайзияда эндиликда ўрнатилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Свердлов вилояти мусулмонлари ҳокимликдан масжид қуриб беришларини сўрашмоқда
Свердлов вилояти Новоуральск шаҳрида яшайдиган татарлар ва бошқирдлар масжидга муҳтожлар. Бу ҳақда Татаристон бош вазири ўринбосари, «Миллий шўро» миллий кенгаши раиси Восил Шайхрозиев билан учрашувда Новоуральск шаҳар кенгаши депутати Марат Солиҳов маълум қилди.
«Биз татар ва бошқирдлар жамоа бўлиб яшаймиз. Аммо биз подвалларда учрашишни эмас, балки майли шаҳар четида бўлса ҳам, масжидда тўпланишни истардик. Мен депутат сифатида ушбу илтимос билан барча идораларни айланиб чиқдим, маъмурият бизга масжид учун жой ажратилишини ваъда қилган эди, аммо масала ҳамон кечиктириб келинмоқда. Биз исломга эътиқод қўйганимиздан қўрқиш керак эмас. Бизнинг имомларимиз Москва, Санкт-Петербургда таълим олиб қайтишган, жуда ҳам маърифатли инсонлар », — дейди Солиҳов.
Унинг айтишича, ёпиқ шаҳар бўлган 120 минглик Новоуральск аҳолисининг 10 фоизини татарлар ва бошқирдлар ташкил этишади.
«Энг яқин масжид бу ердан ўнлаб километр узоқликдаги Юқори Пишма қишлоғида жойлашган. Беш-олтита автобусларни ижарага олиб у ерга боришимизга тўғри келмоқда», - деб тушунтирди депутат.
«Миллий шўро» миллий кенгаши раиси Восил Шайхрозиев масжидга ер ажратилиши масаласи нима учун кечикаётганлиги сабабларини ўрганиб чиқишга ваъда берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати