muslim.uz
Чин дўстингиз кимлигини биласизми?
Чин дўстингиз кимлигини биласизми? Ҳа, бу – ота-онадир.
Дунёда ҳамма сендан ўтаман дер экан. Ҳатто энг яқин дўстинг ҳам сендан-да бой бўлиб, сенга ёрдам қўлини чўзишни хоҳлар экан. Нима қилса ҳам, сендан бир поғона юқори бўлишни орзу қилар экан.
Фақатгина, ҳа, фақатгина ота-онанг сени ўзларидан ҳам юқори мартабаларга эришишингни хоҳлашар экан. Ўзлари кўрмаган кунни сен кўришингни, ўзлари емаган таомни сен ейишингни, ўзлари киймаган либосни сен кийишингни исташар экан. Истаганда ҳам чин кўнгилдан, юрак-юракларидан исташар экан.
Агар фарзанд ноқобил чиқиб, ота-онасини куйдирса, халқдан ота-онасига раҳмат эмас, лаънат олиб берса, шунда ҳам она фарзандидан хафа бўлиб, уни қарғамас экан. “Туғилмай ўл”, деб унга ўлим тиламас экан. Борди-ю, фарзандининг хатолари жуда ҳам жонидан ўтиб кетса, “Сени туғмай мен ўлай” деб ўзини қарғар экан.
Ҳа, бу сўзни фақат ОНА айта олади. Бошқа ҳеч ким айта олмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيماً وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيراً
“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!” (Бу жумланинг “уфф” сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида “уфф” дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.)
“Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт” (Исро сураси, 23-24-оятлар).
Аллоҳим, ота-оналаримизнинг ўтганларини Ўз раҳматингга ол. Борларини Ўз паноҳингда асра. Бизни қанчалар меҳрибонлик ила парваришлаб, тарбия қилган бўлсалар, Сен ҳам уларга раҳм қилгин, омин!!!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Нишонга урилган гаплар: “Ҳаёт – велосипедга ўхшайди. Мувозанатни сақлаб туришинг учун ҳаракатдан тўхтамаслигинг керак”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Агар безовталикни енгиб, тинч ҳаётни бошламоқчи бўлсанг, машаққатларингни санаш ўрнига Аллоҳнинг сенга ато этган неъматларини санагин!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бизни дафн этишга, кўмишга уриндилар. Аммо улар бизнинг уруғ эканимизни билмадилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бурнингни китобга қўйишинг (яъни китоб ўқишинг) уни бошқаларнинг ишига тиқишингдан яхшидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар эртага тоғларни жойидан жилдирмоқчи бўлсангиз, тошларни ташишни бугундан бошлашингиз керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Албатта, куч-қувватнинг бошланиши ахлоқий юксалиш сабаблидир. Ҳар бир мағлубият ва енгилиш ахлоқий емирилиш сабаблидир.
Али Иззатбегович
*****
Ҳаёт – велосипедга ўхшайди. Мувозанатни сақлаб туришинг учун ҳаракатдан тўхтамаслигинг керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Қийинчилик қайтиб келмаслиги учун
Қуръондаги ушбу оятда зикр қилинган кимсалардан бўлиб қолишимиздан хавотирдаман.
Аллоҳ айтади:
“Аллоҳнинг неъматини куфрга алмаштирган ва қавмларини ҳалокат диёрига туширганларни кўрмадингми”?
(Ўйлаб кўргин, бу нарса таажжубланарли эмасми? Аллоҳ бир қавмга ўзларидан Пайғамбар юбориб, уларни иймонга, Исломга даъват қилса, охирги илоҳий китоби Қуръонни индириб, ҳеч кимга бермаган улуғ неъматини ато этса-ю, гумроҳ қавм бу неъмат ўрнига куфрни ихтиёр қилса! Иймонни куфрга алмаштириб олса! Ўзларига қўшиб қавмларини ҳам ҳалокат диёрига туширсалар! Тафсир ҳилол.)
“Улар жаҳаннамга кирурлар. Бу қандоқ ҳам ёмон қароргоҳ”! (Иброҳим, 28-29).
Ушбу қийинчиликнинг келиш сабаби ва уни Аллоҳ таолонинг бизга юборишидаги сабаб ўзимиз қилган гуноҳлар ва ҳаддимиздан ошган туғёнлардир. Бизлар Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби баён қилиб қўйган қизил чизиқлардан ўтиб кетдик. Мўмин одам бу чизиқлардан ўтмаслиги керак эди, лекин биз ўтиб кетдик. Эҳтимол буни сизлар эслай олсангиз керак. Ушбу шаҳарда яшаётган кўпчилик инсонларга бу эслатма ва огоҳлантиришлар фойда бермади. Бу бошқа бир муаммо. Мункар ишнинг содир бўлиши мусибат бўлса, мункар ишга жим қараб туриш ҳам бошқа бир мусибатдир.
Бу қийинчиликнинг келиш сабаби ана шудир.
Ўтган бир йиғинда мен бу нарсани аниқ тушунтириб берган бўлсам керак.
Аммо бу қийинчиликнинг кетиш сабаби – албатта тез кунда у ҳам кетади – ушбу ер устида Аллоҳнинг бандалари қиладиган тавба-тазарруълар, илтижолар ва биз гоҳида улар ким эканини билмайдиган кўплаб кишиларнинг дуо ва ёлворишларидир. Лекин улар софдил инсонлардир, улар Аллоҳнинг авлиё дўстларидир. Улар орасида абдоллари (ўринбосарлар) ҳам бор. Ушбу давомли тавба-тазарруълар ва айниқса, кечанинг охирида (тонг саҳарда) тўхтовсиз қилинаётган ушбу илтижолар бу қийинчилик кетишининг сабабидир.
Мен сизларга ва ўзимга ҳам эслатадиган бошқа бир вазифа шуки, Аллоҳ таоло тез кунда бизларга эҳтиром кўрсатиб, бу қийинчилик кетса ва ундан кейин бахтиёр ҳаёт кечира бошласак, бу нарса учун Аллоҳ азза ва жаллага шукр қилишни унутиб қўйишдан эҳтиёт бўлинглар.
Эҳтимол айримларингиз Аллоҳга шукр қилиш инсоннинг “Алҳамдулиллаҳ, ўзингга шукр” дейиш билан тилини қимирлатишидир” - деб ўйласангиз керак. Йўқ, эй дўстим. Бу тақлидий (анъанавий) шукр бўлиб, унинг Аллоҳ таолонинг олдида қиймати йўқдир.
Бу қийинчиликнинг кетишидаги ва ундан кейин неъматнинг келишидаги Аллоҳнинг шукри – Аллоҳнинг буйруқларини бажаришимиз ва Аллоҳ таоло олдида у рози бўлмайдиган беҳуда нарсалар билан шуғулланмасликка ҳамда Аллоҳ яхши кўрмайдиган ҳаром нарсалар билан машғул бўлмасликка ваъда беришимиздир. Аллоҳнинг шукри Унинг белгилаб қўйган тўғри йўлидан қийшайиб четга оғмаслигимиз ва барча соҳаларда У билан ярашиб, тузалганимизни эълон қилишимиздир.
Имом Бутий раҳимаҳуллоҳнинг асарларидан
Тошкент шаҳар “Кўкча оқтепа” жоме масжиди имом-хатиби
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси
Саломатликка оид ажойиботлар
Майонезнинг соғликка салбий таъсири бор. Ундаги ёғнинг миқдори 75 фоиздан ортади. Шунинг учун истеъмол қиладиган таомингиз майонездан холи бўлсин.
*****
Агар сувни ўтириб ичсанг, бу сув танангдаги барча чўкинди ва сарқитларни ҳайдаб чиқаради. Бу чиқиндилар орасида буйракда тош йиғилишига сабаб бўладиганлари ҳам бор.
Агар сувни уч марта бўлиб-бўлиб ичсанг, шу пайтда нафас олсанг, тана ҳаводан кислород олади, бу эса жисмга инсулин беради. Инсулин – танани қандли диабетдан ҳимоя қилувчи моддадир.
*****
Мисвок – оғиз бўшлиғи ва тиш орасидаги микробларни йўқ қилади. Бу микроблар милк яллиғланишига ва тишларнинг ишдан чиқиши (кариес)га сабаб бўлиши мумкин. Мисвокнинг таъсири 6 соатдан 8 соатгача давом этади. Тиш ювиш воситасининг таъсири эса 2 соатдан ошмайди.
*****
Танангизда магний моддаси етишмаслигининг баъзи аломатлари:
- Юракнинг тартибсиз уриши.
- Бош оғриши.
- Кўнгил айниши.
- Чарчоқ ва умумий ҳолсизлик.
- Бўғим ва суякларда оғриқ.
- Қабзият.
- Мушакларнинг титраб-қақшаб сиқилиши.
*****
Биласизми, агар бир инсон буйрагининг бирини олдириб ташлашга мажбур бўлса, иккинчи буйрак ҳажми катталашиб бориб, олдирилган буйракнинг ҳам вазифасини бажариш учун иккита буйракнинг умумий ҳажмига тенгалашади.
*****
Мияни хароб қилувчи еттита одат:
- Нонушта қилмаслик.
- Уйқусизлик.
- Ширинликларни кўп истеъмол қилиш.
- Кундузлари кўп ухлаш.
- Таомланаётганда телевизор кўриш.
- Пайпоқ кийиб ёки бошни бутунлай ўраб ётиш.
- Вақтида ҳожатхонага бормай, бавлни ушлаб туриш. Бунинг натижасида танада заҳар тўпланади.
Азизлар, саломатлигимиз қадрига етайлик! Динимизнинг таомланиш ва ичимлик ичиш борасидаги кўрсатмаларига амал қилсак, ҳам соғлом бўламиз, ҳам савобга эришамиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, танамиз Аллоҳ таолонинг бизга берган катта неъмати ва омонатидир. Неъматга шукр қилинади, омонат эса соғ-саломат ҳолда Эгасига қайтарилади.
“Саломатлик ажойиботлари” саҳифасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Энг хатарли маъсиятлардан бири нима?
Ер юзидаги энг хатарли маъсиятлардан бири – ҳасаддир. Иблис Одам алайҳиссаломга ҳасад қилди, натижада Аллоҳ таоло уни жаннатдан чиқарди. Қобил укаси Ҳобилга ҳасад қилиб, уни ўлдирди.
Эй Аллоҳ! Биз сендан ҳасаддан ва ҳасадчиларнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз!
*****
Яхши инсондоим табассум қилади, одамларни кечиради, оғриқли нарсаларни билмаганликка олади. Аммо қалбидаги нарсани Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.
*****
Обидларнинг бирига “Чиройли сабр нима?” дейилди. У киши “Балога учраганингда ҳам қалбинг АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ деб туришидир” деб жавоб берди.
*****
Тўлғоқ оғриқларидан инграб, қийналаётган аёлга Аллоҳ таоло раҳм қилсин!
Боласи шикоят қилиб келганда, боласидан олдин кўзи ёшланган аёлга Аллоҳ таоло раҳм қилсин!
Эрига, болаларига тинмай меҳр кўрсатиб, яхшилик қилиб, эвазига ҳеч нарса талаб қилмай, бирор нарсадан шикоят қилмай яшаётган аёлга Аллоҳ таоло раҳм қилсин!
*****
Агар биров сенга зулм қилса, ундан ўч олма. Балки уни узоқдан кузатиб тур. Ўшанда Аллоҳнинг адолатини кўрасан. Бу адолат ҳисоб-китобни жуда аъло даражада жой-жойига қўяди.
*****
Ҳаёт ҳар қанча қийин бўлса ҳам, эшиклар ҳар қанча берк бўлса ҳам, ёдингда тут, Мусо алайҳиссалом учун денгизни иккига бўлиб, ўртасидан йўл очиб берган Зот сен учун ҳам барча берк эшикларни очиб беришга қодирдир. Сен “Эй Роббим” деб нидо қилгин!
*****
Қуп-қуруқ чўлдаги харсангтош ичидан ўсимлик ундирган, денгиз тубидаги тош ичида яшаётган жонзотга ризқини етказган Зот сенинг ҳам ризқингни етказишга қодирдир.
*****
Энг жирканч одам – таомингни еб, қорни тўйгач, яхшилигингни инкор қилган, сирларингни фош этган, бир пайтлар суҳбатдош бўлганини унутган ва сени сенда йўқ айблар билан ҳақорат қилган кимсадир.
Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси