muslim.uz
Сариосиёлик имомлар Андижонда бўлдилар
25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжид имом-хатиблари иштирокида видео-конференция йиғилиши ўтказилган эди.
Унда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари имом-хатибларнинг ўзаро тажриба алмашуви зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, водий вилоятлари имом-хатибларининг иш тажрибаларини ўрганиш, уларнинг илғор тажрибаларини ўз фаолиятларига тадбиқ қилишлик тўғрисида кўрсатмалар берган эдилар.
Шу муносабат билан 2018 йилнинг 12-13 май кунлари Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани бош имом-хатиби Абубакр Алимов домла “Ҳазрати Мавлавий” жоме масжиди имом-хатиби Саъдуллоҳ Қодиров домла, “Муҳаммад Шариф” жоме масжиди имом-хатиби Камолзода Довудий ва “Ҳожи Абдурауф Ансорий” жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Исмоилов домлалар ҳамроҳлигида Андижон вилоятига ташриф буюрдилар.
Ташрифнинг биринчи куни меҳмонлар ЎМИ Андижон вилояти вакиллигининг иш тажрибаси билан яқиндан танишдилар. Иккинчи куни Андижон шаҳридаги “Жиддаи муборак”, “Девонабой”, “Мирпўстин ота” жоме масжидларида бўлдилар.
Шундан сўнг меҳмонлар шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари – Эски шаҳардаги Жомеъ меъморий мажмуаси ва Мирпўстин ота зиёратгоҳларини зиёрат қилдилар.
Ташриф якунида меҳмонлар самимий меҳмондорилик учун миннатдорчилик изҳор этиб, Андижон вилояти имом-хатибларини ҳам Сурхондарё вилоятига таклиф қилдилар.
ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги
Ахборот таҳлили ва назорати
мутаҳассиси Нурилло Қодиров
Вакилларимиз хабар қилади: Фарғона вилоят вакиллиги ташаббуси
2018 йил 14 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллиги томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар ва имом-ноибларининг диний ва дунёвий билимларини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув семинар ташкил этилди. Мазкур семинар “Фиқҳ илми” мактабида ташкил этилиб, режага кўра 8 кун давом этади. Дастлабки кунда Фарғона ва Қувасой шаҳри ҳамда Қува туманидаги имом-хатиблар иштирокида бўлиб ўтди. Семинар учун вилоятдаги тажрибали имом-хатиблардан иборат маърузачилар гуруҳи тузилди.
Семинарда маърузачилар томонидан қуйидаги асосий мавзуларда маърузалар қилинмоқда;
- Ақоид илми ва унга оид масалалар;
- Усули фиқҳ: шаръий далиллардан амалий ҳукмларни чиқаришдаги ўзига хос қонун ва қоидалар;
- Ислом динида жиҳод, ҳижрат, такфир, халифалик масалалари, бу борадаги сохта даъволарга раддиялар;
- Марказий Осиёдаги тасаввуф ва тариқат йўналишлари;
- Ислом динида мўътадиллик: одамлар муаммоларини ҳал этиш, уларга яхшилик қилиш ҳам ибодат;
- “Ақидада адашган айрим оқимларга раддиялар” мавзуларида маърузалар қилинди.
Семинар якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитадан мутахассислар таклиф этилиши режалаштирилган.
Семинар давом этмоқда, деб хабар беради Фарғона вилояти вакиллиги матбуот хизмати.
ЎМИ Матбуот хизмати
Рамазон – раҳмат, мағфират ва дўзахдан омон бўлиш ойи
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойини барчамиз тинчлик-хотиржамликда ўтказиб келаётирмиз.
“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламолар шундай маъно берганлар: “ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳдан нур) маъноларини англатади. Ушбу фикрни Имом Термизий ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.
Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.
Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.
Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажрларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.
Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.
Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда имон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17).
Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)” (Ҳижр, 42).
Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти учун зарур бўлган таом ва сув ҳамда шаҳват – кураш майдонларидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч-қувват бор. Агар инсон у майл қаршисида собит тура олса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эришади.
Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Таровеҳ намози ва унга оид масалалар
Аслида, таровеҳ суннат бўлгани учун унинг қазоси ўқилмайди. Чунки, бомдоднинг суннатигина вақти ўтса ҳам заволгача (бир ривоятда асргача) қазо қилиб ўқиб олиш мумкин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилганлар. Пешин намозининг аввалги суннати (фарзга улгуриш мақсадида) қолса, фарзидан кейин ўқиб олинади. Бу аслида пешин вақтида бўлаяпти. Мана шу икки суннатдан бошқа суннатлар қазо қилинмайди. Қазоси лозим эмас.
Бироқ, баъзи фақиҳлар таровеҳ бир ой давомида кечалари одат бўлган, суннат бўлганлиги учун ва Пайғамбаримиз Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам томонидан кўп тарғиб қилинганлигидан ҳатто, баъзи фақиҳларимиз таровеҳни тарк қилган одам кейинги таровеҳгача унинг қазосини ўқиб олсин, деганлар. Агар Рамазонда ўқий олмаса, кейинги Рамазонгача ўқиб олади, деган гап ҳам бор. Бу фикр “Жомиъ ур-румуз”да ҳам келтирилган. Имом Нававий ҳам шуни маъқул кўрган. Уларнинг бундай фикрга келишига мана бу ривоятлар сабаб бўлган:
Имом Муслим Оиша разияллоҳу анҳодан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал оз бўлсада давомли бўлганлигидир”-дедилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай кечки одати қолиб кетса, уни кундузи ўрнини тўлдиришни таклиф қилганлар:
Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорийдан қилинган ривоятда “Кимки ўзининг вазифасидан ёки унга ўхшаш бир нарсадан ухлаб қолса, бас, уни бомдод намози билан пешин намозининг орасида ўқиб олса, худди унга уни кечаси ўқигандек ёзилади”- дейилади. (Имом Муслим ривояти).
Абул Лайс ас-Самарқандий ҳазратлари: “Кимки суннатни узр билан тарк қилса, маъзурдир, кимки узрсиз тарк қилса, манмандир”, деган эканлар.
Демак, таровеҳдан қолиб кетганларини иложи бўлса, ўқиб олган яхшироқ экан. Бироқ, ўқимаса гуноҳкор бўлиб қолмайди.
Таровеҳларда бир марта хатми Қуръон қилиш суннатдир. Рамазонда иккинчи ёки учунчи марта хатм этиш эса мустаҳаб ва ҳақиқий нафл амалдир.
Шундай экан бир ойлик рамазонни ва таровеҳ намозларини ғанимат билайлик сусткашликка йўл қўймайлик. Зеро, бу рамазон биз учун охиргиси бу йилги таровеҳ охиргиси бўлиши мумкин.
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим
юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов
ЎМИ Матбуот хизмати