Ўзбекистон янгиликлари

Сариосиёлик имомлар Андижонда бўлдилар

25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжид имом-хатиблари иштирокида видео-конференция йиғилиши ўтказилган эди.

Унда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари имом-хатибларнинг ўзаро тажриба алмашуви зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, водий вилоятлари имом-хатибларининг иш тажрибаларини ўрганиш, уларнинг илғор тажрибаларини ўз фаолиятларига тадбиқ қилишлик тўғрисида кўрсатмалар берган эдилар.

Шу муносабат билан 2018 йилнинг 12-13 май кунлари Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани бош имом-хатиби Абубакр Алимов домла “Ҳазрати Мавлавий” жоме масжиди имом-хатиби Саъдуллоҳ Қодиров домла, “Муҳаммад Шариф” жоме масжиди имом-хатиби Камолзода Довудий ва “Ҳожи Абдурауф Ансорий” жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Исмоилов домлалар ҳамроҳлигида Андижон вилоятига ташриф буюрдилар.

Ташрифнинг биринчи куни меҳмонлар ЎМИ Андижон вилояти вакиллигининг иш тажрибаси билан яқиндан танишдилар. Иккинчи куни Андижон шаҳридаги “Жиддаи муборак”, “Девонабой”, “Мирпўстин ота” жоме масжидларида бўлдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари – Эски шаҳардаги Жомеъ меъморий мажмуаси ва Мирпўстин ота зиёратгоҳларини зиёрат қилдилар.

Ташриф якунида меҳмонлар самимий меҳмондорилик учун миннатдорчилик изҳор этиб, Андижон вилояти имом-хатибларини ҳам Сурхондарё вилоятига таклиф қилдилар.

 

 

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

Ахборот таҳлили ва назорати

мутаҳассиси Нурилло Қодиров

 

2828 марта ўқилди

Янгиликлар

Top