muslim.uz
Мирзиёев: «Ота юртингиз – Ўзбекистоннинг эшиклари сизлар каби яқин қардошларимиз учун доимо очиқ»
Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған оммавий ахборот воситалари вакиллари билан брифинг ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Биз Туркия Республикасига улкан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятга эга бўлган, халқаро майдонда обрў-эътибори тобора ортиб бораётган йирик давлат сифатида қараймиз. Ота юртингиз – Ўзбекистоннинг эшиклари сизлар каби яқин қардошларимиз учун доимо очиқ, деди Шавкат Мирзиёев.
Ражаб Тоййиб Эрдўған музокаралар ўзаро англашув, манфаатдорлик ва ишонч асосида ўтганини, Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, стратегик даражага кўтарилганини таъкидлади. Кўлами ва аҳамияти катта бўлган келишувларга эришилганидан, эртага Бухородаги муборак қадамжоларни зиёрат қилажагидан бахтиёр эканини билдирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳамкорлик учун истиқболли соҳалар ва лойиҳалар муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўған музокараларни расмий делегациялар иштирокида давом эттирдилар.
Азалий қадриятларимизга асосланган кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилаётгани бизни қувонтиради, деди Шавкат Мирзиёев. Тор доирадаги мулоқотимиз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта сиёсий ирода мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади. Халқларимиз ва давлатларимиз манфаатига бевосита дахлдор бўлган барча масалаларни, нафақат бугунги кундаги, балки келгусидаги режаларимизни очиқ ва атрофлича келишиб олдик.
Қадим тупроқларимиз бўлмиш Ўзбекистонга келганимдан, азиз қардошим Шавкат Мирзиёев билан яна кўришганимдан мамнун бўлдим, деди Режеп Таййип Эрдўған. Кейинги йиллардаги мулоқотларимиздан сўнг иқтисодий алоқалардаги кўрсаткичлар ошгани биз тўғри йўлда эканимиздан далолатдир. Натижалар яққол сезиляпти. Туркиялик иш одамлари Ўзбекистонга интиляпти. Ўзбекистонда Туркия фирма ва компаниялари учун, сайёҳлар ҳаракати учун кенг имкониятлар яратиляпти.
Президентимизнинг ўтган йили октябрь ойида Туркияга амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди. 2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич яна 20 фоизга ўсди.
Музокарада яқин йилларда савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш учун барча имконият мавжудлиги таъкидланди. Томонлар ҳамкорлик учун истиқболли тармоқлар ва лойиҳаларни илгари сурди.
Ўзбекистон Туркия бозорига енгил саноат, кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни кенгайтиришга тайёр. Бу борада Истанбул шаҳрида таъсис этилган Ўзбек – Турк савдо уйи имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Баку – Тбилиси – Карс темир йўли савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Шу жиҳатдан транзит тарифларини янада мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокарада инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида йигирмадан ортиқ ҳужжат имзоланди
Кўксаройда ўтган самарали музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди, бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган Қўшма баёнотни имзоладилар.
Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, энергетика, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24та ҳужжат имзоланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тотувлик сири – вазминликдир
Албатта, эр-хотин бахтиёр яшашни истайди. Аммо истаса-истамаса, улар орасида келишмовчиликлар бўлиб туради. Яқинлари билан аҳил-иноқ яшаш – тушунмовчиликлардан безган руҳиятга энг керакли озиқдир. Ушбу муаммони ижобий ҳал қилиш оила аъзоларининг саодатига хизмат қилади. Бунинг учун аввало икки тараф ҳам бир-бирини тушунмоғи аёл ва эр ўз ҳақларини адо этмоғи лозим.
Оиладаги тинч-тотувлик, осойишталик кўп жиҳатдан аёл кишига боғлиқ. Келишмовчиликлар юзага келганда аёл босиқлик қилиб овозини баландлатмаса, эркак жазавага тушмайди.
Ҳар томонлама тўкис яшаётган танишларимизга ҳавас қиламиз, ўшандай бахтли яшашга интиламиз. Аммо ҳар доим ҳам истаганларимиз амалга ошавермайди. Аммо имкон қадар ўша оилалардаги осойишталикни ҳаётимизга тадбиқ этишга унчалик ҳам эътибор қилмаймиз. Шунчаки истак билан ижобий натижага эришиб бўлмайди.
Кузатадиган бўлсак, барча намунали деб қаралган оилалардаги ўзаро муносабатлар бир-бирига ўхшашлигига гувоҳ бўламиз. Кўпчилик ажримларга келин ва қайнона муносабатларидаги зиддиятлар сабаб бўлмоқда. Баъзи намунали вакилалар билан суҳбатлашдик.
– Тинч-тотув яшашнинг сири нимада, муроса қилишда ким ташаббускор бўлиши керак? Турмушингизда ноқулай вазиятлар бўлганми?
– Мен Умарова Шоҳида, уч келиннинг қайнонасиман (65 ёш). Оилада ҳар хил вазиятлар бўлади. Ҳеч қачон ўғилларимга келинларимни ёмонламайман, хатоларини гапирмайман. Уларнинг уришиб қолишига сабабчи бўлишни истамайман. Ҳаттоки келинларим тарафидан бирор нохуш вазият юзага келса, хато қилса ўзларига дарров айтмайман. Бир оз вақт ўтиб ётиғи билан тушунтираман. Кўпинча ёшлигим ва келинлик давримни эслаб уларга муомала қиламан. Барча нарсани яхшиликча ҳал қилса бўлади, дилозорлик ёмон. Ҳеч қайси фарзанд онаси хотинидан норози бўлишини истамайди. Билса, албатта, асабийлашади, ўғлимни нотинч қилиб нима қиламан. Қолаверса, келин ҳам бировнинг қизи.
Кимдан нима ўтмайди дейсиз, кўп синоатлар ўтди бошимиздан. Оилани оила қилиш учун аёл ҳақиқий боғбон бўлиши керак. Менга ёқмади ёки ўғлимнинг “тўғри келмаяпти” деган сўзи билан ажралиб кетаверса, ҳаёт тўкис бўлмайди. Ахир норасидаларни етим қилиб қандай яшиликни исташ мумкин. Олса олар насиҳат олмаса, бошига тушганда кўп нарсани англаб етади. Жуда эпсиз бўлсаям, ажратишдек нарсани ҳаёлимга келтирмайман. Аллоҳга шукр, ўргатганларимни ўзимдан зиёд бажарган келинларим ҳам бор. Ҳамма келинларимдан розиман, ўтганимда яхшилик билан эслашиб, чин кўнгилдан дуо қилишса бас.
Қолаверса, гапимиз кўчага чиқмаганининг биринчи сабаби оиладаги аҳиллик. Фикримча, келиннинг хатосини ҳадеб юзига солиб, бўлар-бўлмас важларни ўғлига етказиш эр-хотин муносабатларининг бузилишига сабаб бўлади. Тўғри, феъли-феълига тушмаслиги, келин қайнона орзу қилган сифатларга эга бўлмаслиги мумкин, аммо ўғлингиз билан яхши яшаяпти, фарзандлар бор, муҳими шу.
Улардан ранжиган пайтим ҳам бўлган. Аммо мен учун муҳими оила мустаҳкамлиги. Ўғлим билан келинимнинг тотувлигини ҳамма нарсадан устун қўяман. Ҳатто оғринган кўнглимдан ҳам. Оила қуриш, бировга раҳмат айтиш ёки бировдан раҳмат эшитиш осон иш эмас. Муаммо ва масалаларни ечишда сабр ва оғир босиқлик ёшлардан кўра биз кексаларнинг зиммасига тушади.
Иккинчи суҳбатдошимиз Зилола Ярашбек қизи марҳума қайнонаси Жумагул Чориева ҳақида шундай хотирлайди.
– Оилада учинчи келинман. Уларни қайнонам эмас онам дейман. Илоҳим, охиратлари обод бўлсин. Бу оилага келин бўлиб тушганимда уй ишларини деярли эпламасдим. Келин бўлиб келганимда қайнонам, хатоларимни чиройли тарзда кўрсатиб бериш орқали менга ўргатганлар. Ниҳоятда ширинсўз, сахий ва кўнгли очиқ эдилар. Икки нафар фарзандим бўлгандан кейин мени пойтахтга университетга ўқишга юбориб тўлов шартнома пулларини ҳам қайнотам тўлаганлар. Қайнота ва қайнонамни Аллоҳ раҳмат қилсин. Улар илм олишим учун ҳам шароит яратиб берганлар. Мен уларни жуда соғинаман. Қайнонамнинг жаҳл билан гапириши тугул бировдан норози бўлиб гапирганларини эслолмайман. Ҳеч кимдан норози бўлмасди. Ўғлим учун эчкини соғарди-да, эчки боласидан унга тегишли бўлган сутни соғиб олаётгани учун розилик сўрарди. Менинг орзуим қайнонамдек қайнона бўлишдир.
Бу қайнона ва келинларнинг ўз ҳаётидан мамнунлиги юз-кўзидан билиниб турарди. Айниқса, фарзандлари бахтини ўйлаб иш қиладиган Шоҳида аянинг турмушидаги йўриқлари баъзи қайнона ва бўлажак қайноналарга яхшигина дастурил амал бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ. Катталар ёшлар учун бир кўприк. Янги кўчатни бир жойдан иккинчи жойга кўчирсангиз, қанчалик эътибор билан парваришлайсиз, келин ҳам ниҳол. Ҳар қандай вазиятда ҳам иложи борича оилани сақлаб қолиш чоралари кўрилиши мақсадга мувофиқ. Биз аёллар охиратнинг саодати, фарзандлар камоли учун тилимизни ширин, феълимизни кенг қилсак, оила мустаҳкамлигини таъминлаган бўламиз.
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи
“Дардимға хаёлини табиб эт!” (биринчи мақола)
Севги деб ҳам ёзаверамиз, ишқ деб ҳам, муҳаббат деб ҳам ёзаверамиз, ўзи уларнинг учалови битта нарсами ёки бошқа-бошқа маъноси борми?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ушбу сўзлар қуйидагича таърифланган:
ИШҚ [а. – عشق севги, муҳаббат; ошиқлик, хушторлик] 1 Бошқа жинсдаги шахсга берилиш, интилиш (мойиллик) ҳис-сезгиси. 2 кўчма Зўр ички интилиш; иштиёқ.
СЕВГИ 1 Қарама-қарши жинсдаги одамларнинг (эр ва хотин, йигит ва қизнинг) бир-бирига нисбатан чуқур интим, чин қалбдан ва фидокорона илиқ муносабат туйғуси; ишқ, муҳаббат.
2 Бирор яқин кимса ёки нарсага нисбатан меҳр-садоқат, меҳр-муҳаббат туйғуси.
МУҲАББАТ [а. محبت – севги, ишқ; боғланиш] 1 Кимсанинг кимсага қалбдан берилиш ҳисси: севги, ишқ.
2 Бировга, бирон нарса ёки ишга берилиш, мойиллик туйғуси, меҳр”, дейилади
Ҳар эҳтимолга қарши бошқа тилларни ҳам кўриб қўяйлик деган мақсадда ушбу сўзнинг рус тилидаги маъноларига ҳам диққат қилиб кўрдик.
Рус тилидаги “любовь” сўзининг синонимлари “привязанность”, “пристрастие”, “склонность” каби сўзлар бўлса-да, синоним саналган ушбу сўзлар, барибир, “любовь” сўзи маъносини тўла ифодаламайди. “Любовь” уларнинг барчасидан кенг маънони англатади.
Аён бўлмоқдаки, юқоридаги “севги”, “ишқ”, “муҳаббат” сўзларидан иккитаси “ишқ” ва “муҳаббат” арабча, “севги” сўзи туркийчадир.
Ҳамма биладиган сўзни ўрганиш учун бунча манбани кўришга нима зарурат бор эди, дея ҳайрон бўлаётгандирсиз. Яқинда “islam dergisi” сайтида уларнинг бир оз бошқачароқ таърифланганига кўзим тушиб қолди. Унда бундай дейилибди:
Севгининг юқори босқичи ишқ дейилади. Севги ҳар бир жонлида озми ёки кўп бўлади. Унинг энг юқори даражаси ҳар қандай ёмонликлардан ҳимоя қилинган пайғамбарлар ва улардан сўнг келган қалбларини мосуво севгисидан поклаб олган авлиёуллоҳда бўлган муҳаббатуллоҳдир...
Ошиқ бўлган киши севгани ҳақида гап очилиб қолса, кўзлари порлайди,
юзи ёришади, у ҳақда яна эшитишни истаб қулоқлари динг бўлади.
Буюк мутасаввуф Муҳйиддин ал-Арабий ҳазратлари ишқни уч босқичга ажратган. Улар: ҳайвоний ишқ, руҳоний ишқ ва илоҳий ишқдир.
Ишқни мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари ҳам учга бўлиб таърифлаган. Унинг таърифига кўра, биринчиси, авом ишқи – фалончи фалончига ошиқ бўлибди ва ниҳояси никоҳдир. Бу Ибн Арабий ҳазратлари айтган ҳайвоний ишққа мос келади. Иккинчиси, хослар ишқи. “Ул пок кўзни пок назар била пок юзга солмоқдур ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин қўзғолмоқ ва бу пок мазҳар воситаси била ошиқи покбоз маҳбуби ҳақиқий пок жамолидин баҳра олмоқ”дир. Бу – Ибн Арабий ҳазратлари таърифлаган руҳоний ишққа монанддир.
Учинчиси эса сиддиқлар ишқи. “Бу ошиқларким, Ҳақ оллинда қабул аҳлидурлар ва тариқат машойихи истилоҳотида вусул аҳлидурлар, буларни Тенгрига ошиқ деса бўлур, маҳбуб ҳам ва Ҳақға толиб от қўйса бўлур, матлуб ҳам”.
Бу – Ибн Арабий ҳазратлари айтган илоҳий ишқ монанди бўлиб, бу ишқнинг мубталолари Аллоҳ таолонинг ошиқларидир.
- Ҳайвоний ишқ – авом ишқи
Бу севги инсоннинг жисмоний гўзаллигига асосланган. Бу ишқ мубталоси бўлган ошиқлар фақат ўзлари учун севганлардирки, севгисига муносиб жавоб топа олмасалар ҳар қандай кўнгилсизликка қўл уришга мойил бўлган кимсалардир: ишқи тушган кимсага зарар етказиш, бўҳтон қилиш, тажовуз қилиш, ўзининг жонига қасд қилиш кабилар. Бундай севги ҳайвоний ишққа киради. Чунки у шаҳватдан иборат бўлади. Бундай севгига йигитлар таъби латиф бўлганидан кейин мубтало бўладилар.
Ҳикоя
Ўтган замонларда подшоҳлардан бири канизакларидан бирига ошиқ бўлади. Аммо канизак урушда ўлжа олинган асира эди. У ўзининг юрти Ҳиндистонда бир заргар йигитга ошиқ бўлган эди. Унинг севганига етишидан ҳеч умиди қолмаганидан кейин емай-ичмай қўяди ва касал бўлиб ётиб қолади. Подшоҳ уни даволатиш учун энг моҳир табибларни чақиради.
Табиблардан бири канизакнинг касаллигининг сабабчиси Ҳиндистонда ёш бир заргар эканини аниқлайди ва буни подшоҳга маълум қилади. Подшоҳ табибдан нима қилиш мумкинлиги тўғрисида маслаҳат сўрайди ва табиб у заргарни кўрмагунча бирор нарса дея олмаслигини айтади. Подшоҳ табибга ҳамма шароитни муҳайё илиб беради ва табиб Ҳиндистонга бориб заргарни топади. Заргарни топган табиб орқаваротдан суриштириб унинг канизакка эмас, бошқа бир қизга ошиқ эканини билиб олади ва саройга қайтади. Подшоҳга канизакни даволашни заргар саройга келтирилгандан сўнггина бошлаш мумкинлигини айтади.
Подшоҳ заргарни мажбурлаб саройга олиб келтиради. Ишқнинг жафосини чеккан канизак севган кишисини сарой боғида кўриб севинади, қалбида умид учқунлари уйғониб, саломатлиги тикланади.
Заргар эса юртида қолиб кетган маъшуқасининг ҳижронига чидай олмасдан ейиш-ичишдан қолади, хасталаниб жисми заифлашиб кўрки, ҳусну таровати йўқолади. Заргарнинг нотавон аҳволини кўрган канизак унга раҳм-шафқат кўрсата бошлайди. Шу тариқа, жисмоний суратга асосланган севги ўз ўрнини меҳр-шафқатга бўшатиб беради. Подшоҳ эса унга совға-саломлар бериб ўз юртига қайтариб юборади ва канизакка уйланади.
Ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий қуддису сирриҳу бундай дейди:
“Жисмдаги гўзалликка асосланган севги жисмоний гўзаллик ғойиб бўлганидан сўнг сўнади”.
Бугунги кунимизда “ошиқ бўлдим” дея ўзини севиб қолгандек ҳис қилиб юрган, бошқа бир, янада чиройлироғини кўриб қолганда унга майл этувчи кимсалар ўзларининг ишқи қайси тоифага мансуб эканини шу ҳикоядан тушуниб олишлари мумкин бўлади.
Ибн Арабий ҳазратлари:
– Бу турдаги ишқнинг илоҳий ишққа асло йўли йўқдир, – деганлар.
Ҳайвоний ишқ боши берк кўчага ўхшайди. Фақат унинг бир тарафи борки, Аллоҳ таоло ошиқ қалбга дуо эшигини очиб қўяди ва бандани Ўзига яқинлаштиради.
(Давоми келгуси сонда)
Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ Матбуот хизмати