Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўған музокараларни расмий делегациялар иштирокида давом эттирдилар.
Азалий қадриятларимизга асосланган кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилаётгани бизни қувонтиради, деди Шавкат Мирзиёев. Тор доирадаги мулоқотимиз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта сиёсий ирода мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади. Халқларимиз ва давлатларимиз манфаатига бевосита дахлдор бўлган барча масалаларни, нафақат бугунги кундаги, балки келгусидаги режаларимизни очиқ ва атрофлича келишиб олдик.
Қадим тупроқларимиз бўлмиш Ўзбекистонга келганимдан, азиз қардошим Шавкат Мирзиёев билан яна кўришганимдан мамнун бўлдим, деди Режеп Таййип Эрдўған. Кейинги йиллардаги мулоқотларимиздан сўнг иқтисодий алоқалардаги кўрсаткичлар ошгани биз тўғри йўлда эканимиздан далолатдир. Натижалар яққол сезиляпти. Туркиялик иш одамлари Ўзбекистонга интиляпти. Ўзбекистонда Туркия фирма ва компаниялари учун, сайёҳлар ҳаракати учун кенг имкониятлар яратиляпти.
Президентимизнинг ўтган йили октябрь ойида Туркияга амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди. 2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич яна 20 фоизга ўсди.
Музокарада яқин йилларда савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш учун барча имконият мавжудлиги таъкидланди. Томонлар ҳамкорлик учун истиқболли тармоқлар ва лойиҳаларни илгари сурди.
Ўзбекистон Туркия бозорига енгил саноат, кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни кенгайтиришга тайёр. Бу борада Истанбул шаҳрида таъсис этилган Ўзбек – Турк савдо уйи имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Баку – Тбилиси – Карс темир йўли савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Шу жиҳатдан транзит тарифларини янада мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокарада инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати