muslim.uz
Ўзбекистонлик қорилар Қувайтдаги Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар
Жорий йилнинг 8 апрель куни ўзбекистонлик қорилар Қувайтда ўтказиладиган 9-халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Ушбу мусобақада “Ҳифз” йўналиши бўйича 2017 йилда Ўзбекистонда ўтказилган Қуръон мусобақасининг олий ўрин соҳиби, Тошкент Ислом институти 3-босқич талабаси Абдулазиз қори Раҳмонберди, тиловат йўналишидан “Ҳазрати Имом” масжиди ноиб имоми Исмоил қори Қурбонов Ўзбекистон шаънини ҳимоя қиладилар.
Иштирокчиларимизнинг ютуқлар билан юртимизга қайтишларини Яратгандан сўраймиз.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳукумат қарори: Никоҳдан ажратиш жараёнига ўзгартириш киритилди
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 107-бандига қўшимча киритиш ҳақидаги Ҳукумат қарори (ВМҚ–270, 06.04.2018 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги "huquqiyaxborot" канали хабар қилди.
Қарорга мувофиқ ФҲДЁ органи эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.
ЎМИ Матбуот хизмати
Наманганда илмий-амалий семинар бўлиб ўтди
Ўтган ҳафта “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, диний таълим муассасалари битирувчиларига қўйиладиган талаблар мониторингини ўтказиш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида таълимнинг кейинги босқичларига йўналтириш (олий таълим, магистратура, таянч докторантура), таълим муассасаларида ўқув жараёнига оид меъёрий ҳужжатларнинг юритилиш ҳолати ҳамда талабаларнинг одоб-ахлоқ ва ички-тартиб қоидаларига риоя қилишларини такомиллаштириш, диний таълим муассасаларида ташкил этилган “Араб тили” курслари фаолияти, диний таълим соҳасида инновацион ғоялар ва илғор педагогик технологияларнинг татбиқ этилиши, диний таълим муассасаларида ўқитиладиган мутахассислик фанлар бўйича ўқув қўлланма ва дарсликлар тайёрлаш бўйича йўл-йўриқлар каби масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳаммадали Каттабаев,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири
ЎМИ Матбуот хизмати
Олимларимиз қачон Нобель олади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Ўзбекистон Фанлар академиясининг академик С.Ю.Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институтига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
У ерда Президент олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан суҳбатлашган эди.
Мазкур учрашувда Шавкат Мирзиёев ҳар бир олим ва илмий ходимни бирма-бир тинглаб, уларнинг таклифларини қабул қилди. Муаммоларга ечим топиш учун жойида топшириқлар берди.
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев учрашув сўнгида сўз олиб, барча эътибор учун Президентга миннатдорлик билдирди.
— Сиз ҳозир бу ерда жуда кўплаб муаммоларга ечим топиб бердингиз. Ўзингиз айтганингиздек, ҳеч бўлмаганда яқин уч йил ичида охирида Нобель мукофотига олиб борадиган илм-фаннинг истиқболли йўналишини аниқлаб олишимиз керак, — деди Б.Йўлдошев.
Аввалроқ, порталимизда “Нобел олган мусулмонларни биласизми?” номли мақолани эълон қилган эдик.
Қуйида мазкур учрашувга бағишланган кўрсатувни кўришингиз мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Энди куёвхонтўрани чиллада келин томон боқмайди...
Тўй никоҳни эълон қилиш учун, одамлар фалон йигит фалон қизга уйланганини билишлари, шубҳа-гумон бартараф бўлиши учун йўлга қўйилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом никоҳни эълон қилишни, одамлар орасида ёйишни буюрганлар.
Сўнгги пайтларда тўйларда камхарж, камчиқим, ихчам тарзда ўтказиш бўйича кўп баҳс-мунозалар кечмоқда. Бироқ айрим ҳудудларда тўйларнинг ўтказилиши борасида чегарадан чиқиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Андижон вилоятида, хусусан Бўз туманида муқаддам тўйларга кетадиган харажатлар қандай эди?
Келин ва куёв томондан кетадиган харажатлар:
— Куёв томонидан келин томон учун ўртача 15 турда сарполар берилар эди. Улар асосан 8 та турли материал, унинг ичида қимматбаҳо атлас ва адрас, бегойим материаллари албатта бўлиши шарт эди. Битта материал учун 150 мингдан кетса, жами 1 миллион сўмдан ошарди.
— Келин томонидан куёв учун 4 турдаги мавсумий кийим-кечаклар, жумладан базм куни кийиладиган костюм-шим, тоза оқ кўйлак, тиниқ туфли, тўн ва дўппи қилинар эди. Бунга ҳам ўртача 1 миллион сўм сарфланарди.
— Катта тўйдан олдин бўладиган маслаҳат кунида иккала томоннинг оила аъзоларига ўзаро оддий сарполар алмашинарди. Ҳар бир томондан 400 минг сўмдан, жами 800 минг сўм харжланарди.
— Куёв томонидан келин томонига фотиҳа тўйи учун 1 та қўй, 300 та нон, 1 қоп ун, 10 литр ўсимлик ёғи, 1 қоп пиёз, 1 қоп картошка, 1 қоп сабзи, сархил мевалар, турли ичимликлар ва ширинликлар берилар эди. Жами 1,7 миллион сўмдан кетарди.
— Келин томонидан катта тўйдан бир кун олдин бўладиган “Кичик мазар” маросими учун куёвга атаб бош-оёқ енгил сарпо — битта кўйлак, битта яхши шим тақдим қилинар эди. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари (сомса, қатлама, патир, ширинликлар, ичимликлар, мева-чевалар, торт), куёвнинг 10-15 та ошна-оғайнилари учун (рўмолча, туфли тозалаш воситалари, шоколад) совға қилинар эди. Жами 600 минг сўм кетади.
— Келин томонидан тўй куни келин-куёв столи безатилар эди. Буни “Катта мазар” маросими дейишади. Унга 300 минг сўм кетар эди.
— Тўйдан бир кун олдин йигит томонда “Сабзи артди” маросими ўтказилар эди. Унда яқин қариндош-уруғлари, маҳалладошлари иштирок этишар эди. Ушбу маросимда шовла таоми тайёрланиб, меҳмонларга улашилади. Камида 100 минг ҳавога учарди.
— Тўй куни наҳорги ошни (“Нонушта” маросими) ҳар икки томон ҳам берар эди. Камида 100-150 та одам қатнашар ва 15-20 килограмм ош дамланар эди. Маросимида маҳалладаги ёши улуғ кекса, нуроний отахонлар иштирокида “Хатми қуръон” ҳам ўқитиларди. Бунга 300 минг кетилади.
— Тўй куни куёв томонидан 5 та енгил автомашинада келин томонга куёв ошна-оғайнилари келар, улар шарафига қиз томони яхши зиёфат берар эди. “Куёв ўтирмаяпти” маросими ўтказиларди. Шундан сўнг диний никоҳ ўқитиш маросими расмий имом иштирокида ўтказиларди. Чиқим 200 минг бўларди.
— Автомобил ва битта автобусда келин, унинг амма-холалари, қариндош-уруғлари, дугоналари иштирокида куёв уйига олиб кетиларди. Бу куёв томони ҳамёнига 100 минг сўмга тушарди.
— Тўй базмида 15.00дан 18.00гача давом этар, базм билан муқобил равишда келин томонидан келган қудаларга алоҳида хонада зиёфат берилар эди ва у тўйдан кейинги “Юз очар” маросимига уланиб кетарди. Базм куёв томонига 3 миллион сўмга тушарди.
— Тўйдан кейин кичик чилласи чиққунича яъни 20 кун мобайнида биринчи ҳафтада 3 маротадан, иккинчи ҳафтада 2 маҳалдан, 3-ҳафтада 1 бора келин томони куёв уйига егулик етказиб берар эди. Эрталаб нонуштага қаймоқ, иссиқ нон, пишлоқ, тушликда сомса, патир, кечки пайтга ош, қовурма, гўштли ва қувватли овқатлар келтириларди. 20 кун давомида келиннинг ота-онасига камида 700 минг сўм сарфлашга тўғри келарди.
— Келин томон қизга мебел ва гилам, парда, маиший техника воситаларини қилиб беради. Бунга ўртача 5 миллион чиқиб бўларди.
Бу сарфларнинг барчаси энг камида 2 минг долларга тушарди. Бу Андижон вилоятининг олис туманларидаги оддий кишининг харажатлари. Андижон шаҳрида эса ресторан ва тўйхоналарда ўтадиган тадбирлар янада кўпроққа тушади Кимдир янада қимматбаҳо “импортний” мебел берса, яна кимдир тўйни кўп миллион кетқазиб, кошона ва ресторанларда ўтказмоқда. Айрим қайнона ва қайноталар 40 кунлар келин томондан мазар яъни тўйимли таомлар олишдан ор қилмаяпти. Таксига ўтириб қолиб бир гапни эшитиб очиғи лол қолдим. Тўйга кўп пул сарфлаб қўйган йигитлар бир ҳафтадан кейин Россияга ишлашга кетишар экан. Энг ёмони, у ердан қайтгач, “куни тўлмай қолган” мазарни тўлиқ қилишларини талаб қилишаркан. Ҳомиладор келин эса туғруқхонадан қўлида чақалоғи билан чиққач, қайнона хонадонига эмас, ўз отаси уйида 40 кунлик чиллани чиқариб бериши номаъқул урфга айланиб бормоқда. Бу ҳам етмагандай, чилладан кейин бош оёқ сарпо, бешик, болалар кийимлари, тўй вақтида қила олмаган бошқа маиший техникаларни чақалоқ билан бирга олиб келиши шарт экан.
Хўш, бу каби ортиқча маросиму кераксиз “урф”ларга, келин томонга солиқ солишларга, қудалар ўртасида моддий муносабатларнинг кучайиб, турли тушунмовчиликлар туғдиришига қачон барҳам берилади?
Муққадас динимизда ушбу масалада қуйидагилар айтиб ўтилган.
Муовия ал-Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳақи бор?” дедим.
“Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан”, дедилар у Зот”.
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда хотин кишининг эрдаги ҳақи ҳақида очиқ жавоб берилмоқда.
- Хотинининг эрдаги ҳақларидан бири таомдир. Эр ўзи еган таомдан хотинига ҳам егизишга бурчли. Бу эр ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, хотинини озиқ-овқат билан таъминлаб бориши лозим, бу унинг зиммасида деганидир.
- Хотиннинг эрдаги ҳақларидан яна бири кийимидир. Эр ўз имконига қараб, ўзи кийинадиган савияда хотинини ҳам кийинтириши зарур.
- Хотин айб қилган чоғида ҳам, ҳатто шариат уришга ижозат берадиган даражадаги ҳолат пайдо бўлганда ҳам эр хотинини қаттиқ уришга ҳақи йўқ.
- Эр хотинини қаттиқ сўкиши ҳам керак эмас.
- Хотиндан айб ўтиб, унга ваъз-насиҳат кор қилмай, эр тарбия учун жойини бошқа қилиб ётишга қарор қилса ҳам, бир уйнинг ичидагина жойини бошқа қилиб ётишга ҳақли. Хотинини ёлғиз ташлаб, бошқа хонага ёки бошқа уйга кетиб қолишга ҳақи йўқ.
Ушбу маъноларни мусулмон эр-аёллар жуда яхши билиб олмоқлари лозим. Кўплаб эрлар ўз масъулиятларини билмай хотинларига зулм ўтказадилар. Кўплаб аёллар эса, ўз ҳақларини танимай қийналадилар. Ҳамма нарса шариатимизда кўрсатилганидек бўлса, оила бахтли бўлиши турган гап.
Тўйга асосан қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла камбағаллари чақирилади. Ҳозирги айрим бойваччаларга ўхшаб етти маҳаллага жар солинмайди, кимўзарга ўйналмайди, исрофгарчилик қилинмайди. Фақат бойлар чақирилиб, ҳақдорлар эътиборсиз қолдириладиган маросимлар энг ёмон йиғин саналади. Зеро, тўйдан кўзланган асосий мақсад камбағаллар қорнини тўйдириш, уларни хушнуд этиш, дуоларини олиш. Камбағаллар қаторида бойлар ҳам чақирилса, дуруст бўлади. Аммо фақат бойлар таклиф этилса, у тўй ҳақиқий тўй эмас, хўжакўрсинга қилинган маросимга айланиб қолади. Бундай тўйларда бойлар: “Мен фалончи бойдан ошираман”, деб дастурхонни турли ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлайди, исрофгарчилик қилади.
Манба: xabar.uz