muslim.uz
Сўраган эдингиз
Cавол: Қибла тарафда ухлаб ётган ёки гаплашиб ўтирган одамнинг ортида намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: Қиблага қараб ўтирган ё турган кишининг ортида намоз ўқиса бўлади. Пайғамбаримиз Икримани қиблага юзлантириб қўйиб ортида намоз ўқиганлар.
Аммо намозхонга юзланиб турган ёки уни ибодатдан чалғитадиган даражада баланд овоз билан гаплашаётганлар ёнида, қибла тарафида ухлаб ётган киши қиршисида ўқиш макруҳдир (“Шарҳи Аврод”).
ЎМИ Матбуот хизмати
Сувни қадрланг (шеър)
Жилдираб оқар ариқ,
Фақат қадрин билмаймиз.
Гўё уммонда балиқ,
Назар-писанд қилмаймиз.
Ифлос қилманг, пок сувни,
Авайлаб, асранг уни!
Эл дуосини олинг,
Даркор охират куни!
Қўлдан келса гар ариқ
Қазиб, сув беринг элга.
Дуо қилади халқ,
Умр учмайди елга.
Автолару от-улов
Ювишни бас қилинглар!
Жўмракка қўйинг жилов,
Сув қадрини билинглар!
Неча халқлар сувга зор,
Фақат бизда бемалол.
Оқар сувни қадрланг,
Асранг, асло қилманг хор.
Сув, ҳаво, нон учовлон
Бўлмаса нетар инсон?
Сув билан тирик жаҳон,
Оқар сувни қадрланг?!
Тўловини унутманг,
Ўз вақтида узинг қарз,
Тўлаш бўйнингизда фарз,
Оқар сувни қадрланг!
Мамадали ТУРДИАЛИ ўғли,
Жиззах вилояти Пахтакор шаҳри
ЎМИ Матбуот хизмати
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суйган иш
Aбдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади: Расулуллоҳ : “Агар умматимга қийин қилиб қўй(ишни ўйла)маганимда, уларни саҳарларда, албатта, мисвок қилишга буюрган бўлардим!” дедилар (Абу Нуайм). “Худди котиб қулоғига қалам қистирганидек, Набий ҳам қулоқларига мисвок қистириб олар эдилар” (Байҳақий).
Расулуллоҳдан ўрнак олиб, саҳобалар ҳам мисвок тутишга катта эътибор беришган. Миқдом ибн Шурайҳ ибн Ҳониъ Ҳорисий отасидан ривоят қилади: “Мен Ойшадан : “Набий уйга кирсалар, ишни нимадан бошлар эдилар?” деб сўраганимда, “Мисвок (ишлатиш) билан”, деб жавоб бердилар” (Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад). Бу ривоятдан мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз вақтига боғлиқ эмаслигини билиб оламиз. Расулуллоҳ оила аъзоларига чиройли суратда юзланиш учун уйга киришлари билан мисвок қилганлар. Аллома Муновий бунга қуйидагича далил келтиради: “Мусулмон киши уйга кирганида аҳлига салом бериши керак. Саломда Аллоҳнинг исми бор. Аллоҳнинг исми эса фақат пок оғиз билан айтилади”.
Зайд ибн Холид Жуҳаний ривоят қилади: “Расулуллоҳ мисвок қилмасдан туриб, намоз ўқиш учун ташқарига (яъни, масжидга) чиқмасдилар” (Табароний). Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Уйда ёки масжидга кирмасдан олдин мисвок қилиб олингани маъқул”, дейишган.
Тунги уйқудан таҳажжуд ёки бомдод намозларига турилганида мисвок қилиш Расулуллоҳ суннатларига мувофиқдир. Гарчи ҳадисда тунги уйқу назарда тутилган бўлса-да, умуман, кундузги уйқудан кейин ҳам мисвок қилиш яхшидир.
Ойша айтади: “У зотнинг таҳорат суви ва мисвоклари тайёрлаб қўйилар эди. Тунда уйқудан уйғонганларида, олдин ҳожатга бориб, сўнгра мисвок ишлатар эдилар” (Абу Довуд).
Жума куни мисвок ишлатиш ҳақида ҳам алоҳида таъкидланган. Чунки бу куни мўмин-мусулмонлар жума намозини ўқиш учун масжидга тўпланишади.
Ибн Умар ривоят қилади: “Расулуллоҳ мисвокни ёнларига ҳозирлаб қўйган ҳолда ухлардилар. Уйқудан уйғонганларида ишни мисвок қилишдан бошлар эдилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Табароний).
Расулуллоҳ эртаю кеч жиддий аҳамият берган нарсага бизлар ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Бу эса ўз ўрнида тишларни тоза тутиш ўта фазилатли амал эканига ишорадир.
Одилхон ИСМОИЛОВ,
Тошкент шаҳри “Шайх Зайниддин” жоме
масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Ота-она меҳмондир
Aллоҳ таолога энг суюкли ишлардан бири ота-онага итоат этиш, уларга меҳр-шафқатли бўлишдир.
«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр килгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).
Ота-она олдида секин, паст овозда, одоб билан сўзлаш керак. Заруратдан ортиқча гап айтилмайди. Уларнинг исмларини айтиб чақириш мумкин эмас. Қўполлик билан кўнгилларини оғритиш, назарларидан қолиш катта гуноҳлардан саналади. Кўча-кўйда ота-онадан илгари юриш, овқатга улардан олдин қўл узатиш, олдиларида ёнбошлаб олиш одобсизликдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” де» (Исро, 23–24).
Демак, ота-она қарилик ёшига етганида уларга янада шафқатли бўлиш зарур. Кексаларнинг кўнгли худди боланикидай бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда имкон борича уларнинг кўнглини оғритмасдан хоҳишларини бажариш, панд-насиҳат қилишса, асло малол олмаслик керак.
Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири тирик бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор. Ота-онани тириклигида қадрига етиб, иззат-ҳурматини жойига қўйганга нима етсин.
Умуман, кексаларимиз борлиги бизнинг катта давлатимиз. Улар гўё уйларимизнинг фаришталари. Кўпни кўрган бува-бувилар ёш оилалар учун ибрат мактаби. Улар набираларининг таълим-тарбиясини, одоб-аҳлоқини назорат қилиб, ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатади.
Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.
Расулуллоҳ ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ вафотларидан кейин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот : “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).
Халқ орасида, ота-она меҳмондир, деган ибратли сўз бор. Вақт ғанимат, азиз меҳмонларингизнинг яхши дуоларини олиб қолишга улгуринг. Уларга нима қилсангиз, эртага фарзандингиздан қайтади. Бу ҳақиқатга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз...
Фазлиддин МУСАХОВ,
Оҳангарон туманидаги “Қурайш” жоме
масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Навоийни севган хаттот
Ноёб мерос сифатида бизга етиб келган қўлёзмаларни ўрганар эканмиз, ўтмишда кўп улуғ хаттотлар ўтганини кўрамиз. Уларнинг машаққатли меҳнати туфайли турли асарларнинг қўлёзма нусхалари юзага келган. Шарқ олим ва шоирларининг асарларини ардоқлаган ва улардан нусхалар кўчирган ана шундай ажойиб хаттотлардан бири Муҳаммад Юнус котиб эди.
Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий асарларини Тошкентда ҳам асрлар оша жуда кўп хаттотлар кўп нусхаларда кўчиришган. Улар орасида атоқли хаттот Муҳаммад Юнус котиб кўчирган қўлёзма нусхалар алоҳида ажралиб туради. Муҳаммад Юнус котибнинг отаси Муҳаммад Бобожон ва ўғли Муҳаммад Яҳё ҳам хаттот бўлган. Асли шаҳрисабзлик хаттот Тошкентга келиб, Қашқар маҳалласида бир неча йил истиқомат қилади. Муҳаммад Юнус котиб насх, настаълиқ ва шикаста хатларини ёзишга моҳир эди. У араб ва форс тилларини яхши билган. Муҳаммад Юнус котиб Алишер Навоийнинг машҳур “Хамса”, “Маҳбубул қулуб”, “Лисонут тайр”, “Мажолисун нафоис”, “Ғаройибус сиғар” ва бошқа асарларидан бир неча нусхалар кўчирган. Муҳаммад Юнус Тошкентда кўчирган “Хамса”нинг икки нусхаси диққатга сазовордир.
Улардан бири 1861–1863 йиллар орасида китобат қилинган. “Хамса”га киритилган ҳар бир достоннинг охирида мазкур нусхани Тошкент шаҳрида шаҳрисабзлик Муҳаммад Юнус котиб кўчиргани кўрсатиб ўтилган.
Ушбу нусхага Муҳаммад Юнус котиб Алишер Навоийнинг “Маҳбубул қулуб”, “Лисонут тайр” асарларини ҳам киритади. “Лисонут тайр” асари сўнгида эса: “Бу муаззам ва мукаррам нусха Навоий ва Фоний тахаллусли ҳазрат Амир Алишернинг “Лисонут тайр” асари, 1280/1863 йили Тошкентда фақир ва ҳақир Муҳаммад Юнус валади Муҳаммад Бобожон Шаҳрисабзий қўлида таҳрир топди”, деб қайд этади.
Иккинчи нусха 1872–1873 йили кўчирилган бўлиб, асар бошланишида икки саҳифага бадиий лавҳа ишланган. “Хамса”даги беш достоннинг илк саҳифаларига ҳам алоҳида-алоҳида бадиий лавҳалар чизилган. Асар ажойиб настаълиқ хати билан Қўқон қоғозига кўчирилган. Ушбу нусха охирида ҳам: “Алишер Навоий ҳазратларининг муборак “Хамса” асари 1872–1873 йили фирдавсмонанд Тошкентнинг кошғарлик маҳалласида бу фақир шаҳрисабзлик Муҳаммад Юнус ибн мулла Бобожон қўлида анжомига етди”, деб битилган.
Қўлёзма асарларининг кўпида хаттотлар камтарлик қилиб ўз номларини келтиришмайди. Хаттотлар бу асарни ўқиган кишилардан, агар уни кўчириш асносида бирон-бир камчиликка йўл қўйган бўлишса, кечиришларини сўраш билан сўзни тамомлашади. Шунинг учун кўп қўлёзма асарларни қайси шаҳарда, ким кўчирганини аниқлаш қийин.
Баъзи котиблар ўз номларини келтириш билан бирга қўлёзма қайси шаҳарда кўчирилганини ҳам кўрсатиб ўтади. Муҳаммад Юнус котиб кўчирган Алишер Навоий асарларининг ушбу нусхалари охирида келтирилган маълумотлардан уларнинг Тошкентда китобат қилингани аниқ кўриниб турибди. Ҳатто бу асарлар Тошкентнинг қайси маҳалласида кўчирилгани ҳам аниқ ёзилган. Муҳаммад Юнус котибнинг Алишер Навоий асарларидан меҳр билан кўчирган ноёб қўлёзма нусхалари ҳозир Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар хазинасида сақланмоқда.
“Тошкент тарихида
баъзи сиймолар” рисоласидан
Неъматулло МУҲАМЕДОВ
тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати