muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 14 Ноябрь 2021 00:00

Уялмасанг истаган ишингни қилавер!

Қаънабий ёшлигида жуда бебош, ароқхўр киши бўлган эди. Бир куни ароқхонага бориб ароқ ичиш учун улфатларини кутиб ўтирганида эшак миниб олган бир кишини кўриб қолади. Унинг атрофида жуда кўп инсонлар бўлиб, атрофидагилар унга "имом" деб мурожаат қилаётган эди.

   Бу ҳолат Қаънабийнинг эътиборини тортди. У одамларни ёриб ўтиб эшак минган кишининг олдига етиб борди. Қаънабий эшакнинг жиловидан ушлаб уни миниб олган кишига деди:

- Сен кимсан?

- Шуъба ибн Ҳажжожман.

  Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳ ҳадис илмида "амирул мўъминин"  деган лақаб олган эди.

Қаънабий яна сўради:

- Шуъба деганинг ким?

- Муҳаддис.

- Муҳаддис нима иш қилади?

- Кишиларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини айтади.

- Унда менга ҳадис айтиб бер!

 Шунда Шуъба ибн Ҳажжож деди:

- Мансур ибн Муътамир менга Рибъий ибн Хирошдан, у Абу Масъуд Бадрийдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсонларга аввалги пайғамбарлардан етиб келган гап "Агар уялмасанг истаган ишингни қилавер" деган гапдир".

  Бу ҳадис Қаънабийга гўё илоҳий рисолат бўлди. У уйига келиб ибодатга берилди. Кейин Мадинага бориб имом Моликдан дарс олди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг "Муватто" номли ҳадис тўпламларини бутунлай ёд олди. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ у ҳақда шундай дейди:

  "Қаънабий "Муватто"ни ривоят қилганларнинг энг ишончлисидир”.

  У имом Молик роҳимаҳуллоҳдан илм олиб бўлгач, Басрага қайтиб Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳдан дарс олишни ирода қилди. Зеро, Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳнинг айтган ҳадиси унинг ёдидан чиқмаган эди.

   Қаънабий Басрага келганида Шуъба ибн Ҳажжож роҳимаҳуллоҳ вафот қилган экан. Қаънабий ундан фақатгина юқорида зикри келган биттагина ҳадисни ривоят қилди. Бу ҳадис унинг тавбасига сабаб бўлган эди: "Инсонларга аввалги пайғамбарлардан етиб келган гап "Агар уялмасанг истаган ишингни қилавер" деган гапдир".

   Безори, ароқхўр бир йигитнинг куни келиб "Муватто"нинг энг ишончли ровийси бўлиши, имом Бухорий ва имом Муслимларга устоз бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?!

   Жоҳилият даврида қаҳри қаттиқ бўлган Умар розийаллоҳу анҳу исломда Форуқ ва ер юзининг энг одил ҳукмдори бўлишлари кимнинг хаёлига келибди дейсиз?!

  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўлимга ҳукм қилган Икрима ибн Аби Жаҳлнинг Ярмук жангида мусулмонлар қўшинининг ўнг қанотига қўмондон бўлиши ва шу жангда ибрат намунасини кўрсатиб шаҳид бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?!

   Тили билан исломга азият бериб юрган, Ҳудайбийя сулҳида "Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад..." деган ёзувга кўнмаган, "Аллоҳнинг элчиси" деган жойини ўчиринглар, мен Муҳаммаднинг Аллоҳнинг элчиси эканлигига ишонганимда у билан уришмас эдим", деган Суҳайл ибн Амр кейинчалик мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг Каъбанинг олдида туриб: "Аллоҳга қасамки, бу киши пайғамбардир. Сизлар исломга кирганларнинг охиргиси ва муртад бўлганларнинг аввалгиси бўлманглар", дейиши ва Шом ўлкасининг фатҳида шаҳид бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?!

   Ҳидоят Аллоҳники! Кишиларга бўлган ишончимизни йўқотмаслигимиз лозим. Олдин исломга қарши курашиб юрган кўпчилик инсонлар исломни ўз қонлари билан кейингиларга ривоят қилишган!

 А.Полвонов,
Ургут туманидаги “Ургут марказий” масжиди ходими

Бельгиянинг «Travel Tomorrow» ахборот портали сайтида «Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Европа пойтахтида тақдим этилди» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Нашр маълумотига кўра, мамлакатимизнинг Брюсселдаги элчихонасида хорижий сайёҳлик агентликлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Бельгияда яшовчи ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Материалда Ўзбекистонда туризм миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳасига айланиб, жадал ривожланиб бораётгани, амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг дунёга очиқлигини намойиш этаётгани қайд этилган. Бу Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг жадал ўсиши ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ошишида ўз ифодасини топмоқда.

«Тадбирда иштирок этган сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистон раҳбарияти Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларда туризмни ривожлантириш учун мамлакатнинг тарихан қулай имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидлади», - деб ёзган нашр.

Мақолада анжуман иштирокчилари Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти, тармоқларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишгани маълум қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла Холиқназаров

Воскресенье, 14 Ноябрь 2021 00:00

Таниқли уламоларнинг ташрифи

Кеча 13-ноябрь куни Тошкент шаҳар "Убай ибн Каъб" жоме масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ташриф буюрдилар.
Пешин намозидан сўнг масжид жамоасига "Неъматларга шукр, чин исломий фазилат" мавзусида маъруза қилдилар. Устознинг фазилатли илмларидан жамоат аҳли баҳраманд бўлиди. Аллоҳдан Юртимиз ва халқимиз равнақининг бардавомлигини сўраб, хайрли дуолар қилинди.


Устозларнинг илмини барчамизга манфаатли айласин!

"Убай ибн Каъб" масжиди матбуот хизмати

“Ўғилларим курдлар қўлида қолди – фарзандларим ҳаётини барбод қилдим”

— Биринчи турмушимдан ажрашгач, 3 фарзанд билан уй-жойсиз, пулсиз қолдим. Ишлаб пул топиб уй-жой қилиш учун Туркияга бориб ишладим. Орадан 5-6 йил ўтгач, ўша ерда яшайдиган ўзбекка турмушга чиқиб, фарзандларимни ҳам Туркияга олиб кетдим. Бир куни турмуш ўртоғим Сурияга кетишимизни айтди. У ер нотинчлигидан хабарим бор эди, сўраганимда унақа эмаслигини, биз борадиган ерлар тинч жойлигини айтди.

Бошимга қандай кунлар тушишини ҳали билмас эдим. Сурияга ўтишимиз билан ўғилларимни шариатдан дарс олишади, динни ўрганишади деб олиб кетиб қолишди. Борганимдаёқ менга бу ҳолатлар ёқмади ва орқага қайтиб кетишимни айтиб, болаларимни олиб келиб беришини талаб қилдим. Табиийки, у буни рад қилди ва икки кундан кейин келишини айтиб чиқиб кетди. Аммо бир неча кундан кейин дўсти эримга снайпер ўқи тегиб вафот этгани ҳақида хабар берди. Эшитиб ҳаммамиз қотиб қолдик.

Ҳаммаси тескари айланиб кетди: очликни ҳам, ўлимни ҳам кўрдик. Тунда рўпарамизда турган уй тонгда йўқ бўларди: ичидаги одамлар билан бирга ёниб кетиши одатий ҳолга айланган эди. Узилган қўл-оёқлар, ерда сочилиб ётган одам ичак-чавоқлари, очликдан ўлган, оловда жизғанак бўлиб ёниб кетган болаларни кўрдик. Ярадорларга дори-дармон йўқлигидан яралари қуртлаб кетар эди.

Ҳозиргача бу даҳшатларни унута олмайман. Ҳатто осмонда самолёт учса ҳам бомба ташлайдигандай қўрқаман. Қишда ҳам ташқарида ухлардик, чунки тунда бомба тушса уйлар устимизга қулашидан қўрқардик.

У ердан қочишни режалаштирдик. Қочишимиздан бир кун олдин ётган жойимизда ўғлимнинг боши устидан ўқ ўтиб кетди. Ерга қараб чалқанча ётган ҳолида қўлини ўқ тешиб ўтди. Ўқ тешган жойидан қўл кириб чиқарди. Бу қандай юз берганини ҳам билмай қолдик. Ортиқ бундай яшаб бўлмасди. Эртаси куни тоғга қараб қочдик, тахминан 10-12 соат йўл босдик. Ортимиздан ўқлар отишди, лекин қайтмадик. Егулик ҳам, сувимиз ҳам қолмади.

Бизни курд аскарлари топиб олиб, лагерга олиб боришди. У ердаги ҳаёт ундан-да даҳшатли эди. UNICEF бизга кўрпа-тўшак, озиқ-овқатдан ёрдам берди. Аммо барибир очарчилик ҳукмрон эди. Курд аскарлари истаганча устимиздан кулиб, хўрлашарди. Ярим тунда ухлаб ётган жойимизга бостириб кириб ҳамма ёқни тинтишади. Пул, телефон, озиқ-овқат қидиришади. Қаршилик кўрсатганларни аёвсиз уришади ёки зах босган қамоқхонага ташлаб жазолашади. 4-5 ойлаб қамоқда ўтиришга мажбур бўлади одам.

Икки ўғлим Сурияда – курдлар қўлида қолди. Қамоқда улар ҳозир. Катта ўғлим ярадор бўлиб, оёғи ишламай қолганди. Кейин тузалди-ю, барибир югуриб юра олмайди, 3 килодан ортиқ нарса кўтара олмайди. Кичкина ўғлимнинг юрагида тешик пайдо бўлган. Даҳшатларни кўрганда қўрқувдан кўзлари катта-катта бўлиб кетарди.

Доим улардан кечирим сўрардим, мен сабаб улар болалигини йўқотишди, яхши кунларини ўлим билан ёнма-ён, қўрқув ичида ўтказишга мажбур бўлишди. Чунки уларни мен олиб бордим ўша ерларга, энг катта айбдор ўзимман. Билганимда она бўлиб ўз фарзандларимни ажал ёқасига олиб борармидим?! Болам ногирон бўлиб қолишига қараб турармидим?..

Қанийди мўъжиза юз берса-ю, юртимизга қайтиб кетсак деб орзу қилардим. Шукрки, президентимиз яна ўз ватанимизга қайтишимизга, яқинларимизни кўришимизга, тинч ҳаётда яшашимизга сабабчи бўлди. Беҳад миннатдормиз бундан. Қизим ва неварам билан қайтдик.

Давлатимиз олдида, фарзандларим олдида айбларим кўп – тан оламан. Хомхаёлларга учиб, кўп хатоларга йўл қўйдим. Болаларимнинг ёш умрини хазон қилдим. Бутун умрга уларда тамға бўлиб қолади, унутиб бўлмайди буни. Унутдим деган одамнинг ҳам юрагида тугун қолади.

***

Хато қилиш инсонга хос. Аммо ҳар бир хато ҳаётимизда ўз изларини қолдиради. Энг афсусланарлиси, бу хатоларнинг фарзандларимиз ҳаётига, уларнинг келажагига дахл қилишидир. Ҳеч кимни тўғри йўлдан адаштирмасин.

1-ҳикоя

Гулмира Тошниёзова
суҳбатлашди.

Top