muslim.uz

muslim.uz

Болалигимиздан турли миллат вакиллари билан қўшни бўлиб яшаб келамиз. Қўшничилик муносабатларимиз яхши, иноқмиз, байрамларда ўзаро табриклаймиз. Улар бизнинг Ҳайит байрамларимизда, биз уларни Пасха каби байрамларида табриклаймиз, ширинликлар улашамиз. Яқинда эшитиб қолдим, мусулмонлар бошқа дин вакилларини байрамлари билан табриклаши мумкин эмас экан. Шу рост-ми?

     — Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ إِنَّمَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ قَاتَلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَأَخْرَجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ وَظَاهَرُوا عَلَى إِخْرَاجِكُمْ أَنْ تَوَلَّوْهُمْ وَمَنْ يَتَوَلَّهُمْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

 “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир. Албатта, Аллоҳ сизларни диний уруш қилганлар, диёрингиздан чиқарганлар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарур. Уларни дўст тутганлар, ана ўшалар, золимлардир” (Мумтаҳана сураси, 8-9 – оятлар).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. Аммо кимки мусулмонларга диний адоват туфайли уруш очса, уларни диёрларидан чиқарса ёки душманларига уларни диёрларидан чиқаришда ёрдам берса, албатта, ундай кишиларни дўст тутиб бўлмайди. Бу ҳам айни адолатдир.

Бугунги кунда бошқа диндагилар билан тинч яшаш босқичидан ҳам ўтиб мулоқот ва ҳамкорлик қилишга ҳам ўтилди. Инсоний алоқа юзасидан ва улар бизни диний байрамларимиз ила табриклашаётгани учун уларни ҳам табрикласа бўлади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Имом Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўзбек тилига таржима қилиниши Мисрдаги йирик вактли матбуот нашрларидан бири эътиборини тортди.

Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетининг “Ал-Азҳар овози” газетаси 2021 йил 3 ноябрда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари О.Муҳаммадиевнинг “Таъвилот ал-Қуръон" асари бўйича яна бир муҳим тадқиқот» номли мақоласини эълон қилди.

“Ал-Азҳар овози” газетаси ислом оламининг нуфузли нашрларидан бири бўлиб, унга Миср Араб Республикаси бош имоми, “Ал-Азҳар” диний мажмуаси раҳбари, доктор Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳомийлик килади.

Мисрнинг собиқ бош имоми, марҳум Муҳаммад Саййид Тантовий томонидан асос солинган газета 1999 йилнинг октябрь ойидан буён нашр этиб келинмокда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати

Воскресенье, 07 Ноябрь 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлар идораси жамоаси Наманган вилояти Наманган шаҳри “Шодибек” жоме масжиди имом ноиби Аҳмадали домла Убайдуллаевнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло раҳматли дин хизматчисининг барча солиҳ амалларини ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳум олимнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан раҳматли Аҳмадали домланинг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!

Воскресенье, 07 Ноябрь 2021 00:00

Яхшиликларнинг онаси

Инсоннинг энг гўзал сифатларидан бири бўлган ҳаё Ислом динида иймоннинг ярмига тенглаштирилади.  Ҳаё доимо инсонни эзгуликка ундаб, ёвузликдан қайтаради. Ҳаёсиз киши ўз қилмишларининг оқибатлари нима бўлишини ўйламай қилаверади, улар ўз манфаати йўлида бошқаларнинг инсоний ҳуқуқларини оёқ ости қилишдан тап тортмайди.

“Бир инсон иккинчи бир кишини ҳаёга даъват қилаётганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни ўз ҳолига қўй, ҳаё иймондандир”,  деганларини имом Бухорий ривоят қилганлар.

“Ҳаё ва иймон бир жуфт шохга ўхшайди. Вақтики биттаси кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилади”.

 Машҳур олим Ҳусайн Воиз Кошифий: “Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқолса, ҳич кимда виждон ҳам қолмайди. Кишилар бир-бирларига бефарқ қарайдиган бўлиб қолишади”, деганлар. Демак ҳаёнинг йўқолиши иймоннинг йўқолишига олиб келади.

Бу хусусда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё иймондандир, иймоннинг жойи эса жаннатдадир. Беҳаёлик эса жафодандир, жафонинг жойи эса дўзахдадир”, дедилар.

Ҳаё-барча яхшиликларнинг онаси ва барча нарсани гўзаллаштирувчи зийнатдир. Бу борада Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаҳш қайси бир нарсада бўлса, уни хунуклаштиради. Ҳаё қайси бир нарсада бўлса уни зийнатлайди”, дедилар.

Иймон банда билан Аллоҳ ўртасидаги воситадир. Ушбу воситанинг натижаси ва меваси – нафс тарбияси, ахлоқнинг тўғриланиши  ва амалларнинг яхшиланишидир. Нафсда ҳаё ўрнашсагина инсон хатолардан сақланади, беҳуда, бемаъни ишлардан кўзини юмади.

Кийим-бошда, дин-у диёнатда ва кишилар ўртасидаги барча муомалаларда ҳаё бўлиши керак. Ҳаёсиз одамдан андишасизлик, юзсизлик, виждонсизлик каби иллатлар юзага келади.

ТИИ 4-курс талабаси

Қосимов Абдулваисхон

 

Ёшлик инсон умрининг баҳорига қиёсланади. Дарвоқе, бу фаслда ниҳол ўсиб, улғайиши баробарида кўплаб довулларга, шиддатли тўлқинларга ҳам дуч келиши табиий. Ана шу аснода ниҳолга боғбон зарур. Зеро, боғбоннинг тўғри парвариши туфайли ниҳол серҳосил дарахтга айланади.

Худди шундай бугунги талатўпли замонда ёшларни миллий маънавиятимизга, муқаддас қадриятларимизга зид турли хуружлардан асраш тобора долзарб бўлиб боряпти. Чунончи, бугун интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсаддаги кимсаларнинг ёшларнинг онгу шуурларини эгаллашга бўлган уринишлари хавфли ту оляпти.

Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов талаба-ёшлар билан учрашиб, уларга “Тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш – барчамизнинг бурчимиз” ҳамда “Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш – давр талаби” мавзуларида суҳбат қилиб берди.

Қизиқарли баҳс-мунозараларга бой кечган учрашувда талабаларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

* * *

Куннинг иккинчи ярмида А.Юнусов Тошкент тиббиёт академияси талабалари билан учрашиб, уларга сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида гапириб  берди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари А.Юнусовнинг гўзал маърузаси ёшларда катта таассурот уйғотди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги талабалар илмга ташналиги, муқаддас динимиз таълимотидан хабардорлиги билан аввалгиларидан фарқ қилади. Шуни инобатга олиб, имом-хатибларнинг талабалар билан учрашувлар ўтказаётгани, албатта, яхши натижа беради, иншоаллоҳ.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

Top