muslim.uz

muslim.uz

Таълим-тарбия жамиятимиз ривожи учун муҳим аҳамиятга эга. Мана шу оғир юк таълим иши билан бевосита шуғулланадиган муаллимлар зиммасига тушади.

Динимизда устознинг қадри ва фазли улуғдир. Чунки айнан ўша зотлар келажак авлоднинг шаклланишида катта ўрин тутади. Ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига ёш авлоднинг илмига илм, одобига одоб қўшилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари ўқитувчиларнинг фазилати учун етарли ҳисобланади: “Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлар ва ерлардаги зотлар, ҳатто инидаги чумолилар ва (сувдаги) балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга раҳмат йўллайди ва истиғфор айтади”  (Имом Термизий ривоятлари).

Таълим-тарбия иши пайғамбарларнинг вазифаларидан биридир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло мени одамларни қийинчиликка соладиган, уларнинг адашишини хоҳловчи қилиб эмас, балки муаллим ва осон қилувчи қилиб юборди” (Имом Муслим ривоятлари).

Ёш авлод муаллимлар олдида омонатдир. Албатта, уларнинг таълим-тарбияси борасида устозлар масъулдирлар. Улар келажакда комил инсон бўлиб етишишлари учун бор имкониятларини ишга солишлари зарур. Чунки ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ҳар бирингиз раҳбардирсиз ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз” (Муттафақун алайҳ).

Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади.

Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир.

Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўзини кўрсатиб, халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Демак, жамиятда муҳим ўрин тутган, машаққатли касб эгаларининг масъулиятлари қанчалик катта бўлса, уларнинг ҳурматларини сақлаш ҳам халққа шунчалик бурч бўлади.

Динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар ва одамларга фойдали илмларни таълим берувчи муаллимларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида шаънлари улуғ, қадрлари юксакдир.

Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Замонавий билимлардан дарс берувчи устозлар ҳам яхши ниятлари сабаб ажру савобга эришадилар.  

Уламо ва устоз мураббийларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро, улар ўтган улуғ зотлар ва олимларнинг меросхўрларидир. Ўтган олимлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар.

Илмнинг фазилати ҳақида Имом Бухорийдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларимдан сут чиққанини кўрдим”. Саҳобаи киромлар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?”. “Илмга”, - дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом”. 

Илм аҳлини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг мадҳ этиб, шундай  марҳамат қилган: ... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” деган бўлса, “Зумар” сурасида шундай дейди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (Мужодала сураси 11-оят).

Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмайдилар. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.

Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, бундай деган: “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.

Яъни, илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалбини кўр қилиб қўяди.

Аллома ибн Нажжорнинг “Тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда бундай воқеъни келтирилади: “Биз Бағдоддаги жоме масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили экани айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас”, деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жоме” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил”, дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим Ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир”, деган.

Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, устозлар ва илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насиҳатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.

Дарҳақиқат, агар биз ҳақиқий тараққиётга эришмоқчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга бўлган муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида ўзгартиришимиз лозим. Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳикматли калима мўминнинг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса ҳам олишга ҳақлидир” (Имом Термизий ривоятлари). 

Ушбу ҳадисда ҳар қандай фойдали илм, гарчи бир калима бўлса ҳам мўмин-мусулмон киши учун худди йўқотиб қўйиб, излаб юрган қадрли буюмига ўхшатилмоқда. Уни қаерда топсак ҳам бошқалардан кўра ўзимиз ҳақли эканимизни билишимиз керак.

Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъй-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига ётиш, ундан унумли фойдаланиш лозим. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ:“Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.

Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: “Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни қоғоздан ўқигандек айтишим мумкин, дер эканлар.

Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар бир ота-она фарзандига биринчи устоз ҳисобланади. Бу устозлик фарзанд хоҳ боғчада, хоҳ мактабда ё хоҳ олийгоҳларда таълим олаётган бўлса ҳам давом этиши керак. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, қачон мактабдаги фарзандимизнинг ўқишлари, кундаликларидаги баҳолари, дарсликларининг аҳволи билан қизиқиб кўрдик. Қачон олийгоҳда ўқиётган фарзандимизнинг дарсга қатнаши, мутахассислигини ўзлаштириши, диплом ишлари билан шуғулландик. Агар фарзандларимизга ҳушёр ва эътиборли бўлсак, ҳозирги кунда қулоққа чалиниб турган пичоқбозлик, муштумзўрлик, маст қилувчи ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, турли адашган оқимларга эргашиш анча барҳам топган бўлар эди.

Шундай экан, ҳар биримиз устоз ва мураббийларни доимо ҳурмат ва эҳтиром қилиб, фарзандлар тарбиясида уларга ёрдамчи бўладиган бўлсак, ёшларимиз биз ўйлагандан-да илм-маърифатли, таълим-тарбияли, эл-юртига хизмат қиладиган етук шахслар бўлиб вояга етадилар, иншааллоҳ. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

Вазирлар Маҳкамасининг "Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш бўйича Самарқандда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, халқаро аҳамиятга эга автомагистраль йўли бўйида фаолият олиб бораётган туризмга ёндош инфратузилма объектларида олиб борилаётган тарғибот ишлари натижасида сайёҳлар учун қулайликлар яратилмоқда.

“Зарафшон” газетаси хабарига кўра, Тойлоқ тумани магистраль йўл бўйидаги санитария-гигиена шохобчаларининг умумий ҳолати бўйича ижобий ўзгаришлар кузатилиб, туманда фаолият олиб бораётган "Ҳумоюн Газ Инвест" МЧЖга қарашли ёқилғи қўйиш шохобчасида замонавий санитар-гигиеник шохобча, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун кутиш жойи, савдо дўкони, намозхона ва таҳоратхона фойдаланишга топширилди.

Вилоятда амалга оширилаётган бу каби бунёдкорлик ишлари маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун зарур имкониятларни яратиб беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 07 Октябрь 2021 00:00

Хўжа Дониёрми ёки Дониёл пайғамбар?

Самарқанд шаҳрида жойлашган меъморий ёдгорликлар орасида Афросиёб шаҳарчасининг кунчиқар томонида, Сиёб канали ёқасида жойлашган ва халқ орасида “Дониёл пайғамбар қабри” деб юритилувчи мақбара машҳур. Дониёл (иврит тилида Даниэл, араб тилида Дониял) пайғамбар яҳудий миллатига мансуб бўлиб, милоддан аввалги 603 йилда

Қуддусда дунёга келади. Милоддан аввалги 534 йилда Бобилда вафот этади. Дониёл пайғамбарга тегишли деб кўрилувчи Самарқанддаги мақбара бугунги кунда яҳудий, насроний ва ислом дини вакиллари томонидан бирдек эъзозланиб зиёрат қилинади.

Ушбу мақбарада ким дафн этилганлиги ҳақида ҳозиргача мутахассислар бир тўхтамга келгани йўқ. Айни пайтда ушбу мақбарага кўмилган шахс ҳақида бир қанча ривоятлар мавжуд.

Улардан бирида айтилишича, Аҳамонийлар сулоласидан бўлган Кир II эрамиздан олдинги 539 йилда Бобилни истило қилганида Бобил подшоҳлари томонидан қулликда тутилган бир неча юз яҳудийни озод қилади. Ушбу яҳудий қавми озод бўлгач, Амударёдан ўтиб Ўрта Осиё ҳудудига кириб келган. Улар ўзлари билан бирга Бобил подшолигида юқори давлат лавозимларида фаолият юритган ва ўзини пайғамбар деб эълон қилган Дониёл пайғамбарнинг қабрини ҳам олиб келган экан.

Иккинчи ривоят Амир Темур билан боғлиқ. Ривоятда келтирилишича, ўзининг етти йиллик ҳарбий юриши вақтида (1399-1404 йиллар) Амир Темур Мосул шаҳри яқинида тўхтайди. Бу ерда Дониёл пайғамбар ҳақида кўп ажойиб ривоятларни эшитиб, унинг қабрини зиёрат қилади. Ровийлардан ушбу пайғамбар қабри турган жой файзли ва баракали бўлишини эшитади. Шу онда у кишининг ҳокларини пойтахт Самарқандга олиб кетишга буйруқ беради. Аммо бу ишга шаҳар аҳолиси қарши чиқади. Шундан сўнг Амир Темур қабрдан фақат нишона олиб Самарқандга жўнатади. Нишонани ортиб олган туя Самарқандга кириб, ҳозирги мозор ўрнида чўккач, қабрдан олинган нишона шу ерга кўмилади.

Бошқа бир ривоятда шаҳар номи ўзгариб келган. Яъни, Дониёл қабри Эрондаги Суза (ҳозирги Хузистон вилоятида) шаҳрида бўлган. Нишона ҳам айни қабрдан олиб келинган деб кўрсатилади. Дониёл пайғамбар билан боғлиқ юқоридаги икки ҳолатда ҳам қабрдан нишонанинг олиб келиниши Амир Темурнинг етти йиллик юришлари билан боғланади. Бироқ Амир Темур 1381-1384 йилдаёқ Эроннинг катта қисмини босиб олган бўлиб, Эроннинг тўлиқ бўйсундирилиши уч йиллик (1386-1388 йиллар) ва беш йиллик (1392-1396 йиллар) юришлар вақтида амалга оширилади. Яъни, ўзининг етти йиллик юришлари даврида асосий эътиборини Миср, Шом ўлкаси ва Усмонийлар империясига қаратган Амир Темур Эроннинг жануби-ғарбида жойлашган Суза шаҳрига борган бўлиши эҳтимолдан йироқ. Шунингдек, ҳозир ҳам Ироқнинг шимолида жойлашган Мосул шаҳрида Дониёл пайғамбар мақбараси мавжуд бўлиб, аҳоли томонидан зиёрат қилинади.

Самарқандлик тарихчи Абу Тоҳирхожа Самарқандий ўзининг “Самария” асарида юқоридаги фикрларни инкор этади. Бу ҳақда у шундай ёзади: “Авом уни Дониёл пайғамбарнинг қабри дейди, лекин унинг мозори Мосул вилоятидадир. Дерларким, у (Дониёл) Аббос ўғли Ҳазрат Қусамнинг, Тангри ундан рози бўлсин, ёронларидан эди ва шу ерда кўмилгандир”.

Юқоридаги манбаларда бир қанча қарама-қарши фикрлар мавжуд бўлиб, баъзи саволларни ўртага ташлайди. Уларни қуйида кетма-кетликда кўрсатиб ўтамиз.

Ушбу мозор устида XX аср бошларига қадар мақбара бўлмаган. Мақбара ўтган асрнинг бошида самарқандлик уста Абдулқодир Чолдивор томонидан Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори ажратган маблағ ҳисобига бунёд қилинган.

Мақбара ичидаги қабр ҳам ҳозирги кўринишидан фарқ қилган. Дастлабки кўринишда қабрнинг бош томони шимоли-шарққа қаратилган бўлиб, жануби ғарбга қараб пасайиб борувчи, узунлиги 17 метр атрофида бўлган мармар билан қопланган қабртош кўринишида бўлган. XIX аср охирида Самарқандга келган сайёҳлар олган фотосуратларда бу яққол кўзга ташланади.

Ислом динида эса маййит кўмилганда юзи қибла (Макка) томонга қаратилиб кўмилади. Яъни, қабр қиблага кўндаланг тарзда жойлашади. Дониёл пайғамбар қабрининг оёқ томони қибла – жануби-ғарбга қаратилган бўлиб, дин ва давлат ҳомийси бўлган бирор ҳукмдор маййитнинг бундай кўмилишига йўл қўймаган бўларди, шу жумладан Амир Темур ҳам. Шунингдек, агар мозорнинг шаклланиши Амир Темур даврида юз берган бўлса, нима учун ўша вақтдаги кимсасиз Афросиёб шаҳарчасининг бир чеккаси танланди? XIII асрда мўғулларнинг қирғинбарот урушлари давридан буён қадим Самарқанд шаҳри ҳозирги Афросиёб шаҳарчаси ҳудудида ривожланишни тўхтатиб, Регистон майдони атрофларида янгидан қад кўтара бошлаган, Амир Темур даврида обод шаҳар даражасига етган эди. Дониёл пайғамбар ҳоки ҳам айнан шу ерга қўйилган, унинг устига муҳташам мақбара бунёд этилган бўлмасмиди?

Энди Абу Тохирхўжанинг “Самария” асарида келтирилган фикрларга келадиган бўлсак, ушбу мозор Ҳазрат Шоҳ-Қусам ибн Аббоснинг издошига тегишли эканлиги ҳам эҳтимолдан йироқ. Агар шундай бўлганда “Хўжа Дониёр” Қусам ибн Аббос ҳазратларининг ёнига – Шоҳи Зинда мажмуасига дафн этилган бўлар эди. Яна мусулмонча анъаналар билан кўмилган, қабрининг оёқ томони қиблага қаратилмаган бўлар эди.

Мақоламиз бошида келтирилган фикрга тўхталадиган бўлсак, анчайин ҳақиқатга яқинроқ эканлигини кўрамиз. Биринчидан, Арабистон ярим ороли, Ўрта денгизнинг шарқий қирғоғи ва Қуддусда истиқомат қилувчи яҳудийлар қадимда маййитнинг оёғини Қуддус шаҳрига қаратиб кўмишган. Уларнинг эътиқодига кўра маййит “қайта тирилганда” Қуддусга қараб йўл олиши керак бўлган. Ушбу одат ҳозиргача Қуддусда истиқомат қилувчи яҳудий жамоаларида сақланиб қолган. Биз кўриб чиқаётган мозорнинг ҳам оёқ томони жануби-ғарбга – Қуддус томонга қаратиб бунёд қилинган. Қабрнинг бош томонидаги туғ эса қадимдан туркий ҳалқларга хос бўлиб, Дониёл пайғамбарга ҳурмат юзасидан Ўрта Осиё ҳукмдорлари томонидан ўрнатилган. Бундан ташқари, юқоридаги барча манбаларда ушбу мозорга қуддуслик Дониёл пайғамбар кўмилганлиги баён этилган. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қадимда мақбарага олиб борувчи асосий йўл кўҳна Афросиёб шаҳарчаси орқали ўтган. Унинг қолдиқлари ҳозиргача сақланиб қолган. Бу эса мозорнинг ҳозирги Афросиёб шаҳарчаси ҳудудида истиқомат қилган қадимги самарқандликлар томонидан мунтазам зиёрат қилиб турилганидан далолатдир.

Юқоридаги фикрларни умумлаштириб шундай хулоса қилиш мумкин: Дониёл пайғамбар мозори Чингизхон истилосига қадар гуллаб яшнаган Самарқанднинг энг қадимги ўрни – Афросиёб шаҳарчасида ислом дини ёйилгунга қадар ҳам мавжуд бўлган. Бироқ пайғамбарнинг ҳокини Самарқандга келтирилиши хусусида манбалар мавжуд бўлмаганлиги боис, уни Аҳамоний шоҳ Кир II томонидан озод қилинган яҳудий жамоалари олиб келганлиги фақат тахминларга асосланади.

(Фотосурат Дмитриев Кавказскийнинг “Ўрта осиё бўйлаб. Рассом кундаликлари” Санкт-Петербург-1894. асаридан олинди)

Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.

Четверг, 07 Октябрь 2021 00:00

Нуронийлар эъзозда

 

Сиз каби кўпни кўрган, юзидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонлар жамиятимизнинг мустаҳкам замини, юртимизнинг файзу баракасидир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

 

Тараққётимизнинг янги босқичида иқтисодий ривожланиш, тараққиёт, ижтимоий ҳимоя каби соҳаларга катта эътибор қаратилмоқда. Кексаларни қўллаб-қувватлаш давлат тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаоллигини ошириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш соҳасида катта авлод вакилларининг ролини оширишга катта эътибор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Кексалар ҳафталиги”га тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 158-сон баён қарорига асосан 4-10 октябрь кунлари вилоятимизда “Кексалар хафталиги” муносиб ўтказилмоқда.

Бу юртимиздаги барча хонадонга сурур бахшида қилиб, кексаларимиз кўнгилларини тоғдек кўтарди. Бу билан албатта, кексаларимизга янада эътиборли, меҳрли бўлиш, уларнинг ҳаёт тажрибаларида синалган бебаҳо ўгитларидан фойдаланиш, оилаларнинг тинч-тотув, тўкис яшашида, фарзандлар тарбиясида уларнинг панд-насиҳатларига эргашиш каби азалий қадриятларимиз янада ривожланади.

Зеро, ёши улуғларнинг панд насҳатларига қулоқ тутиб фаолият юритиш, иш бошлаган пайтимизда уларнинг дуосини олиш энг қадрли анъаналаримиз сарасига киради. Юртбошимиз бу ҳақда таъкидлаб: Хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, қўлимиздан келганича умрларини узайтириш асрлар давомида энг улуғ қадриятларимиздан бири бўлиб келмоқда. Бундай табаррук инсонларга хизмат қилиш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўришни эзгу ва савобли ишимиз деб биламиз.

Дарҳақиқат, кексаларни эъзозлаш, уларга доимо эътиборли, меҳрли бўлиш қон-қонимизга сингиган қадриятларимиздан. Уларнинг ҳаёт тажрибаларида синалган бебаҳо ўгитлари оилаларнинг тинч-тотув, тўкис яшашида, фарзандлар тарбиясида қанчалар зарурлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ёши улуғлар билан маслаҳатлашиб иш тутиш, иш бошлашдан олдин уларнинг дуосини олиш энг қадрли анъаналаримиздандир. Бунинг маъно-моҳияти “Қари билганни пари билмас”, деган нақлда ҳам яққол акс этган. Азалдан халқимиз кўплаб эзгу ишларида кўпни кўрган отахон-у онахонларнинг маслаҳатларига таянади.

Юртимиздаги ҳар бир корхона ва ташкилот, таълим ва тарбия муассасаларида, давлат ва нодавлат ташкилотларида фахрийларга, нуронийларга эътибор қаратилади. Меҳнат фахрийлари эъзозда, уларга зарур моддий, маънавий, тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришда, барча муаммоларини ечишда атрофдагилар беғараз ёрдам кўрсатадилар.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Наманган вилояти вакиллиги ташаббуси билан ҳам ҳафталик доирасида вилоятимизда фидокорона меҳнат қилган ҳурматли нуронийлардан 70 нафарини вакиллик ҳузурида бир пиёла чой устида суҳбатга чорланди.

Ҳафталик доирасида вилоятдаги барча масжидларда “Кексалар ҳафталиги” муносабати билан бир пиёла чой устида тадбирлар ўтказилиб, нуронйи отахонлар йўқландилар, беморларининг ҳолларидан хабар олинди. Амалга оширилаётган тадбирлар вилоят марказий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда.

 

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Top