Мақолалар

Хўжа Дониёрми ёки Дониёл пайғамбар?

Самарқанд шаҳрида жойлашган меъморий ёдгорликлар орасида Афросиёб шаҳарчасининг кунчиқар томонида, Сиёб канали ёқасида жойлашган ва халқ орасида “Дониёл пайғамбар қабри” деб юритилувчи мақбара машҳур. Дониёл (иврит тилида Даниэл, араб тилида Дониял) пайғамбар яҳудий миллатига мансуб бўлиб, милоддан аввалги 603 йилда

Қуддусда дунёга келади. Милоддан аввалги 534 йилда Бобилда вафот этади. Дониёл пайғамбарга тегишли деб кўрилувчи Самарқанддаги мақбара бугунги кунда яҳудий, насроний ва ислом дини вакиллари томонидан бирдек эъзозланиб зиёрат қилинади.

Ушбу мақбарада ким дафн этилганлиги ҳақида ҳозиргача мутахассислар бир тўхтамга келгани йўқ. Айни пайтда ушбу мақбарага кўмилган шахс ҳақида бир қанча ривоятлар мавжуд.

Улардан бирида айтилишича, Аҳамонийлар сулоласидан бўлган Кир II эрамиздан олдинги 539 йилда Бобилни истило қилганида Бобил подшоҳлари томонидан қулликда тутилган бир неча юз яҳудийни озод қилади. Ушбу яҳудий қавми озод бўлгач, Амударёдан ўтиб Ўрта Осиё ҳудудига кириб келган. Улар ўзлари билан бирга Бобил подшолигида юқори давлат лавозимларида фаолият юритган ва ўзини пайғамбар деб эълон қилган Дониёл пайғамбарнинг қабрини ҳам олиб келган экан.

Иккинчи ривоят Амир Темур билан боғлиқ. Ривоятда келтирилишича, ўзининг етти йиллик ҳарбий юриши вақтида (1399-1404 йиллар) Амир Темур Мосул шаҳри яқинида тўхтайди. Бу ерда Дониёл пайғамбар ҳақида кўп ажойиб ривоятларни эшитиб, унинг қабрини зиёрат қилади. Ровийлардан ушбу пайғамбар қабри турган жой файзли ва баракали бўлишини эшитади. Шу онда у кишининг ҳокларини пойтахт Самарқандга олиб кетишга буйруқ беради. Аммо бу ишга шаҳар аҳолиси қарши чиқади. Шундан сўнг Амир Темур қабрдан фақат нишона олиб Самарқандга жўнатади. Нишонани ортиб олган туя Самарқандга кириб, ҳозирги мозор ўрнида чўккач, қабрдан олинган нишона шу ерга кўмилади.

Бошқа бир ривоятда шаҳар номи ўзгариб келган. Яъни, Дониёл қабри Эрондаги Суза (ҳозирги Хузистон вилоятида) шаҳрида бўлган. Нишона ҳам айни қабрдан олиб келинган деб кўрсатилади. Дониёл пайғамбар билан боғлиқ юқоридаги икки ҳолатда ҳам қабрдан нишонанинг олиб келиниши Амир Темурнинг етти йиллик юришлари билан боғланади. Бироқ Амир Темур 1381-1384 йилдаёқ Эроннинг катта қисмини босиб олган бўлиб, Эроннинг тўлиқ бўйсундирилиши уч йиллик (1386-1388 йиллар) ва беш йиллик (1392-1396 йиллар) юришлар вақтида амалга оширилади. Яъни, ўзининг етти йиллик юришлари даврида асосий эътиборини Миср, Шом ўлкаси ва Усмонийлар империясига қаратган Амир Темур Эроннинг жануби-ғарбида жойлашган Суза шаҳрига борган бўлиши эҳтимолдан йироқ. Шунингдек, ҳозир ҳам Ироқнинг шимолида жойлашган Мосул шаҳрида Дониёл пайғамбар мақбараси мавжуд бўлиб, аҳоли томонидан зиёрат қилинади.

Самарқандлик тарихчи Абу Тоҳирхожа Самарқандий ўзининг “Самария” асарида юқоридаги фикрларни инкор этади. Бу ҳақда у шундай ёзади: “Авом уни Дониёл пайғамбарнинг қабри дейди, лекин унинг мозори Мосул вилоятидадир. Дерларким, у (Дониёл) Аббос ўғли Ҳазрат Қусамнинг, Тангри ундан рози бўлсин, ёронларидан эди ва шу ерда кўмилгандир”.

Юқоридаги манбаларда бир қанча қарама-қарши фикрлар мавжуд бўлиб, баъзи саволларни ўртага ташлайди. Уларни қуйида кетма-кетликда кўрсатиб ўтамиз.

Ушбу мозор устида XX аср бошларига қадар мақбара бўлмаган. Мақбара ўтган асрнинг бошида самарқандлик уста Абдулқодир Чолдивор томонидан Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори ажратган маблағ ҳисобига бунёд қилинган.

Мақбара ичидаги қабр ҳам ҳозирги кўринишидан фарқ қилган. Дастлабки кўринишда қабрнинг бош томони шимоли-шарққа қаратилган бўлиб, жануби ғарбга қараб пасайиб борувчи, узунлиги 17 метр атрофида бўлган мармар билан қопланган қабртош кўринишида бўлган. XIX аср охирида Самарқандга келган сайёҳлар олган фотосуратларда бу яққол кўзга ташланади.

Ислом динида эса маййит кўмилганда юзи қибла (Макка) томонга қаратилиб кўмилади. Яъни, қабр қиблага кўндаланг тарзда жойлашади. Дониёл пайғамбар қабрининг оёқ томони қибла – жануби-ғарбга қаратилган бўлиб, дин ва давлат ҳомийси бўлган бирор ҳукмдор маййитнинг бундай кўмилишига йўл қўймаган бўларди, шу жумладан Амир Темур ҳам. Шунингдек, агар мозорнинг шаклланиши Амир Темур даврида юз берган бўлса, нима учун ўша вақтдаги кимсасиз Афросиёб шаҳарчасининг бир чеккаси танланди? XIII асрда мўғулларнинг қирғинбарот урушлари давридан буён қадим Самарқанд шаҳри ҳозирги Афросиёб шаҳарчаси ҳудудида ривожланишни тўхтатиб, Регистон майдони атрофларида янгидан қад кўтара бошлаган, Амир Темур даврида обод шаҳар даражасига етган эди. Дониёл пайғамбар ҳоки ҳам айнан шу ерга қўйилган, унинг устига муҳташам мақбара бунёд этилган бўлмасмиди?

Энди Абу Тохирхўжанинг “Самария” асарида келтирилган фикрларга келадиган бўлсак, ушбу мозор Ҳазрат Шоҳ-Қусам ибн Аббоснинг издошига тегишли эканлиги ҳам эҳтимолдан йироқ. Агар шундай бўлганда “Хўжа Дониёр” Қусам ибн Аббос ҳазратларининг ёнига – Шоҳи Зинда мажмуасига дафн этилган бўлар эди. Яна мусулмонча анъаналар билан кўмилган, қабрининг оёқ томони қиблага қаратилмаган бўлар эди.

Мақоламиз бошида келтирилган фикрга тўхталадиган бўлсак, анчайин ҳақиқатга яқинроқ эканлигини кўрамиз. Биринчидан, Арабистон ярим ороли, Ўрта денгизнинг шарқий қирғоғи ва Қуддусда истиқомат қилувчи яҳудийлар қадимда маййитнинг оёғини Қуддус шаҳрига қаратиб кўмишган. Уларнинг эътиқодига кўра маййит “қайта тирилганда” Қуддусга қараб йўл олиши керак бўлган. Ушбу одат ҳозиргача Қуддусда истиқомат қилувчи яҳудий жамоаларида сақланиб қолган. Биз кўриб чиқаётган мозорнинг ҳам оёқ томони жануби-ғарбга – Қуддус томонга қаратиб бунёд қилинган. Қабрнинг бош томонидаги туғ эса қадимдан туркий ҳалқларга хос бўлиб, Дониёл пайғамбарга ҳурмат юзасидан Ўрта Осиё ҳукмдорлари томонидан ўрнатилган. Бундан ташқари, юқоридаги барча манбаларда ушбу мозорга қуддуслик Дониёл пайғамбар кўмилганлиги баён этилган. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қадимда мақбарага олиб борувчи асосий йўл кўҳна Афросиёб шаҳарчаси орқали ўтган. Унинг қолдиқлари ҳозиргача сақланиб қолган. Бу эса мозорнинг ҳозирги Афросиёб шаҳарчаси ҳудудида истиқомат қилган қадимги самарқандликлар томонидан мунтазам зиёрат қилиб турилганидан далолатдир.

Юқоридаги фикрларни умумлаштириб шундай хулоса қилиш мумкин: Дониёл пайғамбар мозори Чингизхон истилосига қадар гуллаб яшнаган Самарқанднинг энг қадимги ўрни – Афросиёб шаҳарчасида ислом дини ёйилгунга қадар ҳам мавжуд бўлган. Бироқ пайғамбарнинг ҳокини Самарқандга келтирилиши хусусида манбалар мавжуд бўлмаганлиги боис, уни Аҳамоний шоҳ Кир II томонидан озод қилинган яҳудий жамоалари олиб келганлиги фақат тахминларга асосланади.

(Фотосурат Дмитриев Кавказскийнинг “Ўрта осиё бўйлаб. Рассом кундаликлари” Санкт-Петербург-1894. асаридан олинди)

Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.

3034 марта ўқилди

Мақолалар

Top