muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло мусулмон жамиятига ўзаро бирликни сақлаш ва турли фирқаларга ажралиб кетишдан сақланишни фарз қилди. Қуръони Каримда: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва ажралиб кетманг” (Оли имрон, 103).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: ”Ўзаро бир-бирингиздан нафратланманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингизга душманлик қилманглар, Аллоҳнинг ўзаро биродар бўлган бандалари бўлинглар, мусулмон кишига ўз биродарини уч кундан ортиқ ташлаб кетиши ҳалол эмас.” (Бухорий ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам яна бир ҳадисда: ”Ихтилоф қилманглар, чунки сизлардан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва шу сабабдан ҳалок бўлдилар.”

Мана шу ерда бир савол пайдо бўлади: “Нега унда ҳозирги ва аввалги уламолар турли масалаларда ихтилоф қиладилар, ахир ҳаммалари келишиб бир умумий мазҳаб тузиб олсалар, бўлмайдими?”

Бу саволга бир неча жихатдан жавоб бериш мумкин.

Биринчидан, ихтилофнинг келиб чиқиши сабаби икки ҳил бўлади:

Биринчиси, ахлоқий ихтилоф. – Бу турдаги ихтилофнинг сабаби ахлоққа бориб тақалади. Инсон ўзининг фикрида қатъий туриб олиши оқибатида бошқанинг гапини умуман қабул қилмайди, эшитиб ҳам кўрмайди. Лекин кўп ҳолларда икки тортишаётган мусулмоннинг назарда тутаётган фикри бир хил бўлиб, унга таъриф беришда турлича ёндашилган бўлади, шунинг оқибатида биринчи тоифа иккинчи тоифа назарда тутаётган нарсанинг умуман тескарисини тушуниб олади. Бунинг сабаблари:

– ўз нафсида ғурурга кетиш;

– бошқалар борасида ёмон гумон қилиш;

– ўзини яхши кўриш ва ҳавои нафсга берилиш;

– маълум шахсларнинг гапларига мутаассиб бўлиш.

Буларнинг барчаси ахлоқий разилатлар бўлиб, инсонни ҳалокатга олиб борувчи сифатлардан ҳисобланади.

Иккинчидан, фикрий ихтилоф. Бу турдаги ихтилофнинг сабаби турли инсонларнинг қарашлари ҳам турли бўлишига олиб келади. Масалан, бир олимнинг наздида муайян ҳадис саҳиҳ, ҳужжатланишга яроқли деб топилса, айнан ўша ҳадис бошқа олимнинг наздида заиф, ҳужжат олишга яроқсиз деб топилади.

Айнан мана шу сабабдан фиқҳий мазҳабларда ихтилофлар юзага келади.

Мисол учун, бирор бир олим наздида бирор масалада “жоиз” деган фатво берилган бўлса, лекин айнан шу масалада “жоиз эмас” деган саҳиҳ ҳадис келган бўлса, бу нарса ўша олимнинг илми заиф ёки ҳадисдан ҳужжат олишни билмайди, деган маънони англатмайди. Юқорида айтилганидек, ўша масалада келган ҳадис ўша олим наздида ҳужжат олишга яроқсиз деб топилган ёки у ҳадисда “бошқа нарса назарда тутилган” деган хулосага келган бўлиши мумкин.

Масалан, ояти каримада: “ёки аёлларни ушлаган бўлсангиз ва сув топа олмасангиз, пок тупроқ ила таяммум қилинг” (Моида, 06) бу оятда Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ “ушласангиз” маъносини тўғри олиб, аёл кишини ушлаш билан таҳорат бузилади, деганлар. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ эса “ушласангиз” сўзининг маъноси “жимоъдан киноя” деб айтганлар, бу аёл кишини ушлаш билан таҳорат бузилмаслигини билдиради. Кўриниб турибдики, ҳеч бир имом илм жиҳатидан заифҳол эмас, балки бундан икки имомнинг ҳам илми нақадар кучли эканлиги билинади.

Намозда қўлни кўтариш, Басмалани жаҳрий ёки махфий қилиш ҳам шу каби кичик ихтилофлардан ҳисобланади, қайси бир имомнинг фикрига эргашса ҳам гуноҳкор бўлмайди.

Хўш, энди иккисини қилиш ҳам хато ҳисобланмайдиган масалада бир мусулмонни айблаш, ҳақоратлаш қанчалар гуноҳ бўлар экан! Бор илмларини сарфлаб, ижтиҳод қилиб бу масалани ечган олимни ерга уриш-чи, нақадар катта гуноҳ бўлар экан!

Ахир Аллоҳ таоло ижтиҳод қилиш шартларини ўзида жамлаб (Қуръони Карим, ҳадис, араб тили илми, усулул фиқҳ ва шу каби илмларни мукаммал билиш), бир масалада ижтиход қилган олим ижтиҳодида тўғри топса, икки ажр, хато қилса, бир ажр ваъда қилган бўлса.

Демак, биз оддий инсонлар бир мазҳабга эргашсак, бошқа мазҳабга эргашган мусулмонни ерга уришимиз, ҳақоратлашимиз умуман жоиз эмас экан. Мана шу сабабдан мусулмон уммати ажралиб кетиши эса, энг катта гуноҳлардан ҳисобланади.

Саҳобалар даврида мана шундай ихтилофлар кўп бўлган, лекин бу нарса уларнинг бирлигига умуман таъсир қилмаган, балки бир-бирларига ниҳоятда ҳурмат ва улфат ила муомала қилишган.


Матлуба Фозилова

Жаганнат университети (ЖУ) давлат бошқаруви кафедраси ассистенти Риту Кунду 29 йил давомида қиёсий дин бўйича олиб борилган тадқиқотлардан сўнг Исломни қабул қилди.

У facebook ижтимоий тармоғига ўз видеосини юклади ва Исломни қабул қилгани ҳақида маълумот берди.

«29 йилдан сўнг мен Қуръони Каримнинг бангалча таржимасини ўрганмоқдаман. Бундан ташқари, Ҳадис ҳам ўқидим. Аллоҳнинг хоҳиши билан Исломни қабул қилдим» дейди Риту Кунду. — Биласизми, бу ҳақда ҳеч қачон орзу қилмаганман. Бу кўпчилик учун ақл бовар қилмайдиган бўлиб туюлиши ҳам мумкин. Намоз ўқишим кераклигини англадим. Оилам ва дўстларимнинг қаршиликларига қарамай, мен Исломни қабул қилишга қарорим қатъий эканлигини уларга айтдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни севиб қолдим. Нима учун у бизга ажойиб маслаҳат ва кўрсатма берганини тушундим ва Аллоҳга таслим бўлдим.

Риту Кунду Нилпҳамари номли ўрта мактабни тамомлаб, коллежда ўқишни давом эттиради. Кейинчалик Дакка университетининг ижтимоий фанлар факультети давлат бошқаруви бўлимида бакалавриат ва аспирантурани тугатади.

2013 йилда у Рангпур шаҳридаги Бегум Рокея университети давлат бошқаруви бўлимида ўқитувчи бўлиб ишлайди.

2017 йилдан бери Жаганнат университети давлат бошқаруви бўлимида дарс бериб келмоқда.

 

Хуршид Маъруф
тайёрлади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бундан олти йил аввал, 2015 йил, 10 март куни етук аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганлар.

Шу боис, Аҳмад Муҳаммаднинг «Ҳилол» журнали 8-сонида чоп этилган «Шайх Муҳаммад Содиқ «феномени» мақоласи асосида у зотни ёдга олмоқ, ҳаёт йўллари, ибрат ва ўрнаклари ҳамда буюк меҳнатларини хотирламоқни истадик.

Устоз 2000 йили ватанга қайтганидан сўнг диний илмларни ривожлантириш, халқимизни Ислом асослари билан таништириш йўлидаги самарали ижодни давом эттирдилар. У кишининг «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» асарлари кирмаган хонадон юртимизда қолмади ҳисоб.

«Иймон», «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Ихтилофлар ҳақида», «Дин насиҳатдир», «Шоядки тақводор бўлсак», «Поклик иймондандир», «Сунний ақийдалар», «Кифоя», «Одоблар хазинаси», «Руҳий тарбия», «Бахтиёр оила», «Ижтимоий одоблар», «Зикр аҳлидан сўранг» каби юздан ортиқ китоблари мусулмонларнинг том маънодаги маънавий мулкига айланди. Ҳазратнинг китоблари ёшларни маърифатли қилишда, уларга диний тарбия асосида таълим беришда бебаҳо қўлланма вазифасини бажарди, жамиятда жаҳолат ва ихтилофларга барҳам беришда дастуриламал бўлди.

У киши бошчилигида амалга оширилган «Олтин силсила» туркумидаги тўққиз буюк муҳаддис жамлаган ҳадисларни ўзбек тилига ўгириш, изоҳлар ёзиш ва тўплам ҳолида нашр этиш ҳадис илми борасидаги улкан илмий тадқиқотлардан бўлди.

Шайх ҳазратларининг ўнлаб китоблари рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга ўгирилган. У кишининг илмий-маърифий асарлари ҳатто хорижий давлатлардаги ўқувчиларнинг ҳам қўлига бориб етди. Бундан ташқари интернет тармоғида Шайх раҳбарликларида ташкил этилган islom.uz портали доирасида ўнлаб веб-сайтлар ишлаб турибди.

Шунингдек, шайх ҳазратлари бош бўлиб ташкил қилган, у кишининг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиқ бошқараётган «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси бугунги кунда мамлакатимиздаги етакчи нашриётларидан бирига айланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ўткир ақл-заковати, етук илми, суннатга мувофиқ гўзал ахлоқи ва беназир ҳаёт тарзи, диний маърифат тарқатиш йўлидаги буюк хизматлари билан нафақат Ўзбекистон ёки собиқ Иттифоқ, балки бутун дунёда танилди, жаҳон илм аҳли томонидан тан олинди. 

У кишининг Бутунжаҳон Ислом Робитасининг таъсис мажлиси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгаши, Бутунжаҳон Ислом уюшмаси, Бутунжаҳон Тасаввуф уюшмаси, Бутунжаҳон Мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутунжаҳон Даъват уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутунжаҳон мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутунжаҳон Масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби ўнлаб нуфузли Ислом ташкилотлари ва муассасаларининг аъзоси этиб сайланганининг ўзиёқ фикримизга далил бўла олади.

У Саудия Арабистони, Ўрдун (Иордания) ва Покистондаги бир қатор дорилфунунларнинг фахрий профессори этиб сайланган. Бундан ташқари, у жаҳоннинг турли мамлакатларида ўтган халқаро илмий конференция, анжуман, қурултойлар ишида ҳам фаол иштирок этиб, ҳозирги пайтда Ислом дини ва мусулмонлар олдида турган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида мазмундор маърузалар қилган эди.

У жаҳондаги машҳур Ислом уламолари билан яқин дўст эди, улар билан мунтазам мулоқот қилар, мусулмонларнинг ҳозирги муаммоларини биргаликда муҳокама қилар, фикрий ва ақлий жиҳатдан ўшалар билан бемалол тенглаша оларди. Суриялик атоқли олим шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг раиси доктор Юсуф Қарзовий, шу кенгаш Бош котиби доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий, бир неча Ислом фиқҳи академиялари аъзоси доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий, атоқли ҳанафий фақиҳлардан Муҳаммад Тақий Усмоний, мавританиялик шайх Абдуллоҳ ибн Байя, Шинқитий каби жаҳондаги етакчи уламолар шайх Муҳаммад Содиқнинг ҳамфикр, ҳаммаслак дўстлари эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳозирги замондаги ҳақиқий мусулмон олимининг ноёб намунасидир. У шариат илмларини, ижтимоий фанларни чуқур билгани, бой ҳаёт тажрибасига эга бўлгани учун муаммолар туғилган пайтда исломий меъёрларни қўллай биларди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақиқий олим эди. У билимларни эгаллабгина қолмай, балки унга қатъий амал ҳам қилар эди. У ўзи ишонгани ва таълим бергани каби яшар, яшагани каби ишонар ва таълим берар эди. Шунинг учун унинг сўзлари ҳар бир қалбга етиб борарди. У Ислом сари талпинган ҳар бир инсонни эътиборсиз қолдирмас, иши тўлиб-тошиб ётганига қарамай, унга насиҳат қилиш, алоҳида мактуб ёзиб, уни руҳлантиришга имкон топа оларди. У шу тариқа миллионлаб одамлар қалбида иймон чироқларини ёқа олди, минглаб одамларни ҳидоят сари чорлади. 

Ҳазратдаги вақтни ўта қизғаниш ва соатларни эмас, ҳатто дақиқаларни бефойда ўтказмаслик, инсонни бойлиги, мансаби, шуҳратига қараб эмас, Аллоҳга ихлоси ва муҳаббати учун қадрлаш, ҳар қандай бало ва муаммолар қаршисида довдираб қолмай, «Иншааллоҳ, яхши бўлади», деб хотиржам туриш, бирон кишининг кўнглини оғритмай, озор бермай муомала қилиш фақат у кишигагина хос фазилатлар эди.

«Кўпчилик унинг хизматида бўлаётган киши улуғмас, ўзи кўпчиликнинг хизматида бўлган улуғдир», деган ҳикматли гап бор. Шайх ҳазратнинг ҳаёт йўлларига, Ислом умматининг манфаати йўлида қилган хайрли ишларига холис назар ташлайдиган бўлсак, битта олимнинг мусулмонлар учун қилган хизмати ниҳоятда салмоқли бўлганини сезиш унча қийин эмас. Бугун у кишидан кейин шуни ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Шайх ҳазратлари қисқагина фаолиятлари давомида унча-мунча жамоалар қилишга улгурмайдиган катта илмий ишларни, тарғиб ва таълим, насиҳат ваъз-иршодларини амалга ошириб кетдилар. 

У кишининг китоблари кирмаган, ваъз-насиҳатлари янграмаган бирорта ўзбек хонадони қолмади ҳисоб. У киши тарқатган илмлардан бебаҳра қолган деярли биронта мусулмонни учратиш қийин.

У кишини нафақат юртимизда, собиқ Иттифоқдаги бошқа ўлкаларда, ҳатто хорижий мамлакатларда ҳам танишар, ҳурмат қилишар, беҳисоб китобларини ўқишар, мавъизаларини тинглашар эди. Шайх ҳазратлари Ислом илмларининг деярли барча соҳаларида китоблар ёзган, мусулмонларнинг барча саволларига жавоб бера оладиган мужаддид олим эди.

У киши асримизнинг том маънодаги буюк олими эди. Бернард Шоу деган инглиз ёзувчисининг «Майда одамлар ичида ҳам буюклари бор, улуғ одамлар ичида ҳам буюклари бор» деган сўзи бор. Шайх Муҳаммад Содиқ кўпчиликнинг хизматига ҳамиша шай, улуғ одамларнинг ҳам буюкларидан эди.

У Мовароуннаҳр халқларининг чинакам диний раҳнамоси, пири муршиди, насиҳатгўйи эди. У кишининг шиори барча китобларида нақш қилинганидай, «Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, унга амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш» эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф умр бўйи ана шу шиорига содиқ қолди, Аллоҳ розилигини топиш ниятида, дин ғамида фидойилик кўрсатиб яшади.

Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг раҳмати, авфи ва карами билан чулғаб олсин, абадий масканларини жаннат боғлари ичра қилсин!

Бобур Аҳмад тайёрлади.

Манба: islom.uz 11.03.2020.

«Ҳилол» журнали 8-сони.

9 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқовнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бош котиби Гассан ал-Баба билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда 2021 йилда Ўзбекистонда ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг 46- йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда тайёргарлик ишларининг ҳозирги ҳолати, ИТБ ҳамда Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг вакилларидан иборат Ташкилий қўмита ва тегишли ишчи гуруҳлар фаолияти кўриб чиқилди.

Халқаро медиа ва оммавий ахборот воситаларида бўлажак учрашувни кенг ёритишга бағишланган “роуд-шоу” ўтказиш учун банк раҳбарияти шу йил май ойида ИТБ президенти Бандар Ҳажарнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилинди.

Тошкентда бўлиб ўтадиган ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг мазкур йиғилишида банкка аъзо 57 мамлакат, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситаларининг 2 мингга яқин вакили иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг энг муҳим ташаббуслари ИТБ томонидан қўллаб-қувватланишини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда банкнинг инвестиция портфелини оширишни назарда тутган ҳолда, ИТБ билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга имкон яратади.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Асадуллоҳ қори Нуриддинов Имом Ҳафснинг Осим ибн Абун Нажуддан қилган ривояти Шотибия йўли орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санади билан ижоза олди.

Ижозани Қуръон қироати бўйича ижоза соҳиби, кафедра мудири Жаҳонгир қори Неъматов берди.

Маълумот учун, 2015 йилда Тошкент Ислом институти тарихида аёл-қизлар ўртасида илк бор Гулруҳ Кенжабек Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 16 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берган эди. Гулруҳ Кенжабек 2014 йили ўтказилган Республика Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши ғолибаси ҳисобланади. Шунингдек, Робия Нажмиддинова ва Фотима Абдуллаев ҳам Гулруҳ каби Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди. Йигитлардан эса «Таҳфизул Қуръон» кафедраси талабалари Адҳам қори Отахонов ва Фатҳуллоҳ қори Дадаев ҳам муқаддам Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўтган йил Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Ҳикматуллоҳ Рўзалиев ўттиз пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб бергани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот ўрнида: Қуръони каримда 114 та сура, 6 236 та оят ва тахминан 1 015 030 нуқта, белги, 323 670 ҳарф ва 77 934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top