Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент Ислом институти талабаси Қуръон қироати бўйича ижоза олди

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Асадуллоҳ қори Нуриддинов Имом Ҳафснинг Осим ибн Абун Нажуддан қилган ривояти Шотибия йўли орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санади билан ижоза олди.

Ижозани Қуръон қироати бўйича ижоза соҳиби, кафедра мудири Жаҳонгир қори Неъматов берди.

Маълумот учун, 2015 йилда Тошкент Ислом институти тарихида аёл-қизлар ўртасида илк бор Гулруҳ Кенжабек Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 16 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берган эди. Гулруҳ Кенжабек 2014 йили ўтказилган Республика Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши ғолибаси ҳисобланади. Шунингдек, Робия Нажмиддинова ва Фотима Абдуллаев ҳам Гулруҳ каби Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди. Йигитлардан эса «Таҳфизул Қуръон» кафедраси талабалари Адҳам қори Отахонов ва Фатҳуллоҳ қори Дадаев ҳам муқаддам Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўтган йил Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Ҳикматуллоҳ Рўзалиев ўттиз пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб бергани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот ўрнида: Қуръони каримда 114 та сура, 6 236 та оят ва тахминан 1 015 030 нуқта, белги, 323 670 ҳарф ва 77 934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1466 марта ўқилди

Янгиликлар

Top