muslim.uz

muslim.uz

Халқимиз озгина маблағ топса, яхши ниятлар билан тўйга, яхши кунларга деб жамғариб қўяди. Бу халқимизнинг бошқа миллатлардан ажратиб турадиган, мақтовга сазовор, фазилатли хислатларидан десак муболаға бўлмайди. Халқимизнинг бундай мехмондўстлиги қадимдан тилларда достон бўлиб келмоқда. Лекин халқимизнинг ушбу меҳмондўстлик каби фазилати, минг афсуслар бўлсинки, иллатга айланиб қолмоқда.

Бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларда динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, ким ўзарга пойга ўйнаётган айрим инсонларнинг қилаётган хатти-ҳаракатларини кузатадиган бўлсак, ҳеч қайси меъёрларга тўғри келмаётганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, келинларнинг ғарб модалари асосида тикилган қимматбаҳо кийимларни ижарага олишлари, турнақатор тўй картежларининг йўллардаги куракда турмас ҳаракатлари, келин-куёвларнинг миллийлигимиз ва қадриятларимизга умуман тўғри келмайдиган севги қиссаларию, валс тушишлари каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Бу ҳолат фақатгина тўй маросимларидагина эмас, балки мусибат бўлган жойларда ҳам бундан ҳам аянчлироқ бўлган ҳолатларни кузатишимиз мумкин.

Яқин ўтмишда ўтган маърифатпарвар аждодларимиздан Махмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари “Ойна” журналининг 1915 йил, 13-сонида ушбу иллат ҳақида ёзиб: Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, сил-ар-ия (ўпка сили) ва маховликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош (жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман, дея куйинганларида нақадар ҳақ эдилар. Чунки ушбу иллатлар ҳақиқатда ҳам жамиятимизни таг-тагидан емирувчи иллатлар бўлиб, бугунги кунда ушбу дабдабабозлик, хашаматбозлик, ичкиликбозлик ва шу каби ишларга кетаётган маблағларни ҳисоблаб кўрадиган бўлсак миллиардлаган маблағ нафақат ҳавога совурляпти, балки келажагимизга салбий таъсир қиладиган ишлар учун сарф қилаётганлигимиз аён бўлади. Шу маблағларни фарзандларимизнинг илму-маърифат ҳисол қилишлари учун, уларни касби-корли қилиш учун, ишлаб-чиқариш ташкил қилиб, халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, йўлларни обод қилиш, бева-бечораларга ёрдам бериш каби ҳисобсиз тараққиётимизга хисса қўшувчи ишлар турган бир даврда ҳисобсиз маблағларни дабдабабозликка берилиб, исроф қилишимиз ҳеч кечирилмас иллат эканлигини тарих давомида кўплаб гувоҳи бўлганмиз. Муаррихлар айтишадики, тарих такрорлардан иборат, ақлли инсонлар ундан ўзлари учун зарур ибратларни олиб, бахтли хаёт кечиришади, дейишган.

Аллоҳ таъло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп жойларидан марҳамат қилган. Жумладан, Аъроф сураси, 31 оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дея марҳамат қилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Динимиз нафснинг хоҳишларига қул бўлишдан қайтаради. Дабдабабозлик ва исрофгарчилик иллат эса айнан мана шу қайтариққа итоат этмаган инсонлар томонидан содир этилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ исрофчиларни, дабдабабозларни ҳар бир яхшиликнинг душмани, ҳақиқатни кўра билмайдиган, доимо унга қарши турадиганлар, деб сифатлаган. Улар доимо Аллоҳнинг пайғамбарларига ҳам қарши чиққанлар.
«Сабаъ» сурасида шундай дейилган: «Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар» (34-35-оятлар).

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарата Қуръони Каримнинг «Зухруф» сурасида шундай дейди: «Худди шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: «Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз», дедилар» (23-24-оятлар).

Дабдабабозлар ёмон ишларга доим тайёр турган кишилардир. Чунки уларнинг қоринлари тўқ бўлиши, лаззатга берилиши, чўнтаклари пулга тўла бўлиши ҳаётдаги ягона мақсадларидир.

Бехбудийнинг айтишича, яҳудий миллатига мансуб бўлган кишилар, вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида баъзан ўликларини кечаси дафн қилишар экан. Сабаби, кундуз куни ишларидан ва манфаатларидан қолмаслик учун. Биз бўлсак, тўй ва маъракаларимиз учун нафақат кунларимизни балки, ҳафталар, ҳатто, ойларимиз шу ишга бағишлаб, йиллар давомида тўплаган мулкимизни бир онда на дунёмиз, на охиратимизга фойда бермайдиган бир ишга совуриб, юборамиз. Ва энг афсусланарлиси бу ишимиз билан фахрланамиз.

Ваҳоланки, бугун ғарб дунёси ушбу иллатлардан нисбатан ўзини тийиб, илму-маърифат хосил қилишга қилган ҳаракатлари сабаб, фан ва технологиядан, ишлаб чиқариш соҳаларида биздан жуда кўп олдинлаб кетди. Агар теран фикр юритиб ўйлаб кўрадиган бўлсак, ушбу технлогияларнинг асоси бўлмиш илм-фан кашфиётларини бизнинг Ал-Хоразмий, Беруний, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби юзлаб ота-боболаримиз кашф қилганлигини кўришимиз мумкин. Биз эса ўзимизнинг зараримизга хизмат қиладиган ишлар билан овора бўлиб, ота-боболаримизнинг ҳам бизга қолдирган меросларидан тўғри фойдалана олмаяпмиз.

Бизга тўғри йўлни кўрсатувчи шариатимиз ҳам бизни исрофдан, дабдабадан қайтариб, бу иллатлар барча умматни ҳалокатга олиб келади деяётган бўлса, ҳар бир ишимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб қилишга чақириб турсаю, наҳот биз бу ишларда фақат ўз зараримизга хизмат қилаётганимизни англаб етмасак.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида шундай марҳамат қилган: «Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз» (16-оят).

Бу оятнинг мазмунидан шуни англаб етишимиз керакки, жамиятда кенг тарқалган иллат бўлмиш, ҳашаматчилик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўяётганлар бу ишларидан тўхтамас экан, албатта, Яратган зотнинг азобига дучор бўлинади.

Бугунги кунда юртимизда ва дунёда ёрдамга муҳтож бўлган инсонлар жуда ҳам кўп. Мол дунёсида кенгчилик бўлган инсонларни бойлигини тўғри тасарруф қилиб, уни исроф қилиш ўрнига халққа манфаати етадиган ишларга ва ёрдамга муҳтож бўлганлар учун ишлатар экан, ҳам ўзининг молига барака киради, ҳам жамиятни тараққий топтиради.

Бугунги ҳаёт шиддат билан давом қилаётган бир даврда, вақтимизни ва нақдимизни ўзимизга ва миллатимизга зарар-заҳмат келтирувчи иллатлар йўлида исроф қилмасдан, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаравонлиги, фарзандларимиз маърифати, динимиз ривожи учун сарф этар эканмиз, албатта бу ишларимиздан дунёю охиратда фойда топжагимиз шубҳасиздир.

 

 

Раҳимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари

 

Вторник, 26 Ноябрь 2019 00:00

Ҳалимлик мўминлар сифати

Ҳалималик инсоннинг жуда ноёб фазилатларидан бири ҳисобланади. Ҳалималик хислатига эга бўлган кишининг даражаси юқори, ҳурмати баланд, қадр-қиммати олий, Аллоҳ ҳузурида ва одамлар орасида иззат ва даражаси етук ва мукаммал булади. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аъша Абдулқайсга: «Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша хислатингни яхши кўради. Улар ҳалимлик ва босиқликдир», деганлар. (Имом Муслим ривояти)

Шунингдек, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга дўзахга ҳаром кишининг ёки дўзах унга ҳаром бўлган кишининг хабарини берайми? У биродарларига ҳожат вақтида яқин турадиган, тавозеъли ва мулойим кишидир», дедилар (Имом Термизий ривояти). Бу хислат “Мулойимлик билан илон чиқар инидан”, “Камтарга камол, манманга завол” каби халқимиз мақолларида ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, халқимиз шоирларидан бири камтарлик тўғрисида чиройли ташбеҳ қилиб хокисорлик ҳақида шеър битганлар:

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,

Пиёлага эгилар чойнак.

Шундай экан, манманлик нечун,

Кибру ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам

Ўтма ғурур остонасидан.

Пиёлани инсон шунинг-чун

Ўпар доим пешонасидан.

Биз ҳар қандай мартабага эга бўлмайлик, Аллоҳ таоло бизларни мақомга кўтариб қўйган бўлмасин, биз умматлар учун Расуллулох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли насиҳатлари қулоғимиздан кетмаслиги лозим, чунки, у Зот шундай марҳамат қилганлар: “Дунёда бирор нарса баланд бўлса, Аллоҳ таоло уни пасайтирур”,

Яна бир ҳадиси қудсийда Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтадилар: “Аллоҳ таоло деди: Кибриё - ҳамма нарсадан устун бўлишлик кўйлагимдир ва Азамат - ҳамма нарсадан кўра улуғ бўлиш изоримдир. Бас, кимийки мана шу иккала сифатимдан бирида мен билан талашса, уни дўзахга улоқтираман”.

Парвардигори олам бизларга Қуръони каримда Луқмони Ҳакимнинг ўғлига тарбия бериб айтган насиҳатини келтириб, шундай марҳамат қилади: “Эй ўғилчам, намозингни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта бу ишлар азму-қарор билан адо этиладиган ишлардандир. Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру-хаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло кибру-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас. Юришингда муътадил бўл ва овозингни пасайтир, чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир” (Луқмон, 17-18).

Жарир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди”, деганлар. (Имом Муслим ривояти)

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен учун энг севимли ва менга қиёмат кунида мақом жиҳатидан энг яқин зот кимлигини айтайми?”, деб уч маротаба сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа айтинг, Ё Расулуллоҳ”­­­­­-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хулқи яхшиларингиз ва ҳалимларингиздир”, деб башорат бердилар.

 “Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бозорга чиқдилар. Бозордан бир қоп пиёз сотиб олибдиларда, ўша бир қопни елкаларига олиб кетаверибдилар. Ўша пайтнинг подшоҳи, амирул муъминин бир қоп пиёзни елкаларига олиб кетмоқдалар. Сотувчи дарҳол қопга ёпишиб: “Эй амирал мўминин, қопни менга беринг, сиз қопни кўтаришлигингиз уят бўлади, менга беринг”, деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дедилар: “Бу қопни кўтаришликда бир нечта хислат бор: Аввало, ўзим учун, оилам учун хизмат қиляпман. Иккинчидан, мен ўзим кўтара оламан. Яна бир кишини орқамдан эргаштиришимнинг ҳожати йўқ, чунки унинг ҳам ўзига яраша бир фойдали меҳнати бор албатта. Учинчидан, сиз олдин кетсангиз мен орқангиздан борсам кибрланиб кўкрагим кўтарилади. Агар кўтарилган кўкрагимни Аллоҳ босса дунё ва охиратим куйиб кетади, пиёзни кўтарсам, кўкрагим пасаяди, Аллоҳ таоло кўради ва мендан рози бўлади. Яна бир нарса эсимдан чиқмасинким, кечагина Умарча эдим, бугун Умар бўлдим. Умар бўлиб қолишим, Умар бўлгандан кейин ҳам ўзгармаслик керак”, деган эканлар.

Ушбу воқеага гувоҳ бўлган саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Ким ўз юкини ўзи кўтарса, кибрдан холи бўлибди”. Абу Дардо розияллоҳу анҳу эса: “Модомики, ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади”, дедилар.

Албатта, ушбу оят ва ҳадисларда келган насиҳатлар ҳар бир ўсиб келаётган ёшлар учун дастуруламал бўлмоғи лозим. Ана шунда биз илоҳий ҳикматни англаб етган бўламиз.

 

Раҳимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари

Понедельник, 25 Ноябрь 2019 00:00

Водий бўйлаб сафарлар давом этмоқда

Меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тушунчалардир. Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами давлатимиз томонидан алоҳида ҳимояга олингани, уларга муносиб турмуш шароити яратиш борасида қилинаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиш лозим.

Аввал хабар бериб ўтганимиздек , Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов ҳазратлари ва  Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур  Ахмедов ва Водий вилоятлари бўйлаб халқимиз билан учрашувлари давом этмоқда. Галдаги манзил Фарғона вилоятининг  Сўх туманига бўлди.

Ушбу гўшадаги илк ташриф маърифат маскани бўлган мактабга бўлди. Бу ерда мактабда таҳсил олаётган ўқувчилар билан очиқ ва самимий суҳбат бўлиб ўтди. Сўнгра, ўқувчиларга турли мазмундаги ўқув-адабиётлари тортиқ қилинди.

Шунингдек, туманда фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳамда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги доруломон кунларга шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга тўхталиб ўтилди. Йиғилиш сўнгида кам таъминланган, ногирон ва моддий ёрдамга муҳтож инсонларга ногиронлик аравачалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар тақдим этилди.

Куннинг иккинчи ярмида Фарғона вилояти имом-хатиблари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйлаб Саудия Арабистонига Умра ибодатини адо этиш учун жўнаб кетган зиёратчиларимиз мамлакатимизга соғ-омон етиб келдилар.

Таъкидлаш керакки, улар учун Мадина ва Макка шаҳарларида барча қулай шарт-шароитлар яратилди.

Юртдошларимизга Мадина шаҳрида Масжиди Набавийга яқин жойда жойлашган 5 юлдузли “Пулман зам-зам” меҳмонхонаси ва Макка шаҳрида эса “Ҳарам масжиди”дан 600-700 метр узоқликда жойлашган “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари хизмат кўрсатди.

Бу эса, зиёратчиларимизга беш вақт намозларини Ҳарами шарифда адо этиш имкониятини яратди. Шунингдек, ҳар икки меҳмонхоналарда зиёратчилар учун ўзбек миллий таомлари (суюқ ва қуюқ), сарҳил мевалар, турли ичимликлар ва ширинликлар мунтазам равишда тортиқ қилинди.

Меҳмонхоналарда зарур дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари 24 соат давомида зиёратчиларимиз соғлиқларини назорат қилиш ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам бериш мақсадида фаолият кўрсатди.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, юртдошларимиз Умра амалини тўлиқ ва беками кўст адо этдилар.

Зиёратчиларни Саудия Арабистони Подшоҳлигида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Аллоҳ таоло зиёратчиларимизнинг қилган Умра ибодатларини муборак ва қабул айласин!

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи: Шаҳзод Шомансур

Top