Ўзбекистон янгиликлари

Илк зиёратчиларимиз Ватанимизга соғ-саломат қайтишди

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйлаб Саудия Арабистонига Умра ибодатини адо этиш учун жўнаб кетган зиёратчиларимиз мамлакатимизга соғ-омон етиб келдилар.

Таъкидлаш керакки, улар учун Мадина ва Макка шаҳарларида барча қулай шарт-шароитлар яратилди.

Юртдошларимизга Мадина шаҳрида Масжиди Набавийга яқин жойда жойлашган 5 юлдузли “Пулман зам-зам” меҳмонхонаси ва Макка шаҳрида эса “Ҳарам масжиди”дан 600-700 метр узоқликда жойлашган “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари хизмат кўрсатди.

Бу эса, зиёратчиларимизга беш вақт намозларини Ҳарами шарифда адо этиш имкониятини яратди. Шунингдек, ҳар икки меҳмонхоналарда зиёратчилар учун ўзбек миллий таомлари (суюқ ва қуюқ), сарҳил мевалар, турли ичимликлар ва ширинликлар мунтазам равишда тортиқ қилинди.

Меҳмонхоналарда зарур дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари 24 соат давомида зиёратчиларимиз соғлиқларини назорат қилиш ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам бериш мақсадида фаолият кўрсатди.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, юртдошларимиз Умра амалини тўлиқ ва беками кўст адо этдилар.

Зиёратчиларни Саудия Арабистони Подшоҳлигида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Аллоҳ таоло зиёратчиларимизнинг қилган Умра ибодатларини муборак ва қабул айласин!

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

2316 марта ўқилди

Янгиликлар

Top