muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 09 Февраль 2019 00:00

Жарир ибн Абдуллоҳ

Тўлиқ исми: Жарир ибн Абдуллоҳ ибн Жобир ибн Молик ибн Наср ибн Саълаба, Абу Амр – Абу Абдуллоҳ ҳам дейилган – Бажалий. Яман қабилаларнинг бири Бажийла (ҳозир эса Бани Молик қабиласи дейилади) қабиласига мансуб буюк саҳоба. Туғилган санаси маълум эмас.

Сийрати: Жарир узун бўйли, гўзал суратли бўлган. У шоир ва хатиб ҳам бўлган. Унинг жуссаси ўта катта бўлган. Бунинг далили қуйидаги ривоятда айтилган: “Суфён бундай деган: “Менга Жарир ибн Абдуллоҳнинг ўғли Жарирнинг ковушини узунлиги бир зироъ (48-50 см) бўлганини айтган”. Жуссаси катталиги учун у отга ўрнашмаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилган. Шунда У зот унинг ҳақига сабот тилаб яъни отга ўрнашадиган бўлишини сўраб дуо қилганлар: Жарир ибн Абдуллоҳнинг ўзидан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен отга ўрнашмайдиган бир одамман”, дедим. Шунда У зот муборак қўлларини юзимга қўйдилар – Яҳё ал-Қаттоннинг ривоятида “Шунда У зот муборак қўлларини кўксимга қўйдилар – да “Аллоҳим уни ҳар жойда ва ҳар доим собитқадам айлагин ва тўғри йўлни топган йўлбошчи қилгин”, деб дуо қилдилар...”.  

Фарзандлари: Амр – бу зот Абу Зуръа ибн Амр ибн Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий номи билан машҳур, саҳиҳ ҳадис китобларда 220 дан зиёд ривоят қилган ҳадислари келтирилган муҳаддиснинг отасидир. Башир, Холид, Зиёд, Муҳаммад, Абдуллоҳ ва Язид, Мунзир, Убайдуллоҳ, Иброҳим...

Набиралари: Абу Зуръа ибн Амр ибн Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий, Жарир ибн Язид ибн Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий(айнан шу набираси 126-ҳижрий санада Басра волий-ҳокими этиб тайинланган. Саҳиҳ ҳадис китобларда ундан олтита ҳадис ривоят қилинган. Ҳадис ровийлари табақалари таснифига кўра бу зот тобеинларнинг катталари қаторида саналади).

Кимлардан ҳадис ривоят қилган? Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамда Умар ва Муовия (разияллоҳу анҳум)лардан ҳадис ривоят қилган.

Ундан кимлар ривоят қилган? Ундан фарзандлари Мунзир, Убайдуллоҳ, Иброҳим, набираси Абу Зуръра ибн Амр ибн Жарир, улардан ташқари Шаъбий, Қайс ибн Ҳозим, Ҳумом ибн Ҳорис, Абу Воил ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.

Қачон мусулмон бўлган? Унинг қайси вақтда мусулмон бўлгани ҳақида турли фикрлар бор: Имом Ибн Касир “Ал-Бидоя ван-ниҳоя”да бу ҳақда бундай деган: “У “Моида” сураси нозил бўлгандан сўнг, ҳижратнинг ўнинчи йили, рамазон ойида мусулмон бўлган... Имом Ибн Ҳажар Имом Шаъбийдан “Унинг мусулмон бўлган вақти ҳижрий ўнинчи йилдан илгарироққа тўғри келади”, деган ривоятни нақл қилган. У билан бирга қавмидан эллик киши ҳам келиб, барчалари биргаликда иймон келтирганлар.

Абу Умар: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган йили мусулмон бўлган”, деган. Жарир ибн Абдуллоҳнинг ўзлари эса: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этишларидан қирқ кун илгари ислом динини қабул қилганман”, деган.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг у ҳақидаги сўзлари:

Имом Ибн Касир “Ал-Бидоя ван-ниҳоя”да: “У Мадинага келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга хутба-мавъиза қилиб турган эдилар. Узотга нимадир маълум бўлдию, тўсатдан мавъизаларининг орасида: “Мана бу дара томондан сизнинг ҳузурингизга яманликларнинг энг яхши кишиларидан бири келади. Унинг юзида фаришта сиймоси бор, яъни юзи фариштадек гўзалдир”, деган эдилар.

Муғира ибн Шиблдан ривоят қилинади: “Жарирнинг ўзи бундай деган: “Мадинага яқинлашганимда уловимни чўктиридим, жомадонимнинг оғзини ечдим ва (меҳмонбоп)кийимимни кийдим. Масжидга кирсам, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба-мавъиза қилаётган эканлар. Негадир одамлар менга тикилиб қараб қолдилар. Шунда ёнимда ўтирган кишига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен ҳақимда бирор нарса айтдиларми?”, дедим. У бундай жавоб берди: “Ҳа, сени гўзал сўзлар ила ёдга олдилар: хутба-мавъиза қилиб турган эдилар. У зотга нимадир маълум бўлдию, тўсатдан: “Мана бу дара томондан сизнинг ҳузурингизга яманликларнинг энг яхши кишиларидан бири келади. Унинг юзида фаришта сиймоси бор яъни юзи фариштадек гўзалдир”, дедилар”. Бу воқеани тинглаб, беихтиёр Аллоҳга ҳамд айтдим”. Имом Аҳмад ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларини унга таъсири:

Жарир ибн Абдуллоҳнинг ўзлари айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан номаҳрам аёлга беихтиёр кўз тушиб қолишининг ҳукми ҳақида сўраган эдим, У зот менга кўзимни бошқа томонга буришимни буюрдилар".

Яна у зот айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга ҳамда барча мусулмонларга хайрихоҳ бўлишга байъат яъни сўз бериб, ваъда қилганман”. Имом Бухорий ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга юксак эътиборлари:

 Ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан бирга ўтирганларида ридоларини унинг остига тўшаган ва: “Агар сизнинг ҳузурингизга бир қавмнинг улуғ ва ҳурматли кишиси келса, унга иззат-икром кўрсатинглар!”, деган эканлар.

Имом Аҳмад бундай деганлар: “Бизга Муҳаммад ибн Убайд, унга Исмоил, унга эса Қайс Жарирдан ривоят қилган. Жарир: “Мусулмон бўлганимдан буён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қачон кирмоқчи бўлсам ҳам, У зот бирор марта мени тўсмаган яъни изн бермаган ҳоллари бирор марта ҳам бўлмаган. Ва мени қачон кўрган бўлсалар, юзимга табассум қилганлар”, деган.

Унинг сўзининг бошқаларга таъсир даражаси:

Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий Зил Килоъ Ҳимярий ва Зи Амрларнинг олдига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг элчиси сифатида уларни исломга чорлагани борди. Унинг чақириғи сабаб улар мусулмон бўлдилар. Жарир уларнинг ҳузурларида эканида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганлар. 

Саҳобаларнинг у ҳақидаги мақтовлари:

Жарир ибн Абдуллоҳ ўта чиройли киши бўлгани учун Умар разияллоҳу анҳу: “Жарир бу умматнинг Юусуфидир”, деганлар.

Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу эса: “Жарир бизга аҳли байт(ўз оила-аъзоларимиздек)дир”, деганлар.

Бир шоир эса бундай деган:

Жарир бўлмаса гар, ҳалок эди Бажила,

У зўр йигитдир бироқ, улар ёмон қабила!

Илмий даражаси:

У кучли заковат эгаси, буюк муҳаддис, ўз дини ишларининг билимдони, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан бир неча ҳадислар ривоят қилган. Шуниндек, олимлар уни кўзга кўринган фатво айтувчи саҳобалар қаторида санагаганлар.

Ундан нечта ҳадис ривоят қилинган?

“Тўққиз саҳиҳ ҳадис китоб” номини олган ҳадис китобларида ундан 300 дан зиёд ҳадис ривоят қилинган.

Унинг ўта ҳассос ва нозиктаъблиги:

Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилинишича, бир куни Умарнинг ўзи одамларга имом бўлиб, бомдод намозини ўқиб берди. Шу аснода ортидаги бир кишининг таҳорати бузилганини эшитиб қолди. Намозни тамомлагач: “Таҳорати бузилган киши таҳорат қилиб, намозини қайта ўқиб олсин”, деди. Лекин ҳеч бир киши ўрнидан турмади. Шунда Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий: “Эй мўминлар амири! Ҳаммамиз биргаликда таҳорат қилиб, намозни қайта ўқисак нима дейсиз?”, деди. Умар бу фикрни маъқуллади ва унга: “Сен жоҳилият даврида ҳам доно киши эдинг. Исломда эса фақиҳсан”, деди ва барчалари туриб, таҳорат қилиб, намозни қайта ўқидилар".

Унинг баъзи ҳикматли сўзларидан намуна:

Алдов ва чиркин сўзларни сўзлашдан соқовлик яхшироқдир.

Унинг ўз қавмига муҳаббати:

Жарир ўз қавми Бажила (Бани Молик)ни жуда яхши кўрар эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қавмини яхши кўриши ҳақида айтиб, У зотдан уларнинг ҳақларига кўп дуолар олар эди. Ҳатто У зотдан “Албатта, сен араб қабилалари орасида ўзингни тарқоқ қавмингни бирлаштирасан”, деган ваъда-башорат ҳам олган эди. Ҳазрат Умарнинг даврида худди шундай бўлди ҳам: тарқоқ қабиласини бирлаштиришнинг уддасидан чиқа олди.

У зотнинг фитна вақтида тутган йўли:

Жарир ибн Абдуллоҳ Куфа шаҳрида яшаб, у ерда ўзига бир ҳовли қурган. Сўнг Усмон(разияллоҳу анҳу уни Ҳамазонга волий-ҳоким этиб тайинлаган. У бу вазифасида Али разияллоҳу анҳунинг халифалигининг сўнги йилларига қадар хизмат қилган. Сўнг Али разияллоҳу анҳу уни ҳузурига чорлаб, Муовияни Халифа Алига итоат этишга даъват қилиш учун элчи қилиб юборган. Музокараларнинг фойдаси бўлмагач, Жарир Али ва Муовия орасидаги фитнадан ўзини четга олган ва оила-аъзоларини олиб, Фурот дарёси бўйидаги Қирқисия шаҳрига кўчиб кетиб, то вафот этгунга қадар у ерда яшаган.  

Вафоти:

У зот ҳижрий 51-йилда (54-йил ҳам дейилган) Фурот дарёри бўйида, Дайризур шаҳри яқинидаги  Қирқисия шаҳрида вафот этган.  

 

 

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири

Баҳодир Баҳромжон ўғли

Суббота, 09 Февраль 2019 00:00

Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ

Тўлиқ исми: Убайдуллоҳ ибн Абдул Карим ибн Язид ибн Фаррух ар-Розий. Куняси Абу Зуръа. Ҳижратнинг 200 йили Эроннинг Рай шаҳрида дунёга келди. Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ 13 ёшида илм излаб Куфа шаҳрига бориб, у ерда ўн ой истиқомат қилиб, ўз юртига қайтиб келган. Иккинчи бор илм сафарига чиқиб, ўн тўрт йил Ватанидан йироқда яшаган. У ўттиз икки ёшда одамларга ҳадис айтиб, ҳадис илмидан дарс бера бошлаган.

Сийрати: Буғдойранг, қора соқолли, озғин ва гавдаси ўртачадан келган, зеҳни ўткир эди. Сийрат ва тарих манбаларида Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳнинг зеҳни кучли бўлгани учун «Саййидул Ҳуффоз» яъни “ҳофизлар (ёд олувчилар) саййиди” деб келтирилган.  

Илм йўлида: Ҳадис ва араб тилини мукаммал ўрганиб, шу соҳада олимга айланди. Муҳаммад ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Найсабур шаҳрида Исҳоқнинг ҳузурида эдим. Ироқлик бир киши: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалнинг: “Ўзи етти юз мингдан кўпроқ саҳиҳ ҳадис бор. Мана бу йигит – Абу Зуръа олти юз мингта ҳадисни ёд олган”, деяётганини эшитдим”, деди”.

Макка, Мадина, Ироқ, Шом, Хуросон ва Миср каби ўша даврнинг илм марказларида илм излаб, буюк муҳаддислардан ҳадислар ривоят қилган. Жумладан, Муслим ибн Иброҳим, Аҳмад ибн Юнус, Халлод ибн Яҳё, Муҳаммад ибн Саид ибн Собиқ, Абу Собит Маданий, Ҳакам ибн Мусо, Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Букайр каби буюк зотлардан ҳадис ривоят қилган.

Шогирдлари: Муҳаммад ибн Муслим, Абу Исо ат-Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа, Исҳоқ ибн Мусо ал-Ансорий, Ҳармала ибн Яҳё, Рабиъ ибн Сулаймон каби машур муҳаддислар Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирди бўлиб, у зотдан кўплаб  ҳадислар ривоят қилишган.

Асарлари: Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ илм талаби, ҳадис ривоят қилиш билан бир қаторда «Китобул-муснад», «Ал-Фавоид», «Ал-Фазоил», «Китобуз-Зуҳд», «Китобул-жарҳ ват-таъдил», «Китобус-Савм», «Китобул-одоб», «Китобул-фароиз» ва «Китобул-атъима» каби  кўплаб асарлар таълиф этган.

Уламолар эътирофи: Абу Бакр Хатиб раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ раббоний илм соҳиби, ҳадисларни пухта ўзлаштирган ҳофиз, муҳаддисдир. У Аҳмад ибн Ҳанбалнинг дарс ҳалқасида қатнашган буюк олимдир”, деган.

Абу Бакр Фазл ибн Аббос Розий раҳматуллоҳи алайҳ  айтади: “Мен Мадина шаҳридаги Абу Мусъаб роҳимаҳуллоҳнинг уйига бордим. Абу Мусъаб роҳимаҳуллоҳ чиқиб, “Қаердан келдинг?, деди. “Рай шаҳридан”, дедим. Абу Мусъаб роҳимаҳуллоҳ: “Абу Зуръани ташлаб, менинг олдимга келдингми? Мен Имом Молик ва ундан бошқа кўплаб олимларни кўрдим. Лекин икки кўзим ҳали Абу Зуръага ўхшашини кўрмаган”, деди.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мен ҳар бир ёзган китобимни Абу Зуръа Розий раҳматуллоҳи алайҳига кўрсатганман. У зот бирор ҳадисни бу иллатли деса уни қўйиб, саҳиҳ деганини китобимга киритганман.

Буюк муҳаддис Абу Зуръа Розий раҳматуллоҳи алайҳнинг фоний дунёдан кетар вақтлари яқин, ҳузурида шогирдлари Абу Ҳотим Розий ва Муҳаммад ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳимолар бор эди. Икки шогирд Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳига шаҳодат калимасини талқин қилиб турмоқчи бўлдилар. Лекин устознинг ҳузурида шаҳодат калимасини овоз чиқариб айтиб туришга ҳаё қилдилар. Чунки Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ иккисига ҳам ҳадис ўргатган устоз эди. Икки шогирд устознинг олдида, “Кимнинг охирги гапи “Ла Илаҳа иллоллоҳ” бўлса, жаннатга киради”, деган ҳадисни музокара қилишни келишиб олдилар. Устознинг олдига кириб, Муҳаммад ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ: “Менга Заҳҳок ибн Махлад Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган эди. У Солиҳ”, дедию, ҳолатнинг оғирлиги ва Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳининг қийин аҳволда қолганига маҳзун бўлиб, тили тутилиб, бирор сўз айтолмай қолди.

Энди навбат Абу Ҳотим раҳматуллоҳи алайҳига келди. У: “Бизга Бундор айтган, унга Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган, У Солиҳ”, деди-да, у ҳам шеригидек, тўхтаб қолди.   

Шунда Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўтиришимга ёрдам беринглар!”, деди. Ўтириб олгач, ўзини тутиб, қоматини тиклаб, олди-да: “Бизга Бундор айтган, унга Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган, У Солиҳ ибн Абу Ғарибдан, у эса Касир ибн Мурра Ҳазрамийдан, у Муоз ибн Жабалдан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг охирги гапи “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дедию Аллоҳ лафзининг “ҳ” ҳарфини айтишда қориндан чиқувчи ҳаво оқими билан бирга муборак руҳи ҳам чиқиб кетди. Аллоҳ раҳмат қилсин. Дарҳақиқат, унинг сўнги гапи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлди. Бутун умр шу муборак калимага садоқат билан ҳаёт кечирган эди. Шу калима билан вафот этиш ҳам насиб қилди. Шу калимани ҳаммага ўргатиб, тавҳид эътиқодига чин ихлос ва муҳаббат билан яшаб, сўнги нафасда ҳам муборак каломни тилда айтиб туриб вафот этди!

Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ 264 ҳижрий йили вафот этган. 

 

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири

Баҳодир БАҲРОМЖОН ЎҒЛИ  

 

 

Суббота, 09 Февраль 2019 00:00

Биз сиз билан биргамиз

Аввалроқ хабар қилганимиздек, 2019 йилнинг 17 январь куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 300 дан зиёд эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан диний-маърифий тадбир ўтказилган эди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилганди.

Ана шу хайрли тадбир сўнгида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида манзилли тарзда шундай суҳбат кечаларини ташкил этишга келишиб олинган эди. Режага мувофиқ тадбирларнинг дастлабкиси Чирчиқ шаҳри, Қибрай ва Бўстонлиқ туманлари учун Чирчиқ шаҳридаги “Марказий” жоме масжидида жорий йилнинг 24 январь куни ўтказилганди.

Бугун – 2019 йилнинг 7 февраль куни – бошланган эзгу ишнинг давоми ўлароқ манзилли диний-маърифий тадбир Ангрен, Оҳангарон ва Олмалиқ шаҳри, Оҳангарон, Пискент туманлари учун Олмалиқ шаҳридаги “Рамазони шариф” жоме масжидида бўлиб ўтди.

Унда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпиева, Олмалиқ шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси К.Умаралиева, “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари Б.Тангировалар иштирок этди.

Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов кириш сўзи билан очиб бердилар ва йиғилганларга Ислом, унинг арконлари, қирқ фарз, ота-онага яхшилик қилиш, қўшничилик муносабатлари ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Шундан сўнг, масжидга ташриф буюрган эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг муаммолари тингланди, фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Аниқланган маълумотларга кўра, вилоят ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда уларнинг меҳнат қилиш, уй-жой, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалаларини ечишга ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Наврўз умумхалқ байрами арафасида 3 нафар кам таъминланган, эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг никоҳ тўйини ўтказиб беришга келишиб олинди.

Тадбир сўнгида ҳомийлар томонидан ташриф буюрган 80 нафар эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларга 4 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

Диний-маърифий тадбир хайрли дуолар, эзгу истаклар, иштирокчиларнинг қалбидаги қувонч ва юзларидаги табассум билан якунланди.

 

 

 

Манба: http://fitrat.uz

 

2019 йилнинг 9 февраль куни «Hilol-nashr» нашриёт-матбаа уйида фазилатли ШайхМуҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг рус тилидаги навбатдаги китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тақдимотда МДҲ мамлакатлари, турли хил ташкилотлар, корхоналардан  фахрий меҳмонлар, диний ўқув муассасалариинг ўқитувчилари ва талаблари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тақдимотда таъкидланишича, ҳозирги кунгача чоп этилиб келинаётган ва улардан миллионлаб ўқувчилар, шу жумладан электрон ресурсларнинг фойдаланувчилари фойдаланиб келаётган, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб кўплаб фундаментал ва қомусий илмий китоблар уларнинг Ислом дини ва Ватани олдидаги улкан хизмати ҳисобланади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини қисқа тарзда мана бундай таърифласа бўлади:

Биринчидан, улар ислом динини унинг ҳақиқий кўринишида тақдим этишга йўналтирилган; уларда маълумотлар дин ҳақидаги билимларни беришдаги омонатга риоя қилган ҳолда, ҳаққоний келтирилган. 

Иккинчидан, улар Исломдаги мўътадиллик тамойили – васатийлик руҳида ёзилган.

Учинчидан, уларнинг китобларида исломий тушунчалар объектив тушунтиришлар, китобхонларнинг энг кенг доирасига мўлжалланган, унчалик мураккаб бўлмаган тушунарли ва содда шарҳлар билан баён қилинади. Бу эса, уларнинг китоблари қарама-қаршиликлар ва келишмовчиликларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ва нуқтаи назарлардан холи эканлигидан далолат беради.

Тўртинчидан, муаллифнинг китоблари уларнинг аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мувофиқ руҳда ёзилганидир.  

Бешинчидан, Шайхнинг китобларида таъриф қилинаётган бошқа динларга Исломнинг муносабати мусулмон дунёсининг ҳақиқий юзини акс эттиради – ушбу китоблар диний бағрикенглик ва динлараро тотувлик руҳи билан сингдирилган.

Тадбир чоғида таъкидландики, бизнинг минтақамизни  МДҲ мамлакатларининг улкан ҳудуди ўраб турибди, улардаги деярли барча мусулмонлар рус тилида сўзлашишади, ушбу тилни тушунишади, эркин тарзда рус адабиётини мутолаа қилишади. Ушбу улкан ҳудуднинг мусулмонлари ягона ислом мактабининг тарафдорлари ҳисобланишади.  

Тақдимотда нутқ сўзлаганларнинг фикрига кўра, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ушбу ҳудуд мусулмонларининг етакчиларидан бири сифатида, мусулмонларда ҳақиқий билимларни олиш имкони бўлиши учун одамларга Исломнинг асосларини тушунтириб бериш, уларга ислом таълимотнинг тўғри талқинини етказишни ўзларининг бурчлари, деб ҳисоблардилар.

Шайх шу ерда, МДҲ мамлакатлари ҳудудида ўсиб, улғайганлари учун бу муҳитда яшар, турмушнинг барча ўзига хос хусусиятлари, менталитети, маҳаллий мусулмонларнинг урф-одатдарини яхши билар ва шунинг учун бизнинг муаммоларимизнинг моҳиятини яхши англар эдилар. Боз устига, бошқа таржималарнинг муаллифларидан фарқли равишда, Шайх  чинакам ислом олими, яъни диний уламо эди.

Шайхнинг китоблари бизнинг катта минтақамиз ва давримизнинг шарт-шароитлари ва талабларидан келиб чиқиб ёзилган эди.

Шунинг учун ушбу илмий меросларни рус тилига таржима қилиш талаб қилинарди.

Бундай объектив заруратдан ташқари, бир қатор субъектив сабаблар ҳам бор эди. Ўша тўқсонинчи йилларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китобларини рус тилига таржима қилиш тўғрисидаги илтимослар билан уларга обрўли уламолар, диншунослар, шунингдек маънавият масалалари бўйича мутахассислар мурожаат қилишарди. Таржима тўғрисидаги асосли илтимослар МДҲ мамлакатларининг сиёсатчилари, дипломатлари, турли соҳаларнинг мутахассисларидан келиб тушар эди.

Ўз вақтида кўпчиликнинг қайд этишича, Россия ва бошқа мамлакатларда асосан мўътадил Исломга зид келадиган турли хил исломий оқимлар тарафдорларининг китоблари таржима қилиниб, кенг тарқатилар эди. Ушбу китобларни ўқиётганлар орасида тушунмовчиликлар юзага келарди, қарама-қаршиликлар пайдо бўларди. Шу сабабли вазиятни ўнглаш учун Шайх китобларининг таржималарини чоп этиш зарур эди.   

Шуни таъкидлаш лозимки, уларнинг ўзбек тилида чоп этилган биринчи китобларидан кейиноқ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларини таржима қилишга эҳтиёж пайдо бўлди.   

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва уларнинг сафдошлари илк бор ўтган асрнинг 90-йилларида рус тилига муқаддас Қуръоннинг маъноларини таржима қилишга киришишди. Ўрта Осиё мусулмонлари диний идорасининг рус тили бўйича мутахассислари гуруҳи «Тафсири Ҳилол»нинг 29- ва 30- пораларини таржима қилишди. Ушбу икки жилд чоп этилди, уларни кўпчилик ўқиб чиқди ва бу ишни маъқуллашди.

Ўша пайтларда ҳали мамлакатимиздан ташқаридаги катта ҳудуднинг эҳтиёжларини қондириш ва бошқа тилларда китобларни чоп этиш  учун ҳали имкониятлар йўқ эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўзбек тилидаги китобларнинг чоп этилиши ва кенг тарқатилиши йўлга қўйилганидан кейин бошқа тилларга китобларни таржима қилишга эътибор қаратиш учун ҳам имконият пайдо бўлди. Жойларда Шайхнинг айрим асарлари мустақил равишда озарбайжон, қозоқ, қирғиз, қўмиқ, тожик, туркман, татар ва рус тилларига таржима қилинаётганлиги тўғрисида хабарлар келиб туша бошлади.  Кўпчилик аввалдан Шайхнинг шахсан рухсатларини олишар эди.

Секин-аста Шайх бошчиликларида таржимон ва муҳаррирлар гуруҳи тузилди, уларнинг китоблари рус тилида чоп этила бошланди.

Россия ва МДҲ мамлакатлари ҳудудида билим даражасини ошириш ва зиддиятларни бартараф этишга қаратилган чинакам исломий китобларнинг тарқатилиши, умуман олганда Ислом динининг мустаҳкамланиши, унинг тарафдорлари сони кўпайиши, ушбу тарафдорларнинг бирлиги ва бирдамлигига хизмат қилиши, шунингдек ўз билимларининг етарлича бўлмагани оқибатида Исломнинг васатийлик йўлидан оғганларни тўғри йўлга туриб олишига ёрдам бериши керак эди.  

Амалиётнинг кўрсатишича, биринчи рус нашрларининг ўзиёқ Шайх эзгу ишларининг самарасини кўрсатиб бера олди. Буни кўпчилик тан олади.

– Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, бугунги кунда давлат миқёсида буюк олим ва арбоб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг хотираларига эҳтиром билдирилмоқда, –  таъкидлади Шайхнинг ўғиллари Исмоил Муҳаммад Содиқ. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларига кўра Тошкентда, бу ерда, бизнинг ёнимизда,  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи билан аталадиган, маърифат маркази билан биргаликдаги масжид мажмуаси жадал суръатларда бунёд этилмоқда.

Бизнинг шайхимиз ўз ҳаётларини Аллоҳ таолонинг ҳақиқий динига чақириш, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига эргашиш, мусулмонларнинг маърифатли бўлиши, билимларнинг тарқатилиши, ёшларнинг тарбияси, жамиятнинг мустаҳкамланишига бахшида этдилар.

Шайхнинг ишлари давом этмоқда.

Тантанали тадбирда меҳмонларнинг эътиборига рус тилидаги «Тафсири Ҳилол» китобининг ўн жилди ва бугунги кунда долзарблик касб этаётган «Бахтиёр оила» китобининг нашр этилган нусхалари тақдим этилди.

 

 

Islom.uz портали таҳририяти

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ Қуръон ва Суннатни яхши билувчи, обид, тақводор киши эдилар. У зотнинг илм мажлисларига кўп одамлар келишарди. Кунларнинг бирида йўлда бир киши билан кетаётган эдилар. У одам акса урди, лекин Алҳамдулиллаҳ демади. Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ акса урганда Аллоҳга ҳамд айтиш ҳар бир мусулмонга суннат эканини эслатиш учун у одамга маъноли қарадилар. Аммо у имомнинг нима мақсадда қараганларини англолмади. Шунда буюк олим ҳамроҳларига озор етказмасдан ўша суннатни бажаришни эслатиш учун: “Аксирган одам нима дейиши керак эди?” деб савол бердилар. У: “Алҳамдулиллаҳ” деди. Буни эшитган Ибн Муборак ҳазратлари: “Ярҳамукаллоҳ (Аллоҳ сенга раҳм қилсин!)” дедилар.  

Ҳа, азизлар, улуғларимиз ана шундай фаросатли эдилар. Суннатга амал қилишга ҳам, инсонларнинг қалбларига озор етказмасликка ҳам ҳарис эдилар.

Бизчи? Дўстимиз бир хато қилса, қандай муомала қиламиз? Биз ҳам алломаларимизга ўхшаб мулойимлик ва фаросат билан дўстимизга камчиликка йўл қўйганини англатамизми ёки қўполлик қиламизми?

Азиз диндошим, бу саволнинг жавоби нима экани ўзингизга яхши маълум. Келинг, биз ҳам Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳга ўхшаган уламоларимиздан ўрнак олайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни воқеамиз қаҳрамони бўлган Ибн Муборак ҳазратлари каби Суннатни бажаришга ва инсонларнинг қалбларини эҳтиёт қилишга уринувчи инсонлардан қилсин, омин! 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Top