muslim.uz

muslim.uz

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Жасур Акрамов бошчилигидаги делегация аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири билан учрашди.

Шунингдек учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита зиёрат туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ҳамидбек  Ҳасанов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси Абдулҳаким Арипов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Рустам Жамилов иштирок этди.

Ушбу учрашув якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида Ҳаж шартномаси имзоланди ва хаж тартиботлари ва жадвали буйича Ўзбекистон ҳожиларини ҳаракатланиши юзасидан барча масалалар муҳокама этилди.

Учрашувдан сўнг икки мамлакат вакиллари иштирокида оммавий ахборот воситалари учун Матбуот анжумани ташкил этилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизги учрашув чоғида ҳаж вазири Ўзбекистон ҳаж ишларини ташкиллаштириш бўйича ҳеч қандай эътирозлар йўқлиги аксинча, барча ташкилий ишлар ўз вақтида ва ўрнида ҳал қилинаётганлигини эътироф этди.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Эртанги кунимиз эгалари бўлмиш – ёш авлодни соғлом эътиқод ва қатъиятли фикр эгалари этиб тарбиялаш, уларнинг дунёвий билимлари билан бир қаторда диний билимларини тўғри шакллантириб бориш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланган. Чунки ҳозирги глобаллашув ҳамда ҳамда эътиқод ниқоби остидаги қарама-қаршиликларга тўла мураккаб давр кишини огоҳ ва маънан етук бўлишга ундайди.

Бу борадаги тарғибот тадбирларида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Вилоятда диний соха ходимлари учун "Душанба – таълим муассасалари билан ишлаш куни" деб белгиланган.

Жорий йилнинг 21 январ куни вилоятнинг Каттақўрғон, Нарпай, Ургут, Пайариқ, Иштихон, Жомбой туманларида ҳам шу кунларда мактаб ўқувчилари билан “Исломнинг илм олишнинг фазилатлари”, Интернетдаги тармоғидаги таҳдидлар, “Исломда вақтнинг қадри”, “Тинчлик-улуғ немат” каби мавзуларда суҳбатлар ўтказилди.
Ушбу учрашувлардан кўзланган асосий мақсад ўқувчи ёшларга мусаффо исломни етказиш, дунёдаги ягона нажот илму-маърифатнинг инсониятга зарурати, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, “оммавий маданият” кўринишидаги миллий ўзлигимиз, турмуш ва ҳаёт тарзимизга мутлақо зид бўлган кийиниш ва хулқ-атвор кўринишларидан қайтариш, ёшларга қаратилган турли таҳдидлар, диний ақидапарастликка йўналтирилган таълимотларидан огоҳ этишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввалроқ, Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири доктор Солиҳ Бентин таклифига асосан, «Ҳаж–2019» мавсумининг  ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

Кеча, 21 январь куни, соат 11:00 да Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари  ва делегация аъзолари  Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири ўринбосари билан учрашув ўтказдилар.

Учрашувда Ҳаж-2019 мавсуми юзасидан имзоланиши лозим бўлган шартнома шартлари ўзаро муҳокама қилиниб, ишчи гуруҳининг йиғилиши ҳам ўтказилди. Ушбу учрашувда шартноманинг бандлари муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур учрашувда томонлар ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалаларини келишиб олишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муқаддас Қуръони каримнинг папирус ўсимлигидан тайёрланган қоғозларга ёзилган қўлёзма нусхаси Жазоир Республикасида ўтказилган фестивал доирасида оммага намойиш этилди. Бу ҳақда al-Masa нашри хабар берди.

Ушбу Мусҳафнинг ёши минг йилдан ошиқроқ бўлиб, бу ҳақда ушбу қўлёзманинг эгаси маълум қилган.

Кенчела вилояти ал Завя қишлоғида ўтказилган Нур фестивали доирасида қадимий қўлёзма тақдим этилди ва бу жамоатчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган. Қўлёзма авлоддан авлодга ўтиб келган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар билан диний-маърифий тадбирлар илк бор ўтган йили Диний идора ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бошланган эди. Кейинчалик Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳам шундай тадбирлар давом эттирилди.

Жорий йилнинг 20 январь куни Самарқанд вилоятида “СИЗ БИЗГА КЕРАКСИЗ!” мавзусида диний-маърифий суҳбат ўтказилди ва маърузаларнинг сурдо таржимаси олиб борилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди мутахассислари ва Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари иштирок этди. Самарқанд вилояти «Хўжа Исҳоқи Вали» жоме масжидида ўтказилган тадбирга вилоятда яшовчи 350 нафар эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахслар таклиф қилинди.

Тадбирда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар эътиборга, эҳтиромга ҳақли экани, меҳр-оқибат кўрсатиш, қалбларга илиқлик улашиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканига алоҳида урғу берилди. 

Сўзга чиққан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов томонидан инсон мукаррам зот экани, барча башарият бир ота-онадан тарқалгани ҳамда инсонлар яхшилик, эзгу ишларга буюрилгани ҳақидаги панду насиҳатларни келтирди. Бундан ташқари, нотиқлар томонидан илм-маърифат олишга бошқалар сингари эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг ҳам ҳаққи борлиги, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва муаммоларини ечишда ҳар қандай ёрдамни аямасликка алоҳида урғу қаратилди. Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Ушбу тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди.

Ташриф буюрганлар ичида тўғри йўлдан адашиб, кейин ҳидоят топган кишилар ҳам иштирок этди. Шу нуқтаи назардан, Ислом динининг мазмун-моҳияти, инсонпарварлик ғоялари ва меҳр-мурувватга доим буюриши тўғрисида ҳам сўз юритилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Зоҳиджон Тўраев томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган хайрия ишлари, саховат тадбирлари ҳақида маълумот берилди ҳамда мана шундай инсонлар доимо Фонднинг кўмагида экани айтиб ўтилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова ушбу йўналишда Диний идора ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахсларга совғалар топширилди. Тадбирдан кейин вилоятдаги кўр, кар, соқов бўлган, жисмоний нуқсони бўлган ногирон кишиларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Келгусида шундай диний-маърифий тадбирлар Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларида манзилли ўтказилишига келишиб олинди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Top