muslim.uz
Ейиш-ичишдан олдин ва кейин қўлни ювиш
Мусулмон одам таом ейишдан олдин ва кейин қўлларини ювиши мустаҳабдир. Бу борада ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таомнинг баракаси – ундан олдин (икки қўлни) ювиш ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.
Хўш, нега Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ушбу ҳадисдаги тавсияни бермоқдалар.
Келинг, шу саволга жавоб топиш мақсадида ушбу ҳадисдаги тиббий ҳикматларни кўриб чиқайлик.
Инсон ҳар куни турли кишилар билан қўл бериб кўришади. У инсонлар орасида беморлар, қўлида касаллик тарқатувчи микроби бор бўлган кишилар бўлиши мумкин. Шунингдек, хатарли бактериялар ин қуриб олган нарса-буюмларни ушлаши мумкин. Ана шу пайтда мазкур микроблар унинг қўлига ўтади. Кейин у одам бундан бехабар ҳолда уйидами ёки кўчадаги ошхонадами қўлини ювмай таомланишга ўтирса, ҳалиги зарарли вируслар таомга, у орқали оғиз бўшлиғига ўтади. Оғиз бўшлиғи каби нам муҳит эса микробларнинг ривожланиши ҳамда кўпайиши учун қулай шароит ҳисобланади. Натижада турли оғир касалликлар юзага келиши мумкин.
Қўлни ювмаслик оқибатида энг кўп тарқаладиган касалликлар – вабо, паратиф (ич терлама) ва ич кетишдир.
Инсон териси юзасида тешикчалар ва чуқурчалар бор. Тери усти турли ёғлар ва терлардан тозаланмаган пайтда зарарли микроблар ва паразитларнинг тухумчалари теридаги мазкур тешик ва чуқурчаларга жойлашиб олади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини покиза таом ейишимизни истаб, таомланиш олдидан қўлимизни ювишни тавсия қилганлар. Бу тавсияга амал қилсак, таомимиз турли ифлосликлар ва касаллик ташувчи микроблардан холи бўлади.
Таомдан кейин қўлни ювишга нега тарғиб этилган?
Гап шундаки, қўлда қолган таом, ёғ ва бошқа нарсалар қолдиқлари тананинг ҳарорати эвазига аста парчаланиб, қулай муҳит таъсирида бактериялар кўпайиши вужудга келади. Кўпайган бактериялар кутилмаганда хатарли касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қўлида ёғнинг ҳиди, юқи бўлган ҳолда ухласа, кейин унга бирор нарса тегса (яъни бирор касаллик етса), (бировни эмас,) фақат ўзини маломат қилсин!” деганлар. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган. Термизий: “Ҳасан ҳадис” деган. Ибн Ҳиббон уни “Саҳиҳ ҳадис” деган.
Кўриниб турибдики, бу ҳадисда қўлини ювмай ухлаган одамга бирор касаллик етиши ҳақида огоҳлантирилмоқда. Бошқа бир ҳадиси шарифда бу касаллик – вазаҳ, яъни песлик эканлиги очиқ айтилган.
Демак, таомланишдан олдин қўлларни ювиш инсонга, унинг таомига, уйига барака киришига сабаб бўлади. Бу барака офият, саломатликдир. Сиҳат-саломатлик – ҳеч тугамайдиган, бебаҳо неъматлардан биридир.
Таомланишдан кейин қўлларни ювиш эса фақирликдан, песликдан ва маломатдан сақланишнинг қатъий чорасидир.
Асарда шундай ривоят келган: “Таомдан олдин қўлни ювиш барака омили бўлиб, у фақирликни даф қилади. Таомдан кейин қўлни ювиш эса маломатни даф этади”.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
“Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло биз бандаларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб этган, тавсия қилган амалларни қилишга, у зот қайтарган ишлардан қайтишимизга буюрмоқда. Шунинг учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиб, таомланиш олдидан ва таомланиб бўлганимиздан кейин қўлларимизни ювишга одатлансак, дунёимиз учун, энг асосийси, охиратимиз учун яхшилик касб қилган бўламиз. Бу ишларимизнинг фойдасини ўзимиз кўрамиз.
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Йўлдошбек қори беллашувда иккинчи ўринни олди
Хабарингиз бор, Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги Масжидун Набавийда 40 йилдан бери илк бор Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишларида халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Ушбу халқаро Қуръон мусобақасида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди.
Масжидул Ҳаром имомларининг тиловатларига тақлид қилиш бўйича ўтказилган норасмий беллашувда вакилларимиздан, “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси - 2018” танловининг “Олий ўрин” соҳиби, қирол Абдул Азиз халқаро мусобақасининг 30 порани ёддан ўқиш йўналиши иштирокчиси Йўлдошбек қори Нуриддинов иккинчи ўринни олди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қирол Абдул Азиз халқаро танлови ҳижрий сана бўйича муҳаррам ойининг 26 санасидан сафар ойининг 1 кунига қадар, милодий сана бўйича 6 октябрдан 11 октябргача ўтказилиб, унда 82 давлатдан 115 киши иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистонлик имомлар ал-Азҳар университетида касб-маҳоратини оширади
Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидига юртимизда меҳмон бўлиб турган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ташриф буюрди ва жума намозини адо этди. Шайх Аҳмад ат-Тоййиб ҳазратлари юртимиз ҳақида ўз фикр ва таассуротларини билдириб, жумладан шундай деди:
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳу ва боракатуҳ! Мен камина ва Азҳари шарифнинг муҳтарам уламоларидан ташкил топган делегациямиз номидан Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдирамиз. Шундай неъматни насиб этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду-санолар айтамиз. Биз Ўзбекистонни зиёрат қилар эканмиз, бутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган, Аллоҳнинг каломини бизларга етказиб келган улуғ алломалар юртини зиёрат қилаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Биз айни дамда ҳозир бўлиб турган ушбу муборак масжид, Абу Бакр Қаффол Шоший номлари билан аталар экан, бу зот ўзининг фиқҳ илмига қўшган улуғ ҳиссалари билан, ислом оламида ном қозонган бўлиб, бутун дунёдаги мадраса ва исломий таълим даргоҳларида асарлари таълим бериб келинади. Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотурудий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз. Мен ўзим ҳам Ибн Сино фалсафаси бўйича мутахассисман.
Ал-Азҳар университетида Ўзбекистондан жуда кўп ёшлар илм олишган. Айни дамда 150 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар таълим олишмоқда. Мен бу ерда “Азҳару шарифда ўқиганмиз” деган инсонларни кўриб, ўзимни жуда ҳам бахтиёр ҳис қилябман. Мен билан бирга ал-Азҳар университети ректори, доктор Муҳаммад Ҳусайн жаноблари ҳам ташриф буюрган. Сафаримиз давомида Ўзбекистондаги таълим муассасалари ва ал-Азҳар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва келажакда ҳамкорликда улкан ишларни амалга ошириш мақсадида шартнома ва меморандумлар имзолашга эришдик. Келишувлар натижаси ўлароқ яқин вақт ичида ўзбекистонлик имомларни ал-Азҳару шариф қошида очилган имомлар малакасини ошириш курсларида малака ошириб, бугунги замонавий муаммо ва масалаларга ҳам ечим топа оладиган мутахассис бўлиб қайтишларига ишонаман. Мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз ва меҳмондўстлигингиз учун миннатдорлик билдираман.
Шайх ҳазратларининг диёримизга ташрифлари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шайхул Азҳар “Ҳазрати Имом” масжидида жума намозини ўқиди
Бугун, 12 октябрь, жума куни диёримизда меҳмон бўлиб турган Миср Араб Республикаси Бош имоми, “Ал-Азҳар” диний мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида жума намозини адо этди.
“Ал-Азҳар” шайхи Аҳмад ат-Тоййиб ҳазратлари жоме масжидга йиғилган намозхонларга Ўзбекистон ва Миср давлатлари ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик алоқалари тўғрисида сўзлаб берди.
Шайх ҳазратларининг диёримизга ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати