www.muslimuz

www.muslimuz

Воскресенье, 16 Сентябрь 2018 00:00

Илм икки дунё саодатидир

Илм дунёда азизлик, охиратда шарафдир. Илмга ана шундай таъриф берилган. Демак, кимга дунё керак бўлса, илм олсин, кимга охират керак бўлса, илм олсин, кимга икки дунё керак бўлса, илм олсин. Занжий ибн Холид р.а айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрий р.а нинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар”. Илмнинг даражаси ана шундай улуғдир. Илм динимизда улкан даражаларга, мақомларга кўтарилган улуғ бир хислат, ғўзал бир амал ҳисобланади. Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади.

Илмнинг улуғлиги шу даражадаки, кимда ким илм талаб қилиш  йўлида юрса у жаннат йўлида юрган деб эътибор қилинади. Агар вафот этадиган бўлса, кўзини жаннатда очади. Бу ҳақда ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб, бундай дедилар: «Ким илм истаб йўлга чиқса, Аллоҳ таоло уни жаннатга йўллаб қўяди. Ва олим учун еру осмон ва хатто денгиздаги балиқлар ҳам мағфират сўрайдилар. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир». Аллоҳ таоло Қуръони Каримни йигирма уч йил давомида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга оятма-оят, сурама-сура, бўлак-бўлак ҳолатда нозил қилди. Маълумки, биринчи нозил бўлган оятларнинг биринчи сўзи “Иқро” (ўқи)  буйруғи билан нозил бўлди. Шунинг ўзи динимизда илмга қанчалик эътибор қаратилганлигига далолат қилади. Қуръонда илм тўғрисида жуда кўплаб оятлар нозил бўлган. “Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Чунки динимиз илм дини, динимиз маърифат дини, динимизда жаҳолат мазаммат қилинган, динимизда илмсизлик қораланган. Динимиз мўмин-мусулмонларни илм олишга тарғиб қилган диндир. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир. Аллоҳ таоло айтади:

“…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11).

Аллоҳ таолонинг Ўзи аҳли илмларнинг, олимларнинг даражасини ана шундай кўтариб қўйган.

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам илм олишга далолат қилучи ниҳоятда кўп ҳадис шарифлар ворид бўлган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларни дуо қилишади”, дедилар. Аллоҳ дуо қилади дегани, Аллоҳ раҳмат назари билан қарайди дегани.

Юқоридаги оят ва ҳадисга мукаммал ҳолатда амал қилинган юртимиздан довруғи дунёга кетган улуғ олимлар етишиб чиқишди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино” Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва таммадунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган. Ҳеч қачон унутмайликки, биз ана шундай буюк инсонларнинг авлодларимиз. Шунинг учун муборак ислом таълимотларига таянган ҳолда, ахлоқ одобимизни олий даражага кўтаришга ҳаракат қилайлик, муносиб равишда ўз фарзандларимизни дунёвий ва диний билимлардан баҳраманд қилиб, келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишишига эришайлик.

 Андижон тумани “Кўк тўнли ота”

 жоме масжиди имом – хатиби

 Кенжаев Нодирбек

 

11-12 сентябрь кунлари «Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси» доирасида Сурхoндарё вилоятининг Термиз, Ангор, Шеробод, Қизириқ, Бойсун, Жарқўрғон, Музрабод ва Қумқўрғон туманларидаги 44 та масжидга жами ҳисобда 50 млн сўмлик 1848 та китоб етказиб берилди.

Масжидларнинг ҳар бирига «Қуръони карим», муфтий Усмонхон Алимовнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак васиятлари», «Оилада фазранд тарбияси», шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб, «Одоблар хазинаси» тўплами, «Руҳий тарбия» тўплами, «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан 6 та жуз, «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад содиқ», «Зикр аҳлидан сўранг» китобидан 4 та жуз, «Олтин силсила» 4, 6-жузи, «Иймон», «Очиқ хат», «Тасаввуф ҳақида тасаввурлар» китоблари, шу билан биргаликда масжид аҳли учун керакли деб ҳисобланган «Ўкинма», «Енгил амаллар», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт», «Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар», «Ғийбат ўзи нима?», «Исломда оила» «Нурул басар» «Имомлик буюк масъулият», «Сиз қандай яшамоқчисиз?», «Расулуллоҳнинг шаклу шамоиллари», «Сийрат солномаси», «Расулуллоҳнинг аждодлари», «Расулуллоҳнинг ахлоқ-одоблари» «Мен ҳам намоз ўқийман», каби китоблар Аллоҳ йўлида вақф мулки қилиб берилди.

Тўпланган маблағлар эвазига вилоятлардаги масжидларга китоблар олинади ва Аллоҳ йўлида вақф қилинади. Ҳозирги кунгача 263 та масжид уламолар томонидан ёзилган энг сара асарлар билан таъминланди.

Сиз ҳам ушбу акцияни қўллаб-қувватланг!

Тўққизинчи босқич (Қашқадарё) учун маблағ йиғиш бошланди!

Пул ўтказиш учун пластик рақами (исталган миқдорда, чекловлар йўқ):
8600 3104 5763 1232 (Бакиев Ҳаким номида)
Мурожаат учун телефон:
+998909074554 (Шавкатбек)
+998974490456 (Темурбек)

ЎМИ Матбуот хизмати

Уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир". Дарҳақиқат бугуннинг уламолари - имом хатибларимиз масжид минбаридан туриб, зиммаларидаги буюк масъулият, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари, муқаддас ислом дини таълимотларини халққа етказмоқдалар. Уларни тўғри йўлга бошлаб, икки дунё саодати томон йўлламоқдалар.

 

****

 

Меҳроб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан қолган меросдир. Бугун ушбу мероснинг ворислари эса имом хатибларимиздир. Уларда ҳикмат, руҳий озуқа бор. Кимки динини ўрганиш истаги бўлса уларга мурожаат қилсин. Уларнинг орқасидан фитна қилиш, буҳтон тошларини отиш эса айни жаҳолатдир.

 

****

 

Аҳли сунна имоми бўлмиш Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи: “Уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким уни ҳидласа, касал бўлади ва ким уни еса – ўлади”, деганлар. Ибни Асокир эса “Кимки уламоларни ҳақоратлаш ёки уларга туҳмат қилишда тилига эрк берса, Аллоҳ таоло уни, ўлишидан олдин қалб ўлишига гирифтор қилади”, деб айтганлар. Имомларни ғийбат қилганлар, ишларидан камчилик топиб оламга достон қилишга уринаётганлар ўзларига зарар етиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар.

 

****

 

Кўпчилик имом хатибларни илми саёзликда, амали камликда айблайди. Эҳтимол бундайлар имомларимиз орасида учраб турар. Лекин уларнинг барчасига ушбу айбни менгзаш ўта ноҳақлик ва зулмдир. Чекка-чекка қишлоқларда, тоғли ҳудудларда, дашту-чўлларда жойлашган масжидларда айнан имом хатиблар хизмат қилмоқда. Улар тўкин ҳаёт, қулай шарт-шароит, кенг имкониятлардлан бирмунча узоқда бўлсаларда лекин мажбуриятларини адо қилмоқдалар.

 

****

 

Бугун аҳоли орасида юриб, уларнинг дарду-ташвишларига шерик бўлаётганлар имом хатиблардир. Жанжалли оилаларни муросага келтириб, тинчлигини сақлаб қолаётганлар имом хатиблардир. Ўз жонига қасд қилишга уринганларга руҳий далда бераётганлар имом хатиблардир. Таълим муассасаларида ёшларга соғлом эътиқодни ўргатаётганлар имом хатиблардир. Маҳаллаларда кишиларни тўғри йўлга бошлаб, муаммоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутаётганлар имом хатиблардир. Агар улар бўлмаса жамиятда катта бўшлиқ ҳосил бўлади ва унинг ўрнини ҳеч нима тўлдира олмайди. Имомларни камчилигини топишга эмас, уларга ёрдам беришга, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиш энг тўғри йўл бўлади.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Top