www.muslimuz

www.muslimuz

Муаммони ўзимиз пайдо қиламиз (Учинчи мақола)

Ер

Жисмимизда Менделеев тузган кимёвий жадвалдаги моддалардан қайси бири: карбон, кислород, фосфор, гугурт, азот, калций, хлор, темир, мис, йод, алюминь ва бошқалар бўлса, уларнинг ҳаммаси тупроқнинг таркибида ҳам бор. Очиқроқ қилиб айтсак, Аллоҳ таолонинг изни иродаси ила жонимиз – Унинг Ўзининг, жисмимиз эса она заминимизнинг бизга берган омонати. Шу жумладан, танамизнинг тириклигини паймонамиз тўлганга қадар таъминлаб турувчи моддалар ҳам. Шунинг учун ҳам “она замин” деймиз-да.

Отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилиши қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади:

وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ

“Эсла, вақтики Раббинг фаришталарга: "Мен ер юзида халифа қилмоқчиман", деди. Улар: "Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз", дедилар. У: "Мен сиз билмаганни биламан", деди” (30 - оят).

Аллоҳ таоло тупроқдан лой қилиб, уни одам шаклига келтириб, сўнгра руҳ киритди. Шу туфайли замин “она”миз бўлди.

Ерни ҳаёт манбаи деб билган, ерда ота-боболаримизнинг хоки ётгани учун ҳам аждодларимиз ерни эъзозлаган. Унга ҳатто қадамларини ҳам қаттиқ ташламаган. Бунда азалдан халқ даҳоси шакллантириб келган миллий тарбия билан бирга динимиз таълимотининг ҳиссаси катта бўлган. “Туркистон шайхул машойихи” (Алишер Навоий таърифи) Аҳмад Яссавий ҳазратлари эса ҳикматларининг бирини:

Бошим тупроқ, ўзим тупроқ, жисмим тупроқ.

Ҳақ васлига етарман деб руҳим муштоқ, –

деган байт билан бошлаган эди. Яъни Ҳақ васлига етиш учун инсон тупроққа айланмоғи – жони ва жасади бўлган омонатларни соҳибларига қайтармоғи керак. Ерни, тупроқни муқаддас билиб эъзозлаган шарафли аждодларнинг бугунги авлодларига нима бўлди?

Инсониятни ўзига оҳанрабодек тортаётган моддиятпарастлик иллати ерга бўлган муносабатимизга ҳам жиддий таъсир этмоқда. Ерни битмас-туганмас хазиналар манбаи билиб унинг бағрини ўйишлар тобора чуқурлашиб бораётир, ердан хўжасизларча фойдаланиш, унга меъёридан ортиқ кимёвий дорилар ишлатиш оқибатида “ер эрозияси”, “ер деградацияси”, “ер таназзули”, “ерларнинг шўрланиши”, “ер чўлланиши”, “ер қурғоқчилиги”, “ернинг ботқоқланиши”, “тупроқ унумдорлигининг пасайиши” каби иборалар пайдо бўлди.

Шуни ёдда тутмоғимиз керакки¸ Ер шари яшаш мумкин бўлган ягона сайёра ҳисобланади. Аммо у асло битмас-туганмас хазина манбаи эмас. Зеро, Аллоҳ таоло муборак Каломида:

إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ

“Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик” (Қамар сураси, 49-оят), деб қўйибди.

Ер юзасининг 29,2 фоизи қуруқлик, холос. Қолган қисми эса уммону денгиз – сувлик. Ердан оқилона фойдаланмаслик, нимага ўхшайди, биласизми? Бир одам дарахтнинг баланд шохига чиқиб олади-да, боласига айнан шу шохнинг тагида кузатиб туришни айтиб, ўзи миниб ўтирган шохни кеса бошлайди. Шох кесилгандан сўнг у боласининг устига йиқилиб уни ҳам нобуд қилади, ўзи ҳам нобуд бўлади.

Ернинг ҳосилдорлиги камайиб бораётгани, тупроқ эрозияси, чўлланиш жараёнининг кенгайиб бораётганидан нолиб юришни одат қилиб олганмиз-у, аммо шу ишларнинг сабабчиси айнан ўзимиз – Одам Ато фарзандлари эканимизни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Саноат, урбанизация, кимёвий корхоналарнинг бемисл тезликда кўпайиб бораётгани ернинг аҳволига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Шуни эътиборга олиш керакки, умумий ер майдонининг 80 фоиздан ортиқ қисми чўл ва яримчўлдан иборат бўлган Ўзбекистон иқтисодиётида ҳам деҳқончилик муҳим ўрин тутади. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифа — аввало, ер ва сув ресурс­ларидан оқилона фойдаланишдир”, деган эди.

Ер юзида инсонларнинг сони кўпайгани сайин озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортиб бораётир. Бироқ шаҳарларнинг кўпайиши ва кенгайиши, йирик-йирик саноат корхоналари барпо этилиши учун ўрмонлар беаёв кесилмоқда, яйловлар, унумдор ерлар майдони қисқариб бормоқда. Бунинг оқибатида биологик турлар қисқариши давом этаяпти, чўлланиш янада кўпроқ унумдор ерларни ўз домига тортмоқда. Иқлим ўзгаришининг фалокатли оқибатлари юз кўрсата бошлаганига анча бўлди. Яъниким, истеъмолчилар сони ортаётир ва унга акс тарзда унумдор далалар камайиб бораётир. Иқтисодчи олимлар дунё бўйича аҳоли ўсишига нисбатан икки баробар кам миқдорда буғдой етиштирилаётганини айтмоқдалар. Ер юзи аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш ҳам трансмиллий компанияларнинг бизнесига айланиб кетгани боис улар бугун оладиган даромадига мафтун бўлиб кимёвий дориларга зўр бераётир ва ернинг аҳволини тобора ёмонлаштираётир. Узоқни кўзламасдан қилинаётган ишлар натижасида ер куррасининг ҳамма жойида табиий офатлар тез-тез юз бера бошлади. Бир жойда тошқин, бошқа ерда қурғоқчилик, тўфон, зилзила ва ҳоказолар.

Марказий Осиё давлатлари неча йиллардирки, Орол денгизи муаммоси билан курашиб келаётир. Бу борада мамлакатимиз сезиларли ютуқларни қўлга киритди ҳам. Орол денгизи ўрнида чўл шароитига мос бўтасимон экинлар экиш ана шундай чораларнинг бири саналади. Оролнинг қуриб қолган тубида табиий бўёқ олинадиган индиго ўсимлигини етиштиришга ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маслаҳатчиси, лойиҳа муаллифи, биология фанлари доктори, профессор, БМТ ҳузуридаги Экологик хавфсизлик халқаро академиясининг академиги марҳум Абдуқодир Эргашев илмий раҳбарлик қилди.

Унинг сўзларига кўра, кучли шўрланган ерларда битта ўсимлик – индигоферани (Indigo feratinctoria) ўстириш мумкин. Ундан эса табиий бўёқ олинадиган ноёб хом-ашё ажратиб олинади. Ҳозирда ЮНЕСКО, ЦЕФ (Германия) ва Урганч давлат университетининг (УрГУ) кўшма лойиҳаси ҳаракатлари билан индигофера Оролбўйи шароитларида муваффақиятли ўстирилмоқда.

Индигонинг фазилати шундаки, у қум барханларнинг учишига тўсқинлик қилади, шунинг баробарида дегредацияга учраган, шўр босган далаларни даволайди ҳамда ундан табиий буёқ ажратиб олинади. Суҳбатлардан бирида домла индигони фермерлар экин далаларини даволаш учун иккинчи экин сифатида экиб ҳосил олиши мумкинлигини ҳам айтган эди.

Дарҳақиқат, шундай қилинса, далаларнинг шўрини ювишга сарфланган сув ҳам тежаб қолинади.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 24 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиб сўзлаган нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудга инновацион ечимлар жорий этиш ва хорижий инвестициялар жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа масалалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурди.

Аммо Оролнинг ўрнини тўлиқ яшил ҳудудга айлантириш учун жуда катта маблағ, жуда ҳам кўп ишчи кучи ва жуда кўп вақт талаб қилинади. Бунга минтақадаги барча давлатлар биргаликда ҳаракат қилмоғи лозимлиги ҳам давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида келишиб олинди.

Сайёрамизда она заминимизни сақлашга доир шунга ўхшаш муаммолар жуда ҳам кўп ва ўша муаммоларнинг барчасини ўзимиз пайдо қилганмиз. Энди эса ўша муаммоларни бартараф этиш билан машғул бўлмоқдамиз...

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган масжидлар имом-хатиблари, диний таълим муассасалари раҳбар ходимлари иштирокида видео-селектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда имом-хатибларнинг ўтган давр мобайнидаги фаолиятлари натижалари, амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.


Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакиллари, вилоят, туман-шаҳар бош имом-хатибларининг иш фаолиятларининг самарадорлигини ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Йиғилишда юртимиздаги тинчлик хотиржамликни қадрига етиш, ҳозирги кунда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқларни кенг халқ оммасига етказиш ҳамда имом-хатибларнинг олдида турган долзарб вазифалар, эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатларга алоҳида урғу берилди.


Йиғилиш сўнгида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Имом-хатибларнинг навбатдаги видеоселектор йиғилишида муҳокама этилган масалаларни кейинроқ батафсил ёритамиз.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Эслатма! 2018 йилнинг 12 сентябрь куни – янги 1440 ҳижрий йил Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2018 йилнинг 21сентябрь, жума кунига тўғри келади.

 

Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.

 

Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.

 

Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати / muslim.uz

“Вақф” хайрия жамоат фонди 2018-2019 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан 6 сентябрь куни Тошкент Ислом институтининг “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасининг барча устоз ва талабаларига юртимизда нашр этилган Қуръони каримдан тақдим этди.

“Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси” доирасида амалга оширилаётган ушбу хайрли тадбирда талабаларга Қуръони карим билан биргаликда ҳар бир гуруҳга бир донадан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб “Тафсири ҳилол” китоби ҳам берилди.

Вақф хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари бетоблиги туфайли китобларни кафедра мудири тарқатди.

Қайд этиш жоиз, Тошкент Ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси Қуръони каримни ёдлашга ихтисослашган юртимиздаги ягона олий даргоҳ бўлиб, Жаҳонгир қори Неъматов кафедра мудири ҳисобланади.

Ушбу таълим маскани Қуръони каримни 2 ойда ёдлаб чиққан ва бир куннинг ўзида тўлиқ ёддан ўқиб берган йигитларни етиштириб чиқарган даргоҳдир.

“Вақф” хайрия жамоат фонди “Таҳфизул Қуръон ” кафедраси жамоасини янги ўқув йили билан муборакбод этади! Ушбу даргоҳдан дини, миллати, ватанини яхши кўрувчи қори йигитлар чиқишини Аллоҳ таолодан сўраб қолади!


VAQF.uzhttps://t.me/vaqfuz

ЎМИ Матбуот хизмати


Четверг, 06 Сентябрь 2018 00:00

Навбатдаги китоб сайлига марҳамат!

Хабар қилганимиздек фуқароларнинг мутоалага бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида мунтазам равишда ўтказилаётган китоб сайли давом этмоқда.

"Мовароуннаҳр", "Ҳилол-нашр", "Янги аср авлоди", "Шарқ" ва "Ғафур Ғулом" нашриётлари иштирокидаги мазкур зиё байрами жума айёми муносабати билан туман ва шаҳарлардаги жоме масжидларида ташкил этилади.

Эртага, 7 сентябр куни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг қуйидаги масжидларида китоб сайли ташкил этилади.

  1. Тошкент вилояти Тошкент тумани "Хасанбой ота" жоме масжидида бўлиб ўтади (масъул шахс Х.Тошболтаев +998 94 1108888).
  2. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани “Тепамасжид” жоме масжидида ташкил этилади (масъул шахс А.Маматов +99890 990 54 96).

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Top