muslim.uz

muslim.uz

Самарқанд шаҳар Боғибаланд маҳалласи ҳудудида жойлашган Хўжа Исҳоқи Вали масжиди ёнида Хўжа Исҳоқи Вали зиёратгоҳи барпо этилади. Бу ҳақда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Дилшод Нарзиқулов маълум қилди.

Унга кўра, вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 2020 йил давомида умумий қиймати 306,6 миллиард сўмлик 74 та инвестицион лойиҳа амалга оширилди, 763 нафар янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, 17 та меҳмонхона, 29 та оилавий меҳмон уйи, 3 та хостел, “туризм қишлоғи”, “туризм кўчаси”, 9 та экотуризм маскани ташкил этилди.

Сайёҳларнинг белгиланган туризм манзилларига қулай, хавфсиз ҳамда юқори сифатли сервис кўрсатилган ҳолда етиб боришлари, эркин сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида Самарқанд шаҳри маркази, темирйўл вокзали, аэропорт ва автовокзалларда туризм бекатлари ташкил этилади. Самарқанд темирйўл вокзалида шундай бекат фаолият бошлади.

“Зарафшон” газетаси хабар беришича, ўтган йил республикамиздаги илк туризм қишлоғига айлантирилган Самарқанд туманидаги “Конигил туризм қишлоғи”да бу йил иккинчи босқичда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Ҳозирда бу ерда 92 та туристик объект ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланди. Умумий узунлиги 2,2 километр, майдон 7,1 гектар бўлган ҳудуд танлаб олинди. Ушбу ҳудуд лотларга ажратилган ҳолда ҳунарманд ва тадбиркорларга тақдим этилади.

Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида ташкил этилаётган туристик марказдан Конигил туризм қишлоғи бўйлаб Регистон майдонигача бўлган ҳудудда пиёдалар йўлаги ва велойўлаклар ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ҳам маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун катта қулайлик бўлади.

Бугунги мураккаб шароитда мазкур лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ушбу жараёнда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бюджетдан ташқари туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан, биринчи навбатда туристлар учун қулайликлар яратишга йўналтирилган ахборот дастурлари ва хизматлари 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидияланади. Шунингдек, 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилиши кўзда тутилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Хабар берганимиздек, бугун Тошкент шаҳрида янгидан қуриб битказилган “Сирож солиҳ” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмохон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, уламолар ва намозхонлар иштирок этди.

2000 метр квадрат майдонида қурилган масжид лойиҳаси ўзига хослиги, миллий ва замонавий масжидларнинг услубларини ўзида акс эттиргани билан бошқа жомелардан ажралиб туради. Хонақоҳ ва пастки қисм жами 4000 намозхонни сиғдиришга мўлжалланган. Шунингдек, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олган.

Масжид лойиҳасини “Etalon Projeсt” муассасаси ишлаб чиққан бўлиб, эклектика услубида, яъни, миллий ва замонавий услубларнинг ўзаро уйғунлиги асосида барпо этилган.

Асосий хонақоҳ ертўла қисми билан ҳисобланганда уч қаватдан иборат бўлиб, намозхонлар йилнинг ҳар бир фаслида юқори даражадаги шарт-шароитларни тақдим эта олади. Миноралар “Ҳарами шариф” минораларини эслатиб юборади. Шунингдек, анжуманлар зали, веб-сайт фаолияти учун алоҳида видеостудия масжид таркибидан ўрин олган.

Тадбир давомида Муфтий ҳазратлари масжид жамоасини муборакбод этдилар, диний-маърифий соҳадаги сўнги янгиликлар билан ўртоқлашдилар, шунингдек, тадбир давомида Қуръон тиловот қилиниб хайрли дуолар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 29 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Сирож Солиҳ” жоме масжиди янги биносининг биринчи ғиштини қўйиб берган эдилар.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрининг Қора-қамиш мавзесидаги “Сирож солиҳ” жоме масжиди 1990 йилларда собиқ шўролар давридаги қатағон сиёсати оқибатида ўз юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлган Сирожиддин Солиҳ исмли ватандошимиз васиятига биноан у кишининг маблағлари ҳисобидан қурилган.

Мустақиллик йилларидан то 1996 йилгача маҳаллий масжид бўлган, 1996 йилдан бошлаб жоме мақомида фаолиятини бошлаган. 2009 йилда масжид таъмирланган.

Кейинги пайтда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган, биноси таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди. Шу боис маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини илгари суришди. Ушбу хайрли ташаббус мутасадди ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватлангач, 2019 йилнинг январь ойида масжидда қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Аллоҳ таоло ушбу масжидни халқимизга муборак қилсин, яна шу каби кўплаб жомелар қурилишини насиб айласин!

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Harvard Law Review 134 йиллик тарих мобайнида илк бор асли мисрлик бўлган ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Ҳасан Шаҳвий Қўшма Штатлардаги энг нуфузли қонун журналига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда theislamicinformation.com манбаси хабар берди.

26 ёшли Ҳасан Harvard ҳуқуқ мактабининг тарих йўналишини тамомлаган.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ҳам 1990 йилда биринчи журнали юзасидан Harvard Law Review билан иш олиб борган. Қўшма Штатлар Олий судининг учта аъзоси, Антонин Сcалиа ва Рутҳ Бадер Гинсбурглар муҳаррир таркибига киришган.

Harvard Law Review жамоаси Қўшма Штатлар ҳуқуқ мактабларининг энг юқори талабалари ҳисобланади. Улар одатда нуфузли ишларга ва суд котибиятларига ишга қабул қилинади.

1977-йилда Law Review журнали ўзининг биринчи аёл президентини сайлаган эди.

2016-йилда Шаҳвий тарих йўналиши бўйича Harvard ҳуқуқ мактабини тамомлайди. Шунингдек, Оксфорд университетида шарқшунослик ва Ислом қонунлари йўналишида ҳам таълим олган.

 

Таржимон: Имрон

Top