muslim.uz

muslim.uz

— Ёшим 70 да. Бетоб бўлиб қолганим ва сув ишлатолмаслигим сабабли таҳорат олишда муаммо бўляпти. Таяммумни эса қандай қилса, тўғри бўлишини билмаяпман. Момоларимиз айтишича, тоза тупроққа оёқ-қўлни уриб-уриб, чангитиб қилиш керак экан, ундай қилсак, уст-бошимиз чанг бўлади-ку. Тоза матога қилса бўлмайди-ми?

— “Таяммум” луғатда “мақсад қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса покланиш мақсадида пок ер жинси билан юзга ва икки қўлга тирсаклари билан қўшиб масҳ тортиш “таяммум” деб аталади.

Таяммум бўлиши учун тўртта асосий шарт топилиши лозим:

1) Ният; 2) Пок ер жинси; 3) Пок ер жинсига икки марта қўлни уриб, биринчисида юзга масҳ тортиш, иккинчисида икки қўлни тирсагигача масҳ тортиш; 4) Сув ишлатишдан узрли бўлиш.

Бизнинг мазҳабимизда ер жинсидан бўладиган барча пок нарсаларга таяммум қилиш жоиз ҳисобланади. Ер жинсидан бўлган нарсалар деганда эса қуйидагилар кўзда тутилади:

Тупроқ, қум, шўрлаб кетган ер, оҳак, гипс, сурма, сурматош, зирнийх (ҳидсиз рангсиз маъдан. Тиббиётда тери кассалликларини даволашда ишлатилади), олтингугурт, заж (бўёқда ишлатиладиган туз моддаси), кон тузи, дарахтлар, (чунки одатда устиларида чанги бўлади), ўт-ўланлар (чунки буларнинг устиларида ҳам одатда чанг бўлади), кийимдаги ёки улов ўриндиғидаги чанг (агар кийимда ё улов ўриндиғида мутлақо чанг бўлмаса, унга таяммум қилиб бўлмайди. Шунингдек, кийимини силкитиб ҳавода тўзғиган чанг-ғуборга ҳам таяммум қилса бўлади. Чунки бунда ҳам аслида ер жинсига таяммум қилинган бўлади.

Таяммум қилинмайдиган нарсалар:

Ер жинсидан бўлмаган нарсаларга таяммум қилиб бўлмайди. Шунинг учун қуйидаги нарсаларга таяммум қилиб бўлмайди:

Ун, талқон, кул, сувли туз, мушк; шакар; анбар (хушбўй модда), заъфарон, кафур (хушбўй модда), хина, лой (лой деганда унинг суюқ бўлиб турган пайти назарда тутилган. Аммо қотиб устига чанг ўтирадиган бўлса унга таяммум қилиш жоиз бўлиб қолади. Зеро, юқоридаги нарсаларга ҳам агар чанг ўрнашадиган бўлса, таяммум қилиш мумкин бўлиб қолади. Чунки бунда аслида ер жинсидан бўлган чангга таяммум қилинаётган бўлади).

Шунингдек, нажосат тегиб сўнгра қуриб нажосат асари кетган ерга ҳам таяммум қилиб бўлмайди. Чунки нажосатнинг асари кетгани сабабли тупроққа поклик ҳукми собит бўлса ҳам, покловчилик ҳукми собит бўлмайди. Таяммум қилинадиган тупроқда эса покловчилик сифати бўлиши шартдир.

Таяммум қилинган жойга яна қайта таяммум қилиш жоиз бўлади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Миср давлатининг Ал-Аксар вилоятида истиқомат қилувчи Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳалил болалигида чиройли овозга эга бўлган ва 8 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган. Бу ҳақда Sedayi Beled веб-сайти хабар берди.

У 13 ёшида ўнлик таснифи бўйича Қуръон ўқишни ўрганган.

Абдуллоҳ Муҳаммад Ал-Аксар вилоятининг шимолидаги Ал-Зиния шаҳрида туғилган. Отаси Ал-Азҳарда Қуръон таълим марказларидан бирида ўқитувчи бўлган. Абдуллоҳ Муҳаммад болалигидан Қуръонга қизиқиб келган ва тўрт ёшида у ал-Азҳар жамоасининг имомларидан Қуръон ўқишни бошлаган ҳамда шу ерни ўзида мусҳафни ҳаммасини ёдлашга муваффақ бўлган.

«Мен Қуръонни тўлиқ ёд олганимдан сўнг ўнлик таснифи бўйича ҳам Қуръонни ёдлашга ҳаракат қилдим. Шу тарзда тенгдошларимдан фарқ қилардим. Бошланғич мактабнинг учинчи синфига келиб, мен болаларга YouTube'дa Қуръон ёдлашни ўргатишга қарор қилдим ва ўнта тасниф бўйича ўқиш ҳақида батафсил тушунтиришлар бердим» дея таъкидлади Абдуллоҳ.

Мисрлик болакайнинг отаси қуйидаги сўзларни айтди: «Абдуллоҳ - бу Аллоҳнинг менга берган инъоми ва у болалигиданоқ жуда хотиржам ва қатъиятли эди. У 4 ёшида менинг ёнимда ўтирар ва Қуръон тиловатига қулоқ солар эди. Шундан сўнг мен унга Қуръон ёдлашни ўргатишни бошладим.Уни тажвид, фиқф ва Қуръон ёд олиш учун Саид ад-дин Фахрига шогирдликка бердим. 8 ёшида у бутун Қуръоннинг ёддан хатм қилишга муваффақ бўлди».

 

islom.uz

Вторник, 09 Март 2021 00:00

Африкадаги энг катта масжид

Марокашнинг энг машҳур масканидан бири бу — Ҳасан II масжиди ҳисобланади. Iqna манбасининг ҳисоботига кўра, масжид мамлакатнинг ўзига хос рамзи сифатида қуриб битказилган. Ушбу масжид Масжидул-Ҳарам ва Масжидун-Набавиядан кейин Африкадаги энг катта ва дунёда учинчи ўринда турувчи масжиддир.

Масжидни қуриш ғояси 1961 йилда мамлакатни бошқарган қирол II чига тақдим этилган. Ҳасан II масжидининг қурилиш ишлари 1980 йилда бошланган. Масжид француз меъмори Мишел Пинcе томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, қурилиш қиймати 800 миллион долларга баҳоланган ва иқтисодий ҳолатнинг муҳим қисмини халқ кўмаги остида тўланган.

Ҳозирда Ҳасан II масжидида ибодатлар тўла тўкис адо этилмоқда. Зиёратчилар ва меҳмонлар, муҳташам масжиднинг ноёб меъморчилигини яқиндан кузатишлари учун кунига бир неча маротаба ташриф буюришлари мумкин.

Масжид қурилишига барча материаллар Марокаш ва Венециядан олиб келинган. Хусусан, оқ гранит устунлар ва шиша қандиллар шулар жумласидандир.

Ҳасан II масжидининг деворлари бетон ва мармардан ишланган, ички ҳовли мармар устунлар билан безатилган, гумбаз ёғочдан ўйилган, ички деворлари эса ажойиб шива билан безатилган. Марокаш меъморчилиги ва санъатига қизиққан кишилар ушбу масжидга ташриф буюрган зиёратчи кўриб гувоҳи бўлиши мумкин.

Масжидининг яна ўзига хос хусусиятларидан бири унинг жойлашган манзили бўлиб, у Атлантика океанига қараган майдончада қурилган ва бу платформанинг бир қисми ойналар ёрдамида беркитилган. Чунки сайёҳларга сув остида юрган жонзотларни кўришлари учун қулай шароит яратиб берилган. Аммо ушбу ажойиб бўлим фақат ҳурматли меҳмонлар фойдаланишлари учун мўлжалланган.

Шунингдек, масжиднинг шифтини буклаш ва кенгайтириш мумкин. Ушбу том масжид ичида осмон ва океанни бирлаштиради.

Энг ажойиби, масжиднинг 210 метрлик минораси нафақат Марокашда балки дунёдаги энг баланд минорага эга бўлиб, тунда лазер нурлари минора тепасидан Макка томон порлайди, бу қибланинг йўналишини билдиради. Бино зилзилага чидамли, иссиқ пол, электрон эшикларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Масжид орқасида ибодат жойи қизил гиламча билан белгиланган. Масжиднинг пастки қаватида турк ҳаммомлари ва таҳорат фавворалари, совуқ сув ҳавзалари ҳамда сауна мавжуд. Масжидда бир вақтнинг ўзида жами 105000 киши ибодат қилиши мумкин.

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

ЎМИ матбуот хизмати

Понедельник, 08 Март 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг фарзанди Абдулбосит Мансуров вафоти муносабати билан Шайх ҳазратларининг барча оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Top