muslimuz

muslimuz

الإثنين, 18 آذار/مارس 2024 00:00

Саҳарликнинг 6 фазилати

Саҳарлик – баракадир. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)

Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).

Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарлик – Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Саҳарликда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳарликда хурмо истеъмол қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин.

Даврон НУРМУҲАММАД

«Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» (Аъроф, 204).

Абул Олия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» (Аъроф, 204) ояти нозил бўлгунига қадар “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жамоат намозида имом бўлиб қироат қилганларида саҳобалар ҳам У зот (алайҳиссалом)нинг орқаларида қироат қилишарди.

Имом ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ҳанафий мазҳаби таълимотида хутбани бошидан охиригача гапирмасдан тинглаш вожиб ҳисобланади”, деган.

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имом намоз ўқиётганда такбир айтса, такбир айтинглар, қироат қилса, тинглаб туринглар”, дедилар”, (Имом Муслим ривояти).

«Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз!..» Бу амр уч хил таъвил қилинган. Баъзилар уни имом қироатига қулоқ тутинглар, деб таъвил қилган бўлса, айримлар имом хутба қилаётганида тингланг, деб тафсир қилган, бошқалар эса, Қуръон қачон ўқилса, қулоқ солинглар, деб таъвил қилишган. Шу сўз рожиҳдир, устундир.

Қуръони карим тиловатини ибодат ниятида тинглаш лозим. Аллоҳнинг каломини ибодат ниятисиз тинглаш билан савобга эришилмайди. Агар банда ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса, чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони карим қироат қилинаётганда жим турмаслик ва тингламаслик мўмин-мусулмонларнинг хулқу одобидан эмас.

Каломуллоҳни тафаккур ва хушу билан тинглаш муқаддас динимиз талабидир. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада, банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръонни тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръоннинг олий бўлишини, ажралиб туришини ирода этган. Шунинг учун унга қулоқ солиш ва тинглашни, Мусҳафни доимо таҳорат билан ушлашни буюрган. Қуръони карим, намозда ўқиладими ёки бошқа ўринларда қироат қилинадими, унга доимо қулоқ тутиш керак. Каломуллоҳ қаерда ва қандай ҳолда ўқилса, уни жим эшитиш билан одобга риоя этилган бўлади. Мусҳафи шарифни таҳорат билан ушлаш, бошқа китоблардан буюк Зотнинг каломини улуғлаш бўлади.

Қуръони карим тинглашнинг ўзига хос одоблари бор. Каломуллоҳни эшитмоқчи бўлган одам, аввало, қалбини ҳозирлайди, ибодатни ният қилади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига қулоқ солади. Қироат пайтида сажда оятини эшитса, сажда қилади. Тасбеҳ оятлари тиловат қилинса, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, улуғлайди. Жаннат, тақводорларга бериладиган инъомлар ва ваъдалар ҳақидаги оятлар зикр қилинганда Аллоҳнинг фазлини сўрайди. Дўзах, аламли азоблар ва ваъидлар ҳақидаги оятлар ўқилганда Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Тиловат қилинган оятларга амал қилишни мақсад қилади.

Жаъфар Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: «Хавфда қолган кишининг: «...Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил»«...Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!» (Оли Имрон, 173), оятини ўқиб Аллоҳдан паноҳ сўрамаган одамдан ажабланаман. Чунки у оятдан кейин Аллоҳ таоло: «Улар (Бадрдан жангсиз) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар. (Улар) Аллоҳнинг ризосини излаган эдилар. Аллоҳ, албатта, буюк фазл эгасидир» (Оли Имрон, 174), деб марҳамат қилган.

Ғамда ботиб қолган кишининг: «...Лаа илаҳа илла анта субҳанака инни кунту миназ золимин»«...Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим...» (Анбиё, 87), оятини ўқиб, Аллоҳдан ёрдам сўрамаган кишидан ажабланаман. Чунки бу оятдан кейин: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё, 88), дейилган.

Макр-ҳийлага учраганда: «...Ва уфаввизу амри илаллоҳи инналлоҳа басирун билибад»«...Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир» (Ғофир, 44) оятини ўқиб Аллоҳдан нажот сўрамаган бандадан ажабланаман. Чунки ундан сўнг «Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади...» (Ғофир, 45) деб марҳамат қилинган.

Мол-мулк талабидаги одам: «...Машааллоҳу лаа қуввата илла биллаҳ...» – «...бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳдадир...» (Каҳф, 39) оятини ўқиб, Аллоҳдан неъмат тиламаганидан ажабланаман. Чунки бу оятдан кейин: «...Раббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (боғ) ато этар...» ояти бор» (Каҳф, 40).

Қуръони карим тиловат қилинганда ибодат ниятида чин дилдан тинглаб, унинг маъноларини англаб, унга амал қилсак, улкан фойдага эришамиз.

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: «…Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар, 17–18).

 Имом Қуртубий, Фахриддин Розий, Абу Лайс Самарқандий,

Имом Шаъровий, Ибн Касир  тафсирлари асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар...” (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан. Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ривоятда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла бундай деди: “Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар (“Раддул муҳтор”). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишлидир. Чунки бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 
الجمعة, 15 آذار/مارس 2024 00:00

Ro‘zaning qanday hikmati bor?

Ro‘zadan ko‘zlangan asosiy maqsad – taqvo va parhezkorlikdir.
Ubay ibn Ka’b roziyallohu anhu aytganidek, taqvo tikanli yo‘lda ehtiyotkorlik bilan qadam tashlashga o‘xshaydi.
Ey inson! Hayotda xuddi tikanzorda yurgandek ehtiyotkor bo‘lginki, biror gunohni bosib olmagin!
Ro‘za faqat ochlik va chanqoqlikdan iborat emas. Balki:
Ko‘z bilan ham ro‘za tutiladi;
Til bilan ham ro‘za tutiladi;
Quloq bilan ham ro‘za tutiladi;
Qalb va aql bilan ham ro‘za tutiladi.
Ro‘zador inson boshidan oyog‘igacha ro‘za tutadi.

Zulfiqor Ahmad Naqshbandiy hafizahulloh

Abdulloh Abdulmajid tayyorladi.

الجمعة, 15 آذار/مارس 2024 00:00

Ифторликнинг суннатда келган дуоси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторликда: "Заҳабаз зомау, вабталлатил урууқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ" (Чанқоқ кетди, томирлар намланди, иншааллоҳ, савоб ҳосил бўлди), дер эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик вақтида: "Аллоҳумма, лака сумнаа ва ъалаа ризқика афторнаа, фатақоббал миннаа, иннака антас Самийъул Аълийм" (Аллоҳим, Сен учун рўза тутдик, берган ризқингдан ифторлик қилдик, биздан қабул эт. Албатта, Сен Эшитувчи ва Билувчи Зотсан), дер эдилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top