muslim.uz

muslim.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанднинг туризм салоҳияти, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантиришга доир тақдимот билан танишди. Бу ҳақда president.uz хабар қилди.

Жорий йил 9 февраль куни давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унда туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш ва сифатини ошириш, сайёҳларга мақбул шароитлар қилиш мақсадлари белгиланди.

Бу борада Самарқанднинг салоҳияти жуда юқори. Шу боис мазкур вилоятда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Самарқанд туманида туристик марказ ташкил этилмоқда. Бу сўлим масканда 8 та замонавий меҳмонхона, йирик анжуманлар зали, ресторанлар, боғ ва сайилгоҳлар бўлади.

Ушбу туристик марказни Самарқанд халқаро аэропорти, темир йўл вокзали, Имом Бухорий мақбараси, Регистон майдони ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан боғлайдиган кўчалар таъмирланмоқда. Самарқанд шаҳрининг туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 10 та янги меҳмонхона барпо этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари тақдимот билан танишиб, транспорт, йўл ва коммуникация тармоқларини ривожлантириш, Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш, савдо ва хизматларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тўлиқ исми – Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий, ҳижрий 113 йилда туғилган. У зот фақиҳ, тафсир илмлари, ғазотлар ва араблар тарихи билимдони эди.

Аббосийлар халифаси Ҳорун Рашид у зотни ниҳоятда ҳурмат қилар, иззат­икром кўрсатарди. У ўз замонасида мағрибу машриққа “Қозул қузот (бош қози)” этиб тайинланган эди. Усулул фиқҳ бўйича биринчи китоб ёзган ва фиқҳий масалаларни имло қилдирган зотдир. Ибн Самоа айтади: “Абу Юсуф қозиликка тайинлангач, ҳар куни юз ракат намоз ўқирди”. Абу Юсуф дастлаб, Ибн Абу Лайло раҳимаҳуллоҳга шогирд тушган. Сўнг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан фиқҳни ўрганган. Абу Ҳанифа вафотига қадар у зот этагини маҳкам тутган. Бу ҳақда унинг ўзи бундай деган: “Мен илм ўрганиш учун Ибн Абу Лайло ҳузурига борардим. У киши мени ҳурмат қиларди. У бирор масалада ҳукм чиқаришга қийналса, Абу Ҳанифанинг сўзини олар эди. Мен Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳалқасига боришни жуда истардим. Бироқ Ибн Абу Лайлодан ҳаё қилганимдан бора олмасдим. Бир куни у билан ўртамизда кўнгилсиз воқеа содир бўлди. Бу Ибн Абу Лайлога оғир ботди. Мен эса, вазиятдан фойдаланиб, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг олдига бориб, у зот этагидан маҳкам тутдим. Мен Абу Ҳанифага ўн етти йил шогирд бўлдим. Ҳатто Рамазон ва Қурбон ҳайитларида ҳам ундан ҳечам ажрамадим. Фақат касаллигим сабабли бирга бўлолмаган баъзи вақтларим бундан мустасно”. Шунингдек, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ дарслардаги муноқаша қилинган масалаларни ёзиб борар, сўнг устозига кўрсатар эди.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуфнинг фазли ва илмини эътироф қилар эрди. У оғир касал бўлганида: “Мабодо, бу йигит вафот этса, ер юзидаги энг илмли инсон вафот этган бўлади”, деган экан. Яна бундай деган: “Мени ҳеч ким Абу Юсуфчалик маҳкам тутган эмас”, “У шогирдларим орасида барча илмларни ўзида жам қилганидир”. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аъмаш мендан бир нечта масала ҳақида
сўради. Унинг саволларига жавоб бердим.

Кейин: “Бу жавобларни қаердан олдинг?” деди. “Сиз менга ривоят қилиб берган ҳадисдан олдим”, деб ўша ҳадисни эслатдим. У: “Эй Яъқуб, мен бу ҳадисни ота­-онанг турмуш қурмасдан олдин ёд олгандим, лекин ҳозиргача унинг таъвилини билмас эдим”, деди. Абу Юсуфдан икки буюк имом – Муҳаммад ибн Ҳасан ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумаллоҳ ҳам илм ўрганишган.

Имом Аҳмад айтади: “Дастлаб, ҳадис талабида Абу Юсуф ҳузурига борганман”. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 182 йили Бағдодда вафот этган. У зот уч аббосий халифа – Маҳдий, Ҳодий ва Ҳорун Рашид даврларида бош қози бўлган. Ривоят қилинишича, вафот этаётганида, бундай деган: “Мен умрим бўйи берган фатволаримнинг ҳаммасидан қайтдим. Фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ келадигани бундан мустасно”.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳанафий мазҳабини ривожлантириш борасида уч босқичда фаолият олиб борган.

1. Тадрис. Ҳанафий мазҳабнинг ёйилишига дарс беришнинг таъсири кучли бўлган. Шу боис устоз вафотидан сўнг шогирдлар унинг илмий фаолиятини давом эттиришди. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ устозининг ҳаётлик чоғидаёқ юксак илмий салоҳиятга эришган. У масалалар муноқашасида иштирок этиб, усул қоидаларини ёзиб борарди. Устози вафотидан кейин унинг Муҳаммад ибн Ҳасан, Ҳасан ибн Зиёд каби шогирдларига фиқҳдан дарс берди. Сўнгра барчалари кўплаб юртларда бу мазҳабни ёя бошлашди.

2. Қозилик. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ то вафотига қадар аббосийлар давлатида узоқ муддат бош қози бўлиб фаолият юритган. Машриқу мағрибдаги ҳар бир қози унинг маслаҳати билан тайинланар, мазҳабни ёйиш ва унинг нуфузи йўлида ҳанафий уламолардан истаганини қози этиб тайинлар эди. Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳни ҳам Раққа шаҳрига қозиликка тавсия қилган. Зеро, у зот Абу Ҳанифа фиқҳини қозилик орқали ёйишда бошқалардан кўра Имом Муҳаммадни афзал билган.

3. Тадвин. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ “Китобул осор”, “Ихтилофу Абу Ҳанифата ва Ибн Аби Лайло”, “Ал­Харож” ва “Ар­Радду ала сиярил Авзоий” каби асарларни ёзиб қолдирди. У илк бор ҳанафий мазҳаби бўйича китоб ёзиб, масалаларни имло қилган ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ илмини дунёга тарқатган киши сифатида эътироф этилади. Бундан ташқари, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ муҳаддис бўлгани учун ҳанафий фиқҳини ҳадис билан қувватлади. Жарҳ ва таъдил имоми Яҳё ибн Маин раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуф тўғрисида бундай деган: “Асҳобур раъй ичида Абу Юсуфдан кўра ҳадис илмида собитлироқ, ҳифзи кучлироқ, ривояти саҳиҳроқ бирор кишини кўрмадим”.

Муҳаммад ибн Шайбоний раҳимаҳуллоҳ Абу Юсуфдан ривоят қилади: “Биз Абу Ҳанифа билан баъзи масалаларда суҳбатлашардик. Қачон у бир сўз айтса ва шогирдлари ҳам унга қўшилса, уни қўллаб қувватлайдиган ҳадис ё осор бормикин, деб Куфа шайхларининг олдига борардим. Кўпинча бу борада иккита ёки учта ҳадис топиб, уларни Абу Ҳанифага айтсам, баъзиларини қабул қилиб, баъзиларини “Бу саҳиҳ эмас, бу маъруф эмас”, деб рад этарди. Ҳақиқатда, ўша ҳадисларнинг ҳукми у зотнинг айтганидай бўлиб чиқарди. “Буни қаердан биласиз?” деб сўраганимда: “Мен Куфа аҳлининг илмини биламан”, деб жавоб берган.

“Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари” китоби асосида тайёрланди.

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан

Эндиликда ҳар йили 30 июль куни “Халқлар дўстлиги куни” сифатида нишонланади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида, БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ, 30 июлни “Халқаро дўстлик куни” сифатида нишонлаш ва ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф қилган эди.

Бундан кўзланган асосий мақсад ҳамкорлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва одамлар, давлатлар ва умуман жамиятнинг турли тузилмалари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришдир.

Давлат статистика қўмитасининг хабар беришича, Ўзбекистонда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат 34,5 миллион аҳоли истиқомат қилади. Республика давлат таълим муассасаларида таълим ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида олиб борилади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўндан ортиқ тилда эшиттиришлар, маҳаллий босма оммавий ахборот воситалари эса 14 тилда чоп этилмоқда. Республикада 138 та миллий маданий марказ ва 34 та дўстлик жамиятлари мавжуд.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Басралик бойлардан бири кемада сафарга чиқиб, бир халта тилло эвазига чўри сотиб олди. Унинг исми Ҳусн эди. Ҳусннинг ўзи ҳам, овози ҳам жуда гўзал эди. Тор чалиб, қўшиқ куйлар ва чиройли рақсга тушарди.

Бой чўрисини олиб кемага минди ва Басра томон йўлга отланди. Шамол тўхтаб, денгиз тўлқини тинди. Бой кемадаги одамлар учун дастурхон ёзиб, қадаҳларда май-у шароблардан улашди. Кейин чўрисига: «Қани, бир қўшиқ айтиб, рақсга тушиб бер», деди. Чўри бор маҳоратини ишга солди.

Кеманинг бир бурчагида ёш солиҳ бир йигит ҳам бор эди. У ҳам кўркам, ҳусни-хулқли ва хушовоз қори эди. Бир четда Қуръон тиловат қилиб ўтирарди. Ҳалиги бой май ичиб, ширакайф ҳолатда йигитга бақирди: «Ҳой йигитча, бундан кўра яхшироқ ва ёқимлироқ овозни эшитганмисан ҳеч?», деб чўрига ишора қилди.

Йигит эса хотиржам жавоб берди: «Ҳа, албатта, бундан яхшироғини эшитганман!»

Бой унинг жавобидан кулди. Жорияни куйлашдан тўхтатдида йигитга қараб: “Қани, унда сени бир эшитайликчи?”, деди.

Қори йигит виқор билан, дона-дона қилиб тиловат қила бошлади:

..قُلْ مَتَاعُ الدُّنْيَا قَلِيلٌ وَالْآخِرَةُ خَيْرٌ لِّمَنِ اتَّقَىٰ وَلَا تُظْلَمُونَ فَتِيلًا

أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ ۗ

“Уларга айтинг: “Дунё матоси озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига охират яхшироқдир. Сизларга қилчалик зулм қилинмас”.

"Қаeрда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур" (Нисо 77,78).

Бу оятлар бойнинг қалбига қаттиқ таъсир қилди. Қўллари қалтирай бошлади. Қадахдаги майни сувга сепиб: «Қасамки, бу эшитган нарсаларимнинг энг яхшиси. Яна бошқаси борми?», деди.

Ҳа, бор деб, баланд овозда яна тиловат қилди йигит:

وَقُلِ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ ۖ فَمَن شَاءَ فَلْيُؤْمِن وَمَن شَاءَ فَلْيَكْفُرْ ۚ إِنَّا أَعْتَدْنَا لِلظَّالِمِينَ نَارًا أَحَاطَ بِهِمْ سُرَادِقُهَا ۚ وَإِن يَسْتَغِيثُوا يُغَاثُوا بِمَاءٍ كَالْمُهْلِ يَشْوِي الْوُجُوهَ ۚ بِئْسَ الشَّرَابُ وَسَاءَتْ مُرْتَفَقًا

"Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб кўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!" (Каҳф 29).

Бу оятларни эшитиб бойнинг қалбига қўрқув кирди. Хавотири ортиб, май тўла идишларни, чўрининг қўлидаги торни синдириб ташлади. Чўккалаб ўтириб йиғлай бошлади: “Астағфируллаҳ, Астағфуруллаҳ, бу мен эшитганларим ичида энга яхшиси!”, деб қайтарарди ва йигитга қараб: «Ўғлим, мен шу вақтгача нима қилсам, қилдим. Бундан пушаймонман! Энди тавба қилишим учун бирор йўл борми? Тавба қилсам, Роббим мени кечирадими?» дея зорланди.

Йигит бойни қилган ишидан надомат чекаётганини кўриб, унга қуйидаги оятларни ўқиб берди:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

"(Эй Муҳаммад), Менинг ўз жонларига (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир” (Зумар 53).

Бу оятлардан кейин бой қаттиқ йиғлаганча: “Ҳа, Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир!” деди ва шу ҳолатда жон берди.

Ҳабиб ибн Саъид айтади: Аллоҳга қасамки, у ҳақида фақат яхшиликни умид қиламиз. У май ичиб, кейин шу ишидан қаттиқ надомат чекиб, йиғлаган кўйи вафот этди. Шундан кейин кема соҳилга етиши учун бир неча кун ўтди. Унинг жасади эса ўзгармади, ундан ёмон ҳид ҳам чиқмади!”

Икром Шариф таржимаси

Бирлашган Араб Амирликларининг учувчисиз фазовий қурилмаси Марсга етиб борганлиги ва Қизил сайёра орбитасига муваффақиятли кириб борди. Бу ҳақда Марс миссиясининг "Амал" ("Умид") деб номланган расмий твиттерида маълум қилинди, деб хабар беради бугун "Ал-Арабия" телеканали.

"Муваффақият! Амал проби билан алоқа қайта тикланди. Марс орбитасига учириш якунланди", - дейилади твитда.

Зонднинг орбитага муваффақиятли учирилиши Бирлашган Араб Амирликларини Қизил сайёрага етиб келган дунёдаги бешинчи, араб дунёсидаги биринчи мамлакатга айлантирди.

Саудия Арабистони космик комиссияси раиси Султон бин Салмон бин Абдул Азиз мамлакатни Марс зондини орбитага муваффақиятли ишга туширилиши билан табриклаган. Шаҳзода Султон қироллик Бирлашган Араб Амирликларининг космик соҳада биргаликда иш олиб бораётган лойиҳалари ва дастурларидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.

Форс кўрфази Араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг бош котиби Наиф Фалаҳ ал-Ҳажраф ҳам БАА ҳукумати ва халқини Марсга зонднинг етиб боргани билан табриклаган.

2020 йил 19 июлда “Al Amal” космик станцияси бўлган H-IIA ракетаси “Танегасима” космодромидан муваффақиятли учирилган эди. Миссиянинг мақсади Марснинг атмосфераси ва иқлимини ўрганишдир. Тахминан 1350 кг оғирликдаги қурилма БАА космик агентлиги, Муҳаммад бин Рашид номидаги космик марказ ва Американинг учта университети билан ҳамкорликда яратилган. У иккита қуёш панеллари, юқори аниқликдаги кўп каналли камера ва инфрақизил ва ултрабинафша спектрометрлар билан жиҳозланган. EMM (Emirates Mars Mission) миссиясининг асосий вазифаси Марс атмосфераси ва иқлимини ўрганишдир. Хусусан, “Al Amal”  зонди ёрдамида олимлар сайёрадаги об-ҳаво даврларини, шунингдек чанг бўронларини кузатишни режалаштирмоқдалар. Олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда мутахассислар Марс атмосфераси мавжуд бўлган вақт ичида қандай ўзгарганлигини билиб олишни мўлжаллаган.

azon.uz

Мақолалар

Top