www.muslimuz

www.muslimuz

 

9 ёшдаги фарзандим математикага умуман қизиқмас эди. Фақатгина қизиқмаса ҳам майли эди, у борган сари математика фанини ёмон кўриб қола бошлади. Фарзандимнинг математикани ёқтирмаслиги унинг бошқа фанларга бўлган муносабатига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Борган сари баҳолари пасайиб кета бошлади.

Бу муаммонинг муолажасида узоқ ўйланганимдан кейин менда бир фикр пайдо бўлди: фарзандимга тижоратни ўргатишга қарор қилдим.

Ёзги таътил яқинлашаётган кунларнинг бирида фарзандимни ҳар-хил ширинликлар, ўйинчоқлар сотиладиган дўконга олиб бордим. Ҳали болалиги тарк этиб улгурмаган ўғлимнинг юзида пайдо бўлган табассумдан унинг ичида “Дадам менга ўйинчоқ олиб берадилар, ўртоқларимга кўрсатиб мақтанаман”, деган ўйлар ўтаётганини пайқаш қийин эмасди. Кейин ўғлимга “Ўғлим, мана, хоҳлаган ўйинчоқларингни танлаб ол. Мен уларни сенга олиб бераман. Кейин сен уларни ўртоқларингга сотасан”, дедим. Аввалида ўғлим ҳайрон бўлиб бир муддат ўйланиб қолди. Кейин таклифим унга ҳам маъқул тушиб ўйинчоқларни бирма-бир танлай бошлади.

Уйга келганимиздан сўнг қайси ўйинчоқни қанчадан сотиб олгани, энди ўртоқларига қанчадан сотиши ҳақида мен билан маслаҳат қилди. Уни кўриб кўзларим қувнарди. Чунки бир тарафдан ўғлим билан кўп вақтимни ўтказаётганимдан хурсанд бўлсам, бошқа тарафдан унинг ҳисоб-китобларга ўта нозик ёндашаётгани, фойда-зарарни тўғри чамалаётгани мени қувонтирарди.

Шу тахлит сотиб олган ўйинчоқларимизни ўғлим ҳар куни битта-иккитадан қилиб ўртоқларига сотиб келарди. Кечқурун ишдан келганимда иккаламиз кўрган фойдасини ҳисоб-китоб қилардик. Кўрган ҳамма фойдаси ўзига бўлишини айтганим учун фарзандим ишига ўзгача меҳр билан ёндашарди. Шу орада фарзандим ҳисоб-китобга ҳам уста бўли қолди. Энди нархларини мен эмас, ўзи мустақил белгилаб сотадиган бўлди. Бутун ёз бўйи шу иш билан машғул бўлди. Албатта дарслари ҳам қолиб кетмади.

Янги ўқув йили бошланиб 4-синфга ўтгач, математика фанидан аъло баҳолар ола бошлади. Бунда ёз бўйи қилган тижорати давомида математиканинг асоси бўлган бўлиш, кўпайтириш, қўшиш ва айириш амалларини яхши ўзлаштиргани қўл келган бўлса, не ажаб. Математикадаги фаоллиги сабаб бошқа фанларга ҳам бефарқ бўлмади. Чунки бола психологияси бир фандан яхши ўқиса, албатта бошқа фанлардан ҳам яхши ўқий олишини тақозо қилади. Ўқув йили охиригача бошқа фанлардан ҳам аълочилар сафига қўшилди, алҳамдулиллаҳ.

Демак, фарзандаларимизни биргина фандан, айниқса математика каби аниқ фанлардан яхши ўқишига эриша олсак, бу уларнинг бошқа фанлардан ўқишига ва умуман олганда ҳаётдаги фаоллигига ижобий таъсий қилмасдан қолмас экан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясидан 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

الخميس, 22 حزيران/يونيو 2023 00:00

Эҳромда нималарга эътибор қаратиш керак?

  1. Ҳажни ният қилиб эҳромга кирган зиёратчилар талбия айтиб Минога йўл оладилар.
  2. Минога чиқиб кетишдан олдин энг зарурий буюмлар олинади. Мино водийсига кетаётганда оддий уст бош олиб олинади. Ҳайит куни эҳромдан чиққандан кейин яна икки кун Минода тунаш учун керак бўлади;
  3. Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари, бармоқлари эса очиқ бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган, ўзига атрофдагиларни жалб қилмайдиган даражада бўлиши талаб этилади.
  4. Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида халақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади. Ҳаж ва умра қилувчи аёл-қизлар пардозланмайди.
  5. Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”.
  6. Минодан Арофатга борилади, Арофатдан Муздалифага борилади. Муздалифадан Минога қайтиб, катта Ақабага борилади ва шайтонга тош отиш амали бошланади. Биринчи тошни отиш билан «лаббайка» айтиш тўхтатилади.
  7. Ўзи тош ота олмайдиганлар: беморлар, кексалар ўрнига вакиллари тош отса бўлади.
  8. Тош отиб бўлгандан кейин аёлларнинг соч учидан бир бармоқ бўғини (2,5–3 см.) узунлигида соч кесилади. Сочи умуман йўқ ёки бор бўлса ҳам 3 см.га етмайдиган аёллар бошига қайчини юргизиб қўйишлари кифоя қилади.
  9. Ҳайитнинг учинчи куни аср намозига қадар ҳажнинг яна бир улкан рукни, яъни фарзи бўлган тавофи ифозани адо этишга киришилади.
  10. Каъбани айланиш – тавофни 7 марта қилади, 1 ёки 2 марта тавоф қилиб, бутунлай тарк этиш мумкин эмас.
  11. Тавоф вақтида таҳорат кетиб қолса, таҳоратни янгилайди ва тавофни келган жойидан давом эттиради.
  12. Тавоф вақтида зиёратчилар кўп бўлса, аёллар ҳажарул асвадга яқинлашишга ҳаракат қилмасликлари керак.
  13. Саъй бошлашда Сафодан  Марвагача 1 саъй, Марвадан Сафогача 2 саъй ҳисобланади. 1 та ёки 2 та саъй қилиб кетиб қолинмайди. Сафо ва Марвадаги саъй 7 марта бўлади.
  14. Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) аёллар югурмайди.
  15. Эҳром вақтида ҳеч ким билан талашмайди, ҳеч кимнинг ҳақига хиёнат қилмайди.
  16. Эҳромда ҳидли хушбўйликлардан эҳтиёт бўлиш мақсадида Каъба атрофида айланаётганда қўлларни Каъбага суртмаслик талаб этилади.
  17. Эҳромда атир совун, нам салфетка, мушк анбар, ҳидли тагликлар, косметикалар ишлатиш мумкинмас.
  18. Бирор ўсимликнинг баргини юлиш, ҳидлаш мумкин эмас.
  19. Жониворларга озор берилмайди.
  20. Аёллар эҳромда кийимларини алмаштиришлари мумкин.
  21. Дунё нафсидан узилиб, фақат зикр билан машғул бўлади.

"Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар" рисоласидан

Бугун, 20 июнь кунидан барча диний таълим муассасаларида 2023–2024 ўқув йили учун қабул ҳайъатлари ўз ишини бошлади. Абитурентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёни тегиши тартиб-қоидалар асосида амалга оширилмоқда.

Айни дамда диний таълим билим юртларида абитуриентлар қабул қилиш учун керакли шароитлар ҳозирланган.

Жумладан, бугун бошланган “Қабул–2023” жараёни билан яқиндан танишиш учун Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Нусратулло Нодиров ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий тадқиқодлар бўлими ходими Абдуносир Бобамирзаевлар Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюришди.

Қабул жараёни Қуръони карим тиловати ва дуою хайрлар билан бошланди.

Меҳмонлар Билим юрти мудири, Қабул ҳайъати раиси Абдулҳаким қори Матқулов ҳамроҳлигида
қабул учун яратилган барча шароитларни кўздан кечириб, абитуриентлар билан ўтказилаётган суҳбат ва ҳужжатларни қабул қилиш билан яқиндан танишди. Шунингдек, қабул жараёни борасида керакли тавсиялар берди.'

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

14 июнь куни Малайзия сайёҳлик компаниялари ва туроператорлари ассоциацияси (MATTA) томонидан мамлакатнинг Селангор штатидаги “Setia City Convention Centre” анжуманлар марказида “MATTA Travel Exchange 2023” (MTEX 2023) “B2B” форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда Малайзиянинг 100 дан ортиқ туроператорлари ҳамда Ўзбекистон, Вьетнам, Грузия, Индонезия, Корея Республикаси, Сингапур, Эрон, Ҳиндистоннинг туриндустрия ва авиакомпаниялари вакиллари иштирок этдилар.
MATTA 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, 3 мингдан ортиқ сайёҳлик компанияларини ўз атрофида бирлаштирган. Ушбу ассоциация бутун мамлакат бўйлаб ўз ваколатхоналарига эга бўлиб, мунтазам равишда Малайзиянинг барча штатларида “МАТТА Fair” сайёҳлик кўргазмалари ва хорижий компаниялар билан “B2B” учрашувларини ўтказиши анъанага айланган.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда турли жабҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий сайёҳлик инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва туризм хизматларини диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, жумладан Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг туризм маҳсулотлари намойишига алоҳида эътибор қаратилди.
Охирги йилларда виза режимининг соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун республикага визасиз кириш тартиби амал қилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг тўғридан-тўғри авиақатновлари ҳақидаги маълумотлар ҳам ўртоқлашилди.
Форум доирасида МАТТА вакиллари билан ташкил этилган музокаралар натижасида жорий йил сентябрь ойида Куала-Лумпур шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги “МАТТА Fair” сайёҳлик кўргазмасида мамлакатимиз вакилларининг, шунингдек, ноябрь ойига мўлжалланган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида МАТТА вакилларининг иштироки бўйича келишувга эришилди.
“B2B” форуми ишида Бухоро вилоятининг “Antique Travel” туроператори иштирок этгани ҳолда малайзиялик компаниялар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Малайзия туроператорлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон йўналишида “маданий туризм”, “зиёрат туризми”, “Умра+”, “этнотуризм”, “гастротуризм”, “ишбилармонлик туризми” (MICE) каби янги турпакетлар бўйича ишларни йўлга қўйиш, тарғиб қилиш ва йил охиригача мамлакатимизга қўшимча 1000 нафар сайёҳни жалб қилиш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Эроннинг машҳур «Asia News» газетасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон қадимдан Буюк ипак йўлининг марказида бўлиб келгани, буюк тарихий, маданий ва меъморий меросга эга эканлиги қайд этилган.
«Мамлакатда етти мингдан ортиқ қадимий ёдгорликлар мавжуд бўлиб, улар тарихий-маданий, меъморий ва археологик жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон буюк маърифатпарвар ва олимлар - Ибн Сино, Беруний, Ал-Хоразмий Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк шахслар ватани бўлиб, улар жаҳон маданияти ҳамда илм-фани тамаддунига катта ҳисса қўшган»,- дейилади мақолада.
Материалда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг тоғ ва чўллари манзаралари дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳларнинг эътибори ва ҳайратига сабаб бўлмоқда. Шу боис мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ортиқча баҳолаш шарт эмас ва ҳукумат уни ривожлантириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилиш жараёни бошланди. 65 давлатдан ташриф буюрувчилар учун 30 кунлик визасиз тизим жорий этилди ва 77 давлат, жумладан Эрон фуқаролари учун электрон виза бериш тизими соддалаштирилди. Ислоҳотлар шарофати билан 2022 йилда Ўзбекистонга 5,2 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилда 7 миллион сайёҳ жалб этилиши режалаштирилган.
«Ўзбекистон «The Guardian», «The Independent», «Global Muslim Travel Index», «National Geographic Traveler Awards», «Lonely Planet» сингари халқаро рейтингларда юқори ўринларда қайд этилмоқда. ЮНВТО маълумотига кўра, Ўзбекистон энг жадал ривожланаётган туризм саноатига эга бешта давлат қаторига киради ва «The Guardian» Ўзбекистонни дунёдаги энг яхши сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида эътироф этди», - деб таъкидлайди форс нашри.
Мақолада қайд этилганидек, жори йилда Самарқанд шаҳрида Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилади.
«2022 йил сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши саммити бўлиб ўтган Самарқанд шаҳрида «Silk Road Samarkand» сайёҳлик маркази барпо этилди, – деб ёзади манба. – Марказ 260 гектардан ортиқ майдонда қурилган бўлиб, эшкак эшиш каналининг икки томонида жойлашган. Бу ерда қарийб 1,2 минг хонага эга саккизта меҳмонхона, жумладан, мамлакатдаги илк иккита беш юлдузли меҳмонхона, «Боқий шаҳар» карвонсаройи ва Конгресс-холл барпо этилди. Конгресс марказининг 18 минг квадрат метр майдонда сиғими 3,5 минг кишигача бўлган ўн учта конференция зали жойлашган».
Ушбу платформа Ўзбекистонда халқаро тадбирлар, форумлар, конференциялар, кўргазмалар, ярмаркалар ва фестивалларни ўтказиш орқали MICE туризми учун ажойиб имконият яратади. Бу ерда сайёҳлар ва меҳмонларни юқори савияда қабул қилиш учун тайёр барча инфратузилма мавжуд.
«Шунингдек, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳри Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 2024 йилдаги туристик пойтахти этиб эълон қилинган. Қарор 2022 йил 13 декабрда онлайн тарзда ўтказилган ИТҲ давлатлари туризм вазирларининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинди», - деб ёзади «Asia News».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top