www.muslimuz

www.muslimuz

الأربعاء, 13 أيار 2020 00:00

Маломатчи нафс (Танловга)

Ассалому алайкум азиз биродарлар. Барчамизга ойлар султони Рамазон муборак бўлсин. Барчамизга Аллоҳ бу ойларда эзгу амаллар қилиб савоб деган ҳуржунимизни тўлдириб, гуноҳ деган ҳуржунимизни бўшатиб олишни Ўзи муяссар айласин.

Бежизга бу ой “Ойлар султони” деб ном олмади. Бунинг биринчи сабаби бу ойда Қуърони карим нозил бўлди. Шунинг ўзи уни ойлар султони деб номлашга етарлича сабаб бўлади. Бу ой раҳмат ойи, меҳр-мурувват ойи, эзгу амалларни ҳар доимгиданда кўпроқ қилиш ойи. Чунки бу ойда қилинган эзгу амалларнинг ажри ошириб берилади. Мана ҳозир барчамиз уйдамиз. Бу каронавирус деган бало, Аллоҳни синовли кунларида уйдамиз. Бу кунлар бизга кўп нарсаларни исботлаб берди. Чунки одам боласини бошига келган ҳар қандай иш ўзи қилган амали сабабидан келади. Шахсан мен ўзим рамазон ойида масжидда хатми Қуръонлар бўлмаган жамоат бўлиб таровеҳ намозлари ўқилмаган ойни эслай олмайман. Биз одамлар мусулмонларни орасида меҳр деган занжир узилиб бораётган эди. Ота-онамиз, яқин қариндошларимиз билан алоқаларимиз узилиб бораётган эди. Аллоҳ энди истасак ҳам бора олмайдиган қилиб қўйди, масжидларда жамоатни қадрига етмадик, жамоатга зор қилиб қўйди, бу сабаблар кўп. Ҳозир уларни санасам охири тугамайди…

Мен сизларга ажиб бир суҳбатни ҳавола қилмоқчиман. Бу суҳбат мавзуимизга алоқадор. Юқорида бу ойда эзгу амаллар қилишимиз керак дедик. Бу амалларимизда энг кераклиси ихлос, Аллоҳ розилиги бўлиши керак. Чунки амалда ихлос бўлмаса у қанчалар катта бўлмасин инсонга фойда бермайди. Бугунги суҳбатдошим ўз нафсим. Менга маломатчи нафс берган Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошлайман. Ҳамма қатори мен ҳам уйда ибодатлар қилмоқдаман, озми копми. Бир куни одатим бўйича хуфтон намозидан кейин таровеҳ ўқиш учун намозни бошладим. Қуръонни тўлиқ ёд олмаганман. Ўзим билган суралар билан имкон қадар ўқийман. Шунда намоз ўрталарида кўчада маҳалламиз болаларини стол тенниси ўйнаётган овози эшитилди. Шунда ўзимдан “Ҳа, кўрдингми бу пайтда баъзи инсонлар кўчада. Лекин сен ибодат билан оворасан, барака топ”, деган ғурурланиш ҳисси ўтди. Шунда виждоним “Эй, шошма! Ўзингга кел”, деб бир шапалоқ тортгандай бўлди. “Сен ожизона ибодатинг билан ғурурга кетяпсанми, намозда кўчадаги овозни эшитаётганингни ўзи етарлича қайғу эмасми?!” деди. Яна нафсим “Билмайсанми Аллоҳ розилиги учун қилинмаган амал ҳар қанча катта бўлмасин, бефойдаку! Аслида сен ва сенга ўхшаганлар сабабидан бу балолар келмадимикин”, деган саволларни берди. Саволга жавоб беришим қийин. Чунки бу ҳол кўп бўлар эди менда. «Ҳа», дедим, тўғри айтдинг, деб сергак тортдим. Кейинги икки ракатни Аллоҳдан ихлос беришини сўраб дуо қилиш билан бошладим.

Баъзилар учун бу суҳбат жуда қисқа, оддий ва содда туйилиши мумкин. Лекин суҳбатдан ҳисса шуки, аввало ниятларимиз тўғри бўлсин. Бу синовли кунлардан эсон-омон чиқиб олишни Аллоҳ насиб қилсин. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

@muslim666J

 

 

  1. Садақа шундай нарсаки, у мол соҳибидан қоладиган яхшиликдир. Яъни мол-дунё эгаси ўзи билан олиб кетадиган нарсаси бу молидан қилган садақасининг савобидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга”, деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 272-оят).
  2. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан: Сўйилган қўйдан нима қолди?” деб сўрадилар. Онамиз: Ундан бир елкаси қолди дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир елкасидан бошқаси қолди”, дедилар. Яъни қилинган эҳсон аслида қолгани дедилар.
  3. Аллоҳ таоло садақа берувчининг савобини кўпайтириб беради. Қуръонда: “Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор” (Ҳадид сураси 18-оят), дейилган бўлса, бошқа бир оятда эса: “Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи У зот унга берганини кўп марта кўпайтириб берса”, дейилган (Бақара сураси 245-оят).
  4. Садақа қилувчи жаннатнинг хос бўлган садақа эшигидан чақирилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “... Кимки намоз аҳлидан бўлса. Намоз эшигидан чақирилади. Кимки жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан чақирилади. Кимки садақа берувчи аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади. Кимки рўза аҳлидан бўлса, Райён эшигидан чақирилади”, дедилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Бу эшикларнинг барчасидан чақириладиган бирор- бир киши борми? деган эдилар, Набай алайҳиссалом: “Ҳа, сен улардан бири бўлишингга умид қиламан”, дедилар.
  5. Садақа ҳадисда айтилгандек яъни рўзадор, жанозада қатнашиш ва касални бориб кўриш билан бир кунда қилинса жаннат вожиб бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бугун рўза тутган ҳолда кунни бошлади? дедилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мен”, дедилар. Ким бугун жаназага қатнашди? дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мен”, дедилар. “Ким бугун касални бориб кўрди?” дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир кишида ушбу ишшлар жам бўлса, у жаннатга киради”, дедилар.
  6. Садақа бериш билан қалбда роҳат ва таскинлик пайдо бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бахил ва инфоқ қилувчи кишини зарбул масал қилдилар: “Гўёки у иккисида жангда кийиладиган темирдан бўлган кийим бор. Инфоқ қилувчи киши инфоқ қилса гўёки ўша кийими унга мос келиб, ҳамма аъзосини ёпиб тургандай кенгайиб кетади. Аммо баҳил киши эса инфоқ қилишни истамайди. Гўёки қўлини бўйнига боғлаб олгандай. Инфоқ қилай деса қўли боғланган. Ҳудди шундай унга кийим сиғмай тор бўлиб қолади”, деган мазмунда айтганлар.
  7. Агар инфоқ қилувчи уламолардан бўлса, Аллоҳнинг ҳузуридаги энг гўзал мақомда бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё тўрт нафар киши учундир. Биринчиси шундай кишики, унга дунё ҳам, илм ҳам берилади. У илми билан Аллоҳдан қўрқади ва дунёсини силаи раҳм қилишга сарф қилади. Бу энг буюк мақомдир”, дедилар.
  8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инфоқ қилувчи бой кишини Қуръон билан вақтини ўтказувчи кишининг мақомига тенглаштирдилар. Ҳадисда: “Икки кишига ҳасад қилса бўлади. Бир кишики Аллоҳ унга Қуръонни берган бўлсаю, у кечаю кундуз уни қоим қилса. Яна бир кишики, Аллоҳ унга мол-дунё берган бўлсаю, у кечаю кундуз уни инфоқ қилса”, дейилган. Қани энди Аллоҳ муваффақ қилсаю, бу иккисини ҳам жам қилинса. Аллоҳдан бу борада ўз фазлини сўраймиз.
  9. Садақа банданинг ишончи ва иймонига далилдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа ҳужжатдир”, деганлар.
  10. Садақа молни покловчидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй тижорат аҳли, албатта тижоратда бекорчи гаплар ва қасам аралашиб қолади. Уни садақа бериш билан алиштиринглар (пайдо бўлган гуноҳларни садақа бериш билан йўқ қилинглар)”, дедилар.

Яҳё УБАЙДУЛЛОҲ ўғли,

“Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби.

 

الثلاثاء, 12 أيار 2020 00:00

Саодатга чақирувчи воиз

Китобхонларга ўзининг “Лаа таҳзан” яъни “Маҳзун бўлма” китоби билан таниш бўлган Доктор Оиз ибн Абдуллоҳ ал-Қорний ҳафизаҳуллоҳ 1959 йил 1 январда, ҳижрий ҳисоб билан 1379 йилда Саудия Арабистонинг Булқорн вилоятида Оли Шурайҳ қишлоғида таваллуд топган.

Доктор Оиз Қорний ёзувчи, шоир, воиз ва даъватчидир. У ўзининг маърузалари билан кўплаб мамлакатларга ташриф буюрди, ўнлаб конференцияларда қатнашди. Саксондан ортиқ китоблар, бир қанча хутбалар, аудио ва видео шаклдаги шеърий кечалар ва адабий йиғинларда ёзилган дарслик ва маърузалар муаллифидир.

Доктор Оиз Қорний 80 га яқин китоблар ёзган бўлиб, Унинг “Лаа таҳзан” номли китоби унинг эришган натижаларининг энг кўзга кўрингани ва уни машҳур бўлишига сабаб бўлган китоби ҳисобланади. Унинг мазкур китоби ўн миллиондан ортиқ нусхада сотилгани ва ўттиздан ортиқ тилга таржима қилингани тилга олинади.[1] Унинг бу китоби бутун дунёга машҳурдир.

Устоз Мубашшир Аҳмад тарафидан “Ўкинма” номи билан ўзбек тилига қайта таржима қилинди. Ушбу китоб сизга: “Хушчақчақ ва бахтли бўлинг, яхшилик томонини изланг ва тинчланинг”, дейди. Ҳаётга ўз ҳолича боқишни, мамнун, қувноқ ва шод яшашни ўргатади. Йўналишлар, одамлар, замон ва маконлар билан муомала қилишда фитратга зид хатоларни тузатади[2]

Бундан ташқари “Табассум қилинг”[3], “Қалблар тизгини”[4] китоблари ҳам ўзбек тилига таржима қилиниб китобхонлар орасида машҳурдир. Ҳозирда муаллифнинг “Дунёдаги энг бахтли аёл” ҳамда “Бахтли бўлмоқ учун” китоблари ҳам Саидхон Махсум қори томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилиш арафасида.

Доктор Оиз Қорний “Дунёдаги энг бахтли аёл” номли китобида аёлларнинг бахтли саодатли ҳаёти учун қайғуради. Маълумки Ислом дини келиб аёлнинг қадрини кўтарди. У ўзини жамиятда бахтиёр ҳис қилиб яшашини таъминлади. Доктор Оиз Қорний ўзининг бу китобида аёлларга тўғридан-тўғри хитоб қилиб, уларнинг жамиятдаги улуғ мақомини кўрсатиб берган, мана шуларни ҳис этган ҳолда чинакам бахтга сазовор бўлиб ҳаёт кечиришларида керакли тавсияларини берган.

Доктор Оиз Қорний бир қанча телекўрсатувларда ҳам қатнашган, жумладан:

“Рисолат”, “Иқро”, “Дубай” каби қатор каналларда Рамазон суҳбатларида қатнашиб туради.

Ҳулоса ўрнида айтсак, Доктор Оиз Қорний жамият тараққиёти, фаровонлиги, мўмин-мусулмонларнинг икки дунёда саодатли ҳаёти учун тиним билмай фаолият олиб бораётган замонамиз олимларидандир.

 

Фозилхон АБДУЛЛАЕВ,

Тошкент ислом институти талабаси.

 

 

 

[1] Wikipedia.org/wiki/ عاءض القرني

[2] https://www.facebook.com/eHilol/posts/1534790136598605/

[3] Фахриддин М. Раҳматуллоҳ А. ва бошқалар. Табассум қилинг. – Тошкент. Sano-standart, 2018.

[4] Алибоев Б. Қалблар тизгини. – Тошкент. Qaqnus software, 2018.

الثلاثاء, 12 أيار 2020 00:00

И С Т И Ғ Ф О Р

 

Истиғфорнинг луғавий маъноси, беркитиш ва устини ёпишдир.  Аллоҳ мағфират қилди, дегани гуноҳни беркитди деганидир. Истиғфор (гуноҳнининг кечирилишини) сўрашдир. Ҳадис ва Ҳаёт китоби (35 жуз, зикр, дуолар, истиғфор ва тавба).

           Ёшинг катта бўлган сари охиратингни ўйлаб қоларкансан. Мана бир неча йиллардан бери ўлимни тез-тез ўйлаб, ўзимни ҳаётимни ислоҳ қила бошладим. Ҳаётимда кўп синов имтиҳонлари бўлиб ўтган. Синовлар келганда пайғамбаримиз Муҳаммад (саллолоҳу алайҳи вассалам)ни ўргатган дуоларни қайта-қайта кўплаб ўқирдим. Албатта бу дуолар ўша синовларимга тегишли бўлган бошқа жабҳаларига ёрдам берарди, аммо мани қийнаётган ўша синов тўхтамас эди. Кунлардан бир куни дўстларим менга истиғфор айтишимни, бу истиғфор очилмаётган эшикларни очиб юборишига маслаҳат беришди. Астағфируллоҳ; - дедим ва ўзимга ҳар кунлик вазифа қилиб олдим. Ҳар куни ишга кетаётганимда йўл-йўлакай – “астағфируллоҳ”, деб истиғфор эта бошладим. Кунига бир неча юзлаб истиғфор келтира бошлар ва ўзимга ўзим савол берардим. “Роббим билиб билмай қилган гуноҳларимни кечир, авф эт”, дейман, “аммо билганимдан билмаган гуноҳларим кўпку, нимага тушунмаган ҳолатда истиғфор айтвоман, яна ёлғончилардан бўлиб қолмай”, деб қўрқардим. Юрсам ҳам турсам ҳам Роббимга илтижо қилардим: - “Роббим манга гуноҳларимни кўрсат, билдир, насуҳо тавбасини қилай,”- дердим.  Астағфируллоҳ!!!.  Роббим манга болалик вақтимдаги мактабда ўқиб юрган чоғларимдаги ҳамиша қалбимни бир чеккасидаги қора нуқтадек доғни, қачон эсласам юрагим қалбим ғашланадиган хотирани эслатди. Оҳ, энди тушиндим, нимага истиғфор айтишимни. Мактабимдаги физика ўқитувчиси бир куни дарс давомида ўқувчиларнинг дарсга қулоқ солмаётганини сезиб қолиб, ашаддий тўпалончи ўғил болалар ва сергап қиз бола ўқувчиларни турғазиб роса танбеҳ бердилар, сўнгра эсимда бўлса кўпчиликка синф журналига 2 баҳо қўйдилар.  Кейин ўтилган дарсни конспект дафтарга ёзган ва ёзмаганлигимизни текшириш учун ҳар бир ўқувчининг синф дафтарини текшира бошладилар, мен ўша вақтда аксига олиб энг охирги синф партасида ўтирар эдим. Кўз ойнагим бошқа жойда қолиб кетгани учун доскадаги формулаларни кўра олмай ёнимдаги дугонамга илтимос қилиб: - “сен ёзиб олгин мен сендан кўчириб оламан”, - дедим. Минг афсуслар бўлсинки дугонам илтимосимни эътиборга олмади ва у ҳам устоздан гап эшитиб 2 баҳони олволди, ҳафа ҳам бўлмади. Гал менга келди, устозим мени жуда ҳурмат қилардилар, қарасалар мен ҳам ёзмаганман, бундан хуноблари ошиб жаҳил устида роса мени койидилар ва албатта менга ҳам 2 баҳо қўйилди. Чорак баҳосини 5 баҳо қилмоқчи бўлган мендек бир ўқувчига жуда алам қилиб, бечора ўқитувчини ҳақорат қилиб ҳафа қилиб қўйдим. Ўша куни физика ўқитувчимиз ҳаммамиздан қаттиқ ҳафа бўлдилар, аммо синфдошларим мендан бундай ҳолатни ҳеч қачон кўришмагани учун биринчи марта 10 йил деганда ўқитувчига гап қайтарганимни кўришиб донг қотиб қолишди. Улар кўзларини катта катта очиб менга ҳайрат билан қарашарди. Мен бу қилган ишимдан, сабрсизлигимдан қаттиқ уялдим. Мана 45 йилдирки шу воқеяни унута олмайман. Қанийди бир кўрсаму улардан – ўқитувчимдан кечирим сўрасам. Роббимга шу қилган ишим учун истиғфор келтирдим, аммо бандаси кечирмагунича аллоҳ ҳам кечирмас экан. Энди нима қиламан, у инсон аллақачон ўтиб кетган бўлсалар. Яқин бир дўстимга шу воқеяларни гапириб бердим ва ёрдам сўрадим. Дўстим бир ҳадисни гапириб берди, пайғамбаримиз Мухаммад саллолоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар; - “Қабр эгалари қабрда пушаймон бўлиб ётишар экан, яхши инсонлар қанийди савоб амалларини бундан ҳам кўпроқ қилсам, - деб, ёмон инсонлар эса қанийди тирилиб бир марта бўлса ҳам сажда қилсам ва бир марта бўлса ҳам субаҳаналлоҳ десам”, деб орзу қилишар экан. Яқин дўстим менга жуда чиройли маслаҳат берди. У айтдики; - ҳар куни кўплаб тасбеҳ ташенг, айниқса субаҳаноллоҳни ва савобини ўқитувчизга бағишланг, зора сизнинг истиғфорингиз ва тасбеҳингиз сабабли қабр азобидан озод бўлсалар, - деди. Субаханаллоҳ, алхамдулиллаҳ, астағфириллоҳ.... юзлаб, минглаб тасбеҳ ташлаб савобини ўқитувчимга баҳшида қилдим. Роббимдан сўраган сарим гуноҳларим кўрина бошлади, астағфируллоҳ буларни қачон тузатиб оламан. Жуда қўрқдим. Аммо истиғфорнинг мағзини тушиниб олдим. Минглаб миллионлаб истиғфор айтдим. Кўчаларда кетаётиб юрган ҳолатда писта чақиб пўчоғини, сигарет чекиб, муз - қаймоқ ейиб, автобусдан тушаётиб чипта қоғозни ерга ташлаймиз, туфлаймиз, сув ичиб идишини дуч келган ерга улоқтириб ва бошқа ишларимиз билан бизни кўтариб турган заминни ифлослантирамиз. Ана сизга гуноҳ, яна буни устига кўчаларни супураётган тозаловчи азизларимизни дили оғриб, бизни дуобад қиладилар.  Биз парво ҳам қилмаймиз.  Ана яна битта гуноҳ.  Астағфируллох!!!.                                                                             

           Аллоҳ таоло Нисо сурасида: “ Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳимли Зот топадир”, деган (110-оят). Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, тавба қилиш орқали ечилмаётган ўша синовим алҳамдулиллаҳ жуда чиройли ечилди. Субаҳаналлоҳ!.  

  1.     Ал-Ағарр ал-Музаний р.а.дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, қалбимни булут босади ва албатта мен бир кунда Аллоҳга юз марта истиғфор айтурман”, дедилар”. Истиғфор уламолар истилоҳида гуноҳнинг мағфират қилинишини дуо, тавба ва бошқа таотлар ила сўрашдир. Ҳадис ва Ҳаёт китоби (35 жуз, зикр, дуолар, истиғфор ва тавба). Истиғфорнинг фойда ва самараларини қуйидагилардан топдим:
  2. Гуноҳларнинг мағфират қилиниши.
  3. Мушкулларнинг кушойиш қилиниши.
  4. Хафачиликнинг кетиши.
  5. Ғам босишининг даф бўлиши.
  6. Айбларнинг беркитилиши.
  7. Ризқнинг сероб бўлиши.
  8. Молнинг сақланиши.
  9. Хулқнинг саломат бўлиши.
  10. Орзуларнинг ушалиши.
  11. Молу мулкка барака кириши.
  12. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил бўлиши ва бошқалар.
  • Тавбани тушунтирган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва шукроналар бўлсин.

Хадича Қосимова ҳаётидан бир лавҳа.

Хабар

Саудия Арабистони Подшоҳлиги 2020 йилнинг 1 июль кунидан эътиборан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкасини амалдаги 5 фоиздан 15 фоизга кўтармоқда.

 

Коронавирус инфекциясининг қисқа муддат ичида глобал миқёсда тарқалиши ҳамда нефть нархининг кескин пасайиши Саудия Арабистони иқтисодиётига ҳам жиддий таъсир кўрсатган.

Хусусан, 2020 йилда давлат бюджетининг камомади 50 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан, солиқ ва бюджет сиёсати тежамкорлигини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2020 йилнинг 1 июль кунидан бошлаб, Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси амалдаги 5 фоиздан 15 фоизга кўтарилган.

Таъкидлаш жоизки, ҚҚСни 15 фоизга кўтариш натижасида хизмат кўрсатиш (меҳмонхона, транспорт, озиқ-овқат ва бошқа) соҳаларда нархнинг ўсишига олиб келиши кутилмоқда.

 

www.alarabiya.net

@hajumrauz

Мақолалар

Top