muslimuz

muslimuz

السبت, 06 كانون2/يناير 2024 00:00

Муваффақият душманлари ҳамжамияти

Бобомиз Одам алайҳиссалом замонларидан бери мавжуд бўлган бир жамият бор. Унга лаънати иблис асос солган, бошқарув мажлисига ҳам ўзи раислик қилган ва унга аъзо бўлиш учун қабиҳ шартлар қўйган: маккорлик, айёрлик, гиж-гижлаш, одамларни тафриқага солиш, ҳиқду-ҳасад, адоват, ёмон кўриш ва ҳоказо…

Саҳиҳ ҳадисда қуйидагича келади: “Иблис тонг отганда аскарларини ерга тарқатади ва айтадики: “Ким бугун битта мусулмонни йўлдан урса, унга тож кийғазаман”. Кейин ҳалиги аскари бориб келиб айтади: “Хотинини талоқ қилмагунча қўймадим, ярашиб кетишига сал қолганди”. Яна бошқаси: “Ота-онасига оқ қилдирдим, сал қолса уларга яхшилик қилиб қўярди”. Яна биттаси келиб: “Мен бир мусулмонни ширк келтиришга олиб бордим”, деса иблис “Сен, айнан сен!” дейди. Кейин яна биттаси келиб: “Мен битта мусулмонни васаваса қилиб тинч қўймадим, охири у одам ўлдирди”, дейди. Шунда иблис: Сен, айнан сен!”, дейди ва унга тож кийдиради”.

Ўша замонлардан бери бу жамият аъзолари, макр-ҳийлаларининг тури кўпайиб бормоқда.

Ҳатто шундай одамлар чиқдики, лаънати иблисга ўзларини нисбатлаш ила фахрланадилар. Баъзилари маккорлик бобида шу даражага етганки, иблисга дарс беради, шайтон ҳам уларнинг олдида ип ечолмайди. Шунақалардан биттаси мақтаниб шеър ёзган экан:

Бўлган вақтим шайтонга аскар

Юрагимга хўп қувонч тўлди

Кунлар ўтиб, йиллар айланиб

Иблис менинг аскарим бўлди!

Хўш, улар нега бунчалик ҳаракат қилишади, бу алдовларнинг боиси не?

Сабаби иблис ва унинг аскарлари ҳақида Анъом сурасининг 112-оятида:

“Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар”, дейилган. Улар Аллоҳнинг бандаларидан ҳеч кимнинг муваффақият қозонишини хоҳлашмайди, Аллоҳнинг буйруғига бўйсунилишини исташмайди. Ҳеч ким мақбул амалларга, Аллоҳнинг тавфиқига мушарраф бўлмасин дейишади. Улар ҳар қандай муваффақиятга, ҳар қандай яхшиликка душмандир.

Уларнинг лойиҳасида қуйидаги бандлар бор:

Яхши амаллар қиладиган одамни амалидан қолдириш;

Ёмон амал қиладиган одамни ёмонликка одатлантириш;

Макру-ҳасаднинг барча воситаларини оммага ёйиш;

Ҳар қандай эзгу амалларни йўққа чиқариш;

Ҳақиқатларни ўзгартириб юбориш ва чиройли гаплар билан одамларни ақлдан оздириш;

Одамлар қалбига ўзаро ғиллу-ғашлик, адоватни ёйиш;

Совға-саломларни бекор қилиш, бидъат-хурофотларни юзага келтириш.

Бу жамият ҳатто турли ахборот воситаларига ҳам дахл қилмоқда, интернет сайтларида одамларни ўз домига тортмоқда. Мақсад – аъзоларни кўпайтириш, инсониятни гуноҳ-маъсият ботқоғига янада ботириш. Ҳар бир ижод, ҳар бир иқтидор, ҳар қайси ишдаги муваффақият ва ҳар қандай мутахассислик – бу жамият аъзоларининг хўрагидир...

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

السبت, 06 كانون2/يناير 2024 00:00

Ота-онамдек бўлмайман!

Эсимни таниганимдан бери оилавий жанжаллар, бақир-чақирлар, келишмовчиликлар ичида катта бўлдим. Уйдаги ота-онамнинг ўзаро урушлари менинг ички оламимни ҳали мурғак пайтимдаёқ вайрон қилиб юборган эди. Уларнинг жанжаллари, доимо бир-бирларига қовоқ-тумшуқ қилиб юришлари менинг нафақат руҳиятимга, балки мактабдаги дарсларимга ҳам ўз таъсирини ўтказарди. Худонинг берган куни уйида нотинчлик бўлган боланинг дарс қилгиси ҳам келмай қоларкан.

Мактабдаги дарслар у ёқда турсин, умуман ҳаётга бўлган қизиқиши ҳам сўниб, тушкунликка тушиб қолар экан. Мен буларнинг ҳаммасини бошимдан ўтказдим. Мактабдаги дарслар тугаган пайт синфдошларим хурсанд бўлиб уйларига, ота-оналарининг бағрига шошилишарди. Лекин менинг ичимдан тамоман бошқа туйғулар ўтарди. Қани энди шу дарслар тугамаса-ю мен уйимга бормасам дердим. Уйдан шунчалик безиллаб қолгандимки, бўйим етиб оила қуриш даври яқинлашганда ўзимга ўзим биринчи келган совчиларга розилик бераман, куёвнинг қанақалигини суриштириб ўтирмай эрга тегиб кетаман, шу “жаҳаннамдан” қутулсам бўлгани деган қарорга келдим.

Ниҳоят мен кутган ўша “нажот фаришталари” келишди. Совчиларнинг мақташига қараганда куёв унчалик ёмон одамга ўхшамади. Биринчи хотини билан ажрашган экан. Лекин менга бунинг қизиғи йўқдек эди гўё. Агар шу совчиларга йўқ десам худди кетидан бошқа ҳеч ким мени сўраб келмас, оқибатда шу “дўзаҳ”да қолиб кетадигандек эдим. Ўйлаб ўтирмай совчиларга розилик бердим. Лекин кўнглимнинг бир четида шошилётганимни, хато қилаётганимни сезиб турардим.

Афсуски, ёмғирдан қочиб дўлга тутилган эканман. Эрим мени уйимдаги ғурбатхонадан озод қилади деб ўйлагандим. Чучварани хом санабман. "Ҳар ерни қилма орзу ҳар ерда бор тошу тарозу" деганларидек, оилавий ҳаётда ҳам омадим келмади. Турмуш қурганимизга кўп қақт ўтмаган бўлса-да уйимизда деярли ҳар куни жанжал бўларди. Лекин мен ота-онам каби бўлишни, улардек умримни жанжал, тўполонлар ичида ўтказишни истамасдим. Шу сабаб қўлимдан келганича турмуш ўртоғимга юмшоқ гапирардим. Ҳақ бўлиб туриб гап эшитган пайтларимда ҳам сабр қилардим. Барча машаққатларга фарзандларим учун чидадим. Чунки фарзандларим мен каби ота-онасининг орасидаги муносабатлар қурбони бўлишларни хоҳламадим. Уларга уйда сокин ва хотиржам муҳит яратиб беришга ҳаракат қилардим.

Болалар зийрак бўлишар экан. Ҳар сафар дадалари мени ҳафа қилганда кўнглимни олишга уринишарди. Атрофимда гирдикапалак бўлиб, ишларимга ёрдам беришарди. Катта қизим ҳам 9 ёшга етиб анча ишимни қўлимдан олди. Биз у билан сирдош эдик. Қизалоғим ўзи ҳали ёш бўлса ҳам гапирмасимдан олдин нима дейишимни, ичимдан нималар ўтаётганини кўз қарашларимдан билиб оларди. Ортиқча гапирмасди. Ўрни келганда юмшоқ гаплар билан кўнгил сўраб ёнаётган юрагимга сув сепарди, қалбий дардларимга малҳам қўярди.

Фарзандларим катта ёшга етиб ўзларини эплаб кетганлурича шу зайлда чидаб яшадим. Аллоҳга шукрки, болалигимдан бери чекиб келаётган заҳматларим қариганимда роҳатга айланди. Болаларимнинг ҳаммаси эсли-хушли, тарбияли бўлиб ўсишди. Оталарининг оғир феълига қарамасдан барчаси ўқишлари ва хулқларида барчага намуна бўладиган фарзандлар бўлиб вояга етишди. Кўча-кўйда менга фақат раҳмат эшиттиришди.

Ота-оналар фарзандларининг келажагини ўз ораларидаги жанжалларнинг қурбонига айлантирмасликлари керак. Айниқса аёл киши, агар сабрли бўлса, турмушнинг аччиқ зарбаларига сабру сабот билан туриб берса, ўткинчи дунёнинг машаққатларига озгина бардош берса, тез орада чеккан азоб-уқубатлари роҳатга айланишини ўз кўзи билан кўради.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

السبت, 06 كانون2/يناير 2024 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар Учтепа тумани "Файзуллохўжа ўғли Муродҳожи" жоме масжиди имом-хатиби Дилшод домла Қўчқоровнинг падари бузрукворлари вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.

Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Дилшод домла Қўчқоровга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза намози бугун, 6 декабрь куни соат 13:30 да Фарғона вилояти Бешариқ тумани Деҳқонтўда қишлоғидаги Дилшод домлани уйида ўқилади.

"Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун".

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг». 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Шайх Атийя Сақр раҳимаҳуллоҳ бу саволга қуйидаги жавоб берадилар: “Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг” (Аъроф сураси, 180-оят).

Бошқа оятда бундай дейилади: “Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир” (Исро сураси, 110-оят).

Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Банда Аллоҳга дуо қилганида, қанча кўп гўзал исмлари ила дуо қилса шунча яхши.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исми бор. Ким уларни ихсо қилса (ёд олса), жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз ушбу хадисда келган “ихсо” калимасини факатгина ёдлаш эмас, балки “унинг маъноларини билиб, тафаккур килиш ва унга мувофиқ гўзал хулқ билан хулқланиш лозим”, деганлар.

Аллоҳ таолонинг шундай исмлари борки, ким улар билан дуо қилса дуоси ижобат қилинади, сўраса сўрови берилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنِّي أَشْهَدُ أَنَّكَ أَنْتَ اللَّه لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ الأَحَدُ الصَّمَدُ الَّذِي لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ[1]

“Аллоҳим, Сендан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқлиги, Ўзинг яккаю ёлғизлигинг, беҳожатлигинг, туғмаган ва туғилмаган ва Сенга ҳеч бир нарса тенг келолмайдиган Зот – Аллоҳ эканингга иймон келтириб сўрайман” деяётганини эшитиб: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у билан дуо қилса, дуоси ижобат бўладиган ва у билан сўраса, бериладиган Аллоҳнинг улуғ исмлари билан сўради”, дедилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

 [1] Аллоҳумма инний асалука бианний ашҳаду аннака анталлоҳу лаа илаҳа иллаа анта ал-аҳаду ас-сомаду аллазий лам ялид ва лам юлад ва лам якунлаҳу куфуван аҳад.

الجمعة, 05 كانون2/يناير 2024 00:00

Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида хайрия тадбири ўтказилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг бир гуруҳ ходимлари ҳомийлар билан ҳамкорликда Хўжайли туманида яшовчи кам таъминланган, боқувчиси йўқ, эҳтиёжманд оилалар яшаш шароитларини ўрганиб, ҳолидан хабар олишди.

Тадбир давомида 25 та ана шундай оилага турли зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийим-кечак ва болалар ўйинчоқлари хайрия қилинди. Бундай хайрия тадбирлари бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.

Vaqf.uz

Мақолалар

Top