Мақолалар

“ИШИД”нинг навбатдаги фитнаси

Яқинда интернет сахифаларида Ироқ ташқи ишлар вазири Иброҳим ал-Жафарий Ал-Фаллужа шаҳридаги “ИШИД” террорчилик гуруҳи ҳукумат қўшинларининг ҳужумини кутган ҳолда Қуръон китоблари ичига портловчи қурилмалар қўяётганини маълум қилди.

Бу билан террорчилар дунёдаги барча кишиларга ўзларининг  аслида ким  эканлигини очиқ - ойдин кўрсатишди. Агар уларнинг қалбларида Ислом динига озгина бўлса ҳам хурмати   бўлганида эди бунчалар паст кетиб, Парвардигори олам нозил қилган илохий китоб, Қуръони каримни  таҳқирламаган бўларди. Бу билан ўз-ўзидан равшанки, террочиларнинг асосий мақсади ислом динини ҳақоратлаш, одамларни Қуръондан четлаштириш  холос. Бугунги кунда  одамлар террорчи  гурухларнинг ислом дини хақидаги кўр-кўрона  чўпчакларига эмас, балки  Қуръони каримни тафсирларини ўқиб, илохий китобнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланганлигини англаб етмоқдалар. Бу борада юртимиздан етишиб чиққан олиму-уламоларимиз , қолаверса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, шайх Абдулазиз Мансур хамда мархум шайх Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф хазратларининг тафсирлари бебаҳо манбадир. Яқинда тақдимоти бўлган  “Дунё уламолари мурожати” китобида терроризм ва экстремизмнинг бугунги кунда инсониятга таҳдиди қанчалик хавфли эканлиги  таъкидланиб, бутун дунёнинг забардаст уламолари томонидан  Қуръони карим ва сахих хадислар асосида дин душманларига кучли раддиялар келтирилдики, ушбу далилларни инкор қилишнинг асло иложи йўқ. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни шундай огоҳлантиради: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида, 32). «Бошқа бировни ўлдирмаган ва бузғунчилик қилмаган» одамни ўлдирган киши бутун инсониятни ўлдиришга тенг улкан гуноҳни қилган бўлади. Мутлақо равшанки, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган террорчиларнинг гуноҳи бениҳоядир. 

Аллоҳ таоло иймон эгаларига оқибат, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг ғирт аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди.  Рус анархизми асосчиси Михаил Бакунин ва унинг ғоявий шогирди Сергей Нечаев «рисоладаги» террорчи образини шундай таърифлаганлар: «Идеалдаги террорчи – мавжуд қонуний тартиб ва барча маданиятли дунё билан, унинг қонунчилиги, ахлоқи ва бошқа институтлари билан ҳамма алоқаларини узган кишидир... Унинг учун фақат битта фан – йўқ қилиш, қириб ташлаш фани мавжуд». Бу сўзлар террорнинг мудҳиш қиёфасини тўла-тўкис очиб бериши билан бирга, унинг инсонларга муҳаббат, тинчлик-осойишталик, диний бағрикенглик олиб келувчи Ислом ақидасига мутлақо зид эканига гувоҳлик беради.Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади ва ана шу гуноҳкор дўзахнинг даҳшатли азобларига мангуга дучор бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди.Албатта,унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур” дедилар. Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган ушбу ҳадисда кофир бўлса ҳам,инсон жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди.

Ҳадиси шарифда “муъоҳид”-аҳдномаси бор ғайридинни ўлдиришнинг оқибати қандоқ бўлиши ажойиб ўхшатиш ила васф қилинган. Демак бегуноҳ инсонларни  умрига зомин бўлиб, жиноят содир этган одам  жаннатга кириш у ёқда турсин жаннатни ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Аслида Парвардигорининг берадиган жазоси ва азобларидан қўрқувчи чин иймон эгалари  бундай ёвузликка ҳар қандай ҳолатда ҳам қўл урмайдилар.  Бугунги кунда дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим террорчи гуруҳлар,аслида  ҳавойи нафслари учун эканлиги  беш қўлдай аён. Террорчилар ўзларининг ҳавойи нафсларини амалга ошириш учун   манқуртга айланган ёшлардан, онги захарланган аёллардан ва хеч нарсага ақли етмайдиган болалардан худкуш-камикадзе сифатида фойдаланмоқда. Қаранки муқаддас Қуръони карим китобини  ичига портловчи қурилмалар қўйиб, илохий китобни хам бегунох инсонларнинг умрига зомин бўладиган қуролга айлантирмоқда. Бу ваҳшийлик фақат ақл-идрок ва виждонидан маҳрум бўлган, иймоннинг ҳақиқий мазмунини англашда қаттиқ адашаётган, Қуръоннинг илоҳий даъватини билмайдиган, онги ўзгалар томонидан нафрат ва аламзадалик орқали бошқариладиган ва кенг миқёсдаги тескари  ташвиқот таъсирига тушиб қолган кимсаларнигина қўлидан келади.
 Хулоса ўрнида “ИШИД” фитнаси китобидаги “Адашган йигит изтироби” номли мақоладаги Ватанини ушалмас орзу-хавасга сотмоқчи бўлган фуқаронинг афсус-надомат билан айтган сўзини бугунги кунда иккиланиб юрган ёшларимизга ўрнак учун келтириб ўтмоқчиман: “Азиз юртдош-тенгдошларим... Эҳтиёт бўлинг, ислом динини ниқоб қилиб олган кимсалар алдовига учиб,адашиб қолманг.Шундай тинч юртимизнинг қадрига етинг. Дунёда ҳеч бир жой ўз уйи-ўлан тўшагидай бахт, хотиржамлик, ҳаловат бахш этолмаслигини асло эсдан чиқарманг”.   

М.Абдусаитов, Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби в.б.  

Read 6277 times

Мақолалар

Top