Мақолалар

Атроф муҳит ободлиги жамият кўрки

Бизнинг миллий ва диний қадрятларимиз кўрсатмасига биноан инсон тозалик, озодалик ва покизаликка алоҳида эътибор қаратиши лозим. Имом Муслим Абу Молик Ашъарийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, деганлар. Мусулмон инсон атроф-муҳит озодалигига алоҳида эътибор қаратади. Покизалик мусулмон инсоннинг шиори ҳисобланиши керак.

Атроф-муҳитнинг озодалиги жамиятга баҳо беради. Мусулмон инсон нафақат ўзининг покизалигига, балки хонадони, маҳалласи ва ватанининг тозалиги учун ҳаракат қилиши керак. Айрим ҳолатларда чиройли кийимда бўлган инсонлар тозаликка эътибор бермаслиги ажабланарли туйилади. Мошинада кетаётган бўлса ҳар хил чиқиндиларни улоқтириб кетади. Кўчада ахлат ташлаш учун қўйилган махсус идишларга ахлат ташлаш ўрнига юрган йўлига ташлаб кетади. Автобус чипталарини ҳам бекатларга қўйилган махсус идишларга ташлашмайди. Бу каби ишлар мусулмон кишининг одоб-ахлоқ доирасидаги ишлар эмас!

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар”, дедилар (Абу Довуд ривояти). Яъни бирон инсон сув боши, йўл ва соя жойга ҳожат чиқарса одамларга озор бериб уларнинг кўнглини оғритган бўлади. Натижада барча уни лаънатлайди. Чунки ҳадисда саналган уч жой барчанинг эҳтиёжи тушгани учун ҳаммага тегишли экани англанилади. Бу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз лаънатга қолиш учун ҳадисда саналган уч жойга ҳожат чиқариш шарт эмас. Балки шу каби жойларни ифлос қилиб ахлат ва чиқиндилар ташлаши ҳам лаънатга қолиши учун етарли бўлади, деганлар.

Атроф-муҳит тозалиги учун барчамиз масъул бўламиз. Шу сабабдан ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб ободлик учун ўз ҳиссасини қўшиши керак. Кўчаларда инсонларга зарари тегиши мумкин бўлган тош, чиқинди, дарахт шохлари каби нарсаларни бир четган олиб қўйишимизга Аллоҳ таоло тарафидан савоб берилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: (имон шохининг) энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш”, дедилар.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ўзи яшайдиган жамиятнинг аъзоси ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз жамиятига манфаат келтиришга масъул.  Ватанимизнинг ҳар бир ерини покиза ва озода сақлашимиз керак. Фарзандларимизга ҳам уй ва кўча озодалиги ва покизалиги ҳақида кенг тушинчалар беришимиз бизнинг вазифамиз. Атроф-муҳитимизнинг тозалиги ўзимизга бериладиган баҳо ҳисобланади.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ҳошимов Ойбек

Read 4790 times

Мақолалар

Top