Мақолалар

Байрамдан ҳам савоб оламиз  (ёки) Байрам совғалари

Қурбон ҳайити ер юзидаги барча мумин–мусулмонларнинг икки байрамидан бири бўлиб, бу кунларда хурсандчилик қилиш билан бир қаторда кўплаб савобларга ҳам эришилади. Шунга кўра байрам кунларида қилинадиган ишларни эслаб ўтишимиз фойдадан холи бўлмайди:

Такбиру ташриқ. Такбиру ташриқни айтиш Иброҳим алайҳис саломнинг суннатларидир. Уни арафа куни бомдод намозидан бошлаб, қурбонлик кунининг учинчи куни аср намозигача фарз намозларидан кейин айтилади. Жами 23 та намозда мукаммал бўлади. Шунингдек, ҳайит куни биров билан учрашганда, бирор жойга борганда, ҳайит намозига кетаётганда такбир айтиб юрилади. Такбир қуйидагича:

«اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ، لاَ إلهَ إِلاَّ اللهُ، واللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ، وَلِلَّهِ الحَمْدُ»

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, валиллаҳил ҳамд»

Мусулмон киши бу такбирларни айтиш билан улуғ байрамни ич-ичидан ҳис қилади ва ҳисобсиз савобларга эга бўлади.

Қурбон ҳайити учун ғусл қилиш. Ҳайитга ғусл қилиш (ювиниш, покланиш) суннати муаккада, яъни таъкидланган суннат ҳисобланади. Эркагу-аёл, катаю-кичик тозаланиб, энг янги кийимларни кийиб байрамни қарши олиш динимиз шиоридир. Шунингдек, ҳовли-жойларни тозалаш, муҳтожлар ҳолидан хабар олиш ва яқинларни зиёрат қилиш ҳам муминлик вазифасидир.

Қурбонлик қилиш. Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар ҳақида Аллоҳ таоло оятда “баҳиматил анъом” деган. Бунга тўрт хил ҳайвон киради: қўй, эчки, қорамол ва туя. Қолган гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар гарчи гавдаси қанчалик катта бўлса ҳам қурбонликка сўйилмайди.

Қорамол 2 яшар, туя 5 яшар, эчки ва қўйлар бир яшар бўлиши керак. Олти ойликдан ўтган қўчқор гавдаси бир яшар қўчқордек бўлса, қурбонлик қилса бўлаверади дейилган фатво китобларида. Қурбонлик қилаётган киши ўзи сўймайдиган бўлса, қурбонлик пайтида гувоҳ бўлиб туриш фазилатли амаллардандир.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Фотима, тур қурбонлигинга гувоҳ бўл. Биринчи тўкилган қон билан сенинг қилган гуноҳларинг кечирилади” деб марҳамат қилганлан.

Қурбонликка иложи борича ҳайвонни кўркамроғини, кўзга ёқадиганроғини танлаш керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади!” – дедилар.

Рамазон ҳайитида оғизни очиб яъни бирор нарса тановул қилиб, қурбон ҳайитида бирор нарса тановул қилмай ҳайит намозига бориш суннатдир.

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таомланмагунча Рамазон ҳайитига чиқмас эдилар ва тоинки қурбонлик жонивори сўйилмагунча Қурбон ҳайитида бирор нарса емас эдилар”.

Ҳайит кунлари еб-ичиладиган ва хурсандчилик қилинадиган кунлардир. Нубайшатал Ҳузалийдан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ташриқ кунлари (Такбир айтиладиган кунлар) еб-ичиладиган ва Аллоҳни зикр қилинадиган кунлардир”.

Шунга мувофиқ ҳайит кунларини хурсандчилик ва хушкайфиятда ўтказмоқлик динимиз кўрсатмасидир.

Аллоҳ таоло барчаларимизга муборак кунларни тароватини насиб этсин!

 

Нуриддин ХОШИМОВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3882 times

Мақолалар

Top